Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 09:55

Бош прокурор Сенатга ҳисоб берди. Собиқ Бош прокурор озод қилиниши мумкин.


Ўзбекистон Бош прокурори Отабек Муродов.
Ўзбекистон Бош прокурори Отабек Муродов.

28 июнь куни Олий Мажлис Сенатининг навбатдаги мажлисида Ўзбекистон Бош прокурори Отабек Муродов прокуратура органлари томонидан 2017 йил мобайнида амалга оширилган ишлар юзасидан ҳисобот берди.

Ҳисоботдан сўнг ўтказилган савол-жавоб жараëнида Отабек Муродов¸ ўз собиқ ҳамкасби¸ 15 йил давомида мамлакат Бош прокуртурасини бошқарган Рашитжон Қодиров давлатга етказилган зарарни қопласа¸ озодликка чиқарилиши мумкинлигини билдирди.

Жорий йилнинг 22 февралда ҳибсга олинган 66 яшар Қодиров, Бош прокуратура расмий хабарига кўра, Ўзбекистон Жиноят кодексининг "Товламачилик" (165-моддаси), "Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш" (205-модда) ва "Пора олиш" (210-модда) моддаларида кўзда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқда.

Прокурор ҳисоботи

Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати олдида қилган биринчи ҳисоботида Бош прокурор Отабек Муродов Ўзбекистон суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар моҳияти “жиноят ва қонунбузилишларнинг юз берган оқибатлари билан курашиш эмас, балки уларнинг туб сабабларини тизимли бартараф этиш” дан иборат эканини таъкидлади.

Муродовга кўра¸ шу мақсадда 2017 йили прокуратура ташаббуси билан киритилган 88 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинган.

Бош прокурор ҳисоботи асосида матбуот хизмати ҳозирлаган баëнотда келтирилишича¸ "ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш, улар билан ўзаро ҳамкорликни кучайтириш натижасида ўтган йил давомида жиноятчилик 15,7%га камайган¸ хусусан¸ жиноят содир этган шахслар 15,6%, жумладан, аёллар 17,4% ва вояга етмаганлар сони 16,1% камайган".

Сенаторлар олдида қилган чиқишида Ўзбекистон Бош прокурори прокуратура органларининг тадбиркорлар ҳуқуқини ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратаëтганини билдирди.

Ҳисоботда қайд этилишича¸ “прокурор назорати тадбирлари давомида 51.260 та ҳолатда тадбиркорларнинг ҳуқуқлари бузилганлиги аниқланган.

Тадбиркор манфаатларини ҳимояси йўлида давлат идораларининг 752 та ноқонуний қарорлари бекор қилинган ҳамда тадбиркорлар фойдасига 4 млрд. сўм ундириш тўғрисида судларга аризалар киритилган”.

“Бу борадаги ўз хизмат вазифаларини лозим даражада бажармасдан, сусткашликка йўл қўйган 961 нафар мансабдор шахслар интизомий ва маъмурий жавобгарликка тортилган бўлса, қўпол қонунбузилиши ҳолатлари юзасидан 252 та жиноят ишлари қўзғатилган. Кўрилган чоралар натижасида 49.866 нафар тадбиркорлик субъектларининг бузилган ҳуқуқлари, 2.797 тасининг фаолияти тикланган ва 7.203 та иш ўрни яратилган”¸ дейилади Отабек Муродов ҳисоботи асосида Бош прокуратура матбуот хизмати тарқатган расмий баëнотда.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиëев 2016-2017 йилдаги қатор чиқишларида прокуратура органлари фаолиятини кескин танқид қилган ва бу тизимда кучли тозалаш бошлангани¸ “эски¸ порахўр” кадрларнинг 80 фоизга яқини ишдан бўшатилганини билдирган эди.

Президент шунингдек¸ суд ва прокуратура тизимини жазолаш эмас¸ адолат қарор топтириш механизмига айлантириш зарурати ҳақида қайта-қайта гапириб келмоқда.

Қисқа муддат Ўзбекистон президентининг сиёсий-ҳуқуқий масалалар бўйича Давлат маслаҳатчиси лавозимида ишлаган Отабек Муродов жорий январь ойи охирида мамлакат Бош прокурори лавозимига тайинланган эди.

Сенаторлар собиқ Бош прокурор иши билан қизиқди

28 июнь куни Сенат ялпи мажлисида Ўзбекистон Бош прокурори Отабек Муродов ҳисоботи юзасидан ўтказилган савол-жавоб ҳақида маълумот тарқатган Ўзбекистон Миллий агентлигига кўра¸ Отабек Муродов ўз собиқ ҳамкасби Рашитжон Қодиров ва жиноий иш очилган бошқа собиқ амалдорлар устидан бораëтган тергов жараëнига оид саволларга жавоб берган.

22 февраль куни ҳибсга олинган Ўзбекистон собиқ Бош прокурори Рашитжон Қодиров иши юзасидан саволга тўхталган Муродов¸ жиноят-процессуал қонунчилик нуқтаи назаридан тергов тафсилотлари ошкор этилмаслигини таъкидлаган.

Айни пайтда¸ Муродов собиқ Бош прокурор давлатга етказилган зарарни қоплаган тақдирда¸ унинг озод этилиши мумкинлигини билдирган.

Фуқароларга шуни етказиб қўйиш керакки¸ бу каби жиноят ишлари қўзғатилишидан мақсад бунга йўл қўйган шахсларни қамаш эмас, балки етказилган зарарни ундириш. Бошқача айтганда, улар еган нарсаларини жойига қўйиб қўйса, қамоқдан озод қилиниб, қўйиб юборилиши ҳам мумкин. Лекин талон-торож қилинган маблағлар жуда катта миқдорни ташкил этади. Вақти келиб халқимиз бунинг ҳаммасини билиб олади”¸ деб иқтибос келтирди маҳаллий нашрлар Ўзбекистон Бош прокурорининг Сенатдаги чиқишидан.

5 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратура биносида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун ўтказилган матбуот брифингида Уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши кураш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Мансур Ўролов:

«Бош прокуратуранинг Уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бошқармаси томонидан собиқ бош прокурор лавозимида ишлаган Рашитжон Қодировга нисбатан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Тергов жараёнида собиқ бош прокурор томонидан пора эвазига лавозимга тайинлаш, пора олиш ва бошқа жиноят аломатлари аниқланган. Ҳозирда 24 нафар шахсга нисбатан айблов эълон қилинган. Шулардан 21 нафарига қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган. Тергов ҳолатлари ҳануз давом этмоқда”¸ дея баëнот берган эди.

Озодликка маълум бўлишича¸ Рашитжон Қодиров¸ бир ҳафта Сангородда сақланганидан сўнг¸ яна Ички ишлар вазирлиги ертўласида жойлашган ҳибсхонага қайтарилган.

XS
SM
MD
LG