Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 13:35

Уч йилда уч ҳоким. Андижон шаҳрининг янги ҳокими ким?


Ғофуржон Абдураҳмонов.
Ғофуржон Абдураҳмонов.

14 июнь куни халқ депутатлари Андижон шаҳри кенгашининг навбатдан ташқари сессияси Ғофуржон Абдураҳмоновни шаҳарнинг янги ҳокими этиб тасдиқлади.

Абдураҳмонов бунга қадар “Қишлоқ қурилиш банк” бошқаруви раисининг маслаҳатчиси лавозимида ишлаб келган.

У шу йилнинг 6 июнь куни катта миқдордаги бюджет маблағларини ўзлаштирганликда гумон қилиниб ҳибсга олинган Баҳром Ҳайдаровнинг ўрнини эгаллади.

Қудратли қариндошлар

Ўзбекистоннинг аҳоли сони бўйича 4-ўринда турадиган Андижон мамлакатнинг аҳоли энг зич яшайдиган минтақаси ҳамдир. Мамлакатнинг 1 фоиз ерини ҳам эгалламайдиган бу вилоятда республиканинг 10 фоиздан зиёд аҳолиси яшайди.

Хўш, янги ҳоким ким? У қайси касбий муваффақиятлари учун стратегик жиҳатдан муҳим бўлган шаҳар бошқарувчиси лавозимига тайинланди?

Очиқ манбалардан олинган маълумотга кўра, Ғофуржон Абдураҳмонов 1976 йилда Андижон шаҳрида туғилган, мутахассислиги – иқтисодчи.

У анча йилдан бери банк тизимида ишлаб келади: у 1994-1997 йилларда Марказий банк Андижон вилояти Бош бошқармасида турли лавозимларда, кейин 1997 йилдан 2009 йилгача Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки Андижон вилояти бўлимида ишлаган.

2009-2011 ва 2012-2013 йилларда Марказий банк Андижон вилояти Бош бошқармаси бошлиғи, 2013-2021 йилларда эса АТБ "Қишлоқ қурилиш банк" Бошқарув раиси ўринбосари бўлган. 2021 йилдан Андижонга ҳоқимликка тайинлангунга қадар "Қишлоқ қурилиш банк" Бошқарув раиси маслаҳатчиси лавозимида.

Андижон шаҳрининг янги ҳокими – вилоят раҳбари Шуҳрат Абдураҳмонов билан фамилиядош. Тармоқларда Ғофуржон Ғуломжонович Абдураҳмонов Андижон вилоят ҳокимига қариндошлиги тўғрисида гап-сўзлар пайдо бўлди.

Аммо Озодлик манбалари бу маълумот ҳақиқатга тўғри келмаслигини айтмоқда. Андижон вилоят ҳокимиятига яқин манбага кўра, янги ҳоким Солиқ қўмитасининг собиқ раҳбари Ботир Парпиевнинг “қайинжияни”дир.

- Абдураҳмоновларнинг фамилияси бир, холос. Шуҳрат Қўшоқбоевичга мутлақо алоқаси йўқ! Аслида улар бир-бирига қарши. Бу одамни Тошкент тайинлади – бу лавозимга энг юқоридан тайинланади. Шуҳрат Абдураҳмонов тайинлаган ҳокимлар қовун тушириб қўйяпти-ку, шунга унинг одамини қўйишмади энди. Ғофур Ботир Парпиевнинг қайинсинглисининг ўғли бўлади. Бўлмаса, Андижоннинг ўзида бошқа кандидатуралар кўп эди.

Шавкат Мирзиёев президент бўлганидан буён учинчи марта алмаштирилаётган Андижон шаҳар ҳокимининг собиқ МХХ раиси Рустам Иноятовнинг қудаси Ботир Парпиевнинг қариндоши эканини Озодликка бошқа манбалар ҳам тасдиқлади.

Андижондаги исмини очиқламасликни сўраган манба Ғофуржон Абдураҳмонов Миллий банк вилоят филиалида ишлаб юрганида касбий фаолияти туфайли муаммоларга учрагани, шу сабаб Тошкентга кўчирилганини иддао қилди.

- Ғофуржон Абдураҳмоновнинг онаси Парпиевларга тегишли бўлган Андижон шаҳар Бобур шохкўчасида собиқ ХБК қаршисидаги “Ғуломжон” муҳташам бизнес маркази ва автосалонини бошқаради. Янги ҳокимнинг отаси Ғуломжон Абдураҳмонов собиқ “Агропромсервис” ходими, пенсионер, у одамларнинг банк ва солиқ ишларини ҳал қилиб бериш билан шуғулланиб келади. Ғофуржоннинг ўзи эса, Миллий банкда йўл қўйган камчиликларидан кейин бўшатилган, шундан сўнг Тошкентда тоғаси ёрдамида арзимас лавозимларда ишлаб юрган.

Озодлик манбаларининг билдиришича, янги ҳокимнинг қайнотаси Андижон вилояти ИИБ сида қарийб 20 йил давомида юқори лавозимни эгаллаб келган.

Маҳаллий манбаларга кўра, Ботир Парпиевга яқинлиги айтилган ҳокимдан ташқари, вилоят ва республикада турли давлат идора ва муассасаларида “ Парпиевлар клани” вакиллари мавжуд ва улар иқтидордан кетган бўлса-да, қудрат ва таъсирини сақлаб қолмоқда.

Озодлик ҳозирча янги ҳокимнинг қариндошлик ришталари ва ўтмишдаги фаолияти борасида расмий манбалардан изоҳ ололмади.

Инсон ҳуқуқлари фаоллари таъбирича, Ўзбекистон аҳолисини 23 йил қўрқувда ушлаган собиқ МХХ раиси Рустам Иноятов ва ўзбекистонлик тадбиркорлар юрагига ваҳима солиб келган Солиқ қўмитасининг собиқ раҳбари Ботир Парпиевлар Orient Group оилавий бизнес империясини яратган. Озодлик ўз суриштирувларида сўнгги йилларда қудратли генераллар бизнес империясида президент Мирзиёевнинг кенжа куёви Отабек Умаровнинг укаси Ойбек ўз улушини ошираётганига эътибор қаратганди.

Шу йилнинг июнь бошларида 76 яшар Ботир Парпиев маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазири маслаҳатчиси этиб тайинланди. Вазирлик маълумотларига кўра, маслаҳатчи лавозими мақом бўйича вазир ўринбосари лавозимига тенглаштирилган.

Ботир Парпиев 2018 йил майида президент Мирзиёевнинг кескин танқидидан кейин ишдан бўшатилган, унинг Ташқи ишлар вазирлигидаги ўғли ишдан олинган, унга яқин мансабдорлар терговга жалб қилингани хабар қилинганди.

Уч йилда уч ҳоким

Ғофуржон Абдураҳмонов Андижон шаҳрида сўнгги уч йилда тайинланган учинчи ҳокимдир.

Шаҳарга 2016 йилдан раҳбарлик қилган Дилмурод Раҳматуллаев 2019 йил августда интернетда номақбул видеоси тарқалиши ортидан лавозимини тарк этган эди.

Унинг ўрнига тайинланган иқтисодчи-банкир Баҳром Ҳайдаров эса жорий йил 6 июнь куни 2017-2019 йилларда Андижон вилояти молия бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган даврида катта миқдордаги бюджет маблағини ўзлаштирганликда гумонланиб ҳибсга олинган.

Бош прокуратура маълумотига кўра, тергов доирасида 37 нафар шахсга нисбатан айблов эълон қилиниб, уларнинг 32 нафари қамоққа олинган. Собиқ ҳоким эски лавозимида шериклари билан 48 млрд сўм бюджет маблағларини талон-торож қилганликда айбланмоқда.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан коррупцияга оид ислоҳотлар натижадорлиги ва аҳолининг коррупцияга муросасизлигини баҳолашга қаратилган рейтинг ҳар ойда бир эълон қилиб келинмоқда. Агентлик ахборот хизматининг хабар беришича, коррупцияга оид жиноятлар содир қилиш бўйича Андижон ўтган 3 ойда энг юқори ўринларни эгаллаб келган.

XS
SM
MD
LG