Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 00:03

Фарғоналик куëвлар: Мирзиëевнинг қудаваччаси қандай қилиб миллиард долларлик бизнес эгасига айланди?


Фарғоналик куёвлар: Мирзиёев қудалари қандай бойиди?

Шавкат Мирзиëев ҳокимиятга келиши ортидан Ислом Каримовнинг 2009 йилги "Ўзбекистонда жуда бойлар ҳам, жуда камбағаллар ҳам бўлмайди"​ деган ривожланиш концепцияси амалда рад этилди.

Каримов даврида узоқда ушланган асли ўзбек миллиардерлари Ўзбекистонда фаол бизнесга киришди; мамлакат ичкарисида ҳам улардан қолишмайдиган “соя” миллиардерларнинг кўп бўлгани очиққа чиқди.

Тошкентнинг бадавлат оилалари¸ бой болалари кундалик ҳашаматини реклама қилувчи махсус каналлар пайдо бўлди. Саройлар¸ хусусий учқичлар¸ Лондон ва Парижга саëҳатлар¸ дунëнинг энг қиммат дизайнерлари кийим-кечакларига тўла гардероблар¸ тансиқ таомлардан синиб кетаман дейдиган очил дастурхонлар ўзбекистонлик тармоқ фойдаланувчилари “кўзини яшната” бошлади. Тошкентнинг ўзида араб шаҳзодалари ва айниқса Россия супербойларига тақлидан яшаб келган ва келаëтган оилаларнинг кам эмаслиги маълум бўлди.

Бу янги тренд ўзбек эски ва янги супербойларини боғловчи энг муҳим жиҳатни очиқлади - Ўзбекистоннинг панадан очиққа чиққан бойлари ҳам¸ янгидан туғилганлари ҳам мамлакат олий бошқарувига бевосита ëки билвосита яқин оилалар экани кўрилди.

Ўзбек бойлари бойлигининг сири уларнинг Ғарбдаги каби ишбилармонлиги¸ гениал бизнес ғоялари муаллифи экани эмас¸ балки давлат ва халқ берган ваколат воситасида миллатнинг энг ноëб бойлик ва заҳираларига қўли бемалол етишида экани яққол намоëн бўлди.

Озодликнинг навбатдаги суриштируви Шавкат Мирзиëев аввалига Бош вазир¸ сўнгра эса¸ президентликка келганидан сўнг мамлакат супербойлари сафига қўшилган янги олигархлардан бири ҳақида. Бу олигарх кимлиги¸ унинг сурати ва бойлиги кўлами биринчи марта жамоатчиликка эълон қилинмоқда.

Фарғоналик ëш миллиардер

Ойбек Муҳаммадалиевич Умаров деган тадбиркор номи аксар ўзбекистонликларга мутлақо нотаниш. Бу номни яқинларгача айрим қўқонликлар ва хос бизнес гуруҳларидан бошқа кўпчилик ҳатто эшитмаган ҳам.

Бу одамни ижтимоий тармоқдан ҳам топиб бўлмайди. Ëш бўлишига қарамай¸ на Facebook, на Instagram ва на Телеграмда Ойбек Муҳаммадалиевич Умаров деган қўқонликдан асар ҳам йўқ.

Ойбек Умаров оиласини ўтмишда бевосита таниган қўқонликларга кўра¸ у совет пайтида Қўқонда ягона бўлган тилла буюмлари дўкончиси Муҳаммадали Аҳмадалиевич Умаров исмли одамнинг ўғли.

Мамадали ака Қўқонда ҳамма таниган тиллафуруш эди. Шаҳарда ўзи битта шунинг тилла дўкони бўларди¸ у пайтларда кўп нарса "под прилавка" сотиларди. Кимга тилла тақинчоқ керак бўлса¸ Мамадали аканинг олдига борарди. Советча тилда¸ тилла чайқовчилиги билан шуғулланарди. Қўқоннинг совет пайтидаги бойларидан эди. Гўзалхон деган хотинидан иккита ўғли бор – 84 йилда туғилган Отабек ва адашмасам¸ 86 йили туғилган Ойбекжон”¸ - дейди совет пайтида Қўқон шаҳар маориф тизимида ишлаган собиқ мулозим.

Озодлик гаплашган қўқонликлардан яна бирига кўра¸ 2007 йил ўша пайтдаги Бош вазир Шавкат Мирзиëев билан қуда бўлганидан кейин Умаровлар тиллафурушдан кўра¸ ҳокимиятдагиларга қариндош оила сифатида ном қозонган.

Отабек Умаров Шавкат Мирзиëевнинг иккинчи қизи Шаҳнозага 2007 йили уйланган.
Отабек Умаров Шавкат Мирзиëевнинг иккинчи қизи Шаҳнозага 2007 йили уйланган.

Жорий Биринчи оила ва улар қариндошлари ҳақида очиқ гапириш оқибатларидан чўчиган Озодлик суҳбатдошлари¸ ўз шахси очиқланмаслигини сўради.

Отабек Умаров отаси Муҳаммадали Умаров билан бирга.
Отабек Умаров отаси Муҳаммадали Умаров билан бирга.

Катта ўғли (Отабек Умаров) Тошкентга ўқишга кетиб¸ Ойхон (Зироат Мирзиëеваннинг қўқонликлар орасида танилган исми-таҳр.)нинг қизига уйланди. Айтишларича¸ Ойхон катта қизимни бегонага бердим¸ кичигимни ўзимнинг қўқонлигимга бераман¸ деб Отабекка бердирган. Отабек Қўқондаги бойларнинг боласи борадиган 32-махсус мактабда ўқиб¸ кейин Тошкентга кетган. Кичиги, адашмасам, Ойбек Лесопаркдаги ҳовлилари ëнидаги мактабда¸ кейин Нархозда ўқиди шекилли”¸ - дейди оилани билган қўқонлик мулозим.

Ойбек Муҳаммадалиевич Умаров деган номни Google қидирувга берсангиз¸ бундай шахснинг айрим расмий ҳужжатлардагина борлигига гувоҳ бўласиз.

Бу ном очиқ расмий манбаларда асосан бир тизим – «Ориент Финанс» (Orient Finans) банк ҳужжатларида кўринади. Бу ҳужжатларнинг Озодлик ихтиëридаги энг эскиси - 2015 йилга оид.

"Ориент Финанс" банкнинг 2015 йил 10 июнь кунги йиғилиши протоколидан олинган нусха.
"Ориент Финанс" банкнинг 2015 йил 10 июнь кунги йиғилиши протоколидан олинган нусха.

