Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 09:43

Халқаро хабарлар

АҚШ Суриядаги “Ислом давлати” объектларига зарбалар берди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Башар Асад режими қулагани ортидан 8 декабрь куни АҚШ ҳарбийлари Суриянинг марказий ҳудудидаги “Ислом давлати” объектларига 75 тадан зиёд ҳаво зарбаси берган.

АҚШ Марказий қўмондонлиги маълумотига кўра, мазкур ҳужумдан мақсад кўплаб мамлакатларда террор ташкилоти деб тан олинган гуруҳнинг айни дамда Суриядаги беқарор вазиятдан фойдаланиб қолишининг олдини олиш бўлган.

Суриядаги барча ташкилотлар билишлари керакки, агар улар “Ислом давлати” билан ҳамкорлик қилсалар ёки унга қандайдир қўллов кўрсатсалар, биз уларни жавобгарликка тортамиз”, дея билдирган АҚШ Марказий қўмондонлиги раҳбари генерал Майкл Эрик Курилла.

Ҳаво амалиётида B-52 стратегик бомбардимончи учоқлари, F-15 қирувчи учоқлари ва A-10 ҳужумчи учоқларидан фойдаланилган. Хабарномада “тинч аҳоли орасида қурбонлар бўлганига доир ҳеч қанақа аломат йўқ”лиги қўшимча қилинган.

Аввалроқ АҚШ президенти Жо Байден Башар Асад режимининг қулашини “адолат тантанаси деб атагани, айни пайтда Суриядаги ҳозирги вазият беқарор ва хатарли эканини эътироф этгани ҳақида хабар қилинган эди.

Байден мазкур баёнотида ИД Суриядаги ҳокимиятнинг ҳар қандай вакуумидан фойдаланиб қолишга уриниши ҳақида огоҳлантирган. АҚШ “бундай бўлишига йўл қўймаслиги”ни таъкидлаган Байден аввалроқ Қўшма Штатлар Сурия ҳудудидаги ИД объектларига ўндан зиёд “аниқ ҳаво зарбалари” берганини қўшимча қилган.

Трамп Украинада зудлик билан ўт очишни тўхтатишга чақирди

АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп Франция президенти Эммануэль Макрон ва Украина президенти Владимир Зеленский билан, Париж, 2024 йил 7 декабри
АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп Франция президенти Эммануэль Макрон ва Украина президенти Владимир Зеленский билан, Париж, 2024 йил 7 декабри

АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп Украинада зудлик билан ўт очишни тўхтатиш ва музокараларни бошлашга чақирди. Унга кўра, Украина президенти Владимир Зеленский Россия билан “битим” тузишни истайди. Трамп томонларнинг муҳтамал талафотлари юзасидан ҳам ўз баҳосини очиқлади.

Бу баёнотларни Трамп ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғида Асад режими қулашини шарҳлаш баробарида берган.

“Асад энди йўқ. У ўз мамлакатидан қочиб кетди. Унинг ҳимоячиси бўлган Владимир Путин бошчилигидаги Россия эндиликда уни ҳимоя қилишдан манфаатдор эмас. Аслида Россиянинг у ерда бўлишидан наф ҳам йўқ эди”, дейилган Трамп баёнотида.

Трамп қайдича, Москва Украинадаги уруш туфайли Сурияга нисбатан “бутун қизиқишини йўқотган”. Унга кўра, Украинада 600 мингга яқин россиялик аскар яраланган ёки ўлдирилган.

Трамп Украина президенти Владимир Зеленский “бу телбаликни бас қилиш” учун Россия билан “битим” тузишни истаётганини иддао қилган. АҚШнинг сайланган президенти Украина томони кўрган талафотни “400 минг аскар” ўлароқ баҳолаган.

Зудлик билан ўт очишни тўхтатиш ва музокараларни бошлаш зарур. Шунингсиз ҳам жуда кўп одамнинг умри зое кетди, жуда кўп оила бузилди. Агар шу тахлитда давом этса, бу янада каттароқ ва янада ёмонроқ фожиага айланиб кетиши кетиши мумкин. Мен Владимирни яхши танийман. Ҳозир у томонидан қадам қўйилиши керак. Хитой ёрдам бериши мумкин. Дунё шуни кутяпти!” деб ёзган Трамп.

Мазкур баёнотдан бир кун аввал Трамп Парижда Франция президенти Эммануэль Макрон ва Украина президенти Владимир Зеленский билан учрашганди. Улар орасидаги суҳбат 35 дақиқа давом этган. Суҳбат ортидан матбуот анжумани берилмаган. Президентлар қайта тикланган Париждаги Биби Марям ибодатхонасининг очилиш маросимига йўл олишган.

