Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 15:35

"Қодировчилар" суди: Айрим судланувчилар тергов пайтида қийноқларга тутилганини иддао қилди


Тошкент шаҳар Юнусобод туман суди биноси
Тошкент шаҳар Юнусобод туман суди биноси

Ўзбекистон собиқ Бош прокурори Рашитжон Қодиров ва унинг жиноий шериклари деб кўрилаëтган яна 12 нафар собиқ мулозим устидан Жиноят ишлари бўйича Юнусобод судида ўтаётган ёпиқ жараёнда 17 апрель куни кўрсатма берган судланувчилардан айримлари тергов пайтида жисмоний ва руҳий қийноқларга тутилганини даъво қилган.

Бу ҳақда Озодликка суд жараёнида иштирок этаётган бир-биридан мустақил икки шахс маълум қилди.

Улар ёпиқ суд ҳақида жамоатчиликка маълумот бериш ваколатига эга бўлмаганликари учун исмлари сир қолишини сўрадилар.

Қийноқ даъволари

Ёпиқ суд жараёнида бўлган шахслардан бирининг Озодликка маълум қилишича, 17 апрель куни кўрсатма берган судланувчи Улуғбек Суннатов (Бош прокурор собиқ ўринбосари) суд раисига тергов пайтида уни дастлаб резина таёқ билан калтаклашгани, аммо қўйилган айбловларга иқрор бўлмагач, унинг моякларига электрошок юборишганини сўзлаб берган.

Бунга чидай олмаган Суннатов ўзини осмоқчи бўлгани, лекин ҳибсхона нозирлари билиб қолишганини айтди. Кейин тарбия бериб қўйиш мақсадида ҳибсхона нозирлари уни беш кун давомида қип-яланғоч қилиб, карцерга ташлашибди экан. У суд раисидан уни тергов қилган терговчи Ёрқин Абдуллаевни судга чақириб, ундан кўрсатма олишни сўради”,- деди суд жараёнида қатнашаётган шахс.

Унинг бу сўзларини тасдиқлаган судда бўлган бошқа бир шахс кейин яна бир судланувчи - Бош прокуратуранинг Иқтисодий жиноятчилик ва коррупцияга қарши кураш бошқармаси бошлиғи собиқ ўринбосари Улуғбек Хуррамов кўрсатмаси тингланганини айтди.

Унга кўра, Улуғбек Хуррамов терговчилар унинг ёш қизини "подвалга тиқиб қўйиш" билан таҳдид қилганларидан кейингина собиқ бош прокурор Рашитжон Қодировга қарши кўрсатма беришга мажбур бўлганини иддао қилган.

У, шунингдек, тергов пайтида терговчилар уриб унинг бир қўли ва бир оёғини синдириб ташлашганини айтган.

Улуғбек Хуррамов ўз даъволари юзасидан тиббий текширув ўтказишни талаб қилган.

Озодликда мазкур даъволарни мустақил манбалар ёки фактлар асосида тасдиқлаш ёки рад қилиш имкони йўқ.

Роппа-роса бир ҳафта муқаддам, яъни 11 апрелда Ўзбекистон Бош прокуратураси Amnesty International мурожаатига жавобан собиқ бош прокурор Рашитжон Қодировга нисбатан қийноқлар қўлланилганини рад этган эди.

Ёпиқ суд

7 январь куни бошланган суд жараёнига ҳаттоки судланувчилар яқинлари ҳам қўйилмаëтир.

Zamon ахборот-таҳлилий телеканалининг 17 апрелда хабар беришича, собиқ Бош прокурор Рашид Қодиров ва у билан айбланаётган 12 нафар собиқ мулозим иши юзасидан Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди раиси Бахтиёр Исломов изоҳ берган.

- Бу жиноят иши доирасида 13 нафар шахс ҳозирги кунда судга берилган. Уларга ҳам фирибгарлик, пора олиш, пора бериш, айбсиз кишини жавобгарликка тортиш, тергов қилишга ва суд ишларига аралашиш ҳолатлари юзасидан айбловлар қўйилган. Жиноят иши ўта мураккаб, кўп воқеали бўлгани муносабати билан жиноят ишини судда кўриш муддати жиноят-процессуал кодексининг 405-моддаси тартибида 4 ойгача узайтирилган. Улгурмадик, сўроқ қилинадиган одамларнинг сони ҳам жуда кўп, шунинг учун бугунги кунда суд тергови ҳали давом этмоқда. Суд тергови якуни бўйича қонуний қарор қабул қилинади ва менинг ўйлашимча, бу ОАВда ёритилади, - деб айтган Бахтиёр Исломов.

Аввалроқ Ўзбекистон Олий суди маҳкама жараëнининг ëпиқ ўтаëтгани боис унга оид бирор маълумот¸ хусусан¸ судланувчиларнинг аниқ рўйхати эълон қилинмаслигини билдирганди.

Аммо Адлия тизими мулозими томонидан Озодликка тақдим этган рўйхатда Ўзбекистон Бош прокуратурасини 2015 йилга қадар 15 йил бошқарган Рашитжон Қодиров; 2013 йилга қадар Бош прокуратуранинг Иқтисодий жиноятчилик ва коррупцияга қарши кураш бошқармаси бошлиғи¸ 2013 йилдан президентнинг кучишлатар тизимлари бўйича давлат маслаҳатчиси¸ 2018 йил январига қадар Тошкент вилоят прокурори бўлиб ишлаган Жамшид Файзиев; 2013 йилдан Бош прокурор ўринбосари бўлиб ишлаган Улуғбек Суннатов; Бош прокуратуранинг Иқтисодий жиноятчилик ва коррупцияга қарши кураш бошқармаси собиқ бошлиғи Рамазон Пўлатов¸ Иқтисодий жиноятчилик ва коррупцияга қарши кураш бошқармаси бошлиғининг собиқ ўринбосари Улуғбек Хуррамов; Тошкент шаҳар прокурорининг собиқ 1-ўринбосари Мирағлам Мирзаев; Мирағлам Мирзаевнинг хотини¸ “Юнусобод адвокатлар коллегияси”си собиқ раҳбари Муҳаббат Ҳасанова; Мирзаевнинг ўғли¸ МХХнинг Тошкент шаҳар бошқармаси ҳузуридаги Терроризм ва уюшган жиноятчиликка қарши кураш бўлинмаси собиқ бошлиғи Абдурашид Мирзаев; Мирағлам Мирзаевнинг жияни¸ МХХ Тошкент вилоят бошқармаси ҳузуридаги Терроризм ва уюшган жиноятчиликка қарши кураш бўлинмаси собиқ бошлиғи Мансур Мирзаев ва Тошкент шаҳар прокуратурасининг Коррупцияга қарши кураш бўлими собиқ раҳбари Азиз Мусашайховлар номи бор.

Рашитжон Қодиров ва аксар судланувчилар¸ Бош прокуратура расмий хабарига кўра, Ўзбекистон Жиноят кодексининг "Товламачилик" (165-моддаси), "Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш" (205-модда) ва "Пора олиш" (210-модда) моддаларида кўзда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқда.

XS
SM
MD
LG