Банк акционерларининг 2015 йил 10 июнь кунги ялпи йиғини протоколига кўра¸Ойбек Муҳаммадалиевич Умаров «Ориент Финанс»нинг тўрт таъсисчисидан бири. Айни пайтда банк бошқарув органи бўлган Банк кенгашидаги беш одамдан бири. Айни протоколга кўра¸ 2015 йилда Ўзбекистоннинг “Энг яхши инновацион банки” деб топилган «Ориент финанс»нинг 34 499 400 дона акцияси Ойбек Умаров қўлида бўлган.

Ойбек Умаров 2015 йили "Ориент Финанс" банк бошқарув кенгаши аъзоси ҳам бўлган.
Ойбек Умаров 2015 йили "Ориент Финанс" банк бошқарув кенгаши аъзоси ҳам бўлган.

Ҳужжатда бир дона банк акциясининг номинал қиймати 1250 сўм деб белгиланган. Бундан эса¸ 2015 йилдаëқ Ойбек Умаровнинг ўзбек сўмида миллиардер¸ АҚШ долларида эса¸ миллионер бўлгани кўрилади.

Умаров эгалик қилган акцияларнинг 2015 йил июнидаги номинал қиймати¸ дивидентларни қўшмаганда¸ 43,1 миллиард сўм¸ Марказий банкнинг 2015 йил июнидаги расмий курси бўйича эса¸ тақрибан 17 миллион АҚШ долларига тенг бўлган.

Ўзбекистондаги ном чиқарган «Ориент Финанс» банк таъсис этилган 2010 йилнинг апрель ойида Ойбек Муҳаммадалиевич Умаров 24 ëшда бўлган.

Университетни битириб-битирмаган Ойбек Умаровнинг қандай қилиб валюта конвертацияси ëпиқ Ўзбекистондаги йирик хусусий банкнинг тўрт таъсисчисидан бирига айлангани тарихи қоронғу.

Ëш йигитчанинг банк таъсис қиладиган даражадаги пулни қаердан олгани ундан-да қоронғуроқ.

UzDaily нашрининг 2011 йили ëзишича¸ «Ориент финанс» банкнинг бошланғич низом капитали 11,48 миллиард сўм (ўша пайтдаги МБ расмий курси бўйича 7 042 944 АҚШ доллари ) ва унинг 80% жисмоний шахсларга тегишли. Ойбек Умаров банкнинг тўрт таъсисчисидан бири экани инобатга олинса¸ унинг банк таъсис қилиш учун қўшган дастлабки капиталининг миллион доллардан кўпроқ бўлганини тахмин қилиш мумкин.

Умаровларни таниган фарғоналик тадбиркор¸ Ойбек Умаровнинг 24 ëшидаëқ долларда миллионер эканидан далолат берувчи расмий ҳужжатлар¸ аниқроғи бу пуллар Умаровники эканига ишонмаслигини айтади.

Ойбек қўқонлик ўртоқлари билан Голландиядан катта-катта қорамол олиб келиб, сотиб юрди. Кейин ëғ заводида ҳам олди-сотди билан шуғулланди. Маҳаллий разборкаларга аралашиб юрарди. Хуллас¸ қаердан пул чиқса¸ ўша ерга бош уриб юрадиган майда тадбиркор бола эди. Акаси Бош вазирга куëв бўлганидан кейин¸ “Фарғонаазот”га иқтисодчи қилиб ишга киритиб қўйишди¸ ўша ерда анча пайт ишлаб юрди. Давлатнинг заводи берган ойлик билан яшаган-да. Банкка учредитель бўладиган даражада бой йигит бўлганидан умуман хабарим йўқ”¸ - дейди Ойбек Умаровни билганлардан яна бири.

Озодлик суҳбатдошлари Ойбек Умаровнинг хусусий банк таъсисчисига айланишини акаси Отабек Муҳаммадалиевич Умаровнинг 2007 йили ўшандаги Бош вазир Шавкат Мирзиëевга куëв бўлиши билан боғлайди.

Ойбек Умаров акаси Бош вазирга куëв бўлганидан уч йил ўтиб, конвертация йўқ Ўзбекистонда хусусий банк эгаларидан бирига айланган бўлса¸ қўқонлик иқтисодчи бизнесининг томир отиб¸ палак ëйиши қайин отанинг президентликка келишидан сўнг бошланди.

Майда тадбиркорнинг тармоқланган бизнес тизими эгасига айланиши...

«Ориент Финанс» банкнинг қоғоздаги эгаларидан бири бўлишига қарамай¸ Ойбек Умаров Шавкат Мирзиëев президентликка келгунга қадар на Қўқон ва на Фарғонада жамоатчиликка банкир ё жиддий тадбиркор сифатида танилган.

Каримов даврида Фарғона Мирзиëев айтган “фарғоналик келинлар” - Татьяна¸ Тамара ва унинг ўғли Акбаралилар қўлида эди. Улар борлигида Умаровлар на қулоғи¸ на бўйини кўрсатишга ботинмаган. Бор-йўқлигини ҳам биров билганмас. Каттаси Кореяда юрган¸ кичиги “Фарғонаазот”да экономист бўлиб юрган. 2015 йили Фарғонадаги Жуманжи ресторанида бир муштлашув чиққанди. Ойбек Умаровнинг шу жанжалга аралашгани ўртага чиқди. Лекин тез орада бу жанжал бости-бости қилиб юборилди¸ Мирзиëевга зиëни тегмаслиги учун. Шундан бошқа бу боланинг тилга тушганини эслолмайман. Бу боланинг банк хўжайинларидан эканини биров билмаган”¸ - дейди фарғоналик тадбиркорлардан бири.

2016 йилга қадар фақат «Ориент Финанс» банк таъсисчи ва акционерлари рўйхатида кўринган Ойбек Муҳаммадалиевич Умаров мулкдори бўлган компаниялар акасининг қайнотаси президентликка келганидан сўнг муттасил равишда оша бошлади.

Давлатга қарашли “Фарғонаазот” АЖ экономисти бўлган Ойбек Умаров ҳозирда хусусий тадбиркор сифатида Ўзбекистонда рўйхатга олинган камида 9 та МЧЖ таъсисчиси. Айни пайтда бу МЧЖлар юридик шахс сифатида яна ўнлаб компания мулкдори.

