Линклар

Шошилинч хабар
15 декабр 2024, Тошкент вақти: 22:05

Километрлик навбатлар ва умидсизлик. Совуқ тушиши билан Ўзбекистонда газ "заправка"лар яна ёпилди


Автомобил газ баллонини тўлдириб метан қуйдириш 15 доллар туради, бир бак бензин эса 40-50 доллар – шу боис Ўзбекистонда метан гази жуда оммалашган. Аммо машинаси суюлтирилган газда ишлайдиган ҳайдовчилар шу кунларда ёқилғи қидириб сарсон бўлишмоқда: кўп “заправка”лар фаолиятини вақтинча тўхтатган, айримлари газ йўқлиги учун ёпилиб кетган. Тошкентда ва йирик вилоятларда ҳар йили, совуқ кунлар бошланиши билан шундай манзара кузатилади.

Ўзбекистонда автогаз шохобчалари 9 декабрдан вақтинча фаолиятини тўхтатди. Энергетика вазирлиги буни “республика ҳудудига совуқ ҳаво кириб келиши натижасида энергия ресурсларига талаб сезиларли даражада ошгани” билан изоҳлади.

“Ҳаво ҳароратининг кескин пасайиши натижасида истеъмолчиларнинг табиий газга бўлган талаби кескин ошиб, республика газ транспорт тизими объектлари максимал қувватларда ишлашига, шу жумладан, газни ер ости сақлаш омборларидан режалаштирилган максимал кунлик газ олинишига ва тармоққа узатилишига қарамай, қувурларда газ босимининг пасайиши олиб келди”, дейилади вазирлик хабарномасида.

Кўмир ва мусаффо осмон: Ўзбекистонда совуқ кунлар бошланмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:11:48 0:00

Энергетика вазирлигининг 9 декабрдаги маълумотига кўра, аҳолининг суткалик табиий газ истеъмоли ўтган ҳафтадагига нисбатан 20 фоизга, электр энергияси истеъмоли эса 15 фоизга ошган.

Ўтган ҳафта Ўзбекистонда ҳарорат нулдан 6-8 даража пасайди. Автомобили газда юрадиган ҳайдовчилар шохобчаларда ёқилғи топа олмай, сарсон бўлишяпти. Ижтимоий тармоқларда машиналар турнақатор навбатга турган ва ёпиқ газ “заправка”лар видеолари кўпайди – ҳайдовчилар “келиб овора бўлманглар, ёқилғи йўқ” деган маънода бир-бирларини шу тарзда огоҳлантиришади.

Тошкентлик Аброр Chevrolet Сobalt ҳайдайди. У ёқилғидан пул тежаш мақсадида машинасини газга мослаб қайта жиҳозлатган.

“Метан бензиндан уч-тўрт карра арзон. Илгари 500-600 минг сўм (40-50 доллар)га бакни тўлдириб бензин қуйдирган бўлсам, ҳозир метанга атиги 180-200 минг сўм (14-15 доллар) сарфлайман. Тез-тез мой қуйдиришгаям ҳожат қолмади”, дейди у газга ўтгани сабабини тушунтирар экан.

Газ қуйиш шохобчаларида узун навбатда турган бошқа ҳайдовчилар ҳам унга ўхшаб, тежамкорлик учун шундай қилишган. Аммо энди кўпчилик бу аҳволдан қандай чиқиш йўлларини изламоқда.

“Электромобилларга ўтадиган вақт келди, чоғи. Бутун республикада метан ва пропан қуйиш шохобчаларидаги бир неча километрга чўзилган навбатларни кўриб шундай фикрга келдим”, деб ёзди “заправка”лардан олинган кадрларни улашган Patrul_uz телеграм-канали обуначиси.

Қиш мавсумида газ шохобчалари фаолиятининг чекланиши Ўзбекистон учун янгилик эмас. 2023 йил декабрда ҳам газ “заправка”лар ишида кенг кўламли узилишлар бўлган ва оқибатда уларнинг ярмидан кўпи ёпилиб кетганди. Вазият айниқса Тошкент шаҳрида, шунингдек аҳоли зич яшайдиган Самарқанд, Тошкент, Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятларида жиддий тус олди.

Электр қиммат, газ йўқ: XXI асрда иссиқ уй учун кураш
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:03 0:00

Жорий йилнинг февралида ҳам устма-уст қор ёғиб, газ босими пасайиб кетганида яна чекловлар жорий этилган ва ой охирига қадар узайтирилганди.

Экспортчидан импортчига

Ушбу муаммолар манзарасида Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов баёнот бераркан, мамлакат энергия ресурслари соф экспортчисидан соф импортчига айланганини урғулади.

“Дунё ўзгариб, жаҳон иқтисодиёти Осиё томон силжиши билан биз энергия ресурсларининг соф экспортчисидан соф импортчисига айланиб қолдик. Шу нуқтаи назардан узоқ муддатли истиқболда биз атом энергиясини энергобаланснинг зарур қисми сифатида кўриб чиқяпмиз”, деди энергетика вазири.

Мулозим ҳукумат энергия таъминоти барқарорлигига эришиш ва импортга тобеликни камайтириш имконини берувчи янги ечимлар устида фаол иш олиб бораётганини маълум қилди.

Тошкентлик иқтисодий таҳлилчи Отабек Бакиров ўз телеграм-каналида вазирнинг баёнотига изоҳ берар экан, мамлакат айнан шу вазирлик раҳбарларининг “мақсадли ҳаракатлари ва ҳаракатсизлиги” натижасида соф импортчига айланиб қолганини урғулади.

“Марсликлар келиб Ўзбекистонни Россияга қарам қилиб бергани йўқ. 8 йилдан бери Ўзбекистон энергетикасида қанақа қийшиқ ва зараркунанда қарорлар ва лойиҳалар юз берган бўлса, устида сизлар тургансизлар. Давлат шундай қарамлик юз бермаслиги учун қанча маблағ керак бўлса, бюджетдан, қарздан, одамлар чўнтагидан олиб берди ва бермоқда.

Лекин газ қазиб олишни оширишга ажратилган миллиардлаб долларларнинг натижаси қани? Триллионлаб субсидияларнинг натижаси қани? 4 млрд долларлик GTL заводи нега ишламаяпти? Энди 8 йиллик онгли равишда яратилган оқибатларни гўёки ёпиш учун бизга минтақа учун бомбага айланадиган АЭС таклиф этаяпсизми? Яъни шимоллик оғаларингиз фойдасига яратган қарамликни янада оширмоқчисиз, михлаб қўймоқчисиз? Шундайми?” дея савол қўяди таҳлилчи.

Газ қазиб олиш камаймоқда

Ўзбекистоннинг ўзи ҳам газ қазиб чиқаради – тасдиқланган табиий газ захиралари ҳажми 1,8 трлн кубометр, бу дунё бўйича 17-ўрин. Статистика агентлиги қайдларига кўра, октябр ойида 3,6 млрд кубометр газ қазиб олинган бўлиб, бу ўтган йилнинг октябридаги кўрсаткичдан 189,7 млн кубометрга кам. Сўнгги беш йилда газ қазиб олиш 12 млрд кубометрдан зиёдга қисқарган.

Бакировга кўра, 12 млрд кубометр газ Ўзбекистоннинг бутун аҳолисини бир йўл тўлиқ таъминлашга етган бўлур эди. “Мана буни ростанам шонли энергетикларнинг ҳеч ким унутмайдиган “тарихий иши” деса бўлади”, истеҳзо қилади у.

“Ўзбекистонда аҳолининг табиий ўсиши қарийб 1 миллион кишини ташкил қилди. Иқтисодиёт салкам 6 фоизга ўсди. Булар бари энергия ресурсларининг камида 10-15 фоизга ортишига олиб келмоқда. Сўнгги олти йилнинг ўзида электр энергияси истеъмоли 40 фоизга ошди”, деган эди Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов 2023 йил ноябрда бўлиб ўтган Петербург газ форумида.

Операция “G”: Путиннинг Ўзбекистондаги махфий омбори
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:21:21 0:00

.

Ўзбекистон газни Россия ва Туркманистондан импорт қилади. Декабрнинг бошларида Тошкент ва Ашхобод Ўзбекистонга газ етказиб беришни кўпайтириш ва қўшма газ лойиҳаларини амалга оширишга келишиб олди. Ўзбекистон президентининг матбуот хизмати ўз пресс-релизида газ импортини тилга олмаган бўлса-да, йил бошидан бери икки томонлама товар айирбошлаш 1 млрд долларга етганини ва бунинг салмоқли қисмини газ ташкил қилишини қайд этди.

2023 йил октябрдан бери Ўзбекистон Қозоғистон орқали Россиядан газ олмоқда. Хабар қилинишича, импорт ҳажмини ошириш мақсадида Ўзбекистон ҳукумати магистрал газ тизимини модернизация қилишга 500 млн доллар пул сарфламоқчи. Бундан ташқари, жорий йилнинг 27 ноябрида Россия президентининг матбуот хизмати Россия Қозоғистон ҳудуди орқали Ўзбекистонга газ етказиб беришни оширишни режалаётганини маълум қилди, айни чоғда бирон рақам келтиргани йўқ.

Ўтган йили мамлакат президенти фармони билан қабул қилинган “Ўзбекистон-2030” стратегиясига кўра газ қазиб олиш ҳажми йилига 62 млрд кубометрга етказилиши керак. Лойиҳа мамлакат энергетика хавфсизлигини таъминлаш, мавсумий юқори эҳтиёжни қоплаш учун қўшимча ҳажмлар топиш ва ушбу ёқилғини етказиб берувчи кафолатланган манбаларни диверсификация қилишда муҳим эканлиги таъкидланган.

Кремль чангалидаги ўзбек гази
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 1:19:16 0:00

Шу йилнинг ноябрь ойи охирида Энергетика вазири куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш доирасида базавий ва пессимистик сценарийлар ишлаб чиқилганини маълум қилган эди. Ҳарорат -20 даражагача пасайган критик вазиятларда йирик истеъмолчилар ва ёқилғи шохобчаларини газ билан таъминлаш чекланади, мазутдан фойдаланиш ортади, йирик корхоналарга энергия ресурслари етказиб бериш чекланади ва ҳкз. Бироқ бу сценарийлар ҳанузгача жамоатчиликка тақдим этилмади.

Форум

XS
SM
MD
LG