Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 13:06

Рашитжон Қодиров ҳақида Мирзиëев 1,5 йил олдин ваъда қилган фильм намойиши нега кечикаяпти?


"Гирдоб" фильмидан олинган кадр.
"Гирдоб" фильмидан олинган кадр.

Президент Шавкат Мирзиëев Ўзбекистон собиқ бош прокурори Рашитжон Қодировни суд ҳукм чиқармай туриб¸ “қип-қизил ўғри” деб атаган ва 2018 йилнинг 19 майида “икки-уч ой ичида телевидение орқали ўзини гапиртираман” деб ваъда берган эди.

"МТРКнинг ижодий ва техник гуруҳи аъзолари томонидан тайёрланган кўрсатув" тайёрлиги ва у барча каналларда намойиш қилинажаги тўғрисида шу йилнинг августида маҳаллий нашр хабар қилган эди.

Озодликка маълум бўлишича¸ мамлакат раҳбарининг топшириғидан сўнг Бош прокуратура ҳузуридаги Ахборот-таҳлил мультимедиа маркази МТРК билан ҳамкорликда “Рашитжон Қодиров бошчилигидаги жиноий тўда” ҳақида махсус фильм суратга олишга киришган.

Бироқ Президент ваъдасидан 1,5 йил, фильм тайёр бўлгани тўғрисидаги хабар чиққанидан бери 3 ойдан ортиқ вақт ўтса ҳамки, фильм намойиш қилинмади.

Прокурорнинг қўлга олиниши

Ўзбекистон Бош прокуратурасини 15 йил бошқарган Рашитжон Қодиров 2018 йил, 22 февралда ҳибсга олиниб¸ 2019 йил, 26 июнда 10 йилга озодликдан маҳрум қилинди.

Қодиров¸ пора олиш, пора беришга воситачилик қилиш, фирибгарлик¸ солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш¸ жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш каби жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилди.

Қодиров билан айни маҳкамада прокуратура ва МХХнинг жами 12 собиқ юқори лавозимли амалдори устидан ҳукм ўқилди.

Фильм мазмун-моҳияти қандай?

Фильмни бевосита кўрган Озодлик суҳбатдошининг айтишича¸ 70 дақиқалик видеоматериал “Гирдоб” деб номланади ва унда Қодиров ва у билан судланганларнинг деярли ҳаммаси ўз қилмишига иқрор бўлади.

Ўзбекистон собиқ Бош прокурори Рашитжон Қодиров "Гирдоб" фильмида ўз жиноятларига иқрор бўлади.
Ўзбекистон собиқ Бош прокурори Рашитжон Қодиров "Гирдоб" фильмида ўз жиноятларига иқрор бўлади.
Съëмка қарийб бир йилга чўзилгани учун¸ у ҳар-хил жой -ИИВ подвали¸ тергов хонаси¸ Зангиота қамоғида олинди.

Фильмга сценарийни Комилжон Шамсиддинов ëзди. Қодиров ва бошқа судланганлар билан ҳам унинг ўзи суҳбатлашди. Съëмка қарийб бир йилга чўзилгани учун¸ у ҳар-хил жой -ИИВ подвали¸ тергов хонаси¸ Зангиота қамоғида олинди. Фильмда судланганлардан ташқари Қодиров ва унинг тўдасидан зиëн кўрган тадбиркорлар ҳам гапиради. Улардан бири ўз бизнесига қарши уюштирилган "маски-шоу" ҳақида айтиб беради. Фильм давомида Қодиров тадбиркорнинг гапини тасдиқлайди¸ бу жиноятларга иқрор бўлади” деди Озодлик суҳбатдоши.

“Гирдоб” фильми охирида Рашитжон Қодиров ва унинг “жиноий шериклари” ўз қилмишлари учун пушаймонлигини айтиб¸ президент ва халқдан кечирим сўрайди" деб қўшимча қилди суҳбатдош.

Мақолани тайёрлаш жараёнида Озодлик мухбири фильмни кўриш имконини топмади, бироқ фильмдан олинган бир қатор кадрларни кўрди ва уларни ушбу материалга иллюстрация сифатида илова қилди.

2018 нинг баҳоридаги маълумотлар

2018 йил майида Рашитжон Қодировнинг саломатлиги ëмонлашиб¸ Сангородга ўтказилгани ҳақида Озодликка хабар юборган Ички ишлар вазирлиги зобити¸ собиқ бош прокурорнинг телевидение орқали барча айбловларга иқрор бўлиш ҳамда президент ва ўзбек халқидан кечирим сўрашга розилик билдирганини айтган эди.

Рашитжон Қодиров телевизордан чиқиб ҳамма айбларни бўйнига олишга, президентдан ва халқдан кечирим сўрашга рози бўлган.

"Рашитжон Қодиров телевизордан чиқиб ҳамма айбларни бўйнига олишга, президентдан ва халқдан кечирим сўрашга рози бўлган. Айбига иқрор бўлиш билан у жазо муддатининг озайишига умид қилаяпти," деган эди ўшанда Ички ишлар вазирлиги зобити.

Асосий савол жавоби

Рашитжон Қодиров ва “унинг жиноий тўдаси” ҳақидаги фильм устидаги иш 2018 йил кузидан 2019 йил ëзига қадар давом этган.

Фильм намойиши кечикаëтганини Озодликка уни бевосита кўрган ва фильм устидаги иш жараëнидан хабардор мулозим изоҳлар экан, бундай деди:

Фильм устидаги иш тугалланиб¸ розилик олиниши учун президентга тақдим этилган эди. Шу кетганча жавоб йўқ.

