Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 17:57

Аёл икки ўғли ва ўзига ўт қўйди. Болалар ўлди, аёл тирик.


Сурхондарё вилоятининг Шўрчи туманида яшайдиган 27 яшар аёл 15 апрель куни ўзи ва ухлаб ётган икки нафар ўғлига бензин сепиб, ўт қўйган.

Юз фоиз куйиш жароҳати олган болалар ўлган, аёл 80 фоизлик куйиш жароҳати билан касалхонага ётқизилган.

Аёл ва болаларни қутқаришга ҳаракат қилган эр 15 фоиз куйиш жароҳати олган.

Бу воқеа юзасидан жиноят иши қўзғатилган.

Шўрчи туманининг Наврўз маҳалласида яшайдиган 27 яшар С.Т.(аёл ва унинг фуқаровий эрининг исми Озодликка маълум, лекин тергов сири бўлгани сабабли ошкор этилмайди - таҳририят) 14 апрелдан 15 апрелга ўтар кечаси ўзи ва фарзандлари уч яшар Шоҳруҳ, бир яшар Умарга бензин сепиб ўт қўйиб юборган.

Бу воқеани тасдиқлаган Сурхондарё вилояти прокуратурасининг исми сир қолишини сўраган мулозимига кўра, воқеа аёл ва унинг эри ўртасидаги жанжал оқибатида келиб чиққан:

“Воқеа 15 апрель куни ярим кечаси соат иккиларда содир бўляпти. С.Т. 25 яшар фуқаровий эри Н.О. билан ўзининг ижарада турган уйида жанжаллашиб қолган. Биринчи суриштирувларга кўра, жанжал рашк оқибатида келиб чиққан. Кейин аёл канистрада турган икки литр бензинни ухлаб ётган болалари ва ўзининг устига сепиб ёқиб юборган. Бу воқеадан хабар топган қўшнилар милиция ва ўт ўчирувчиларга дарҳол хабар берган”, дейди мулозим.

Прокуратура терговчисининг айтишича, бу иш юзасидан Ўзбекистон Жиноят Кодексининг қасддан одам ўлдириш ва ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиш моддалари бўйича жиноят иши қўзғатилган:

“Икки бола воқеанинг эртаси куни касалхонада жон берди, чунки куйиш даражаси қарийб юз фоиз бўлган. Онаси 80 фоиз куйган ва у ҳозир касалхонада. Эркакнинг куйиш даражаси 15 фоиз ва у ҳам касалхонада. Терговчилар ҳозир суриштирув олиб боряпти”, деди прокуратура мулозими.

Наврўз маҳалласининг исми сир қолишини сўраган фаолларидан бирининг Озодликка айтишича, аёл фуқаролик эрининг бошқа қизга уйланмоқчи эканлигини эшитганидан сўнг жанжал қилиб, ўзига ўт қўйган:

“Бу йигит бу аёл билан шаръий никоҳдан ўтиб, бирга яшаб юрарди. Мен олган маълумотга кўра, ҳали расман уйланмаган йигитнинг ота-онаси бошқа қизга уйлантирмоқчи бўлишган экан. Йигит шу ҳақда аёлга айтган ва у жанжал қилган. Ўша кеч иккисининг ўртасидан қандай гап ўтган, буни билмайман, лекин аёл рашк сабаб ўзи ва болаларнинг устига бензин сепиб ёқиб юборган”, дейди маҳалла фаоли.

Озодлик боғланган Шўрчи тумани касалхонасининг шифокорига кўра, аёлнинг аҳволи оғир:

“80 фоиз куйиш даражаси олган, аҳволи жуда оғир. Бошқа ҳеч нарса айтолмайман”, деди касалхона шифокори.

Ўзбекистонда маиший муаммолар сабаб, яқин қариндошларнинг бир-бирини ўлдириш ҳолатлари учраб туриши ҳақида Озодлик бир неча бор хабар берган.

Андижон шаҳар Ишчилар маҳалласида яшаган 66 яшар аëл 31 март куни ўзига ўт қўйди ва 2 апрелда касалхонада жон берди. Ўтган йили декабрда бу аёлнинг 9-синфда ўқийдиган невараси ўз акасидан туққани шов-шувларга сабаб бўлганди.

Москвада муҳожиротда бўлган ўзбекистонлик 32 ёшли Дилфуза исмли аёл яхши кўрган йигити Сирожиддин бошқа қизга уйланганини билганидан сўнг ўзига ўт қўйган эди.

Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрида 35 ёшли эркак 22 март куни 2-гуруҳ ногирони бўлган 57 ёшли отасини бўғиб ўлдирган.

Жорий йилнинг 26 март куни Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманида 35 яшар ака 33 ёшлик туғишган укасини пичоқлаб ўлдирган эди.

14-март куни Самарқанд вилоят, Каттақўрғон туманида ука уй устида талашиб акаси ва янгасини болта билан чопиб ўлдирган эди.

XS
SM
MD
LG