2021 йил августида Ўзбекистондаги компаниялар очиқ реестридан олинган маълумотга кўра¸ 35 яшар Ойбек Умаров:

Устав фонди 367¸5 миллион АҚШ долларига тенг Binokor temir-beton servis МЧЖнинг энг йирик акционери ҳам яна Ойбек Умаров акционери бўлган ширкатнинг ўзидир.
Устав фонди 367¸5 миллион АҚШ долларига тенг Binokor temir-beton servis МЧЖнинг энг йирик акционери ҳам яна Ойбек Умаров акционери бўлган ширкатнинг ўзидир.
  • 1994 йили 3 ноябрда 2 787 400 сўм устав фонди билан рўйхатга олинган QO‘QON 2-ISHCHILAR TA’MINOTI BO‘LIMI МЧЖнинг 92.50 фоиз;
  • 2010 йил декабрида 601 835 867 708.71 сўм (367 421 164.657 АҚШ доллари) устав фонди билан рўйхатга олинган BINOKOR TEMIR-BETON SERVIS МЧЖнинг 9 фоиз;
  • 2013 йил 5 декабрда 9 658 900 (қарийб 10 миллион) АҚШ долларидаги устав фонди билан рўйхатга олинган FT TEXTILE GROUP МЧЖ қўшма корхонасининг 5.50 фоиз;
  • 2015 йил 28 сентябрида 48 000 000 АҚШ долларидаги устав фонди билан регистрация қилинган BEKTEMIR METALL KONSTRUKSIYALARI МЧЖнинг 14.50 фоиз;
  • Ўзбекистонда 2015 йил 25 ноябрда 56 835 600 АҚШ доллари миқдоридаги устав фонди билан рўйхатга олинган BINKET GROUP МЧЖ қўшма корхонасининг 0.90 фоиз;
Сурхондарëда рўйхатга олинган Gold Dried Fruits Export МЧЖ устав фонди 90 миллион АҚШ долларига яқин.
Сурхондарëда рўйхатга олинган Gold Dried Fruits Export МЧЖ устав фонди 90 миллион АҚШ долларига яқин.
  • 2016 йил 11 майда Сурхондарëда 242 437 500 000,00 сўм (қарийб 84 миллион АҚШ доллари) га тенг устав фонди билан рўйхатга олинган GOLD DRIED FRUITS EXPORT МЧЖнинг 22.90 фоиз;
  • 2018 йил 1 январда 7 миллион сўмлик (860 АҚШ доллари) устав фонди билан тузилган K7 HOTEL MANAGEMENT МЧЖнинг 100 фоиз;
  • 2019 йил 18 октябрь куни 4 миллион сўмлик (425 АҚШ доллари) устав фонди билан рўйхатга олинган OU7 МЧЖнинг 100 фоиз ва
  • 2020 йил 27 августида 7 миллион сўм (685 АҚШ доллари) устав фонди билан таъсис этилган 7 CARBON МЧЖнинг 100 фоиз акциялари эгасидир.

(Устав фондининг сўмда берилган қиймати компаниялар таъсис қилинган йил ва ойда Ўзбекистон Марказий банки белгилаган расмий курс бўйича АҚШ долларига ўгирилди – таҳририят)

Рақамлар динамикаси¸ Умаровнинг бизнесмен сифатидаги ишончи Мирзиëев ҳокимиятга келганидан сўнг кучайиб кетгани ва бир неча юз долларлик устав капитали билан янги ва янги кўп миллион долларлик бизнес эгасига айланганини кўрсатади. Кейинги беш йил ичида Умаров мулкдорига айланган ширкатлар фаолият турига қаралса¸ улар оддий тадбиркорнинг тушига ҳам кирмайдиган қадар хилма-хиллашгани кўрилади.

Бу компаниялардаги каттаю кичик улушлар Ойбек Умаровнинг қуруқ мева экспортидан тўқимачилик кластери¸ қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчисидан 5 юлдузли меҳмонхонага қадар эгалик қилишини тасдиқлайди.

Хусусан¸ K7 HOTEL MANAGEMENT МЧЖнинг ягона мулкдори сифатида Ойбек Умаров Тошкент марказидаги 7 қават¸ 140 хона¸ бассейн ва сауналик беш юлдузли MIRAN INTERNATIONAL меҳмонхонасининг яккаю ягона эгаси.

Miran International меҳмонхонасининг ягона мулкдори Ойбек Муҳаммадалиевич Умаровдир.
Miran International меҳмонхонасининг ягона мулкдори Ойбек Муҳаммадалиевич Умаровдир.

Устав фонди бор-йўғи 7 миллион сўм бўлган бу компаниянинг бунча катта меҳмонхонани қайси маблағ¸ қайси шарт ва асосларда сотиб олгани ҳақида очиқ маълумот мавжуд эмас.

FT TEXTILE GROUP МЧЖдаги улуш эса Умаровни Мирзиëев ҳокимиятга келганидан сўнг мамлакатдаги энг йирик тўқимачилик кластерига айланиб бораëтган Bakantex эгаларидан бирига айлантиради.

OU7 МЧЖ¸ шу номдаги бренднинг ягона эгаси сифатида Ойбек Умаров бу МЧЖ ва бренд алоқадор яна қатор компаниялар мулкдоридир. Хусусан¸ Умаров устав фонди 425 долларлик OU7 орқали BEFIT PRO фитнес клублар тармоғи ва Тошкентдаги BISTECCA ресторанига эгалик қилади.

2020 йил ëзидан бошлаб Тошкент вилояти¸ хусусан¸ Бектемир туманидаги янги қурилишлар топширилган DSK Binokor МЧЖнинг 76¸20 фоиз улуши BINOKOR TEMIR-BETON SERVIS МЧЖда. Бундан эса¸ давлат буюртмаси асосида қурилаëтган янги иншоотлар қурувчиси DSK Binokor компаниясида ҳам Ойбек Умаров иштироки борлиги кўрилади.

Ойбек Умаров ягона эгаси бўлган OU7 МЧЖ директори Зуҳра Абдусатторова Озодликка компания эгасини танимаслигини иддао қилди.
Ойбек Умаров ягона эгаси бўлган OU7 МЧЖ директори Зуҳра Абдусатторова Озодликка компания эгасини танимаслигини иддао қилди.

Озодлик 9 сентябрь куни Ойбек Умаров тўлиқ ëки қисман улушга эга компанияларга қўнғироқ қилиб¸ Ойбек Умаровнинг ўзини топиш¸ мазкур суриштирув туғдирган саволларни тадбиркорнинг ўзидан сўрашга уринди. 9 компания раҳбарининг таъсис ҳужжатида келтирилган мобил телефон рақамларининг бештасига ҳеч ким жавоб бермади. Жавоб берганларидан учтаси ўзининг Ойбек Умаров акционери бўлган МЧЖга мутлақ алоқаси йўқлигини билдирди.

100 фоиз улуши Ойбек Умаровники бўлган OU7 МЖЧ директори Зуҳра Абдусатторова Озодликнинг Умаровни топиш сўровига рад жавоби берди.

-Менда бу одам билан ҳеч қандай алоқа йўқ. Шу боис¸ сизга ëрдам бера олмайман¸- деди Ойбек Умаров компаниясининг ҳужжатдаги директори Абдусатторова жумладан.

