Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 17:36

Пенза прокуратураси мактабга ҳижобда келишни тақиқлади... ва ўз тақиғи юзасидан текширув бошлади


Россиянинг Пенза шаҳар прокуратураси Рамазон ойи бошланган кун маҳаллий мактабларда ҳижоб кийишни тақиқлади.

Ўз қарорини “экстремизмга қарши кураш” ва “вояга етмаганлар ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоялаш” билан изоҳлаган прокуратура ходимлари қарор расмий сайтдан олиб ташлангани ва текширув кетаётганини Озодликка билдирди.

Пенза шаҳрининг Октябрьский туман прокуратураси талаби билан ўрта таълим мактаблари кийимига ўзгартишлар киритилди. Унда ўқувчи қизларга мактабга ҳижобда келиш тақиқлангани билдирилди.

6 май куни Октябрьский туман прокуратураси эълон қилган қарорга кўра, мактаб кийимлари тўғрисидаги низомда диний кийим-кечак кийиш, жумладан ҳижоб ўраш, диний бош кийимлар ва диний символика ё белгилар билан давлат ўқув муассасасига келишга тўғридан-тўғри тақиқ қўйилмаган.

“Экстремистик фаолиятга қарши кураш асосий тамойилларини бажариш ҳамда вояга етмаганлар ҳуқуқ-эркинликларини ҳимоялаш мақсадида бу умумтаълим ўқув ташкилотлари директорларига туман прокурори томонидан таклиф киритилди, улар кўриб чиқилиб, қабул қилинди. Ўқувчилар ташқи кўринишига бўлган талаблар қонунчиликка мос тарзда қўйилди”, дейилган эди расмий хабарда.

Туман прокуратурасининг бу ташаббуси дарҳол оммавий ахборот воситалари ва ҳуқуқ ҳимояси ташкилотлари эътиборини ўзига тортди ва катта шов-шувга сабаб бўлди.

Туман прокуратурасининг ҳижоб масаласидаги қарори Пенза шаҳар прокуратураси сайтида пайдо бўлди, бироқ бироз вақтдан кейин олиб ташланди.

Ҳисоботда прокуратура текширув ўтказгани ва 12 нафар мактаб ходими интизомий жазога тортилгани билдирилди.

Озодлик бу масалада қилган расмий мурожаатига Пенза туман прокурори катта ёрдамчиси Светлана Артамоновадан расмий жавоб олди.

Прокуратура вакиласи бу қарор хатолик билан расмий сайтга чиқиб кетгани ва тортишувларни келтириб чиқарганини билдирди:

- Ҳозирда биз вояга етмаганлар ҳуқуқларини бажариш асосида мактабларда текширувлар олиб бораяпмиз. Чунки мактабларда ўқув йили тугаяпти, болалар ёзги лагерларга олиб чиқилади. Биз бу ҳақда маълумотни муддатдан олдин жойлаштириб қўйибмиз – раҳбарият уни олиб ташлашни буюрди, аммо у тармоққа тарқаб кетди. Бу масалада текширув кетаяпти. Аслида у ерда гап православларнинг устки узун кийимлари ва рўмоллари, яҳудийлар кипаси, буддийлар ўранадиган кийимлар ҳақида ҳам кетаяпти, фақат ҳижобмас. Яъни, мактаб формасига бўлган барча талаблар бажарилишини текширяпмиз, -деди прокуратура вакиласи Светлана Артамонова.

Прокуратура расмийси Россия федерал қонунчилиги давлат таълим муассасаларида дунёвий таълим тамойилларига таяниши ва унда диний масалалар акс эттирилмаганига эътибор қаратди.

Бу ҳодисадан олдинроқ Татаристоннинг Қозон шаҳар полицияси ҳижобга ўранган мактаб ўқувчи қизлари ва уларнинг оила аъзолари борасида маълумот тақдим қилиш талаби билан маҳаллий мактаб маъмуриятларига мурожаат йўллагани тўғрисида хабар чиққан эди.

Ҳуқуқ ҳимоячилари тартибот органларининг бундай талаблари Конституциянинг виждон ва дин эркинлиги тамойилларини бузаётгани тўғрисида гапириб келмоқда.

Озодлик Ўзбекистонда ҳам рўмоли ечтирилган қизлар ўқишга қўйилмаётгани ҳолатлари борасида хабар берганди.

Президент Мирзиёев фармони билан ташкил қилинган Тошкентдаги Халқаро Ислом академиясида талабалар рўмолини ечишга мажбурлангани ҳақида видеолавҳа тайёрланганди.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG