Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 01:42

Қурилиш вазирига алоқадор ширкат юзлаб миллион долларлик иш бажарган. "Мирзиёев билади"


Тошкентдаги "Ғалаба боғи"ини ҳам "Трест-12" қурган.
Тошкентдаги "Ғалаба боғи"ини ҳам "Трест-12" қурган.

Ўзбекистонда Қурилиш вазири Ботир Зокировнинг оила-аъзолари таъсисчи ва асосий ҳиссадорларидан бўлган ширкат Ўзбекистонда юзлаб миллион долларлик давлат буюртмаларини бажариб келган. Улардан энг сўнггиси - ярим триллион сўмга тенг давлат буюртмасининг ҳеч қандай тендерсиз берилгани манзарасида маҳаллий матбуот илк бор ҳукумат доираларидаги манфаатлар тўқнашувига эътибор қаратди.

Жорий йил январида Жиззахда қурилиш тугалланмаган 6 қаватли бинонинг қулаб тушишини "тўғридан-тўғри коррупцион схема" деб атаган Қурилиш вазири Ботир Зокиров ёки у раҳбари бўлган вазирлик маҳаллий матбуотдаги мақолаларга расмий муносабат билдирганича йўқ.

Озодлик бундан аввал Мирзиёев ҳукумати коррупция ҳамда манфаатлар тўқнашувига доир саволларни жавобсиз қолдириб келаётгани ҳақида ёзган эди.

12 апрель куни Gazeta.uz нашри “Трест-12” ширкати Тошкентнинг Мустақиллик майдонидаги маъмурий бино реконструкцияси ва автотураргоҳ қурилиши лойиҳаси пудратчиси этиб танлангани ҳақида ёзди.

Реестр маълумотларига кўра, ширкат ҳиссадорлари орасида Ўзбекистон Қурилиш вазири Ботир Зокировнинг рафиқаси, ўғли ҳамда яна бир яқин қариндоши бор.

Мазкур лойиҳа учун давлат бюджетидан 431,5 млрд сўм (Ўзбекистон Марказий банкининг 14 апрелдаги курси бўйича 40 миллион доллардан ортиқ) маблағ сарфланиши кўзда тутилмоқда.

Қурилиш вазирининг рафиқаси ва ўғли акциядорлари бўлган “Трест 12” ширкати қандай асосда Тошкент марказидаги йирик қурилиш лойиҳаси пудратчиси этиб танлаб олингани ҳақида ҳануз расмий изоҳ берилгани йўқ.

"Мирзиёев кўрсатмаси билан"

Ўзбекистон Қурилиш вазирлигида ишловчи ўрта бўғин мулозимлардан бири эса Озодлик билан аноним суҳбатда бундай қиммат лойиҳалар давлат ҳисобидан қурилиши сабаб "шахсан президент Мирзиёев кўрсатмаси билан “Трест-12”га ишониб топширилгани"ни айтди.

“Бу лойиҳалар қиммат лойиҳалар ва давлатни пулига курилиши сабаб шахсан президент Мирзиёев кўрсатмаси билан “Трест-12”га ишониб топширилган. Ҳар бир тийинигача назорат қилинади. Лойиҳа ижросини таъминлаш учун масъулият Ўзбекистон бош вазири ўринбосарига юклатилган”, - деди мулозим.

2016 йилда қабул қилинган Ўзбекистон давлат хизматчиларининг обод-ахлоқ қоидаларида айтилишича, “манфаатлар тўқнашуви “давлат хизматчиларининг шахсий манфаатлари уларнинг ўз хизмат вазифаларини холисона ва беғараз бажаришига таъсир кўрсатадиган ёки таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳолатларда пайдо бўлади”.

Қоидаларда, шунингдек, давлат хизматчиларининг шахсий манфаатдорлиги уларнинг шахсан ўзи ёки яқин қариндошлари, шунингдек, улар яқин ёки ишбилармонлик муносабатларида бўладиган бошқа шахслар учун ҳар қандай наф кўриш ёки афзалликларга эга бўлишни ўз ичига олиши ҳам айтилган..