Orient Group – таъсисчи ва шерик

Бизнес фаолияти¸ маъмурий ҳудуд ва кўлами ўзбек иқтисодининг аксар сектори ва вилоятларига ëйилган Ойбек Умаровнинг бизнес структураси унинг бир соҳага ихтисослашган тадбиркор эмас¸ балки қудратли конгломерат вакили эканини кўрсатади.

Умаров аъзоси бўлган бу конгломерат номи эса - Orient Group («Ориент груп»)дир.

Orient Group молиявий операцияларидаги белгиловчи бўғин ҳисобланган «Ориент Финанс» банк баробарида Ойбек Умаров таъсисчи ва мулкдори бўлган аксар бизнес тузилмалари айни шу гуруҳ занжирига тизилган.

Ўзбек матбуотига кўра¸ нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиёда металл конструкцияларини қайноқ усулда рух билан қоплашга ихтисослашган ягона қўшма корхона - BEKTEMIR METALL KONSTRUKSIYALARI («Бектемир металл конструкциялари») заводи 2017 йилнинг май ойида иш бошлаган.

Тошкент вилояти Бектемир туманининг 70 гектарлик ҳудудида жойлашган бу заводда йўл тўсиқлари, ёритиш устунлари, қурилиш конструкциялари, электр пайвандланган қувурлар тайёрланади. Устав капитали 48 миллион доллар бўлган «Бектемир металл конструкциялари» МЧЖнинг 14.5 фоизи Ойбек Умаров қўлида.

2018 йилги расмий ҳужжатга кўра¸ Binokor temir-beton servis МЧЖ таъсисчиси Ойбек Умаровдир.
2018 йилги расмий ҳужжатга кўра¸ Binokor temir-beton servis МЧЖ таъсисчиси Ойбек Умаровдир.

Ойбек Умаров Orient Group таркибидаги яна бир бақувват завод -BINOKOR TEMIR-BETON SERVIS MЖЧ таъсисчиларидан бири.

2011 йилда рўйхатга олинган бу МЧЖ мулкдорлари сафига Умаровнинг қачон қўшилгани номаълум. Маълум бўлгани¸ Умаров компаниянинг беш акциядори сафида пайдо бўлиши ортидан¸ унинг темир-бетон жиҳозлар ва бетон ишлаб чиқариш бўйича Ўзбекистоннинг энг олди заводига айланганидир.

Озодлик суриштируви давомида Шавкат Мирзиëевга атаб Оҳангарон тоғларида қурилган махфий резиденция учун 100 минг куб метрдан кўпроқ бетон ва бошқа металл конструкцияларни айнан Мирзиëевнинг ўз оиласига алоқадор BINOKOR TEMIR-BETON SERVIS ширкати етказиб бергани ўртага чиққан эди.

Orient Group таркибига кирувчи яна қатор бошқа МЖЧлар ҳам¸ расмий реестр ҳужжатларига кўра¸ Ойбек Умаровга бегона эмас.

Қўқонлик Умаровнинг Сурхондарëда 2017 йил августида рўйхатга олинган Gold Dried Fruit Export МЧЖ сида 22.9 фоиз улуши бўлса¸ эшик ва ëғоч мебеллар ишлаб чиқариш бўйича “Марказий Осиëда”ги энг йирик фабрика деб тақдим этилаëтган Binket Group қўшма корхонасида ҳам бир фоизга яқин улуши бор.

OU7 - Ойбек ëки Отабек Умаров?

Ойбек Муҳаммадалиевич Умаров президент Шавкат Мирзиёевнинг кенжа куëви¸ Президент давлат хавфсизлик хизмати (ПДХХ) раиси ўринбосари¸ ДХХ полковниги Отабек Муҳаммадалиевич Умаровнинг укаси экани ҳақида бирор расмий маълумот очиқланган эмас.

Отабек Умаров онаси Гўзал Умарова билан
Отабек Умаров онаси Гўзал Умарова билан

Умаровнинг маҳаллий матбуотда берилган расмий биографиясида ҳам унинг укаси борлиги айтилмаган. Ижтимоий тармоқда фаол¸ хусусан¸ Instagramда 9 миллионга яқин фолловери бор Отабек Умаров бирор жойда укаси борлигини тилга олган ëки у билан тушган суратини қўйган эмас.

Ойбек Умаров онаси Гўзал Умарова билан. Ойбек Умаровнинг ҳозирча очиқ манбалардаги ягона бу сурати Умарова туғилган кунига атаб тайëрланган видеороликдан олинди.
Ойбек Умаров онаси Гўзал Умарова билан. Ойбек Умаровнинг ҳозирча очиқ манбалардаги ягона бу сурати Умарова туғилган кунига атаб тайëрланган видеороликдан олинди.

Умаровлар даврасига яқин тошкентлик тадбиркорлардан бири Ойбек Умаровни нафақат Отабек Умаров¸ балки Мирзиëевлар оиласининг “энг қаттиқ қўриқланадиган сирларидан бири”¸ деб атайди.

Ойбек Умаров ҳақида маълумот чиқса¸ жамоатчилик унинг номидаги бизнеснинг асл эгаси кимлиги¸ унинг пуллари қаердан келиб қаерга кетаëтгани¸ муҳими бу бойликка элтувчи йўлнинг ким орқали ўтишини билиб қолади-ку! Шунга Умаровни кўз қорачиғидек асрашади ва имкон қадар кўздан нарида тутишади”¸ дейди бу суҳбатдош.

Амалда бор¸ қоғозда йўқ олигарх?

Шавкат Мирзиëевнинг кенжа куëви Отабек Умаров¸ расмий биографиясига қаралса¸ хусусий бизнес билан шуғулланмайди.

Мутахассислиги бўйича автомобилшунос бўлган Умаров қайнотаси Бош вазирлиги даврида давлатга қарашли “Ўзавтосаноат” тизимида ишлаган. Юқори лавозимли амалдорларнинг болаларига берилган норасмий имтиëзга асосан¸ Умаров ҳам 2005 йилдан “Ўзавтосаноат”нинг хориждаги офисларида ишлаган. 2012 йили “ЎзАвто Корея» вице-президенти этиб тайинланган Умаров¸ қайнотаси президентликка келгунга қадар¸ Бош вазир Мирзиëевнинг иккинчи қизи Шаҳноза билан Сеулда яшаган.

2016 йилда Мирзиëев президент бўлиши билан автомобилшунос куëв Президент Давлат хавфсизлик хизмати раҳбарининг ўринбосари¸ де-факто қайнотанинг Бош қўриқчиси этиб тайинланди ва ҳозирга қадар шу лавозимда қолмоқда. Бир пайтнинг ўзида¸ лавозимига кўра¸ ДХХ раиси муовинларидан бири ҳам ҳисобланади.

