Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 10:30

Ислом академияси қизлари ҳижобга тақиқ боис парик кия бошлади


Ислом академияси қизлари ҳижобга тақиқ боис парик кия бошлади
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:32 0:00

Академия раҳбарияти нафақат ҳижоб, балки жинси шимда ёки калта юбкада ўқишга келган қизлар ҳам дарсга қўйилмаслигини маълум қилди.​

Тошкентдаги Халқаро Ислом академиясида ҳижоби ечтирилган талаба қизлар ўқишга парик кийиб келишга мажбур бўлмоқда. Озодлик мобил мухбири академия қаршисида олган видеотасвирларда, айрим талаба қизларнинг билим юртига яқинлашгач, рўмолини ечиб, бошига парик ва бўйнига шарф боғлаб ўқишга кириб кетаётганини кўриш мумкин. Ўтган ҳафта академиянинг 4 талабаси ўқишга ҳижобда келгани учун ўқишдан ҳайдалгани ҳақида BBC Ўзбек хизмати хабар қилган эди. Академия раҳбарияти нафақат ҳижоб, балки жинси шимда ёки калта юбкада ўқишга келган қизлар ҳам дарсга қўйилмаслигини маълум қилди.​

Тошкентдаги Халқаро Ислом академиясида ўқиётган талаба қизлардан бири Озодлик билан суҳбатда ҳижобга тақиқ боис ўқишга рўмолини ечиб, парик кийиб боришга мажбур бўлаётганини айтди.

- Чунки ҳижоб ва рўмолда ўқишга қўймаяпти. Тасдиқланган кийиниш қоидасига зид экан бу. Шунинг учун, юзимизни қисман бўлса ҳам тўсиш учун парик, бўйнимизга эса шарф ўраб келишга мажбур бўляпмиз, - дейди Ислом академиясининг исмини айтмаган талабаси.

Айрим бошқа талабалар эса ўқишга рўмол ўрнига дўппи кийиб бормоқда.

Ўтган ҳафта BBC Ўзбек хизмати академиянинг камида тўрт талабаси ҳижобни ечишдан бош тортгани учун ўқишдан ҳайдалгани, элликдан зиёд талаба эса ҳижобсиз ўқишга боришни хоҳламаётгани боис, академиядан ҳайдалиш танлови қаршисида қолгани ҳақда хабар берган эди.

Озодлик суҳбатлашган академия талабаси бу хабарни тасдиқлади.

- Чунки бизда кўпчилик исломий тарбия олган қизлар, улар очиқ холда ўқишга боришни хоҳлашмаяпти, дарс қолдирса ўқишдан ҳайдалади, - дейди талаба.

Халқаро Ислом академиясидаги кийиниш қоидалари.
Халқаро Ислом академиясидаги кийиниш қоидалари.

Рўмол ҳам калта юбка ҳам мумкин эмас!

Тошкентдаги Халқаро Ислом академияси ректори ёрдамчиларидан бири Озодлик билан суҳбатда талабалар ўқишга ҳижобда ёки рўмолда қўйилмаслигини тасдиқлади.

Исмини айтишни истамаган ректор ёрдамчисига кўра, калта юбка кийган ёки шортик кийган абитуриентларга ҳам очиқ кийинмаслик талаби қўйилган.

- Олий таълим вазирлиги тасдиқлаган умумий форма бор, ҳамма талаба, жумладан бизни талабалар ҳам шу формада ўқишга келиши шарт ва шу формада келишяпти, - деди ректор ёрдамчиси.

Лекин, ректор ёрдамчиси ҳижобда келгани талаба ўқишдан ҳайдалгани холати бўлмаганини айтди.

- Нотўғри хабар беришибди, ҳаммаси ўқияпти ҳозир, ҳеч ким ўқишдан ҳайдалгани йўқ, - деди Халқаро Ислом академияси ректорининг ёрдамчиси.

Озодлик мухбирининг айрим талаба қизларга истисно тариқасида ўқишга рўмолда келишига руҳсат бериладими?, деган саволига ректор ёрдамчиси: “Бу саволингизга жавоб беролмайман”, - деди.

Тошкентдаги Халқаро Ислом академияси 2018 йилнинг апрел ойида президент Шавкат Мирзиёевнинг фармони билан ташкил қилинган.

Собиқ Ислом университети негизида ташкил қилинган билим юртига Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита муассислик қилади.

Академияда Қуръони карим, ҳадислар, тасаввуф каби Ислом имлари билан бир қаторда молия, халқаро муносабатлар каби фанлар, шунингдек араб, форс, инглиз, рус, урду, турк тиллари ўқитилади.

Ўзбекистон Конституциясининг 31-моддасида “Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади.

Ҳар бир инсон хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга” дея белгиланган.

Ўзбекистон маъмурий жавобгарлик кодексининг 184-моддаси 1-бандига кўра, диний ташкилотлар хизматчиларидан ташқари фуқароларининг жамоат жойларида ибодат либосларида юришлари жарима ёки 15 суткагача маъмурий қамоқ билан жазоланиши мумкин.

“Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонуннинг 14-моддасида ҳам “фуқароларнинг жамоат жойларида диний либосда юришларига йўл қўйилмаслиги” айтилган.

Билим даргоҳлари эса жамоатчилик жойи ҳисобланади.

Ўзбекистонда сўнгги кунларда рўмол ёки ҳижобга тақиқлар ижтимоий тармоқда қизғин мунозара мавзусига айланди.

Самарқанднинг Нуробод туманида милиция зобити дўкон сотувчисини рўмол ўрагани учун идорага олиб бормоқчи бўлгани ҳақида Озодлик 14 сентябр куни хабар қилди.

Ҳижоб ва соқолга тақиқларга жума намозида эътироз билдирган Тошкентдаги Омина масжидининг имоми Фазлиддин Парпиев эса ўтган ҳафта ишдан олинди.

Ўзбекистон олийгоҳларида талабаларнинг кийиниши борасида қатъий талаблар борлиги ҳақида Озодликнинг аввалги мақолаларида ҳам айтилган.

Жумладан, Тошкентдаги олийгоҳлар жинси шимда ёки калта юбкада ўқишга келган қизлар ҳам дарсга қўйилмаган.

XS
SM
MD
LG