Ўзбекистон Корхона ва ташкилотларнинг ягона давлат реестри ҳужжатларига кўра, “Трест-12” ширкатининг 51,1 фоизлик акцияси Тошкент шаҳар ҳокимлигига, 19,1 фоизи эса Қурилиш вазирининг рафиқаси Муаззам Зокировага, 14.1 фоизлик акцияси вазирнинг ўғли Жасур Зокировга тегишли.

Акциядорлар орасида яна 12 кишининг исми келтирилган. Улар орасида Қурилиш вазирининг жияни Муҳайё Зокирова ҳам бор.

Ўзбекистон Корхона ва ташкилотларнинг ягона давлат реестридан олинган ҳужжат.
Ўзбекистон Корхона ва ташкилотларнинг ягона давлат реестридан олинган ҳужжат.

Ботир Зокировнинг ўзи ҳам Қурилиш вазири бўлгунига қадар 2019 йилда “Трест-12” акциядорларидан бири, 1996-2011 йилларда эса компания бошқаруви раиси бўлгани маълум.

Вазирга бевосита ва билвосита алоқадор ширкат бир неча миллион АҚШ долларлик лойиҳага қандай қонуний асосда танлаб олинди?

Бу ерда манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилмаяптими?

Озодлик бу саволларни Ўзбекистон Қурилиш вазирининг Ахборот сиёсати бўйича маслаҳатчиси Рамзиддин Эгамбердиевга берди.

Эгамбердиев Озодлик саволларига жавоб беришга ҳозирча тайёр эмаслигини айтиш билан чекланди.

“Матбуотда чиққан хабарларни ўқидим, ҳозир бу ҳақда бирон нарса айтолмайман”, - деди Қурилиш вазирлиги матбуот котиби Эгамбердиев.

Манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ хавотир

Британиядаги Алстер (Ulster) университетининг криминология бўйича профессори Кристиан Ласслетга кўра, Ўзбекистон Қурилиш вазирининг рафиқаси ва ўғли акциядорлари бўлган “Трест 12” ширкати Тошкент марказидаги йирик қурилиш лойиҳаси пудратчиси этиб танлангани манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ хавотирларни туғдиради.

“Ярим триллион сўмлик лойиҳанинг Қурилиш вазирига алоқадор ширкатга тендерсиз берилиши жуда хавотирли. Бу юқори доиралардаги манфаатлар тўқнашуви борасида жиддий хавотирларни уйғотади. Бу ерда шаффофлик принциплари бузиляпти. Йирик лойиҳалар очиқ ва рақобатга асосланган тендерларсиз амалга оширилаётгани муаммоли вазиятларни келтириб чиқаради. Умумэътироф этилган принципларга зид бундай амал бюджет пулларининг бир ҳовуч одамлар қўлида талон-тарож бўлиб кетиши учун ҳам йўл очади”, - деб таъкидлайди Ласслетт Озодлик билан суҳбатда.

Халқаро майдондаги давлат ва хусусий бизнес манфаатлари тўқнашувини тадқиқ қилиб келаëтган профессор Ласслеттнинг Озодлик билан суҳбатда айтишича, Қурилиш вазири Ботир Зокировга алоқадор “Трест-12” ширкатига бир неча миллион долларлик қурилиш лойиҳалар биринчи марта тендерсиз берилаётгани йўқ.

Ўзбекистонда сўнгги 10 йил ичида бу ширкат умумий қиймати $800 миллиондан зиёд ўнлаб қурилиш-таъмирлаш ишларини бажарган.

“Бир қанча давлатлардаги Ўзбекистоннинг ваколатхоналари, жумладан Тожикистон ва Қозоғистондаги элчихоналари реконструкциясидан тортиб Hyatt Regency меҳмонхонаси ва лойиҳа қиймати сал кам 100 миллион долларлик Ислом цивилизацияси маркази қурилишлари лойиҳаларини “Трест-12” бажарган. Бизда бу қурилишларга оид ҳужжатлар мавжуд ва шу ҳужжатларда ширкат тендерсиз танлаб олинганини кўриш мумкин. ”, - дейди британиялик тадқиқотчи.

“Трест-12” ширкати Вазирлар Маҳкамаси, Сенат, Молия вазирлиги бинолари, “Бунёдкор” стадиони, Hyatt Regency меҳмонхонаси ва лойиҳа қиймати сал кам бир триллион сўм деб баҳоланган Ислом цивилизацияси маркази ҳамда Тошкентдаги “Ғалаба боғи” қурилишлари лойиҳаларини амалга оширган.

Манфаатлар тўқнашуви олдини олувчи қонун йўқ

Ўзбекистон қонунчилигида манфаатлар тўқнашуви ва аффилланганлик ҳолатлари олдини олиш, хусусан буюртмачи ва иштирокчилар ўртасида қариндошлик ёки бошқа алоқалар мавжудлигини аниқлаш бўйича механизмлар мавжуд эмас.

“Давлат харидлари тўғрисида”ги қонунда ҳам манфаатлар тўқнашуви ва аффилланганлик ҳолатлари натижасида давлатга кўп миқдорда зарар етказилган бўлса-да, жиноий жавобгарлик белгиланмаган.

Аммо Ўзбекистон Вазирлар маҳкамасининг 2020 йил 29 ноябрдаги 505-сонли қарорига биноан баъзи лойиҳаларни тендерсиз амалга оширишга рухсат берилган.

Ўзбекистон Сенати раиси Танзила Норбоева 29 март куни Тошкентда ўтган Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгашининг йиғилишида манфаатлар тўқнашувини тартибга солишга оид қонун қабул қилишни тезлаштириш лозимлигини айтганди.

“Амалиётда шундай ҳолатлар кузатилмоқдаки, унга ҳуқуқий баҳо бериш қийин”, деганди Норбоева.

Озодлик илгари ҳам бир қанча қурилиш лойиҳалари Тошкент шаҳар ҳокимига алоқадор гуруҳлар асос солган ширкатларга тендерсиз инъом этилгани ҳақда хабар берган.

“Трест-12”

1979 йилдан Тошкент қурилиш бошқармаси тизимида бўлиб келган 12-сонли қурилиш трести 1994 йилда “Трест-12” ҳиссадорлик жамиятига айланди.

Ботир Зокиров эса оддий чилангарликдан бошқарув кенгаши раиси лавозимигача кўтарилди.

Зокиров 2011 йилда Ўзбекистон Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси раиси этиб тайинлангунига қадар “Трест-12” бошқарув раиси бўлган.

1994-2017 йиллар оралиғида ширкат Тошкентнинг ”Юнусобод туманидаги теннис корти, General Motors қўшма корхонасининг “Powertrain Uzbekistan” мотор ишлаб чиқариш заводи қурилишида бош пудратчи ўлароқ қатнашган.

Кейинчалик Тошкентдаги Миллий театр ва Алишер Навоий номли миллий кутубхонасини таъмирлаш ишларини амалга оширган.

Тошкентдаги “Минор” масжиди, Вестминстер университети ҳамда Сингапур Менежмент Институти биноларини ҳам “Трест-12” қурган.

Эндиликда Мустақиллик майдонидаги илгари Халқ таълими, Маданият, Молия вазирликлари жойлашган маъмурий бинони реконструкция қилиш ва у ерга яқин ҳудудда автотураргоҳ қуриш ҳам шу ширкатга берилмоқда.

Келажакда бу бинода қайси идора ёки вазирлик ўрнашиши маълум эмас.

Айни пайтда “Трест-12” Олий Мажлис биносини реконструкция қилишга тендерсиз танлаб олинган. Бунинг учун давлат ҳазнасидан 16 миллиард сўм (Ўзбекистон Марказий банкининг 14 апрелдаги курси бўйича 1 ярим миллион доллардан ортиқ) ажратилади.

“Траст-12” ширкати қурилиш лойиҳаларни амалга оширишда ишчиларга ойликлар кечикиб бергани билан боғлиқ бир қанча холатлар ҳақида Озодлик илгари хабар берган.

Тошкентдаги “Ғалаба боғи” қурилиши пайти ҳайкалтарошлар учун берилиши керак бўлган қарийб 5 ярим миллиард сўм гонорар пули кечиктириб берилганди.

Ширкат бу кечикишга коронавирус пандемияси билан боғлиқ молиявий қийинчиликларни сабаб қилиб келтирган.

XS
SM
MD
LG