Шу йил август ойида маҳаллий матбуот фильм тайëр бўлгани ва яқин кунларда “Ўзбекистон 24” телеканалида кўрсатилиши ҳақида хабар берган эди. Ўшанда фильм устидаги иш тугалланиб¸ розилик олиниши учун президентга тақдим этилган эди. Шу кетганча жавоб йўқ. Нега кечикаëтгани ҳақида аниқ жавоб йўқ»¸ деди Озодлик гаплашган мулозим.

Озодлик “Гирдоб” фильми¸ қолаверса¸ унинг нега президент ваъда қилган каби халққа кўрсатилмаëтгани ҳақидаги саволларга унинг муаллифи Комилжон Шамсиддиновдан изоҳ олишга ҳозирча муваффақ бўла олмади.

Бош прокуратура матбуот хизмати телефонлари билан ҳам 6 декабрь куни боғланишнинг имкони бўлмади.

Бу фильм атрофидаги жараëнлардан хабардор мулозимлардан бири намойишнинг Миллий хавфсизлик хизматининг собиқ раиси¸ ҳозирда сенатор бўлиб қолаëтган генерал Рустам Иноятов аралашуви билан тўхтатилганини иддао қилди.

Фильмни бевосита кўрган мулозим бундай иддаони инкор этмади.

Аниқ айта олмайман ким¸ айнан нимага тўхтатганини. Қодиров ва бошқа собиқ амалдорлар¸ сиртдан қараганда¸ жиноятига иқрор бўлиб¸ тавба-тазарру қилаяпти. Лекин кинони кўриб бўлгандан кейин Ўзбекистоннинг энг катта амалдорлари шунча жиноятни шунча узоқ вақт қилиб юрганда¸ ҳозиргилар қаерда эди¸ нимага тўхтатмади¸ деган савол туғиладида! Занжир реакцияси деган гап борку! Менимча¸ шундан қўрқишди шекилли”¸ деди Озодлик гаплашган мулозим.

Қодиров ҳақида Президент нима деган эди?

2000-2015 йилларда Ўзбекистон Бош прокурори лавозимида ишлаган Рашитжон Қодировнинг 2018 йил 22 февраль куни қамоққа олингани ҳақида Озодлик биринчи бўлиб хабар берган эди.

Бу хабардан бир ойча вақт ўтиб-ўтмай Шавкат Мирзиëев 2018 йил 17 март куни Самарқандда қилган маърузасида собиқ бош прокурор Рашиджон Қодировни нега “қамаганини” изоҳлаган эди.

Бош прокурорни нега қамадим? Ҳаммаси ўғри эди. Ҳар бир туман прокурори қанчадан пул берганини булбулдек сайраб ётибди турмада.

Бош прокурорни нега қамадим? Ҳаммаси ўғри эди. Ҳар бир туман прокурори қанчадан пул берганини булбулдек сайраб ётибди турмада. Самарқандда ҳам 7 туман прокурори ҳар ойда бериб турган. Ҳар ойда 2 минг доллардан берган, прокурор бўлиш учун 35-40 минг доллардан берган. Тайлоқ тумани прокурори 40 минг берган бўлса, бу пулни қайтариши учун Тайлоқни сотиши керак-ку? Мана қандай вазиятда яшаганмиз”, деб иқтибос келтирган эди маҳаллий матбуот.

Бу баëнотдан кўп ўтмай - 19 май куни Андижон вилояти Улуғнор туманидаги йиғинда Мирзиëев¸ ҳали суд ҳукм чиқармаган Қодиров устидан “ўз ҳукми”ни эълон қилган эди.

“Мана, Бош прокурор (собиқ Бош прокурор Рашид Қодиров назарда тутилмоқда - таҳр.) бутун бошли жамоаси билан қамоқда ётибди. Миллион-миллион доллар топшириб ётибди. Икки-уч ой ичида телевидение орқали ўзини гапиртираман.

Негаки, коррупциялаштириб юборганди, ҳар бир туман прокуроридан 30-40 минг доллар олган. Ҳаммасини қайтариб берaяпти. Битта ноинсоф ўғли миллиардер! Ва бошқа ташкилот раҳбарлари ҳам, МХХнинг собиқ беш нафар муовини ҳам қамалиб ётибди. Ҳаммаси ўғри, қип-қизил ўғри. Қандай оғир бўлмасин, мен барибир ҳаммасини жойига қўяман.

Кимнинг пули булар - халқники! Қодиров ким ўзи? Қип-қизил ўғри одам бўлган.

Ҳаммаси бориб, Болтиқбўйида уй қуриб олган. Суратларини кўрсангиз, кечирасиз, Амир Темур бобомиз шунча миллатнинг раҳбари бўлиб ҳам, ундай жойларда яшамаган. Амирликнинг шайхлари ҳам бунақа жойда яшамайди. Кимнинг пули булар - халқники! Қодиров ким ўзи? Қип-қизил ўғри одам бўлган. Шунинг учун, прокуратурада 70 фоиз одам алмашди, ҳалол одамларни қўйдим. Ким хиёнат қилса, шундай йўлдан боради.

Ҳаммани кечираман, фақат ўғирлик қилмай, хиёнат қилмаса, у менинг дўстим бўлади. Ана шуни халқим билиши керак”, деб иқтибос келтирган эди бу мажлисни ëритган Кун.уз нашри мухбири.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида 26 июнь куни Ўзбекистон собиқ Бош прокурори Рашитжон Қодиров ва яна 12 нафар шахс устидан ҳукм ўқилди.

Юнусобод туман суди биносида бўлиб ўтган маҳкама ҳукми билан 67 яшар Қодировга 10 йил озодликдан маҳрум қилиш ва энг кам ойлик иш ҳақининг 500 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланди.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG