Линклар

Шошилинч хабар
15 декабр 2024, Тошкент вақти: 23:31

Таъминотчи-ҳокимнинг ўғли. Оққўрғондаги боғча болалари нимадан заҳарланган?


Оққўрғон туманидаги боғчада август ойи бошида ўттиздан ортиқ бола заҳарланиб, шифохонага ётқизилган, тарбияланувчилардан бири вафот этган эди. Иллюстратив сурат
Оққўрғон туманидаги боғчада август ойи бошида ўттиздан ортиқ бола заҳарланиб, шифохонага ётқизилган, тарбияланувчилардан бири вафот этган эди. Иллюстратив сурат

Тошкент вилояти Оққўрғон туманида ўтган ой оммавий заҳарланиш ҳодисаси содир бўлган болалар боғчасининг сут маҳсулотлари таъминотчиси туман ҳокимининг ўғлига тегишли ширкат экани ўртага чиқди.

Оққўрғон туманидаги боғчада август ойи бошида 30 дан ортиқ бола заҳарланиб, шифохонага ётқизилган, тарбияланувчилардан бири вафот этган эди.

Озодлик тасарруфидаги ҳужжатлардан аён бўлишича, шу йилнинг май ойида Оққўрғон тумани Мактабгача таълим бўлими боғча тарбияланувчиларига озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб бериш бўйича таъминотчи ширкатлар орасида ўтказган тендерда “SHARK MILK PRODUCT” МЧЖ ғолиб чиққан.

Ўзбекистон ягона давлат реестридаги юридик шахслар рўйхатига қаралса, “SHARK MILK PRODUCT” МЧЖнинг 100,0 улуши Омонов Фазлиддин Фарҳодовичга тегишли.

Ўзбекистон ягона давлат реестрига қаралса, “SHARK MILK PRODUCT” МЧЖнинг 100,0 улуши Омонов Фазлиддин Фарҳодовичга тегишли.
Ўзбекистон ягона давлат реестрига қаралса, “SHARK MILK PRODUCT” МЧЖнинг 100,0 улуши Омонов Фазлиддин Фарҳодовичга тегишли.

Фазлиддин Омонов Оққўрғон тумани ҳокими Фарҳод Омоновнинг ўғли, деб ишонилади.

Оққўрғон тумани мактабгача таълим бўлими қошидаги махсус танлов комиссияси шу йилнинг 25 май куни ўтказган йиғилиши баённомасида айтилишича, озиқ-овқат махсулотлари етказиб берувчи ширкатлар берган таклифлар ўрганилиб, улар орасидан “SHARK MILK PRODUCT” МЧЖ танлаб олинган.

UZEX.UZ сайтига жойлаштирилган давлат харидлари тўғрисидаги маълумотларга кўра, ширкат жорий йил май ойидан буён Оққўрғон тумани МТБ тизимидаги боғчаларга қарийб ярим миллиард сўмлик озиқ-овқат махсулотлари, жумладан қайта ишланган сут, қатиқ, қаймоқ, творог етказиб берган.

UZEX.UZ сайти маълумотларига кўра, ширкат жорий йилда Оққўрғон МТБга ярим миллиард сўмлик озиқ-овқат етказиб берган.
UZEX.UZ сайти маълумотларига кўра, ширкат жорий йилда Оққўрғон МТБга ярим миллиард сўмлик озиқ-овқат етказиб берган.

Оққўрғон тумани ҳокимлиги матбуот котиби Ботир Бойбўтаев Озодлик билан суҳбатда Фазлиддин Омонов Оққўрғон тумани ҳокими Фарҳод Омоновнинг ўғли эканини тасдиқлади, лекин унинг тумандаги боғчалар озиқ- овқат таъминотчиси эканини рад этишга уринди.

“Ҳокимимизнинг Фазлиддин деган ўғли бор, лекин у бола Оққўрғонда таъминот билан шуғулланмайди. Тошкентда ўтиради, тадбиркорлик қилади. Мени ўзим хабарим бор, у бола боғча таъминотчилиги билан умуман шуғулланмайди”, - деди Ботир Бойбўтаев.

"SHARK MILK PRODUCT” МЧЖ Тошкент шаҳрининг Учтепа туманида жойлашган.

Ширкатнинг телефон рақамига қилинган қўнғироқларга кун давомида ҳеч ким жавоб бермади.

Ўзбекистон Мактабгача таълим вазирлиги матбуот котиби Мавлуда Асқархўжаева "SHARK MILK PRODUCT” МЧЖ Оққўрғондаги МТБ тизимидаги барча боғчаларни ҳозир ҳам сут маҳсулотлари билан таъминлаб келаётганини Озодликка тасдиқлади.

"Бу фирма ҳозир ҳам Оққўрғондаги боғчаларни сут, қатиқ, творог, қаймоқ билан таъминлаб келади, бу бор гап", - деди Асқархўжаева.

Боғчада оммавий заҳарланиш

12 август куни Тошкент вилояти Оққўрғон туманидаги болалар боғчасида ўнлаб бола овқатдан заҳарлангани ҳақида хабар тарқалди.

Расмийлар авалига 25 нафар тарбияланувчи заҳарланганини тасдиқлади, 13 август куни яна бешта боланинг заҳарланиш оқибатида касалхонага ётқизилгани маълум қилинди.

Мактабгача таълим вазирлигининг баёнотида ҳодиса август ойи бошида юз бергани айтилган.

2 августдан 11 августгача интоксикация синдромининг клиник кўринишлари бўлган тарбияланувчилар Тошкент Педиатрия Тиббиёт Институти клиникаси, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази, Тошкент 1-шаҳар юқумли касалликлар клиник шифохонаси, Тошкент вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази ва Оққўрғон тумани юқумли касалликлар шифохонасига жойлаштирилган.

Расмий изоҳда, 12 август ҳолатига кўра, 6 нафар тарбияланувчи оғир ҳолатда жонлантириш бўлимида, шундан бир нафар тарбияланувчи ўпканинг сунъий нафас бериш мосламасига уланган бўлиб, ҳолати ўта оғир ҳолатда қолаётгани айтилганди. Тарбияланувчилардан бири шу куни вафот этган.

Қолган 19 тарбияланувчининг ҳолати ўртача оғир, деб баҳоланган. МТВ тарбияланувчилар клиник кўринишларига кўра, "ботулизм" ташхисига гумон қилинганини билдирган.

Ўзбекистон Бош прокуратураси ҳодиса юзасидан терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилаётганини маълум қилган.

Оққўрғон тумани ҳокимлиги матбуот котиби Ботир Бойбўтаевга кўра, тергов жараёни ҳануз якунланмаган.

“Суриштирув давом этяпти. Заҳарланган болаларнинг ҳаммаси касалхонадан чиқиб бўлган. Ота-онасининг бағрига қайтган. Бир ҳафта олдинги маълумот бу, битта бола қолган, дейишганди. Унинг ҳам аҳволи яхши, дейишган. Тергов якунланмаган, бирон нарса чиқса, ўшанда маълумот берилади”, - деди Оққўрғон тумани ҳокимлиги матбуот котиби Ботир Бойбўтаев.

Ҳозирда Канадада яшаётган ўзбекистонлик микробиолог Обид Мамадалиевнинг Озодликка айтишича, боғча болаларининг нимадан заҳарланганини аниқлаш, аслида мутахассислар учун унчалик қийин иш эмас:

"Бу нарсадан хабари бор одам учун бир кунда аниқлаш мумкин бўлган жараённинг чўзилаётгани кулгили. Оддий овқат қолдиқларидан намуна олиб, инкубаторга қўйилади, 12 соатда билинади. Бу, узоғи билан 24 соатда аниқланадиган нарса. Бир дона бактерия кифоя буни топиш учун. Ёки боланинг оғзидан сўлак намунасини олиб текширса, аниқланади. Ўғриликлар бўлганми бу ерда, ниманидир яширишяптими ёки яхши гўштларни ўрнига болаларга эскиси берилганми, ким билади? Ёки боғчада идишларни ювишда ботулизмга қарши детержентлар қўлланилмаганми, ўғриликлар бўлганми? Бу саволлар очиқ қоляпти", - дейди Мамадалиев.

Бундан олдин Ўзбекистоннинг Самарқанд, Фарғона вилояти ва Тошкент вилоятининг Бекобод туманидаги болалар боғчасида ҳам оммавий заҳарланиш бўлган эди.

Манфаатлар тўқнашуви

Оққўрғонда туман ҳокимига бўйсунувчи Мактабгача таълим бўлими тизимидаги боғчаларга озиқ-овқат таъминотчиси сифатида ҳокимнинг ўғли юз фоиз эгалик қилувчи ширкатнинг танланиши манфаатлар тўқнашувига эътибор қаратди.

Тошкентлик блогер Муфаса тергов коррупция эҳтимолини ҳам қамраб олиши керак, дейди.

“Болалар заҳарланиши воқеаси катта коррупция занжирининг бир учини ўртага чиқаряпти. Заҳарланиш нимадан бўлган, буни текширувлар кўрсатар. Лекин бу ерда манфаатлар тўқнашуви бўлаётгани очиқ кўриниб қоляпти” , - дейди блогер.

2016 йилда қабул қилинган Ўзбекистон давлат хизматчиларининг одоб-ахлоқ қоидаларида айтилишича, “манфаатлар тўқнашуви “давлат хизматчиларининг шахсий манфаатлари уларнинг ўз хизмат вазифаларини холисона ва беғараз бажаришига таъсир кўрсатадиган ёки таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳолатларда пайдо бўлади”.

Қоидаларда, шунингдек, давлат хизматчиларининг шахсий манфаатдорлиги уларнинг шахсан ўзи ёки яқин қариндошлари, шунингдек, улар яқин ёки ишбилармонлик муносабатларида бўладиган бошқа шахслар учун ҳар қандай наф кўриш ёки афзалликларга эга бўлишни ўз ичига олиши ҳам айтилган.

Ўзбекистон қонунчилигида манфаатлар тўқнашуви ва аффилланганлик ҳолатлари олдини олиш, хусусан буюртмачи ва иштирокчилар ўртасида қариндошлик ёки бошқа алоқалар мавжудлигини аниқлаш бўйича механизмлар мавжуд эмас.

“Давлат харидлари тўғрисида”ги қонунда ҳам манфаатлар тўқнашуви ва аффилланганлик ҳолатлари натижасида давлатга кўп миқдорда зарар етказилган бўлса-да, жиноий жавобгарлик белгиланмаган.

XS
SM
MD
LG