Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 19:02

Бобомурод Абдуллаев иши бўйича “эрк”чи фаол ҳам айбланмоқда


"Эрк" партияси фаоли Ислом Холбой
"Эрк" партияси фаоли Ислом Холбой

27 сентябрдан буён МХХ ҳибсида қолаётган мустақил журналист Бобомурод Абдуллаевнинг иши бўйича мухолифатдаги “Эрк” партияси фаоли Ислом Холбой ҳам айбланмоқда. Абдуллаевнинг иши бўйича ҳозирда уч киши ҳибсда. Журналистнинг уч адвокатидан бирортаси ҳам ҳанузгача мижози билан учраша олмади.

Бобомурод Абдуллаевнинг иши бўйича “Эрк” партиясининг ҳозирда Туркияда яшаётган, асли бухоролик фаоли Ислом Холбой ҳам айбланаётганини Ўзбекистон Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов Озодликка маълум қилди:

- Ҳозир Туркияда яшаётган, мухолифатдаги “Эрк” партиясининг аъзоси экан бу одам. Бу одамнинг оиласи Бухорода яшар экан. Миллий хавфсизликдан Ислом Холбойнинг Бухородаги оиласига келишган. Ислом Холбойнинг қайси модда билан айбланаётгани бизга ҳозирча маълум эмас. Менимча, у ҳам 159-модда бўйича бўлса керак. Биз бу иш бўйича айбланаётганлар кўпаётганидан хавотир қилаяпмиз. Бу ерда асосий нишон - Муҳаммад Солиҳ. Шу ишлар орқали Муҳаммад Солиҳни асосий айбдор қилиб қўйишмоқчи,- дейди Суръат Икромов.

Икромов билан суҳбатни қуйида тўлиқ тинглашингиз мумкин:

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:07:16 0:00
Бевосита линк

Озодлик Туркияда яшаётган мухолифатчи Ислом Холбой билан боғланганида, у Бухородаги уйига МХХ ходимлари боргани ва унга нисбатан қидирув эълон қилинганини айтди:

- Тошкентдан бир-иккита оғайнилар телефон қилди. “Сени қидирувга беришибди. Суратларингни осиб қўйишибди”, дейишди. Кейин Бухородаги қишлоқдаги уйимизга МХХдан келиб, онамга “Ўғлингизга нисбатан 159-модда бўйича иш очдик” деганми, "очамиз" деганми, онам яхши тушунмаган. Бу нарса Бобомурод Абдуллаев билан боғлиқ бўлиши мумкин. Мен “Усмон Ҳақназаров ким?” деб битта мақола эълон қилган эдим. Бобомурод билан мен таниш эдим. Кейинги 3-4 йилда таниш эдик. Балки ўша мақолани асос қилишмоқчидир. Лекин у ерда бирор нарса йўқ. Мен аслида Бобомурод Абдулаевнинг қилган жинояти йўқ деб ҳисоблайман. Ўзбекистон қонунларига дахл қиладиган, қарши борадиган бирор нарсаси йўқ. У ўз ҳақ-ҳуқуқидан фойдаланиб ёзган. Фақат ўша ерда муҳит ёмон бўлгани учун тахаллус остида ёзган, - дейди Ислом Холбой.

Мухолифатчи Ислом Холбой журналист Бобомурод Абдуллаев иши "Ўзбекистон Халқ ҳаракати" раҳбари Муҳаммад Солиҳни қоралаш мақсадида уюштирилганини айтади. Бу ҳақда қуйидаги суҳбатда тўлиқ тинглашингиз мумкин.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:05:07 0:00
Бевосита линк

Озодликка маълум бўлишича, Бобомурод Абдуллаев иши бўйича шу пайтгача тўрт киши ҳибсга олинган.

1 октябрь кунги суд ажримида¸ Бобомурод Абдуллаевнинг Усмон Ҳақназаров тахаллуси билан ëзган мақолалари учун маълумотларни “қўриқланадиган давлат амалдорлари”га яқин бўлган Равшанбек Сoлаев ва Шавкатжон Оллоëровлардан олгани айтилган.

Инсон ҳуқуқлари фаоли Суръат Икромовга кўра¸ бу икки фуқаро 28 сентябрь куни МХХ тезкор гуруҳи тарафидан қўлга олинган.

Шунингдек, Ўзбекистон Фанлар академиясининг Қўлëзмалар институти тадқиқодчиси 27 яшар Акром Маликов ҳам ушланган.

2017 йилнинг 27 сентябрида Тошкентда қўлга олинган 44 ёшли мустақил журналист Бобомурод Абдуллаев Ўзбекистон Жиноят кодекси 159- моддасининг 4 қисмида кўзда тутилган жиноятларни содир этганликда (Ҳокимиятни босиб олиш ёки Ўзбекистон Республикаси конституциявий тузумини ағдариб ташлаш мақсадида фитна уюштириш) айбланмоқда.

Нусхасини Ўзбекистон Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов Озодликка тақдим этган 1 октябрь кунги суд қарорида ëзилишича, "Абдуллаев “Ўзбекистон Халқ ҳаракати” функционери сифатида шу ҳаракат раҳбари Муҳаммад Солиҳнинг кўрсатмаси билан 2011 йилдан буён Усмон Ҳақназаров тахаллуси билан Интернетда мавжуд конституциявий тузумни ағдаришга қаратилган материалларни тарқатиш билан шуғулланиб келган".

3 октябрь куни Туркиянинг Истанбул шаҳрида ўтказилган матбуот анжуманида "Ўзбекистон Халқ ҳаракати" раҳбари Муҳаммад Солиҳ Бобомурод Абдуллаев Усмон Ҳақназаров тахаллуси остида мақолалар эълон қилиб келган журналист эканини маълум қилган эди.

XS
SM
MD
LG