Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 13:35

Муҳаммад Солиҳ журналист Бобомурод Абдуллаев "Усмон Ҳақназаров" эканини очиқлади (ВИДЕО)


Ўтган ҳафта Тошкентда хуфёна тарзда ҳибсга олинган 44 ёшли мустақил журналист Бобомурод Абдуллаев Ўзбекистон жиноят кодексининг 159-моддаси, яъни мамлакат конституциявий тузумига тажовуз қилишда айбланмоқда. 3 октябр куни Туркиянинг Истанбул шаҳрида ўтказилган матбуот анжуманида Ўзбекистон Халқ ҳаракати раҳбари Муҳаммад Солиҳ Бобомурод Абдуллаев Усмон Ҳақназаров таҳаллуси остида мақолалар эълон қилиб келган журналист экани ва айнан шунинг учун у қамоққа олинганини айтди.

2017 йилнинг 27 сентябрида Тошкентда қўлга олинган 44 ёшли мустақил журналист Бобомурод Абдуллаев Ўзбекистон жиноят кодексининг 159-моддаси бўйича (Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш) айбланмоқда.

Тошкентдаги Инсон ҳуқуқлари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромовнинг Озодликка маълум қилишича, 1 октябрь, якшанба куни Абдуллаев устидан ёпиқ маҳкама бўлиб ўтган. Маҳкамада журналистга айблов эълон қилинган ва уни ҳибсга олиш тўғрисида қарор қабул қилинган.

Бобомурод Абдуллаев Миллий Хавфсизлик ХизматинингТошкентдаги "Гвардейский" ертўласида ҳибсда ушлаб турилибди.

Дастлаб Абдуллаев Юнусобод туманида юз берган ўғирлик жиноятида гумон қилинувчи сифатида кўрилаётгани айтилганди.

Суръат Икромовнинг Озодликка айтишича, журналист Ўзбекистон Жиноят кодексининг 159-модда бўйича айбланаётганини аниқлаганлар.

- Ҳокимиятни босиб олиш ва Ўзбекистон Конституция тузумини ағдариш учун фитна уюштиришда абланмоқда ва бунинг учун 10 йилдан 20 йилгача қамоқ жазоси кўзда тутилган. Лекин, Бобомуродга нима учун бундай айблов қўйилаётгани номаълум, - деди Суръат Икромов.

Айни пайтда, 3 октябрь куни Туркиянинг Истанбул шаҳрида ўтказилган матбуот анжуманида Ўзбекистон Халқ ҳаракати раҳбари Муҳаммад Солиҳ Бобомурод Абдуллаев Усмон Ҳақназаров таҳаллуси остида мақолалар эълон қилиб келган журналист эканини маълум қилди.

Муҳаммад Солиҳ Истанбулда матбуот анжуманида.
Муҳаммад Солиҳ Истанбулда матбуот анжуманида.

- Унинг мақолалари Ўзбекистон халқ ҳаракати сайтида эълон қилинди. Ўша камсуқум спорт журналисти Бобомурод Абдулла сиёсатшунос Усмон Ҳақназаровнинг айнан ўзидир. Сўнгги 14 йил давомида у Усмон Ҳақназаров таҳаллуси билан мақолалар бериб келди ва биз уларни сайтимизда чоп этиб келдик, - деди Муҳаммад Солиҳ.

Муҳаммад Солиҳ ҳибсдаги журналист Бобомурод Абдуллаевнинг Усмон Ҳақназаров эканини маълум қилди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:57 0:00

Усмон Ҳақназаров тахаллуси остида кенг жамоатчилик назаридан панада қолиб кетадиган Ўзбекистон олий раҳбариятидаги воқеа-ҳодисалар ёритилган мақолалар 2003 йилдан буён эълон қилиниб келган.

Ҳақназаров имзоси билан Интернетда эълон қилинган туркум мақолалар катта шов-шувга сабаб бўлган эди.

Муҳаммад Солиҳ Истанбулдаги матбуот анжуманида Ўзбекистон ҳукуматини Бобомурод Абдуллаевни озод этишга чақирди.

Қароргоҳи Парижда жойлашган Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ассоциацияси ҳам Абдуллаев бўйича баёнот берди.

“Биз Ўзбекистон ҳукуматини зудликда журналист Бобомурод Абдуллаевни озод этишга, унинг ҳеч қандай тўсиқларсиз ўз фикрини ирод қилиш ҳуқуқини ҳурмат қилишга, очиқ судловни таъминлашга ва унинг олдига адвокати ҳамда яқинларининг киришига рухсат беришга чақирамиз”, дейилади баёнотда.

Айни пайтда ўттиздан ортиқ ташкилот имзоси билан Бобомурод Абдуллаев ҳимоясига петиция имзоланди.

"Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти Тошкентда матбуот эркинлиги масаласини муҳокама этишга тараддуд кўраётган бир пайтда мустақил журналист Бобомурод Абдуллаев ҳибсга олинди", - дейилади 28 та халқаро ташкилот имзо чеккан петицияда.

Бир гурух ўзбекистонлик фаоллар эса ижтимоий тармоқларда "Мен ҳам Усмон Ҳақназаровман" акциясини ўтказмоқда.

44 ёшли Бобомурод Абдуллаев Ўзбекистонда футбол журналисти сифатида танилган.

У 2000 йил бошида "Озод овоз" мустақил веб сайтига асос солган. Британиянинг уруш ва тинчликни ёритиш институти (IWPR)нинг Тошкентда мухбири бўлиб ишлаган.

XS
SM
MD
LG