Жо Байден: Асаднинг қулаши - “адолат тантанаси”

АҚШ президенти Жо Байден
АҚШ президенти Жо Байден

АҚШ президенти Жо Байден Сурия президенти Башар Асад режимининг қулашини “адолат тантанаси” деб атаган. Айни пайтда у Суриядаги ҳозирги вазият беқарор ва хатарли эканини эътироф этиб, ўтиш даврида Сурияга ва минтақа мамлакатларига ёрдам беришни ваъда қилган.

Байден Суриядаги қуролли мухолифат отрядлари Дамашқни эгаллаб олгани, Сурияни 24 йил давомида бошқарган Башар Асад эса мамлакатни тарк этгани маълум бўлганидан кейин 8 декабрь оқшомида Оқ уйда чиқиш қилган.

АҚШ президенти унда Асаднинг қаерда эканига оид аниқ маълумот йўқлиги, бироқ Асаднинг Москвада экани ҳақида хабарлар келаётганини қайд этган. Суриянинг собиқ лидерига Россиядан бошпана берилгани хусусида аввалроқ ТАСС агентлиги Кремлдаги манбадан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилганди.

Ўз чиқишида Байден Асаднинг иттифоқчилари – Россия, Эрон ва Ливандаги “Ҳизбуллоҳ” радикал ҳаракати (АҚШда террор ташкилоти деб тан олинган) Сурияда фуқаролар уруши бошланганидан буён илк бор унга ёрдам беролмаганини таъкидлаган. Унинг иддаосича, бунга Қўшма Штатлар ва иттифоқчиларининг сиёсати Москва ва Теҳрон кучсизланишига олиб келгани ҳам сабаб бўлган.

Байден шу кунда Сурия халқи олдида “тарихий имконият” пайдо бўлаётганини қайд этган. Айни пайтда у ҳозирда ҳокимият тепасига келган қатор мухолифатчи кучлар ўтмишда террор фаолиятига ва инсон ҳуқуқлари бузилишига дахлдор бўлганини ҳам урғулаган. Хусусан, мухолифатнинг сўнгги ҳужумида асосий ролни ўйнаган “Ҳайъат Таҳрир уш-Шом” гуруҳи АҚШ расмийлари томонидан ҳалигача террор ташкилоти ўлароқ эътироф этилади. Байден Вашингтон мухолифат лидерларини қилаётган ишларига қараб баҳо бериши ҳамда АҚШ ўтиш даврида Сурияга ёрдам беришга тайёр эканини қайд этган.

Сурияда дунёнинг кўплаб мамлакатларида террор ташкилоти деб тан олинган “Ислом давлати” гуруҳига қарши курашни мақсад қилган АҚШ контингенти мавжуд. Америкалик ҳарбийлар жойлашган ҳудуд Сурия демократик кучлари деб аталган гуруҳи назорати остида бўлиб, мазкур гуруҳда асосий ролни курдлар ўйнайди. Дамашқни ишғол қилган кучлар мухолифатнинг бошқа қанотига мансуб бўлиб, уларнинг кўпи Сурия демократик кучларига душманона кайфиятда бўлган Туркия томонидан дастакланади. Исроил ҳам Асад режими қулашини олқишлаётган бўлса-да, Суриядаги вазият юзасидан хавотир изҳор қилмоқда. Байден Исроил АҚШни исроиллик ҳарбийлар Ғўлон тепалигидаги буфер ҳудудини эгаллаши ҳақида огоҳлантирганини билдирган.

Қўшма Штатлар 2011 йили Сурияда фуқаролар уруши бошланганидан кейин Башар Асаднинг ҳокимият тепасидан кетиши ва Сурияда кенг кўламли мулоқот асосида янги ҳокимият шакллантирилишини талаб қилган. АҚШ ва иттифоқчилари Асадни тинч норозилик чиқишларини бостирганлик ва инсон ҳуқуқларини бузганликда ҳамда кимёвий қурол қўллаганликда айблашган. Бироқ АҚШ Сурия мухолифатига Асадга қарши курашда қурол-аслаҳа билан дастак беришдан бош тортиб, Дамашққа қарши санкциялар жорий қилиш, кимёвий қурол қўлланилганига жавобан бир неча зарба бериш ҳамда “Ислом давлати”га қарши амалиётлар билан чекланган.

Россия агентликлари: Москва Башар Асадга бошпана берди

Башар Асад Владимир Путин билан (архив сурати)
Башар Асад Владимир Путин билан (архив сурати)

Россиянинг ТАСС ва “Интерфакс” агентликлари манбалари Суриянинг қулатилган президенти Башар Асад оиласи билан Москвага келгани, Россия расмийлари “инсонпарварлик нуқтаи назаридан келиб чиққан ҳолда” уларга бошпана берганини иддао қилишмоқда. Бунга оид бошқа тафсилотлар келтирилган эмас.

