Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:08

Ўзбекистон собиқ бош прокурори Рашитжон Қодиров устидан суд жараëни бошланди


Рашитжон Қодиров (ўнгдан биринчи).
Рашитжон Қодиров (ўнгдан биринчи).

2019 йилнинг 7 январь куни Ўзбекистондаги энг шов-шувли жиноят иши фигуранти – Ўзбекистон собиқ Бош прокурори Рашитжон Қодиров устидан суд жараëни бошланди. Бу ҳақда Озодликка бир-биридан мустақил манбалар билдирди.

Жараëн бошланганини Ўзбекистон Олий суди мулозими тасдиқлади, бироқ суднинг ëпиқ тарзда ўтказилиши муносабати билан матбуотга бу ҳақда маълумот берилмаслигини билдирди.

Ëпиқ суд жараëни

Собиқ бош прокурор Рашитжон Қодиров ишига яқин мулозимнинг Озодликка айтишича, суд жараëни Тошкент шаҳар Юнусобод туман судида ўтмоқда.

"Суд жараëнига Жиноят ишлари бўйичаТошкент шаҳар судининг ўринбосари Акбар Туробов раислик қилмоқда.Ëпиқ режимда ўтаëтгани учун тафсилотларни ҳатто судланувчилар яқинларига ҳам айтишмаяпти. Бугунги жараëнга қанча айбланувчининг олиб келинганини аниқ билмайман¸ аммо 15 тача атрофида деб тахмин қиламан. Суд бошланишидан олдин у ерга "Тез ëрдам" келганидан¸ Мирағлам Мирзаевнинг ҳам олиб келинганини тушуниш мумкин"¸ деди жараëнни билвосита кузатаëтган Озодлик суҳбатдошларидан бири.

(Мирағлам Мирзаев¸ Тошкент шаҳар прокурорининг собиқ 1-ўринбосари¸ амалда бутун прокуратура тизимини бошқарган шахслардан бири. 2018 йилнинг сентябрида Озодлик жорий йил февралидан бери тергов изоляторида ҳибсда сақланаëтган «Антибиотик» лақабли Мирағлам Мирзаевнинг "оғир касаллиги" боис ИИВ касалхонасига ўтказилганини хабар қилган эди.)

Ҳибс ва айблов

Озодлик Рашиджон Қодировнинг товламачилик, ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, пора олиш каби жиноятларда айбланиб 22 февраль куни Тошкентда ҳибсга олингани ҳақида ўз манбаларига таяниб биринчи бўлиб хабар қилган эди.

Ўзбекистон Бош прокуратураси 2018 йилнинг 24 февраль куни эълон қилган маълумотга кўра¸ Рашитжон Қодиров устидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 165, 205, 210-моддалари билан жиноят иши қўзғатилган эди.

Ислом Каримов даврининг 15 йиллик бош прокурори 67 яшар Рашитжон Қодиров Шавкат Мирзиëев ҳокимиятга келганидан кейин ҳибсга олинган энг юқори лавозимли собиқ раҳбардир.

Ўз чиқишларида собиқ бош прокурорни бир неча бор оғир жиноятларда айблаб тилга олган Мирзиëев¸ уни хусусан¸ прокуратура тизимида коррупцияни авжга чиқарганликда айблаган ва Қодировни телевидение орқали ўз айбига иқрор қилиш истиқболи ҳақида гапирган эди.

Ҳозирча Қодиров иши бўйича судга тақдим этилган айблов хулосасида унга айнан қандай айблар қўйилгани Озодликка маълум эмас.

Собиқ раҳбарининг ҳибсга олинганини 2018 йилнинг 24 февраль куни расман тасдиқлаган Бош прокуратура “Қодиров иши” иши доирасида асосан собиқ прокуратура мулозимларидан иборат жами 24 шахснинг қамоққа олинганини ҳам билдирган эди.

Ўтган ой бошида Озодлик Қодиров ишига алоқадор мулозимларга таяниб¸ Рашитжон Қодиров ва унинг иши доирасида ҳибсга олинган жами 24 киши устидан тергов жараёни декабрь бошларида якунига етгани ва айбланувчилар адвокатларига айблов хулосаси билан танишиб чиқиш учун 25 декабрга қадар муҳлат берилганини хабар қилган эди.

Бош прокуратура ва Олий суд жавоби

Судга тақдим этилган айблов хулосасида собиқ Бош прокурорга қандай айблар қўйилаëтганига оид Озодлик саволларига 7 январь куни Бош прокуратура расмийси Қодировнинг жиноят иши юзасидан ҳеч бир маълумот ошкор килинмаслигини билдирди:

Иш ëпиқ тарзда тергов қилинган, ҳозирда мазкур жиноят иши суд юрисдикциясида. Жамоатчиликка қай тарзда маълумот бериш масаласини суд ҳал қилади - суд процессини очиқлаш ëки ëпиқ кўриш ҳам суд измида”¸- деди Бош прокуратура мулозими.

Ўзбекистон Олий судининг исмини очиқлашни истамаган мулозими¸ Рашитжон Қодиров ишининг суд томонидан кўриб чиқилаëтганини тасдиқлади¸ аммо жараëнга оид бошқа тафсилотларнинг жамоатчиликка ошкор қилинмаслигини таъкидлади.

Қодиров иши суд идораларига келиб тушган¸ лекин суд жараëни ëпиқ деб эълон қилинган. Жараëн ëпиқ тарзда ўтказилади”¸ деди Ўзбекистон Олий суди расмийси.

Ҳозирча Қодиров устидан бошланган суд жараëнига оид бошқа тафсилотлар Озодликка маълум эмас. Жараëнга оид янги хабарлар муттасил тўлдириб борилади.

Сиз бу жараëн тафсилотларидан хабардор бўлсангиз¸ унга оид маълумотларни Озодликнинг ​Telegram ва WhatsApp тармоғидаги +420 724 971 539 рақамига ëки ozodlikmail@gmail.com электрон почтасига ëзиб юборишингиз мумкин. Шахсингиз сир қолиши кафолатланади.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG