Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 15:40

Журналистни "ёш қизча" деган Ўзбекистоннинг бош солиқчиси Шерзод Қудбиев ким?


Ўзбекистон Давлат Солиқ қўмитаси раиси Шерзод Қудбиев матбуот анжуманида. 17 январь, Тошкент.
Ўзбекистон Давлат Солиқ қўмитаси раиси Шерзод Қудбиев матбуот анжуманида. 17 январь, Тошкент.

17 январь куни солиқ қонунчилигидаги ўзгаришлардан норози тадбиркорларни тинчлантириш мақсадида матбуот анжумани чақирган Ўзбекистоннинг бош солиқчиси Шерзод Қудбиев журналистлар билан боғлиқ янги можаро марказида қолди.

Унинг монополия ва солиқ имтиёзлари ҳақида савол берган Qalampir.uz нашри журналистига “сиз ҳали ёш қизчасиз” дея айтган сўзлари тармоқларда “агрессивлик” ҳамда “сексизм” кўриниши сифатида талқин қилинди.

Қудбиев “журналистнинг халқ номидан гапиришга ҳаққи йўқ”лиги ҳақида писанда қилиши ортидан маҳаллий ОАВ мансублари томонидан “жавобдан қочиш”да ҳам айбланди.

Давлат солиқ қўмитаси Озодликнинг Қудбиев шаънига маҳаллий матбуот ва тармоқларда янграган танқидларга муносабат сўраб қилган мурожаатини жавобсиз қолдирди.

Жанжалдан кейинги жанжал

17 январь куни журналистларни матбуот анжуманига чақирган Солиқ қўмитаси раиси уларга солиқ маъмурчилигидаги сўнгги ўзгаришларнинг моҳиятини тушунтириши кутилганди.

Янги йилнинг 1 январидан кучга кирган ўзгаришлар, хусусан, мулк солиқларининг оширилиши тадбиркорлар ва аҳолининг эътирозларига сабаб бўлган.

Қудбиев ўзгаришлардан мақсад кўпроқ солиқ ундириш эмас, балки тўғри солиқ тўлашни йўлга қўйиш эканини айтган.

Матбуот анжумани арафасида тармоқларда Солиқ қўмитаси раҳбари анжуманга мутахассис ва тадбиркорлар вакилларини эмас, фақат журналистларни чақиргани, шу йўсин қийин саволлардан осонгимаҳаллий на қутулиб қолмоқчи бўлаётгани ҳақида эътирозлар янгради.

Аммо матбуот анжуманини кузатган маҳаллий журналистлардан бирига кўра, Қудбиев “осон қутулди” деб айтиш қийин.

Ўзбекистонлик журналист Анора Содиқова Озодлик билан суҳбатда ўзбек амалдорларининг жавобдан қочиши ёки қўполлик қилишларига кўникиб қолганини айтади.

“Сал мунозарали савол берсангиз, ғаразликда айблашади. Қандай қилиб шахсий ғаразлик бўлиши мумкин журналистда? Деярли, ҳамма вазирликда шунақа. “Нариги дунёда жавоб бераcизлар”, “сизлар кимларгадир ишлайсизлар”, деган айбловларни ҳам эшитганмиз. Саволга соғлом жавобни кўрмаганман.Кенг қўлланиладиган жавоб “бизни вазифамизга кирмайди”.

Бу уларнинг журналистика нималигина билмаслигини ҳам кўрсатади”, - дейди Анора Содиқова.

Қудбиев ким?

Шерзод Қудбиев уч йил аввал ҳам Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири экан, Фарғонада “саҳналаштирилган сайёр қабул” можароси ортидан матбуот назарига тушган эди.

2019 йил июнида Қудбиевнинг Фарғона вилоятида ўтказган сайёр қабули саҳналаштирилгани, аслида вазир водийга қариндошлариникига тўй баҳона келгани иддао қилинганди.

Маҳаллий блогерлар вилоятда ишсизлик мавзусига бағишланган қабул ортидан асли иш жойи тайин бўлган аёлларнинг ҳам ишга жойлаштирилгани ҳисоботга киритилганини ёзишган.

Ўшанда Шерзод Кудбиевнинг Риштондаги чойхонада ўринбосари билан зиёфати акс этган видеоси ҳам тарқалган.

Можародан бир ой ўтиб, Қудбиев президентнинг давлат хизмати ва давлат ҳокимияти органлари билан ҳамкорлик қилиш масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимига кўтарилди.

Ўзбекистон ҳукумати собиқ мулозимининг Озодликка айтишича, Шерзод Қудбиевнинг Солиқ қўмитасига раҳбар этиб қўйилиши бошидан хато бўлган.

“Бу одам Тошкентдаги туманлардан бирига ҳоким бўлган, оилага яқин одам. Солиқни билмайди, чиройли фразаларни ёдлаб олиб, айтиб юради.

17 январь куни матбуот брифинги ўтказиб, очиқмиз, деган шоу қилмоқчи бўлди, эплолмади. Ҳозир журналистлар анча пишиқ экан, худога шукур. Қудбиев саволларни биронтасига жавоб бермади. Алдашга ўтди.

Бундан олдин даромад солиғидан озод этилган корхоналар рўйхати очиқ базаларда чиқиб кетган эди. Тошкент ҳокими, Темир йўлларга тегишли корхоналарга солиқ имтиёзлари берилгани ўша очиқ даннийлардан кўриниб қолди. Уларнинг шохи борми, журналистлар уни саволга тутди. Жавоб беролмай аравани олиб қочди. Шарманда бўлди”, - дейди собиқ мулозим.

Биринчи хонимга қариндош?

Маҳаллий журналист ва блогерлар орасида Шерзод Қудбиев Ўзбекистоннинг биринчи хоними Зироатхон Мирзиёевага қариндошлиги ҳақида гап-сўзлар юради.

Қудбиевнинг ўзи аввалроқ Alter Ego лойиҳасига берган интервьюсида биринчи оилага қариндошлигини рад этган эди.

"Бу мутлақо нотўғри. Мен ҳам ўқиганман, лекин нотўғри гаплар. Мен Фарғонаданман, лекин Фарғонанинг бошқа томонидан. Бу нотўғри хабар", - деган Қудбиев.

Озодлик суҳбатлашган Ўзбекистон ҳукуматининг собиқ юқори мартабали мулозимига кўра, Шерзод Қудбиевнинг “оила”га яқинлиги “бор гап”:

Келинойи” (Зироатхон Мирзиёева) га яқин бўлгани учун кўзга кўриниб, давлат маслаҳатчиси бўлиб кетди. Кадрлар бўйича давлат маслаҳатчиси дегани бу Ўзбекистонда иккинчи одам дегани. Кейин нимадир бўлдики уни Мусаевни ўрнига Солиқ қўмитасига бошлиқ қилиб қўйишди”.

Озодлик суҳбатлашган ҳукуматга яқин яна бир манбанинг айтишича, Қудбиевнинг биринчи хонимга яқин қариндошлиги ҳукумат доираларида “ҳамма биладиган факт”.

Айни пайтда фарғоналик ҳуқуқ фаоли Абдусалом Эргашев Қудбиевлар оиласини яқиндан билиши, унинг биринчи оилага қариндош экани ҳақидаги гаплар асоссиз эканини айтади.

“Мен бу оилани яхши биламан, Водилдан булар. Қудбиевнинг на Мирзиёевга, на унинг қайнота, қайноналарига алоқаси бор. Бухородан келиб, Тошкент шаҳар судида ишлаган Карим ака Толибов бўларди, бу ўшанинг қизини олган. Ўзи ҳам кейин Тошкентга кўчиб бориб Мирзо Улуғбек туманида ҳоким бўлди. Шундан кўтарилиб кетганди”, - дейди Абдусалом Эргашев.

41 ёшли Шерзод Қудбиев 2020 йил май ойида Ўзбекистон Давлат Солиқ қўмитаси раиси этиб тайинланган эди.

ДСҚ раҳбарлигига келишидан аввал у Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири бўлган, ундан олдин Тошкентнинг Мирзо Улуғбек тумани ҳокими сифатида ишлаган.

Ўзбекистон Давлат Солиқ қўмитаси расмий сайтида эълон қилинган Шерзод Қудбиевнинг таржимаи холига қаралса, қарийб йигирма йиллик фаолияти давомида унинг молия соҳасида атиги бир йил ишлагани кўринади.

Ўзбекистонлик молиячи Абдулла Абдуқодиров Ўзбекистонинг солиқ сиёсати ўзининг 20 йиллик меҳнат фаолияти давомида атиги бир йил бухгалтер бўлиб ишлаган одамга ишониб топширилганидан таассуф билдиради.

“Ўзбекистоннинг солиқ сиёсати 22 ёшида бир йилдан сал камроқ вақт Ўзбекистондаги йирик давлат корхонасида бухгалтер бўлиб ишлаган одамга ишониб топширилган. Унинг “ёрқин ғоялари” тадбиркорлар ва мутахассислар билан бемаслаҳат фуқаролари ҳаёти ҳақида етарли билимга эга бўлмаган депутатлар столига тушяпти ва биз учун бу қонун бўляпти”, - дея фикр билдирди Абдуқодиров.

Ўзбекистон мустақиллигининг дастлабки йилларидан Давлат солиқ қўмитасига куч ишлатар тизимлар вакиллари раҳбарлик қилиб келган.

Қудбиев Ўзбекистон Давлат Солиқ қўмитаси раислигини жорий соғлиқни сақлаш вазири Баҳзод Мусаевдан мерос қилиб олди.

Унгача Солиқ қўмитасини 14 йил давомида Ислом Каримов даврининг қудратли генераллардан Ботир Парпиев бошқарган эди.

XS
SM
MD
LG