Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 15:59

Андижон шаҳрига янги ҳоким тайинланди


Андижон шаҳри
Андижон шаҳри

Халқ депутатлари Андижон шаҳар Кенгашининг 26 август куни бўлиб ўтган навбатдан ташқари сессиясида Дилмурод Раҳматуллаев лавозимидан озод этилди.

Бу ҳақда хабар қилган "Халқ сўзи онлайн" нашрига кўра, Андижон вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов иштирокида ўтказилган йиғилишда Баҳромжон Носирбоевич Ҳайдаров вақтинчалик ҳоким вазифасини бажарувчи сифатида таништирилган.

Дилмурод Раҳматуллаевнинг Андижон шаҳар ҳокими лавозимидан олиниш сабаблари тўғрисида "Халқ сўзи онлайн" хабарида ҳеч нарса дейилмаган.

daryo.uz сайтининг хабар қилишича, сессиясида иштирок этган Андижон вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов собиқ ҳоким ишига баҳо берар экан, уни кўп марта огоҳлантирганини таъкидлаб ўтган:

- Бу болани жуда кўп огоҳлантирганман. Қадамингни ўйлаб босгин деганман. Йўқ, ўз билганидан қолмади. Мана қўлимда унинг қандай ишлаганлиги тўғрисида маълумотлар бор. Шаҳардаги қилиниши зарур бўлган ишлар кўпайса кўпайди, камаймади, - деган вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов.

Халқ депутатлари Андижон шаҳрар Кенгашининг 26 август куни бўлиб ўтган навбатдан ташқари сессияси арафасида эндиликда собиқ ҳоким Дилмурод Раҳматуллаевнинг шахсий ҳаётига оид эканлиги иддао қилинган фотосурат ижтимоий тармоқларда тарқалган эди.

Андижон шаҳрининг янги ҳокими Баҳромжон Ҳайдаров 1972 йили туғилган, маълумоти бўйича мутахассислиги - иқтисодчи. У 2018 йил февраль ойидан буён Андижон вилояти ҳокимлиги молия бош бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келаётган эди.

Дилмурод Раҳматуллаев 2016 йилдан буён Андижон шаҳар ҳокими бўлиб ишлаётган эди. Вазифаси давомида унинг қўл остидаги ходимларга қўпол муносабатда бўлгани, мажлисларда ходимларни аёвсиз ҳақоратлагани акс этган аудиоёзувлар ҳақида бир неча бор Озодлик хабар қилди.

Жумладан, 2017 йилнинг ноябрида Озодлик ана шундай аудиоёзувлар дан бири ҳақида биринчи хабар берганди. Сўнгра бундай аудиоёзувлардан яна бир нечаси тарқалди, шикоятлар бўлди.

Натижада, ўша йилнинг декабрь ойида Андижон шаҳар ҳокими прокурор назоратига олинди, 18 декабрь куни эса иш судга оширилди.

Суднинг қарори билан Д. Раҳматуллаев Ўзбекистон Республикаси МЖтК 41-моддасида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбдор топилиб, энг кам иш ҳақининг 30 баравари (5 миллион сўм) миқдорида жаримага тортилди.

Аммо, шунга қарамай, Андижон шаҳар ҳокимининг ишчиларни мажбурий меҳнатга сафарбар қилиши ва мажлисларда ходимларни ёппасига ҳақорат қилиши барҳам топмаётганидан Озодликка шикоятлар келишда давом этди.

2018 йил 17 апрель куни мажбурий меҳнат масаласида ўтказган селектор йиғилишида, Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов, бир неча ҳокимга ҳайфсан эълон қилган, хусусан Андижон шаҳар ҳокими Раҳматуллаевни охирги марта огоҳлантираётганини айтган эди.

XS
SM
MD
LG