Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 15:48

Бош прокуратура: "Қодировлар иши" терговида қийноқлар бўлмаган


Тошкент шаҳар Юнусобод туман суди биноси
Тошкент шаҳар Юнусобод туман суди биноси

Бош прокуратура "Қодиров иши" доирасида ҳибсга олинган мансабдор шахсларга нисбатан терговда қийноқлар бўлганига оид даъволарни рад этди.

18 апрель куни Озодлик собиқ Бош прокурор Рашитжон Қодиров ва унинг жиноий шериклари кўрилаëтган 12 собиқ мулозим устидан Жиноят ишлари бўйича Юнусобод судида ўтаётган ёпиқ маҳкамада судланувчилар терговда жисмоний ва руҳий қийноқларга тутилганини даъво қилгани ҳақида хабар қилганди.

Бош прокуратура 21 апрель куни тарқатган баёнотда Рашитжон Қодиров ва бошқаларга нисбатан қўзғатилган жиноят иши бўйича тергов олиб борилгани ҳамда 13 нафар шахсга мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш, пора олиш, шунингдек, бошқа мансабдорлик ва иқтисодий жиноятларни содир этиш бўйича айб эълон қилингани айтилган.

"Дастлабки тергов Жиноят-процессуал кодексининг қоидаларига қатъий амал қилган ҳолда олиб борилган, айбланувчиларга ва уларнинг яқин қариндошларига нисбатан ҳеч қандай қийноқлар ёки бошқа ноқонуний хатти-ҳаракатларга йўл қўйилмаган. Бош прокуратура У. Суннатов ва У. Хуррамовнинг тергов давомида уларга нисбатан қийноқлар қўлланганлиги тўғрисидаги важларига жавобан аниқ позициясини билдириб, юқоридаги кўрсатмалар ҳақиқатга мос келмаслигини қатъий таъкидлайди​", дейилади баёнотда.

Шунингдек баёнотда айтилишича, айбланувчилар У. Суннатов ва У. Хуррамов ўзларига қўйилган айбловларни фақат қисман тан олган, жиноят ишини судда кўриш бошланганида ўз кўрсатмаларида содир этилган жиноятларда айбдорлигини тан олиб, ўз қилмишларига амалда пушаймонлигини билдиришган, "аммо кейинчалик кўрсатмаларини ўзгартириб, худдики уларга нисбатан қийноқ ва таҳдидлар қўллангани ҳақида хабар беришган".

18 апрель куни Озодлик, суд жараёнида иштирок этаётган бир-биридан мустақил икки шахсга таяниб, собиқ Бош прокурори Рашитжон Қодиров ва унинг жиноий шериклари, деб кўрилаëтган яна 12 нафар собиқ мулозим устидан Жиноят ишлари бўйича Юнусобод судида ўтаётган ёпиқ жараёнда 17 апрель куни кўрсатма берган судланувчилардан айримлари тергов пайтида жисмоний ва руҳий қийноқларга тутилганини даъво қилганини хабар қилганди.

Роппа-роса бир ҳафта муқаддам, яъни 11 апрелда Ўзбекистон Бош прокуратураси Amnesty International мурожаатига жавобан собиқ бош прокурор Рашитжон Қодировга нисбатан қийноқлар қўлланилганини рад этган эди.

Аввалроқ Ўзбекистон Олий суди маҳкама жараëнининг ëпиқ ўтаëтгани боис, унга оид бирор маълумот¸ хусусан¸ судланувчиларнинг аниқ рўйхати эълон қилинмаслигини билдирганди.

Аммо, Адлия тизими мулозими томонидан Озодликка тақдим этган рўйхатда:

- Ўзбекистон Бош прокуратурасини 2015 йилга қадар 15 йил бошқарган Рашитжон Қодиров;

- 2013 йилга қадар Бош прокуратуранинг Иқтисодий жиноятчилик ва коррупцияга қарши кураш бошқармаси бошлиғи¸ 2013 йилдан президентнинг кучишлатар тизимлари бўйича давлат маслаҳатчиси¸ 2018 йил январига қадар Тошкент вилоят прокурори бўлиб ишлаган Жамшид Файзиев;

- 2013 йилдан Бош прокурор ўринбосари бўлиб ишлаган Улуғбек Суннатов;

- Бош прокуратуранинг Иқтисодий жиноятчилик ва коррупцияга қарши кураш бошқармаси собиқ бошлиғи Рамазон Пўлатов¸

- Иқтисодий жиноятчилик ва коррупцияга қарши кураш бошқармаси бошлиғининг собиқ ўринбосари Улуғбек Хуррамов;

- Тошкент шаҳар прокурорининг собиқ 1-ўринбосари Мирағлам Мирзаев;

- Мирағлам Мирзаевнинг хотини¸ “Юнусобод адвокатлар коллегияси”си собиқ раҳбари Муҳаббат Ҳасанова;

- Мирзаевнинг ўғли¸ МХХнинг Тошкент шаҳар бошқармаси ҳузуридаги Терроризм ва уюшган жиноятчиликка қарши кураш бўлинмаси собиқ бошлиғи Абдурашид Мирзаев;

- Мирағлам Мирзаевнинг жияни¸ МХХ Тошкент вилоят бошқармаси ҳузуридаги Терроризм ва уюшган жиноятчиликка қарши кураш бўлинмаси собиқ бошлиғи Мансур Мирзаев;

- Тошкент шаҳар прокуратурасининг Коррупцияга қарши кураш бўлими собиқ раҳбари Азиз Мусашайховлар номи бор.

Рашитжон Қодиров ва аксар судланувчилар¸ Бош прокуратура расмий хабарига кўра, Ўзбекистон Жиноят кодексининг "Товламачилик" (165-моддаси), "Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш" (205-модда) ва "Пора олиш" (210-модда) моддаларида кўзда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқда.

XS
SM
MD
LG