Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 17:55

Термиз туман ҳокимлиги тадбиркорнинг ўзига ўт қўйишини "шантаж" деб атади


Учқизил қўрғонда яшовчи Бахтиёр Элтонов ўзи очган кафеси биносининг бузилишига норзилик билдириб, Термиз туман ҳокимлиги биноси олдида 27 феврал куни ўзига ўт қўйган.
Учқизил қўрғонда яшовчи Бахтиёр Элтонов ўзи очган кафеси биносининг бузилишига норзилик билдириб, Термиз туман ҳокимлиги биноси олдида 27 феврал куни ўзига ўт қўйган.

Термиз туман ҳокимлигининг исми очиқланмаслигини истаган мулозими Озодлик билан суҳбатда 38 ёшли тадбиркор ҳокимлик биноси олдида ўзига ўт қўйганини "шантаж мақсадида уюштирилган саҳна кўриниши", деб атади.

Тумандаги Учқизил қўрғонида яшовчи Баҳтиёр Элтонов ўзи очган кафе биносининг бузилишига норозилик билдириб, Термиз туман ҳокимлиги биноси олдида 27 февраль куни ўзига ўт қўйган эди.

Ҳокимлик биноси олдида ўзига ўт қўйиш саҳнаси туширилган видеони 27 феврал куни mover.uz сайти эълон қилди.

Воқеага оид маълумотларга кўра, Элтонов кредит ҳисобига очган кафеси биносининг бузилишга тушгани ҳақида билгач, ўзига ўт қўйишдан олдин бир неча ой давомида туман ҳокимлигига тушунтириш беришларини сўраб келган, аммо қабулга кира олмаган.

Туман ҳокимлиги мулозими Озодликка Элтоновнинг ҳеч қанақа кафеси бўлмагани, ўзига ўт қўйишидан олдин ҳокимликка ҳам мурожаат қилмаганини айтди.

- Бу одам кредит олганми, нима бўлган, дардини билмаймиз, ҳокимликка келиб шантаж қиляпти. Курткада келган, бензин билан курткасини ёқиб, ечиб ташлаяпти. Ҳокимиятга бу одам умуман мурожаат қилмаган. Ҳеч қанақа кафеси ҳам йўқ. Мурожаат қилган бўлса китобда қайд этилган бўларди, дафтарда турарди, хатланарди. Агар телефонда мурожаат қилган бўлса ҳар бир оғзаки мурожаати ёзиб олинарди. Бу одам бизга мурожаат қилмаган, шантаж қиляпти, - деди Термиз туман ҳокимлигининг исми очиқланмаслигини истаган мулозими 28 февраль куни Озодлик билан суҳбатда.

Ҳокимликнинг капитал қурилиш бўйича бошқа бир мулозими эса, тадбиркорнинг туман марказидан ўтувчи йўлнинг бўйида очган кафеси ноқонуний қурилиш бўлгани учун бузиб ташланганини айтди.

- Йўлнинг бўйида латтадан чодир қуриб, кафе очган экан, ноқонуний қурилиш бўлгани учун бузиб ташланди. Қанақа кредит, нимага олган, бунисини билмаймиз, - деди ҳокимлик мулозими.

Тадбиркор ўзига ўт қўйганидан воқеа жойига “Тез ёрдам” ходимлари етиб борган. Озодлик ўзига ўт қўйган тадбиркор куйиш жароҳати билан Термиз туман Тиббиёт бирлашмаси касалхонасига ётқизилганини аниқлади.

Тиббиёт бирлашмаси бош врачи ўринбосари Аваз Қаҳҳоров Озодлик билан суҳбатда бемор танасининг 20 фоизи куйгани, лекин аҳволи яхши эканини айтди.

– Термик куйиш, танасининг йигирма фоизи, асосан юзи, қўли куйган, лекин аҳволи яхши, - деди Қаҳҳоров.

Термиз туман Ички ишлар бўлими ходими ҳокимлик биноси олдида ўзига ўт қўйиш холати бўйича тергов-суриштирув ишлари олиб борилаётганини айтди.

- Бу одам нима сабабдан ўзига ўт қўйган, туман прокуратураси бу бўйича суриштирув олиб боряпти, - деди туман ИИБ ходими.

Ўзига ўт қўйган тадбиркор Баҳтиёр Элтоновнинг ўзи ва унинг яқинлари билан Озодлик мухбири боғлана олмади. Туман тиббиёт бирлашмаси шифокорлари у журналистларга гапирадиган аҳволда эмаслигини айтишди.

Ўзбекистонда ижтимоий-маиший муаммолар сабаб, фуқароларнинг ўзига ўт қўйиш ҳолатлари учраб туради.

2018 йил 14 декабр куни қибрайлик Нозима Эргашева "расмийларининг адолатсизиги"га норозилик билдириб, туман ҳокимлигига борган ва шу куни арзини қабул қилишмагач, ўзини ёққан эди.

2017 йилнинг сентябрида эса Қорақалпоғистоннинг Тўрткўл тумани Уллибоғ қишлоғида яшовчи 29 яшар Аҳмад Ниёзимбетов уйини бузишга келган ҳокимлик вакилларига норозилик билдириб, ўзига ўт қўйгани ҳақда Озодлик хабар берган эди.

XS
SM
MD
LG