ТАСС хабарида Башар Асад “собиқ” президент деб аталган, ваҳоланки, ҳали у ваколатларини топширганини расман эълон қилгани йўқ.

Агентликлар манбаси Сурия мухолифати лидерлари Россияга тегишли ҳарбий базалар ва дипломатик муассасалари хавфсизлигини кафолатлашганини қўшимча қилган.

Аввалроқ Россия ТИВ Асад Сурия президенти лавозимидан кетиб, мамлакатни тарк этгани, мамлакатдан кетар экан, “ҳокимиятни тинч йўл билан топширишни буюрган”и ҳақида маълум қилган эди.

Саккизинчи декабрь тонгида исёнчилар Дамашққа киришиб, Сурия пойтахти озод этилганини эълон қилишган. Айни пайтда кун бўйи тахтдан қулатилган Башар Асад ва унинг яқинлари қаерда экани айтилган эмас. Улар мамлакатдан Ил-76 юк учоғида учиб кетишганига оид тахминлар айтилганди. Бу орада айрим нашрларда мазкур учоқ гўё қулаганига оид хабарлар ҳам пайдо бўлган.

Асаднинг айнан қай йўл билан Москвага келиб қолгани ҳозирча номаълум. У Асад оиласи Москвада экани эълон қилинишидан бир неча соат олдин Россиянинг Хмеймим ҳаво базасидан парвоз қилган Ил-76 учоғидан фойдаланган бўлиши мумкин.

Душанбе бошпана сўраган 60 чоғли афғонистонликни бадарға қилди

Балхий туманида афғонистонлик қочқинлар учун барпо этилган уйлар (архив сурати)
Балхий туманида афғонистонлик қочқинлар учун барпо этилган уйлар (архив сурати)

Жорий ҳафтада олтмишга яқин афғонистонлик бошпана сўровчи Тожикистондан чиқариб юборилди. Афғонистоннинг Ҳоруғдаги консуллиги вакили 5 декабрь куни бу маълумотни тасдиқлаб, бу одамларнинг ҳаммаси Шерхон-Бандар назорат-ўтказиш маскани орқали Афғонистонга қайтишганини қайд этган.

Исми ошкор этилишини истамаган консуллик ходимига кўра, “бадарға қилинган афғонистонликлар Ваҳдат шаҳри, Рудакий туманида ва Душанбеда яшаб ва ишлаб юрганлар”.

“Уларнинг ҳужжатлари жойида эди, шунинг учун уларнинг мамлакатдан чиқариб юборилиши сабабини билмайман. Афғонистонлик фуқароларнинг кўпчилиги Ваҳдат милицияси ходимлари томонидан қўлга олинган. Аввалига 16 киши, кейин эса яна 40 киши бадарға қилинган”, деган у.

Душанбе яқинида жойлашган Ваҳдат шаҳрида яшаб келган афғонистонлик қочқинлардан бири Рўё Ҳофизий унинг эри Нақибулло Ҳофизий 4 декабрь куни Тожикистондан чиқариб юборилганини маълум қилган. Унинг айтишича, уларга мамлакатдан чиқариб юбориш сабабини ҳеч ким айтган эмас. Бу оила Тожикистонда беш йилдан бери истиқомат қилиб келади.

Чоршанба куни эрим маҳаллий милиция бўлимида бўлган, сўнгра қўлга олинганларнинг ҳаммаси Душанбега олиб келинган. Кейинроқ эрим чегарадан туриб қўнғироқ қилди. Менинг беш фарзандим бор. Биз ертўлага ўхшаган жойда яшаймиз. Эрим оиламизнинг ягона боқувчиси эди ва энди мен нима қилишимни билмайман”, деган афғонистонлик аёл.

Тожикистон ИИВ матбуот котиби Нусратулло Маҳмадзода Озодликнинг тожик хизматига афғонистонлик фуқаролар мамлакатдан бадарға қилинганидан хабари йўқлигини айтган. Бироқ, унга кўра, “қонунчиликка мувофиқ, Тожикистонда бўлган хорижлик фуқаролар мамлакатда юриш қоидаларини бузган пайтда бадарға қилиниши мумкин”.

Кўп йиллар олдин Тожикистонга ўтиб келган афғонистонлик қочқинлар асосан Душанбе четларида истиқомат қилишади. Айрим маълумотларга кўра, улар сони 10 мингга яқин.

БМТ маълумотларига мувофиқ, 2022 йили Тожикистон расмийлари камида 85 нафар афғон қочқинини мамлакатдан чиқариб юборган. Расмий Душанбе бу жараён юзасидан бирор-бир изоҳ берган эмас.

