Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 10:51

ST-Ta'sir: Фуқарони "соқолтой" деб чақирган ИИВ ходими лавозимидан бўшатилди (ВИДЕО)


Қашқадарё вилояти Ички ишлар бошқармаси (ИИБ) бозорда фуқарони "соқолтой" деб чақирган сержант лавозимидан бўшатилганини маълум қилди.

Қарши шаҳридаги “Оқтепа файз барака” савдо мажмуасида содир бўлган ҳодиса акс этган видео ҳақида Озодлик хабар қилганди.

Видеода бозор ҳудудаги ИИВ ходими ва бу ходим қонунбузарликда гумон қилган ёшгина йигит ўртасида тортишув акс этган.

ИИВ ходими йигитни бот-бот "соқолтой" деб чақиради ва бунга исмини билмагани сабаб эканини айтади. Сўнгра йигитни ўзи билан бирга ИИВ таянч пунктига боришга зўрлайди.

Ёш йигит эса қонун бузмаганини айтиб, уни "соқолтой" деб чақиргани учун ИИВ ходимига эътироз билдиради.

Видео охирига бориб, тортишув ўта таранглашади. Кадр ортидан турткилаш овози, йигитнинг эса оғриқдан инқиллагани эшитилади.

Қуйида Озодликнинг facebook саҳифасида чоп этилган видеони кўришингиз мумкин:

Қашқадарё вилояти ИИБнинг маълум қилишича, ҳодиса жорий йилнинг 31 октябрь куни рўй берган. Унинг қаҳрамони, вилоят ИИБ Пост-патруль ва жамоат тартибини сақлаш бўлинмаси ходими сержант Х.Нормуродовдир.

Сержант Қарши шаҳридаги “Оқтепа файз барака” савдо мажмуасида (халқ орасида Орзу бозори деб номланади) ноқонуний валюта савдоси билан шуғулланганликда гумон қилиб, Касби туманида яшовчи 1993 йилда туғилган Ф. Ахадовни оғзаки огоҳлантирган, бозорни тарк этишини талаб қилган.

"Ўз навбатида Ф.Ахадов ходимнинг сўзларига беписандлик қилганлиги оқибатида улар ўртасида тортишув юзага келган. Шундан сўнг Х.Нормуродов фуқарони шахсини аниқлаш мақсадида, уни, бозор ҳудудидаги таянч пунктига олиб бориш учун патруль автомашинасига миндирмоқчи бўлганида, Ф. Ахадов қаршилик кўрсатган. Айнан мана шу ҳолат видеотасвирда акс эттирилган", дейилади расмий хабарда.

Айтилишича, сержант Ф. Ахадовни ички ишлар таянч пунктига олиб борган, вазиятни фуқарога тушунтирган, фуқаро эса узр сўраб, бошқа бундай ҳолат қайтарилмаслигини таъкидлаган.

"Текширув жараёнида Х.Нормуродов фуқаро Ф.Ахадовни исмини билмаганлиги сабабли, унинг соқол қўйиб олганлиги учун унга нисбатан “соқолтой” деб мурожаат қилганлиги, диний эътиқоди бўйича таҳқирлаш мазмунида бирор бир гап айтмаганлиги, фуқаро Ф.Аҳадов ҳам буни тасдиқлаётганлиги аниқланган. Хулосага кўра Х.Нормуродов фуқаролар билан мулоқот жараёнида касб маданиятини тамойилларини бузганлиги, ўзининг хатти-ҳаракатлари туфайли кенг жамоатчиликда ички ишлар органларининг фаолиятига нисбатан салбий фикр шаклланишига сабаб бўлганлигини инобатга олиб, интизомий жазо сифатида лавозимидан четлатилиб қуйи тизимга туширилган", дейилади расмий хабарда.

Сўнгги пайтларда Озодликдаги Sizdan Telegram рукнида ИИВ ходимлари ноқонуний хатти-ҳаракатларидан келаётган талай хабарлар чоп этилди. хабарлардан аксарига эса ИИВ ва бошқа ҳокимият идораларидан муносабатлар келишда давом этмоқда.

Бошқа тафсилотларни Sizdan Telegram саҳифасида ўқишингиз мумкин.

XS
SM
MD
LG