Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 10:51

"Ташқи кўринишни мувофиқлаштириш". Тошкент ИИББ соқолга қарши рейд ўтказганини рад этмоқда


2019 йил августида "Малика" (Техно-Олам) савдо мажмуасида соқоли мажбурлаб олдирилганини айтган тошкентлик тадбиркор Жамолиддин Муҳаммаджон
2019 йил августида "Малика" (Техно-Олам) савдо мажмуасида соқоли мажбурлаб олдирилганини айтган тошкентлик тадбиркор Жамолиддин Муҳаммаджон

Тошкент шаҳар Ички Ишлар Бош Бошқармаси пойтахтнинг халқ орасида "Малика" номи билан танилган Малика (Техно-Олам) савдо мажмуасида "соқол қўйган ва намоз ўқийдиган савдогарларга қарши рейд" ўтказилганини рад этмоқда.

Тошкент шаҳар Ички Ишлар Бош Бошқармаси матбуот хизмати бошлиғи Ирина Сайфутдинова Озодлик билан суҳбатда "ҳеч ким соқолини олишга мажбурланмаслигини" таъкидлади.

Айни пайтда у фуқароларга "ташқи кўринишларини биометрик паспортларидаги суратларига мувофиқлаштириш тавсия этилган бўлиши мумкин"лигини инкор қилмади.

9 февраль куни Озодлик билан суҳбатда "Малика" бозорида савдо қиладиган бир неча тадбиркор 5 февраль куни ўтказилган "тушунтириш" тадбири пайти улардан соқолларини олиш талаб қилинганини айтди.

Уларнинг иддаосича, эътироз билдирганлар соқоли мажбурлаб олиниши ҳақида огоҳлантирилган.

“Малика” бозорида электрон жиҳозлар билан савдо қилувчи тадбиркор Озодликка 5 февраль куни бозор маъмуриятига чақиртирилиб, соқолини олишга мажбурлангани ҳақида айтиб берди:

"Масканг йўқ, деб ўша куни ҳамма соқоллиларни бозор маъмурияти биносига олиб кириб, суҳбат ўтказди. У ерда ДХХ, туман ИИБсидан одамлар ўтирибди. "Соқолни оласан, бўлмаса ўзимиз олиб қўямиз", дейишди. Мажбур бўлдик уларни талабига кўнишга", - деди исми очиқланмаслигини сўраган тошкентлик савдогар.

"Малика" бозорида ички ишлар ва хавфсизлик ходимлари иштирокида махсус тадбир ўтказилганини Озодликка бозорда савдо қилувчи яна икки тадбиркор тасдиқлади.

"Қонунда "соқол ўстириш мумкин эмас", деган жойини кўрсат, соқолни оламан, дедим. Кўрсата олмади. Йўқ, оласан, ё тартибга сол, дейишди. Уруш-жанжал қилганлар ҳам бўлди. Кечадан ҳамма соқолини қисқа қилиб олиб келди ", - дейди тадбиркор.

Бу "Малика" савдо мажмуасида "соқол" га қарши биринчи рейд эмас.

2019 йилнинг августида жума намозидан сўнг ички ишлар ходимлари савдо масканидан ўнлаб соқолли эркакларни тутиб олиб кетиб, соқолини олишга мажбурлагани норозиликларга сабаб бўлган ва инсон ҳуқуқлари ташкилотлари томонидан танқид қилинган эди.

Тошкент ИИББсининг изоҳи

Озодлик "Малика" савдо мажмуасида савдогарлар соқолини олишга мажбурлангани ҳақидаги иддаолар юзасидан Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасига изоҳ сўраб мурожаат қилди.

Матбуот хизмати бошлиғи Ирина Сайфутдинова Озодлик билан суҳбатда иддаоларни қатъиян рад этди.

"Аввалроқ баъзи одамлар ўғрилик бўйича қўзғатилган жиноят иши доирасида тезкор тадбирлар ўтказилган.Ушбу савдо масканида расман ва норасмий ишлайдиган алоҳида шахслар қонунбузарликларга аралашиб қолган. Лекин кимнидир соқолини мажбурлаб олиш, умуман бўлмаган гап", -деди Сайфутдинова.

Айни пайтда Тошкент Ички ишлар бош бошқармаси матбуот котиби "фуқароларга ташқи кўринишларини биометрик паспортларидаги суратларига мувофиқлаштириш тавсия этилган бўлиши мумкин"лигини истисно қилмади.

"Яна бир бора айтаман, кимнидир соқолини олишга мажбурлаш умуман бўлмаган гап. Лекин ташқи қиёфасини биометрик паспортига мувофиқлаштириш сўралган бўлиши мумкин", - деди Сайфутдинова.

Пойтахт ички ишлар бош бошқармаси вакили "фуқароларнинг ташқи кўриниши паспортларидаги суратларига мувофиқ бўлиши лозимлиги" ҳақида гапираркан, амалдаги биронта қонун ҳужжатидан иқтибос келтирмади. Унинг сўзларига кўра, бу каби "мувофиқлик" бозор ва умуман, шаҳар ҳудудида ўрнатилган кузатув камераларининг юзни таниб олиш функцияси фаолияти учун муҳим.

Аммо Тошкентдаги "Simay Kом" адвокатлик ширкати адвокати Умид Давлатовнинг Озодликка айтишича, Ички ишлар идораларининг соқоллилар билан "тушунтириш" тадбирини фуқароларнинг биометрик паспортларидаги маълумотларга солиштириш билан изоҳлаш "кулгили".

"Биометрик маълумотларга асосан, бармоқ изи, кўз қорачиғи сингари маълумотлар киради. ИИББ балки соқоллиларни диний йўналишда гумон қилаётгандир", дейди адвокат Умид Давлатов Озодликка берган изоҳида.

Аммо Тошкент ИИББ матбуот хизмати бошлиғи Ирина Сайфутдинова "Малика" бозорида соқоллилар кўплиги боис диний экстремизм эҳтимолига қарши ички ишлар ва хавфсизлик хизматларининг махсус эътиборида экани ҳақидаги фаразларни рад этди.

"Бу бозорда асосан, электрон маҳсулотлар сотилади ва харидорлар катта пул билан келиши сабаб ўғриликлар кўп бўлади, улар хавфсизлигини ўйлаб рейдлар ўтказилади. Лекин бу ерни исломий ёки диний ақидапарастлар макон қилиб олган, деган нарса йўқ", - деди Сайфутдинова.

Диний рамзлар

Ўзбекистондаги "Эзгулик" инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Абдураҳмон Ташанов соқол диний радикализм белгиси сифатида кўрилиши боис бундай одамлар тўпланадиган жой доим хавфсизлик хизматлари диққат марказида бўлиб келишини айтади.

"Мени ўзим ҳам "Малика" бозорига тез-тез бориб тураман. Ҳақиқатан соқол қўйганлар кўп. Биринчидан, соқол қўйиш уларнинг шахсий иши ва бунинг учун таъқиб қилиш ёки олишга мажбурлаш нотўғри. Лекин бизда соқол радикал ислом белгиси сифатида кўрилади ва муҳофазакорлик билан қаралади", - дейди Ташанов.

Икки йил аввал инвестиция ётқизмоқчи бўлиб келган тадбиркор соқоли борлиги учун Фарғона шаҳар ҳокимлигига киритилмаган эди.

2017 йилда Қўқон шаҳри бозорида ҳижоблилар ва оқ дўппи кийганларнинг кириши тақиқлаб қўйилгани ҳақда Озодлик хабар берган эди.

Ундан олдин Бухорода стадионга футбол ўйинини томоша қилгани борган футбол ишқибозларининг соқол қўйганлари стадионга киритилмаган эди.

Стадион олдида турган посбонлар уларга соқолларини олдириб келишни айтиб, ортга қайтаргани ҳақида Озодлик хабар берган эди.

Ўзбекистон расмийлари ва ҳуқуқ-тартибот идораларининг диний рамз деб кўриладиган соқол ва ҳижобга қарши кампаниялари халқаро жамоатчилик, жумладан, АҚШ Давлат департаменти томонидан танқид қилиб келинган.

Ўтган йил июнидаги ҳисоботида Қўшма Штатлар Давлат департаменти мамлакатда ҳамон диний эркинликни чеклаш амалиёти кузатилаётгани, жумладан, эркакларнинг соқолини мажбуран қирдириш, аёлларнинг ҳижобини ечтириш кампанияси, рўмолли ўқувчилар ҳамда ҳижобли талабаларни таълим даргоҳларига киритмаслик ҳоллари кузатилганини қайд этганди.

Аммо 2020 йил 7 декабрь куни АҚШ Ўзбекистонни "сезиларли ва аниқ ютуқлар ортидан" диний эркинликлар бўйича махсус кузатувдаги давлатлар рўйхатидан чиқарган.

Айни пайтда Ўзбекистон АҚШнинг Халқаро диний эркинликлар бўйича комиссияси рўйхатида қолмоқда. Бу комиссиянинг ҳисоботи АҚШ Давлат департаменти ҳисоботидан мустақил равишда эълон қилиб борилади.

XS
SM
MD
LG