Жорий йил бошида автоҳалокатга учраб¸ хорижда операция қилинган Отабек Умаров жамоатчиликка кўринмай қолган бўлса-да¸ унинг бу лавозимларидан озод этилганига оид расмий ëки норасмий маълумот ҳозирча йўқ.

Ўзбекистонда рўйхатга олинган компаниялар реестрига ишонилса¸ Отабек Умаров мамлакатда фаолият юргизаëтган бирор компаниянинг расмий мулкдори эмас.

Айни пайтда Отабек Умаров Ўзбекистонда яхши танилган икки бизнес структурасига бевосита алоқадорлигини Instagram саҳифасида ўзи эълон қилган.

Улардан бири OU7 бренди бўлса¸ иккинчиси 7 пиктограммаси. Умаровнинг ўз исм-фамилияси қисқартмаси ва 7 рақамига ихлоси шу қадар каттаки ¸ ижтимоий тармоқлардаги никларига қаралса¸ ўзини бу иккаласининг мутлақ эгаси деб билади.

Apple иловалари дўконида OU7 иловасининг муаллифи Отабек Умаров деб ëзилган.
Apple иловалари дўконида OU7 иловасининг муаллифи Отабек Умаров деб ëзилган.

Apple иловалар дўконида OU7 Training иловасининг Отабек Умаровники экани ëзилса¸ OU7.uz сайтида унинг Отабек Умаров қўлловида яратилгани айтилади. Давлат амалдори бўлган Отабек Умаровнинг бу “қўллови” молиявий ëки бошқа характерда эканига бирор жойда ойдинлик киритилган эмас. Қолаверса¸ автомобилшунос полковникнинг қандай қилиб компьютер иловаси «яратгани»га ҳам бирор шаклда изоҳ берилган эмас.

Бу маълумотлар¸ OU7 бренди¸шу номдаги МЧЖ¸ қолаверса¸ жамоат фондининг қоғоздаги эгаси Ойбек Умаровни катта ака¸ уларнинг амалдаги “автори” ва ҳомийси Отабек Умаровга тўғридан-тўғри боғлайди.

Расмий алоқадорлик ҳозиргача очиқланмаган бўлса-да¸ оддий ўзбекистонликлар аввал- бошданоқ Отабек Умаровни OU7, қолаверса¸ у эгалик қилувчи BeFit брендининг ҳақиқий эгаси деб билади. Бунга эса¸ тармоқларда OU7 қисқартмасини Ойбек эмас¸ балки Отабек Умаров ва унинг “фан”лари ишлатиши¸ Отабек Умаровнинг BeFit спорт клубини тўхтовсиз реклама қилиши¸ хорижлик меҳмонларидан то ММА чемпионларини айни шу клубда қабул қилиши сабаб бўлган.

7Saber сайтига кўра¸ мазкур бренд тарихи Отабек Умаров "яратган пиктограмма"дан бошланади.
7Saber сайтига кўра¸ мазкур бренд тарихи Отабек Умаров "яратган пиктограмма"дан бошланади.

Президентнинг кенжа куëви номи билан бевосита боғлиқ иккинчи бренд - 7Saber. 2021 йилнинг 29 июнида Тошкентда катта дабдаба билан тақдим этилган бу бренд¸ унинг расмий сайтида айтилишича¸ бевосита Отабек Умаровнинг “дунëга машҳур 7 рақами пиктограммаси” ортидан туғилган. Дабдабали тақдимот маросимини Instagram саҳифасида кўз-кўз қилган Отабек Умаров “мен ихтиро қилган белги яхши қўлларда эканлигига шубҳам йўқ”¸ деб ëзди.

7Saber сайтига кўра¸ Дубайдаги Berkeley Square Investments гуруҳи бу пиктограммани сотиб олиш учун Ўзбекистонда Urban Hayot МЧЖ қўшма корхонаси тузган.

“Муаллифлик ҳуқуқи эгаси билан музокаралар натижада, лицензиялаш шартномаси имзолаган ва эмблемадан фойдаланиш ҳуқуқи 5 йилга Urban Hayot МЧЖга ўтказилган”. Бундан эса¸ Отабек Умаровнинг 7 рақами ëзилишини ўз “ихтироси” деб эълон қилиб¸ унга муаллифлик ҳуқуқини расмийлаштиргани ва шу асосда бу ҳуқуқни Дубайдаги “инвестор”га сотгани англашилади. Бундай “лицензиялаш шартнома”си нархи¸ қолаверса бу лойиҳага кимнинг¸ қанча сармояси ëтқизилгани ҳақида бирор маълумот йўқ.

Ўзбекистонда кенг тарқалган амалиëтга кўра¸ давлат амалдорлари мамлакат ичкарисидаги бирор бизнес структурасини ўз номига расмийлаштирмайди. Оффшордаги қобиқ компаниялар бундан мустасно. Оффшор компаниялар асл эгалари кимлигини кўрсатувчи ҳужжатлар¸ Гулнора Каримова мисолида кўрилгани каби¸ Швейцариянинг энг қаттиқ қўриқланадиган банкларида сақланади.

Ўтмишда бошқа шахслар номига расмийлаштирилганига қарамай¸ “Ангрен цемент”дан то Сижжак оромгоҳи¸ Coca-Cola асосий акцияларидан то Тошкентдаги қимматбаҳо ресторан ва тунги клублар эгаси Гулнора Каримова экани “очиқ сир” эди. Ўзбекистон Бош прокуратурасининг бу каби ўнлаб каттаю кичик компания акцияларининг Каримова қўлида экани¸ улушларнинг текин ëки сувтекинга олингани ҳақида расмий баëнот беришга етадиган жасорати Каримов ўлганидан кейингина пайдо бўлди.

Мирзиëевнинг ҳам хабари йўқми?!

Ислом Каримов Ўзбекистонда “жуда бойлар ҳам¸ жуда камбағаллар ҳам бўлмайди” деб турган бир пайтда унинг қизлари¸ хусусан¸ Гулнора Каримова долларда миллиардерга айланиб улгурган эди. Швейцариянинг биргина банкида унга оид 1 миллиард АҚШ долларига яқин маблағнинг музлатилгани буни бутун дунëга очиқлади.

Хориж телекоммуникация компанияларидан юзлаб миллион доллар пора олгани билан боғлиқ халқаро можаро бошланиши ортидан Каримов тўнғич қизини ўзидан узоқлаштирган ва Гулнора Каримова отаси тириклигида уй қамоғига олинган эди.

Аксар ўзбекистонликлар қизларининг улкан бизнес империя қуриб¸ мамлакат бойликларини ўз шахсий мулкига айлантирганидан “Каримовнинг хабари йўқ”¸ деб ишонган. Гулноранинг уй қамоғига олиниши бундай қарашни янада кучайтирган эди.

Ўз оиласи ва МХХ томонидан информацион изоляцияда сақлангани иддао қилинган Ислом Каримовдан фарқли¸ Ўзбекистоннинг иккинчи президенти Шавкат Мирзиëев мамлакатдаги ҳақиқий аҳвол¸ давлат амалдорларининг ишларидан яхши хабардорлигини айтиб келади.

«Менинг фожиам шундаки, мен сизлар ҳақингиздаги ҳамма нарсани биламан»¸ деган эди 2017 йил январида ўтказилган ҳукумат мажлисида ҳоким ва вазирларига қарата Мирзиëев.

2021 йил 17 август куни “Янги Ўзбекистон” нашри чоп этган ëзма жавобларида Мирзиëев ҳозирги IT даврида реал вазиятдан узилиб қолиш мумкин эмаслигини таъкидлади.

Шахсан ўзим оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда берилаётган янгиликлар, улар орқали билдирилаётган долзарб фикрлар, жамоатчиликнинг диққат-эътиборини тортаётган воқеа-ҳодисалар билан имкон қадар бевосита танишиб боришга ҳаракат қиламан. Бир сўз билан айтганда, замонавий ахборот технологиялари ривожланган бизнинг давримизда реал ҳаётдан бутунлай узилиб қолиш мумкин эмас”¸ деди Шавкат Мирзиëев.

Ҳоким ва вазирлари ҳақида "ҳамма нарсани биладиган” Шавкат Мирзиëев ўз оиласи¸ қиз ва куëвлари¸ қуда ва яқин қариндошлари ишлари¸ хусусан¸ уларнинг бизнес империяси ўз қаноти остида фавқулодда гуллаб-яшнаëтганидан хабари борми?

Бу саволга жавобни Ойбек Умаровнинг энг яқин бизнес шериклари жамланган ва унинг ўзи бевосита таъсисчи ва акционери бўлган Orient Group компанияларининг кейинги 4 йил ичидаги бош инвестори ким ўзи¸ деган бошқа бир саволдан излаймиз.

Ўзбек ва Оман давлати пуллари ва OU бизнесининг гуллаб-яшнаши

Orient Group таркибига кирувчи ўнлаб компаниянинг кейинги 4 йил ичидаги энг йирик инвестори¸Озодлик ихтиëридаги ҳужжатлардан кўринишича¸ Ўзбек-Оман инвестиция компаниясидир.

2010 йили таъсис этилган бу компания устав капиталининг 75 фоизи Оман султонлигининг Инвестицион бошқармаси¸ қолган 25 фоизи эса¸ Ўзбекистон Республикасининг Тикланиш ва Тараққиëт жамғармасига қарашли. Ўзбекистон суверен бойлиги сақланадиган Тикланиш ва Тараққиëт жамғармаси капитали¸ компания расмий сайтига кўра¸ 2020 йилга келиб 25 миллиард АҚШ долларига етган.

Биз шериклик муносабатлари қурамиз ва инвесторларнинг ўз бизнесини ривожлантиришига¸ шу орқали мамлакат иқтисоди ривожини тезлатишга ҳам ҳисса қўшамиз”¸ деб ëзилган бош офиси Тошкентда жойлашган Ўзбек-Оман инвестиция компанияси расмий сайтида.

Очиқ манбалардан топилган маълумотлар¸ бу компаниянинг кейинги тўрт йил давомида айнан кимлар билан “шериклик муносабатлари қургани” ва кимнинг “бизнесини ривожлантиришга ҳисса қўшгани”ни аниқ кўрсатади.

Ulster университетининг криминология бўйича профессори Кристиан Ласслетт Ўзбек-Оман инвестиция компаниясининг 2016-2020 йиллардаги инвестиция лойиҳаларини махсус ўрганиб чиқди. Ласслеттнинг янги тадқиқоти ҳам асосан Ўзбек-Оман инвестиция компанияси ва Orient Group ўртасидаги эксклюзив ҳамкорликка бағишланади.

-Ўзбекистондаги компаниялар реестридан ширкатлар капитали ва акционерларига оид тўпланган маълумотлар Ўзбек-Оман инвестиция компанияси кейинги тўрт йил ичида турли лойиҳаларга 187 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритганини кўрсатади. Бу инвестициялар изи эса¸ 187 миллион долларнинг 85 фоиздан ошиғи¸ ëки қарийб 161 миллион долларининг Orient Group лойиҳаларига берилганини кўрсатади¸ - дейди Кристиан Ласслетт.

Озодлик кўрган расмий ҳужжатлар таҳлили Ласслеттнинг хулосасини тасдиқлайди.

Ўзбекистон суверен жамғармаси пулларининг Ўзбек-Оман инвестиция компанияси орқали айнан битта хусусий гуруҳ - Orient Group ширкатларига берилаëтганини давлат раҳбари Шавкат Мирзиëев биладими?

Бунинг жавоби¸ мазкур компаниянинг инвестицион капиталига пул бераëтган Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиëт жамғармаси таъсис қилиш ҳақидаги президент Фармони ва жамғарма Низомида ëзиб қўйилган.

2006 йили таъсис қилинган Ўзбекистон Республикасининг Тикланиш ва Тараққиëт жамғармаси Низомига кўра¸ бу жамғарма пулидан инвестиция киритиш ëки имтиëзли кредит ажратиш фақат бир йўл - Президент қарори асосидагина амалга оширилади.

Содда қилиб айтганда¸ бу жамғармадан бир сўм олишдан олдин президент розилигини олиш¸ унинг махсус қарорини чиқартириш шарт. Янаям соддароқ тилда айтсак¸ бу пуллар Ўзбекистоннинг “қора куни”га асралган ва улар сақланадиган сандиқ калити битта шахс – президентнинг қўлида.

Тикланиш ва Тараққиëт жамғармаси ҳаммуассиси бўлган Ўзбек-Оман инвестиция компанияси очиқ манбалардан топилган маълумотларга кўра¸ Ойбек Умаров мулкдори бўлган Gold Dried Fruits Export МЧЖга 25 миллион¸ Binokor temir-beton servis МЧЖга қарийб 19,5 миллион доллар маблағ киритган.

-Корпоратив ҳужжатлар ва молиявий маълумотларни ўрганиш Orient Groupга алоқадор ва бир-бирига чатишиб кетган камида 58 компания фаолият юрғизаëтганини кўрсатади. 2020 йил охирига келиб¸ бу компаниялар капитали уч бараварга кўпайди ва Ислом Каримов ўлими олдидаги 276 миллион доллардан 728 миллион долларга етди. Капитали бу қадар ошган мазкур конгломератнинг жами бойлиги милллиард долларларда баҳоланишини тахмин қилиш мумкин¸ дейди профессор Ласслетт Озодлик билан суҳбатда.

Низомига кўра¸ иқтисодиëтнинг базавий тармоқларини ривожлантиришга сарфланиши лозим бўлган Тараққиëт ва тикланиш жамғармаси маблағининг нега айнан шундоқ ҳам қудратли хусусий конгломерат бизнесини янада кучайтириш учун сарфлангани ҳақида ҳозиргача Ўзбекистон жамоатчилигига на маълумот ва на изоҳ берилган.

Озодлик давлат маблағининг президент оиласига бевосита алоқадор хусусий компанияларга инвестиция тариқасида берилиши сабабларини ойдинлаштиришни сўраб Ўзбек-Оман инвестиция компанияси¸ шунингдек Orient Group матбуот хизматларига ëзма мурожаат қилди. Озодлик саволларига жавоб берилмади.

Оилага алоқадор бизнесга очиқ қўллов

Мирзиëевнинг ўз куëвига алоқадор компанияларга қўллови уларга миллат жамғармаси пулларидан тўғридан-тўғри инвестициялар киритиш ҳақида қарор чиқариш билангина чекланмайди.

Очиқ расмий маълумотлар Шавкат Мирзиëевнинг Orient Group таркибидаги компаниялар¸ хусусан¸ Ойбек Умаров бевосита мулкдори бўлган хусусий ширкатлар фаолиятини очиқ қўллаб-қувватлаб келаëтганини ҳам кўрсатади.

Президент матбуот хизмати берган маълумотлар Шавкат Мирзиëев президентликка келганидан бери Orient Group таркибидаги камида саккизта компанияга “ташриф буюриб”¸ ҳукумат мулозимларига бу хусусий корхоналар фаолиятини янада кенгайтириш борасида топшириқлар берганини кўрсатади.

Хусусан¸ 2020 йил 21 август куни “Бектемир металл конструкциялари” заводини бориб кўрган Шавкат Мирзиëев ¸ президент матбуот хизматининг ëзишича¸ ўз қудаваччасига қарашли “мазкур корхонани саноат кластерига айлантириш” ҳақида топшириқ берган.

Бектемир туманидаги кенг кўламли қурилишларни Ойбек Умаров расман ҳиссадори бўлган DSK Binokor компанияси топширган ҳам яна Мирзиëевнинг шахсан ўзи бўлади.

Айни пайтда¸ куëвига алоқадор ширкат раҳбарларидан бир қанчаси шахсан Мирзиëев томонидан орден ва мукофотлар билан тақдирланган. Улар орасида DSK Binokor, Building Innovation раҳбарлари бор.

Мирзиëев бу компанияларнинг асл эгалари кимлиги¸ улар орасида ўз оиласи вакили ҳам борлигини билмаслиги мумкинми?

Президентнинг жойлардаги сафарларини ташкиллаштириш жараëнидан хабардор Тошкент мулозимининг Озодликка айтишича¸ Мирзиëев борадиган ҳар бир корхонадан тортиб у кўришиб¸ гаплашадиган ҳар бир шахс¸ хусусан¸ “тадбиркор” га оид маълумот олдиндан тайëрланади ва давлат раҳбарига тақдим этилади.

Қирғизистон президенти маъмурияти мулозими Озодликка бундай протоколнинг аксар давлатларда бир хил экани¸ президентга у борадиган ҳар бир компания бўйича ҳам оғзаки¸ ҳам ëзма маълумот берилишини тасдиқлади.

Озодликнинг Шавкат Мирзиëевга у борадиган хусусий компаниялар кимники экани ҳақида тўлиқ маълумот бериладими¸ деган саволига президент матбуот хизмати жавоб бермади.

Orient Group. Умаровлар гуруҳдошлари ким?

2010 йилда «Ориент Финанс» банк таъсис этилиши ортидан тармоқлана бошлаган Orient Groupга алоқадор компаниялар¸ Озодлик ихтиëридаги ҳужжатларнинг кўрсатишича¸ камида 58 та. Улар орасида «Ориент Финанс» банкдан ташқари энг танилганлари¸ «Мегапланет» ва «Макро» супермаркетлар тармоғи¸ Golden House девелоперлик ширкати¸ «Эркатой» дўконлари ва «Локомотив истироҳат боғи» ва Локомотив футбол клубидир.

Ўзбек иқтисодиëтининг аксар секторидаги «етакчи» ширкатлар жамланмаси бўлган бу бадавлат конгломерат расмий сайти бир неча ойдан бери “таъмирда” деган иддао билан ишламаяпти.

Сайт архивидан олинган маълумотга кўра¸ Orient Group таъсисчилари уч шахс – Файзулла (айрим ҳужжатларда Пайзуллажон деб ëзилган -таҳр.) Раҳматуллаевич Мирзаев¸ Сакен Жетебаевич Пўлатов ва Дилмурод Илëсович Пўлатов (иккала Пўлатовларнинг бир-бирига қариндошлиги маълум эмас).

Айнан ана шу ажралмас учлик¸ кейинги 11 йил давомида Orient Group таркибида пайдо бўлган аксар компанияларнинг ҳам таъсисчи ва эгасидир. Суриштирув марказига қўйилган Ойбек Муҳамммадалиевич Умаров¸ айнан ана шу уч шахс билан биргаликда ўтган ойга қадар «Ориент Финанс» банк таъсисчиси эди.

2021 йил 27 июль куни «Ориент финанс» банк йирик акционери Ойбек Муҳаммадалиевич Умаров ўз акцияларини 53 миллиард сўмга сотди. Ойбек Умаров¸ маҳаллий матбуот таъкидича¸ банк акцияларини ўз шерикларига номинал қийматдан қарийб икки баравар арзонга сотган. Бундай шошилинч ва фавқулодда олди-берди ортидаги сабаблар ҳозирча Озодликка маълум эмас. Маълум бўлгани¸ бу олди-сотдининг мазкур журналистик суриштирув доирасида Orient Groupга юборилган саволлар ортидан амалга оширилгани¸холос.

Orient Groupнинг қоғоздаги уч таъсисчисидан фақат биттаси – Сакен Пўлатов номигина жамоатчиликка қисман таниш. Узоқ йил укаси Алишер Пўлатов билан Тошкентдаги “Локомотив” футбол клубини бошқарган Сакен Пўлатов айни кунларда ўзбек боксчиларининг энг катта ҳомийси саналади.

Токио олимпиадасидаги Ўзбекистон ғалабаларига қўшган ҳиссаси учун Шавкат Мирзиëев Сакен Пўлатовни "Дўстлик" ордени билан тақдирлади.
Токио олимпиадасидаги Ўзбекистон ғалабаларига қўшган ҳиссаси учун Шавкат Мирзиëев Сакен Пўлатовни "Дўстлик" ордени билан тақдирлади.

Улкан бизнес империяси мулкдорларидан бири бўлиш баробарида Пўлатов кейинги тўрт йил ичида Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси раиси ўринбосари, Ўзбекистон бокс федерацияси раисининг биринчи ўринбосари, Осиё бокс конфедерацияси Ижроия Қўмитаси аъзоси, Осиёда боксни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш фонди раҳбари ва Осиё бокс конфедерациясининг вице-президентига ҳам айланди.

Файзулла Мирзаев Orient Group таркибидаги ўнлаб ширкат таъсисчи ва мулкдоридир.
Файзулла Мирзаев Orient Group таркибидаги ўнлаб ширкат таъсисчи ва мулкдоридир.

Orient Group таркибидаги аксар компанияларда катта улушга эга Файзулла (Пайзуллажон) Мирзаев жамоатчиликка мутлақ нотаниш шахс. Унинг номини фақат ўнлаб компания таъсис ҳужжатлари ва акционерлари рўйхатидагина учратиш мумкин¸ холос. Мирзаевга оид аниқ маълумот ëки унинг суратлари унга оид компаниялар сайтида йўқ.

Orient Groupнинг учинчи таъсисчиси Дилмурод Илëсович Пўлатов. Гуруҳ таркибидаги ўнлаб компанияда улуши бор бу шахс¸ ижтимоий тармоқда нисбатан фаол.

Дилмурод Илëсович Пўлатов ўзининг президент куëвлари¸ айниқса¸ кенжа куëв Отабек Умаровга "жуда яқинлиги"ни ижтимоий тармоқларда кўз-кўз қилиб келмоқда.
Дилмурод Илëсович Пўлатов ўзининг президент куëвлари¸ айниқса¸ кенжа куëв Отабек Умаровга "жуда яқинлиги"ни ижтимоий тармоқларда кўз-кўз қилиб келмоқда.

Хусусан¸ Дилмурод Пўлатовнинг Instagram саҳифасидаги сурат ва постлар унинг қоғоздаги бизнес шериги Ойбек Умаровнинг акаси - Ўзбекистон президентининг кенжа куëви Отабек Муҳаммадалиевич Умаровга яқинлигини кўрсатади.

Instagramда Отабек Умаров билан тушган суратларидан бирига Пўлатов “best friends” – энг яқин дўстлар деб ëзганидан унинг президент куëвининг хос давраси аъзоси экани англашилади.

Orient Groupнинг асл эгалари ким?

Ўзбекистондаги мустақил журналист ва блогерларнинг ëзишича¸ мазкур трио Каримов даврининг энг қудратли генераллари – мамлакат аҳолисини 23 йил қўрқувда ушлаган МХХ раиси Рустам Иноятов ва ўзбекистонлик тадбиркорлар юрагига ваҳима солиб келган Солиқ қўмитаси раиси Ботир Парпиев ҳимоясидаги шахслар ҳисобланади.

Orient Group бизнесининг аввал бошдан МХХнинг қудратли раиси Рустам Иноятов ҳимоясида экани айтилади.
Orient Group бизнесининг аввал бошдан МХХнинг қудратли раиси Рустам Иноятов ҳимоясида экани айтилади.

Orient Group¸ Озодлик гаплашган ўзбек мулозим ва тадбиркорларининг қатъий иддаосича¸ аввал-бошдан ана шу икки қудратли генералнинг оилавий бизнеси бўлган.

Генерал Ботир Парпиев Ўзбекистон Давлат Солиқ қўмитасини 14 йил (2004-2018 йилларда ) узлуксиз бошқарган.
Генерал Ботир Парпиев Ўзбекистон Давлат Солиқ қўмитасини 14 йил (2004-2018 йилларда ) узлуксиз бошқарган.

Orient Group таъсисчиларининг Ўзбекистон ичкариси¸ қолаверса¸ хорижда таъсис этилган компанияларда Иноятовнинг ўғли Шариф Иноятов ва Парпиевнинг ўғли Бобур Парпиев билан бизнес шерик экани¸ бу шахслар ўртасидаги бевосита алоқадорликни тасдиқлайди.

Генерал Ботир Парпиевнинг ўғли¸ "Ориент Финанс" банк эгаларидан бири Бобур Парпиев бошқа қудратли генерал Рустам Иноятовга куëв бўлади.
Генерал Ботир Парпиевнинг ўғли¸ "Ориент Финанс" банк эгаларидан бири Бобур Парпиев бошқа қудратли генерал Рустам Иноятовга куëв бўлади.

Бoбур Батирович Парпиев 2013 йилдан “Ориент Финанс” банк бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари¸ 2016 йилдан 2020 йилга қадар эса¸ бошқарув раиси бўлган. Ҳозирда банк кузатув кенгаши раиси.

Ойбек Умаровнинг Orient Group компанияларидаги улушининг ўсиб бораëтгани гуруҳ ичидаги қўллар нисбатининг ўзгараëтганидан дарак беради. Рақамлар¸ Каримов даврида Иноятов ва Парпиев оилавий бизнес империяси деб кўриб келинган бу конгломератдаги Мирзиëевлар оиласи улушининг кейинги 5 йил ичида муттасил ошиб бораëтганини кўрсатмоқда.

-Мазкур суриштирув Ўзбекистондаги энг катта ва бойлиги ниҳоятда тезлик билан ошиб бораëтган конгломератлардан бирининг бевосита президент Шавкат Мирзиëевга алоқадорлигини кўрсатади. Айнан ана шу алоқадорлик туфайли бу конгломерат давлат жамғармаси пулига тузилган инвестиция компанияси билан эксклюзив муносабатга эга. Бу факт ўзини Каримов даври сиëсатидан узоқлаштиришга уриниб келаëтган Мирзиëев олдига қатор жиддий ва ўнғайсиз саволларни қўяди. Бу саволлар жавобсиз қолар экан¸ Ўзбекистоннинг Каримов давридагидан кўра кучлироқ авторитаризм ботқоғига ботиш эҳтимоли кучайиб бораверади, - дейди британиялик профессор Кристиан Ласслетт.

Озодлик мазкур суриштирув доирасида туғилган саволлар билан Ўзбекистон Президенти матбуот хизматига электрон почта орқали ëзма мурожаат қилди. Аммо саволлар жавобсиз қолди.

Озодлик суриштирувга алоқадор томонларнинг расмий изоҳ ва жавобларига очиқлигини таъкидлайди.

Ушбу суриштирув профессор Кристиан Ласслетт билан ҳамкорликда ҳозирланди.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG