Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:27

PORTAL: Муаммолар "виртуал қути"си


Шавкат Мирзиëев муваққат президент пайти - ўтган йилнинг 24 сентябрь куни ҳукумат расмий порталида виртуал қабулхона очиб, унга қўрқмасдан шикоят ва аризаларини йўллашни таклиф қилди.

5 октябрь куни Самарқандда сайловчилар билан учрашган Мирзиëев виртуал қабулхонага қилинадиган ҳар бир мурожаатнинг шахсан ўз назоратида эканини таъкидлади ва ҳокимлар ва вазирлик раҳбарлари олдига шикоятларни зудлик билан ҳал қилиш топшириғини қўйди.

Расмий статистикага кўра¸ Мирзиёевнинг виртуал қабулхонасига 24 январга қадар (4 ой давомида) 409 минг шикоят келиб тушган ва уларнинг 334 мингдан зиёди кўриб чиқилган.

Бу шикоят ва аризаларнинг катта қисми¸ Озодлик суҳбатлашган виртуал қабулхона расмийлари¸ оддий ўзбекистонликлар¸ қолаверса¸ расмий статистиканинг ўз эътирофича¸ Тошкент пропискаси¸ биометрик паспорт олиш ва чиқиш визаси каби ҳаракат эркинлигини чекловчи қарорлар билан боғлиқ.

Яна бир катта гуруҳ муаммолар ҳуқуқ-тартибот тизимлари¸ биринчи галда ИИВ ва судлар фаолияти билан боғлиқ бўлса¸ учинчи улкан гуруҳ муаммолар иқтисодий сиëсатга тааллуқлидир. Ишсизлик¸ нақд пул¸ газ ва электр тақчиллиги¸ конвертация йўқлиги виртуал қабулхонага келган шикоятлардан ўзбекистонликларни энг кўп қийнаëтган муаммолар туркуми бўлиб чиқди.

Виртуал қабулхона статистикасига кўра¸ 24 январга қадар келган 409 минг шикоятдан сон жиҳатдан энг кўпи Ички ишлар вазирлиги фаолиятига оид бўлиб, 4 ой давомида 46999та ариза айнан ушбу вазирликка тегишли бўлган. Иккинчи ўриндаги Тошкент шаҳар ҳокимлиги 46339та шикоятга масъулдир. Шавкат Мирзиëевга қилинган шикоятлар сони бўйича¸ ИИВ дан кейинги ўринларни Меҳнат вазирлиги¸ Марказий банк ва тижорат банклари¸ Адлия вазирлиги¸ Ўзбекнефтгаз ва Молия вазирлиги эгаллаган.

Энг кўп шикоят¸ тошкентликлардан тушган – Мирзиёевнинг виртуал қабулхонасига Тошкент шаҳридан 109052, Тошкент вилоятидан эса¸ 58470 марта мурожаат бўлган. Ҳудудий аризалар бўйича Фарғонадан 35463¸ Қашқадарëдан эса¸ 33391 марта мурожаат бўлган ва Тошкент билан бу нисбатан фаол икки вилоят ўртасидаги фарқ қарийб бир неча бараварни ташкил этган.

Кузатувчилар¸ шикоятлар сонининг ҳудудий бўлинмасида Тошкент шаҳри ва вилоятининг биринчиликда эканини¸ пойтахт ва унга туташ ҳудудларда интернетга кириш имкони кўпроқ экани¸ бу ҳудудларда электр таъминотидаги узилишларнинг Ўзбекистоннинг қолган қисмига нисбатан камроқ экани билан изоҳлашмоқда.

Мирзиёевнинг виртуал қабулхонаси маълумотига кўра, шу пайтгача мурожаат қилганларнинг асосий қисми яъни 51 фоизи онлайн шикоят йўллаш усули билан президентга шикоятини йўллаган. Мурожаатларнинг 44 фози телефон орқали бўлган. 4 фоиз шикоятчи маҳаллий ҳокимликларга бориб, Халқ қабулхоналарига шахсан мурожаат қилган.

Муҳим эслатма: Президент Мирзиёев порталига йўлламоқчи бўлган шикоятингиз нусхасини Озодликка ҳам йўллашни унитманг! Аризангиз тақдирини биргаликда кузатамиз!

XS
SM
MD
LG