Сўнгги икки йилда 6000 россиялик Қирғизистон фуқаролигини олди

Сўнгги икки йил ичида олти минг нафар россиялик Қирғизистондан фуқаролик олган. Бу ҳақда парламент қўмитаси мажлисида Рақамли ривожланиш вазирлиги қошидаги Аҳолини рўйхатга олиш департаменти раҳбари Арсен Минбаев маълум қилди, деб ёзди Озодликнинг қирғиз хизмати.

Минбаевга кўра, 2023 йили қирғиз паспортини олиш учун Россия фуқароларидан 10 мингга яқин, 2024 йил бошидан буён эса 7 мингта ариза тушган.

2022 йилда Қирғизистон президенти Садир Жапаров 6 минг 316 кишини фуқароликка қабул қилиш ва 646 кишини фуқароликдан чиқариш ҳақида 24 та фармон имзолаган. Бироқ ОАВда россиялик мулозимлар, тадбиркорлар ва бошқа таниқли шахслар Қирғизистон фуқаролигини олганига оид хабарлар чиққанидан кейин президент сайтида бунга оид фармонларни ёйинлаш тўхтаб қолган, аввалги фармонларга ишоратлар эса эндиликда ишламаяпти.

Қирғизистон фуқаролигини олган россияликлар орасида “Сколково” фонди вице-президенти Кирилл Каем, “Группа Оргсинтез” АЖ директори Ярослав Кузнецов, Россиянинг Тверь вилояти собиқ губернатори Дмитрий Зеленин, Bitzlato криптобиржаси ҳаммуассиси Антон Шкуренко, РФ ҳукуматининг юқори суд инстанцияларидаги вакили Михаил Баршчевскийнинг қизи Наталия Баршчевская ҳамда “Ароматний мир” эгаси бўлган тадбиркор Валерий Задориннинг ўғиллари Александр ва Михаилнинг отдошлари бор.

2024 йилнинг ноябрь ойи бошида Wildberries маркетплейси ҳаммуассиси, россиялик тадбиркор Владислав Бакальчук Қирғизистон фуқаролигини олганини маълум қилган.

Қирғизистонда молиявий консалтинг билан шуғулланувчи Михаил Жуховицкий 2024 йил январида “конвейер ишлаб ётгани” ҳақида ёзган эди.

Одам учиб келиб, 30 дақиқа ичида ҳужжат топширади. Кейинги келишида паспортини олади, ўша куннинг ўзида иккала паспорти ҳам қўлида бўлади <...>. Янги тренд: офис-офис бўлиб паспортга ҳужжат топширишяпти. Масалан, инвестиция компаниясидан тўрт ходим учиб келишди. Ҳаммаси икки соат ичида ҳужжат топширишиб, Бишкек бўйлаб сайрга чиқиб кетишди”, дея иддао қилганди у. Кейин у “Қирғизистон фуқаролигини олиш бўйича маслаҳатлашиш учун улкан даражадаги бизнес эгалари тобора кўпроқ мурожаат қила бошлагани”ни билдирган.

Путин газга фақатгина “Газпромбанк” орқали пул тўлаш мажбуриятини бекор қилди

Россия президенти Владимир Путин Россия гази харидорларига фақат “Газпромбанк” орқали пул тўлаш мажбуриятини бекор қилди. Бу Путиннинг 2022 йил 31 мартида чиқарган хорижий ширкатлар томонидан газга пул тўлаш махсус тартибига оид фармонининг янгиланган версиясида акс этган. Мазкур чора “Газпромбанк”дан санкциялар олиб ташлангунича амалда бўлади.

Янги фармонда ўзаро ҳисоб-китоб бўйича иккита йўл кўзда тутилган. Булардан бири Россия гази учун хорижий ширкатлар тарафидан тўлов қилиниши мақсадида “учинчи шахслар”дан рублда келиб тушаётган маблағларнинг “ваколатли банк томонидан қабул қилиниши” бўлса, иккинчиси газга пул тўлаш бўйича мажбурият таъминотчи ташаббусига кўра “хорижлик харидорга россиялик таъминотчи томонидан қарама-қарши талабларни ҳисобга олиш йўли билан тўлиқ ёки қисман тўхтатилиши мумкин”лигидир. Бу ҳақда “Коммерсантъ” нашри хабар қилган.

Жорий йилнинг 21 ноябрида АҚШ Молия вазирлиги “Газпромбанк”ка нисбатан санкция киритган, бу билан хорижлик харидорларга етказиб берилган Россия гази учун пул тўлаш қарийб имконсиз ҳолга келган.

Янги чеклов чораларига мувофиқ, банк иштирокидаги операциялар учун 20 декабргача рухсат берилган. “Газпромбанк” иштирокида операцияларни амалга ошириш бўйича АҚШ фақат “Сахалин-2” лойиҳаси учун 2025 йил 28 июнигача истисновий тартиб жорий қилган.

Санкциялар изоҳида Вашингтон вакиллари Россия “Газпромбанк”дан Украинага қарши урушни давом эттириш учун ҳарбий анжомлар сотиб олиш ва россиялик ҳарбийларга пул тўлашда фойдаланаётганини таъкидлаган.

Қирғизистонда хорижлик талабалар тунда сайр этмасликка чақирилди

Қирғизистонда таълим олаётган хорижлик талабалар (иллюстратив сурат)
Қирғизистонда таълим олаётган хорижлик талабалар (иллюстратив сурат)

Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги Жиноят қидирув бош бошқармаси тезкор ходимлари Бишкекдаги тиббиёт институтларида таҳсил олаётган хорижлик талабалар билан учрашув ўтказган.

Озодлик қирғиз хизматининг ИИВ маълумотига таянган ҳолда хабар қилишича, маъруза чоғида милиция ходимлари маҳаллий қонунчиликнинг ўзига хос хусусиятларини тушунтирганлар, мамлакатда юриш тартиб-қоидалари, ҳуқуқбузарлик учун жавобгарлик мавжудлиги ҳақида сўзлаганлар ҳамда учрашув иштирокчиларига жамоат жойларида юриш-туриш қоидаларига риоя қилишни тавсия қилганлар.

Қайд этилишича, хорижлик фуқароларга қарши содир этилаётган жиноятларнинг аксарияти тунда рўй беради.

“Кўплаб хорижликлар тунга яқин шаҳарда сайр қилиб юришни маъқул кўришади, шундан келиб чиққан ҳолда милиция ходимлари талабаларни тунда сайр қилмасликка чақиришди”, дейилган ИИВ хабарномасида.

Аввалроқ Қирғизистон президенти маъмурияти мамлакат ҳудудида хорижликларга ҳужум қилганлик ва уларнинг мол-мулкига зарар етказганлик учун жазо чораларини кучайтиришни кўзда тутувчи қонун лойиҳасини ишлаб чиққан эди.

Сўнгги йилларда Қирғизистонда Ҳиндистон, Покистон ва Бангладешдан келган меҳнат мигрантлари сони ошган. Уларнинг аксарияти хизмат кўрсатиш соҳаси ва тикув цехларида ишлайди.

Ҳукумат 2024 йили Қирғиизстонда ишлайдиган хорижлик учун 25 минг кишилик квотани тасдиқлаган. Вазирлар Маҳкамаси вакиллари бу квота ишчи кучи етишмагани туфайли тадбиркорлар илтимосига кўра кўпайтирилганини билдиришган.

Бундан ташқари, Қирғизистондаги олий таълим масканларида 70 мингдан зиёд хорижлик талаба таҳсил олиб келмоқда.

Вашингтон AIнинг Ғазодаги “геноцид” хулосасига қўшилмайди

АҚШ Давлат департаменти расмий вакили муовини Ведант Патель
АҚШ Давлат департаменти расмий вакили муовини Ведант Патель

Қўшма Штатлар Исроилни Ғазо секторида геноцидни амалга оширганликда айблаётган Amnesty International (AI) халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти ҳисоботи муаллифлари хулосасига қўшилмайди. АҚШ Давлат департаменти расмийси вакилининг ўринбосари Ведант Пател 5 декабрь куни ана шундай баёнот билан чиқди.

Мазкур баёнот Amnesty International томонидан Исроил Ғазода фаластинликларга нисбатан геноцидни амалга ошираётгани иддао қилинган ҳисобот ёйинлангани ортидан берилди.

Биз (Исроилни) геноцидда айблаб асосга эга эмаслигини аввал ҳам билдирганмиз ва буни таъкидлашда давом этамиз. Бироқ Amnesty International каби фуқаролик жамияти ташкилотлари ҳамда ҳуқуқбонлик гуруҳлари ва ноҳукумат ташкилотлари Ғазода содир бўлаётганлар ҳақида маълумот ва таҳлиллар тақдим этишда муҳим роль ўйнаётганини эътироф этиш зарур”, дея билдирган Пател.

Агар биз ҳақиқатан ҳам Ғазодаги гуманитар шароит яхшиланишини, қолган гаровдаги кишилар уйларига қайтишини ва бу можарони тўхтатишни истасак, бунинг учун энг яхши қадам ҳар икки томон тарафидан урушни тўхтатиш ҳақида келишувга эришиш бўлади. Биз диққатимиз айнан шунга қаратишда давом этмоқдамиз”, деган Пател.

Amnesty International томонидан куни кеча ёйинланган ҳисоботда Исроил Ғазодаги фаластинликлар ҳаётини дўзахга айлантиргани урғуланган.

AI бош котиби Аньес Калламарга кўра, ташкилот ҳисоботида Исроил Геноцид тўғрисидаги конвенция билан тақиқланган хатти-ҳаракатларни содир этгани, бу билан бевосита Ғазодаги фаластинликларни йўқ қилишни қасд этгани кўрсатилган.

“Бундай хатти-ҳаракатларга қотилликлар, оғир жисмоний ёки руҳий жароҳатлар етказиш ҳамда Ғазода фаластинликларни қасдан йўқ қилишга қаратилган турмуш шароити яратиш кабилар киради. Кўп ойлардан буён Исроил Ғазодаги фаластинликларни жисмонан йўқ қилиш ниятини очиқ-ошкор намойиш қилароқ уларга ҳеч қандай ҳақ-ҳуқуқ, инсоний қадр-қийматга эга бўлмаган чала инсонлар гуруҳидек муомала қиляпти”, дея билдирган AI бош котиби Аньес Калламар.

Исроил Ғазо секторидаги амалиётни 2023 йил 7 октябрида ҲАМАС гуруҳи (АҚШ ва ЕИда террор ташкилоти деб тан олинган) томонидан амалга оширилган трансчегаравий ҳужум ортидан бошлаган. Исроил маълумотларига кўра, 14 ой олдинги ҳужум чоғида ҲАМАС бошчилигидаги жангарилар Исроилда 1200 кишини ўлдирган ва 250 дан кўпроқ гаровга олинган шахсни Ғазога олиб кетган.

Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, Исроилнинг ҳарбий кампанияси натижасида 44 минг 400 дан зиёд фаластинлик қурбон бўлган ва яна кўплаб одам жароҳатланган.

Фаластин ва БМТ расмийлари таъкидича, кичик, аҳолиси зич жойлашган соҳилбўйи ҳудуди бўлмиш Ғазода хавфсиз жой қолган эмас. Ғазодаги 2,3 миллион аҳолининг аксарияти, баъзилари 10 мартагача сектор ичида кўчишга мажбур бўлган.

Грузия: Мухолифат партиялари офисларида тинтувлар ўтказилмоқда

Мухолифатчи Ника Гварамиянинг қўлга олиниши, 2024 йил 4 декабри
Мухолифатчи Ника Гварамиянинг қўлга олиниши, 2024 йил 4 декабри

Грузияда полиция вакиллари мухолифат партиялари офисларига тинтув ўтказиш учун келишган. Бу ҳақда Озодликнинг грузин хизмати ва “Эхо Кавказа” лойиҳаси хабар қилди.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари, жумладан, “Ахали”, “Дроа”, “Гирчи – Кўпроқ эркинлик” ҳамда “Бирдамлик – Миллий ҳаракат” мухолифат партиялари офисига келишган. “Ахали” партияси асосчиси ва “Ўзгаришлар учун коалиция” лидери Ника Гварамия ва фаол Гела Хасая қўлга олинган.

Mtavari телеканали хабарига кўра, мухолифатнинг бир неча лидери ушланган. Telegram-каналлари етти киши қўлга олингани ҳақида ёзмоқда. Тинтувлар безорилик ва гуруҳ бўлиб амалга оширилган зўравонликни уюштирганлик моддалари бўйича ўтказилмоқда.

Бу мухолифатни қўрқитиб қўйиш уринишидир”, дея иқтибос келтирган “Интерфакс” агентлиги “Ўзгаришлар учун коалиция” лидери Ника Мелия сўзларидан. Унинг фикрича, расмийларнинг бу каби хатти-ҳаракатлари Грузияда норозилик чиқишлари кўламининг кенгайишига олиб келади.

Грузияда норозилик акциялари 28 ноябрдан буён давом этмоқда. Бунга Грузия парламентининг Европа Иттифоқига кириш бўйича музокараларни 2028 йилгача тўхтатиб қўйиш ва Европа грантларидан воз кечиш қарори сабаб бўлган. Айни пайтда Грузия бош вазири Ираклий Кобахидзе расмийлар ўз мақсадларига содиқ қолаётганлари ва мамлакат 2030 йилга бориб ЕИга киришга тайёр бўлишини урғулаган.

Полиция норозилик намойишларини тарқатиш учун сувотар ва кўздан ёш сиздирувчи газни ишга солмоқда. Акцияларда умумий ҳисобда 300 га яқин киши қўлга олинган. Кобахидзе тартибсизликларни уюштиришда мухолифатни айблаган.

Биткоин нархи илк бор 100 минг доллардан ошди

Дональд Трамп Нэшвиллдаги криптоанжуманда, 2024 йил июли
Дональд Трамп Нэшвиллдаги криптоанжуманда, 2024 йил июли

Биткоин нархи тарихда илк бор 100 минг АҚШ долларидан ошиб кетди.

Binance биржаси маълумотига кўра, биткоин нархи 5 декабрь куни Тошкент вақти билан эрталабки соат 7:39 да 100 минг доллардан ошган ва ўсишда давом этган. Соат 8 га бориб нарх 104 минг долларга етган. Бу пайтга келиб 20 дан зиёд биржа маълумотларини ўрганиб борадиган CoinMarketCap сайти биткоин 101 минг долларгача қимматлагани ҳақида хабар қилган.

Биткоин курси Дональд Трамп АҚШ президенти этиб сайланганидан кейин ўса бошлаган. 5 ноябрь куни Трамп сайловда ғалаба қозонгани маълумот бўлган пайтда биткоин нархи 40 фоизга, йил бошидан бери эса икки бараварга ошган.

Трамп АҚШни “жаҳоннинг криптопойтахти”га айлантириш ҳамда биткоин захираси тўплашни ваъда қилган. Ваҳоланки, Трамп бор-йўғи уч йил аввал биткоинни товламачиларнинг найранги деб атаган эди. Бугунги кунда криптовалюта бозори ҳажми, мутахассислар ҳисоб-китобига кўра, уч триллион доллардан кўпроқни ташкил этади.

Биткоин янги рекордга Дональд Трамп Қимматбаҳо қоғозлар ва биржалар бўйича комиссия раҳбари лавозимига криптолоббист Пол Аткинсни тайинламоқчи эканини эълон қилганидан бир неча соат ўтиб эришган.

Комиссия жаҳон молия оламида криптовалюталарнинг энг нуфузли душманларидан бири бўлиб ҳисобланади. Регулятор етакчи криптовалюта ширкатларини судга бергани маълум.

Алишер Усмонов FIE президенти лавозимидан четланди

Алишер Усмонов (архив сурати)
Алишер Усмонов (архив сурати)

Асли ўзбекистонлик миллиардер Алишер Усмонов Халқаро қиличбозлик федерацияси президенти ваколатларини топширди. Бу ҳақда федерация Усмонов президентликка қайта сайланганидан бир неча кун ўтиб маълум қилди.

Тадбиркор Россиянинг Украинага босқини туфайли санкция рўйхатига киритилган. Федерация баёнотида Усмонов президентликдан кетиш қарорига FIEнинг самарали фаолиятини таъминлаш мақсадида келгани айтилган. Ташкилотнинг ижроия қўмитаси мазкур қарорни ратификация қилган, дея хабар қилди Sports нашри.

Усмонов Халқаро қиличбозлик федерацияга 2008 йилдан буён раҳбарлик қилиб келаётган эди. 2022 йилда у АҚШ, Европа Иттифоқи, Буюк Британия ва яна бир неча давлат санкция рўйхатига киритилганидан кейин ўз ваколатларини тўхтатиб қўйганди. Федерация раҳбари вазифасини Эммануэль Катсиадакис бажариб турган.

Ишдан четланганига қарамай, 30 ноябрь куни Тошкентда бўлиб ўтган конгрессда Алишер Усмонов ўз лавозимига қайта сайланган. Унинг номзоди 103 та миллий федерация томонидан кўрсатилган, овоз беришда эса уни 120 та миллий федерация қўллаган. Сайловда россиялик миллиардернинг ягона рақиби швециялик Отто Дракенберг бўлган, у 26 та овоз олган. Мазкур қарор Украина Қиличбозлик федерацияси (УҚФ) томонидан танқид қилинган.

“Федерация виждонга, инсонийликка юзланиш хорижлик спорт мулозимларига ҳеч қанақа таъсир кўрсатмаслигини аллақачоноқ тушунган”, дейилган УҚФ баёнотида.

Катсиадакис бошқаруви даврида Париждаги Олимпия ўйинларигача россиялик қиличбозларнинг ҳеч бири нейтрал мақомда мусобақаларга қўйилган эмас. Улар 2016 йилдаги ўйинда 3 та, 2021 йилдаги ўйинда эса 4 та олтин медални қўлга киритишган.

Тожикистонда парламент сайлови 2025 йил мартига белгиланди

Архив сурати
Архив сурати

Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон парламент сайлови санасини эълон қилди. У томонидан 4 декабрь куни имзоланган фармонга мувофиқ, парламент қуйи палатаси ва маҳаллий кенгашларга депутат сайлови 2025 йил 2 мартида бўлиб ўтади. Юқори палатага сайлов эса 2025 йил 28 мартига белгиланган.

Тожикистонда ҳар икки палата – Мажлиси намояндагон (қуйи палата) ва Мажлиси миллий (юқори палата) депутатлари беш йилга сайланади.

Тожикистонда еттита сиёсий партия рўйхатга олинган бўлиб, уларнинг аксарияти амалдаги ҳукуматга хайрихоҳдир. Улар ҳали сайловга тайёр эканларини билдиришмаган.

Аввалги йилларда бир неча бор парламент сайлови натижалари сохталаштирилгани ҳақида билдирилган.

Тожикистондаги сайловни кузатиш учун Душанбега одатда миссия йўллайдиган ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бюроси (ДИИҲБ) ўтган сайловларнинг биронтасини шаффоф ва халқаро стандартлар мувофиқ, дея баҳолаган эмас.

Жанубий Кореяда мухолифат парламентга президент импичментига оид қонун лойиҳасини киритади

"Президент истеъфога кетсин" ёзувини кўтариб олган норозилар, Сеул, 2024 йил 4 декабри
"Президент истеъфога кетсин" ёзувини кўтариб олган норозилар, Сеул, 2024 йил 4 декабри

Жанубий Кореядаги олтита мухолифат партияси мамлакат президенти Юн Сок Ёлга импичмент эълон қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини тайёрлашган. Бу ҳақда Yonhap агентлиги хабар қилди.

Ҳужжат 5 декабрь куни парламентга киритилиши ва кейинги икки кун ичида у бўйича овоз бериш ўтказилиши режаланган. Қонун лойиҳаси қабул қилиниши учун камида 200 нафар депутатнинг овози (жами депутатларнинг учдан икки қисми) керак бўлади. Парламентда еттита партия билан тамсил этилган мухолифатда фақат 192 та мандат бор.

Аввалроқ мухолифат партиялари Юн Сок Ёлни давлатга хиёнатда ҳам айблаш ниятида экани ҳақида хабар қилинганди. Улар фикрича, ҳарбий ҳолат жорий этилиши ва ўша пайтда ҳарбийларнинг парламентни эгаллаб олишга ҳаракат қилиши исёнга тенг ва президентнинг дахлсизлиги доирасидан ташқарига чиқади.

Президент Юн “КХДРнинг тарафдорларига қарши кураш учун” ҳарбий ҳолат жорий этилгани ҳақида 3 декабрь куни маҳаллий вақт билан соат 22:25 да эълон қилган эди. Олти соат давомида амалда бўлган фармон сиёсий партиялар фаолияти, норозилик чиқишлари, иш ташлашларга тақиқ қўйиб, унда цензурани ҳамда ўлим жазоси чиқариш ҳуқуқига эга бўлган ҳарбий-дала трибуналларини жорий қилиш кўзда тутилганди.

Бунинг ортидан парламент биноси олдига, мухолифат ҳисоб-китобига кўра, беш мингдан зиёд норози йиғилган. Штурм чоғида парламент биносига кириб олган депутатлар президент қарорининг бекор қилиниши учун овоз беришган. Шундан сўнг президент қонунга мувофиқ равишда фармонни бекор қилишга мажбур бўлган.

Душанбе шаҳри яқинида йирик дрон қулаб тушди

Шарора қишлоғида қулаб тушган дрон, 2024 йил 3 декабри
Шарора қишлоғида қулаб тушган дрон, 2024 йил 3 декабри

Тожикистоннинг Ҳисор тумани Шарора қишлоғида 3 декабрь куни йирик ҳажмли дрон ҳалокатга учради. Мазкур қишлоқ пойтахт Душанбедан 5 километр нарида жойлашган.

Озодликнинг тожик хизмати хабарига кўра, дрон қулаган жойга милиция ходимлари ва ҳарбийлар етиб боришган. Маҳаллий турғунлар таҳририятга ҳарбий дронга ўхшаган объект электр узатиш симларига ўралашиб қолиб, ерга қулаганини айтиб беришган. Ҳодиса чоғида қишлоқдаги уйларга шикаст етмаган ва ҳеч ким жабрланмаган.

Воқеа жойида олинган видеода дрон қисман ёниб кетганини кўриш мумкин.

Озодликнинг тожик хизмати мухбири воқеа содир бўлган жойга олиб борадиган йўл ёпиб қўйилгани, у ёққа ҳеч ким қўйилмаётганини қайд этган.

Тожикистон расмий идоралари ҳодиса юзасидан ҳали изоҳ берганларича йўқ.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG