Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 15:47

Қибрайлик аёл: Мен норозилик сифатида ўзимга ўт қўйдим


14 декабрь куни Тошкент вилоят, Қибрай туман ҳокимлиги биносида ўзига ўт қўйган аёл расмийларнинг "ўзини эмас, трибунани ёқмоқчи бўлди", деган даъвосини рад этди.

29 яшар Нозима Эргашеванинг Озодлик билан суҳбатда айтишича, у норозилик сифатида ўзига ўт қўйишни аввалдан режалаштириб, ҳокимликка борган ва шу куни арзини қабул қилишмагач, ўзини ёққан.

Нозима Эргашева 17 декабрь куни Озодлик билан суҳбатда ўзига ўт қўйгани тафсилотларини очиқлади:

Нозима Эргашева. Сурат 17 декабрь куни олинган.
Нозима Эргашева. Сурат 17 декабрь куни олинган.

“Жума куни эди, соат 11ларда ҳокимликка бордим. Ҳокимнинг ўзи йўқ эди. Зам ҳоким билан, хотин-қизлар масалалари бўйича ҳоким ўринбосари қабул қилди. Улар арзимни тинглаб, менга ёрдам бериш ўрнига қўполлик қилишди. Кейин "Сизлар барибир халқнинг дардини эшитмайсиз, норозилик сифатида ўзимга ўт қўяман" десам, "Сиз август ойида ҳам шунақа деб ўзингизча бизни қўрқитмоқчи бўлдингиз, деб устимдан кулишди. Кейин ўзимга ўт қўйиб юбордим", дейди Нозима Эргашева.

Нозиманинг айтишича, у ҳокимлик биносида ўзига ўт қўйишни аввалдан режалаштириб борган.

“Сумкамда растворитель солинган баклашка билан зажигалка бор эди. Растворителни олиб, қўлимнинг устидан сепдим ва устидан зажигалкани ёқдим. Қўлим ёнишни бошлагач, растворитель солинган баклашка полга тушиб, линолеум ёна бошлади. Кейин ўша жойга оёғимни қўймоқчи бўлган пайтим зажигалка портлаб кетди ва мен ҳушимни йўқотдим”, дейди Нозима Эргашева.

Ўша куни воқеага гувоҳ бўлганлардан бирига кўра, Нозима Эргашева ҳушини йўқотгач, "Тез тиббий ёрдам" чақирилган.

"Аёл қўлидаги идишда турган бензинни ёқиб юборди, одамлар унга туташган оловни ўчириб қолишди. Зал ҳам озгина ёнди. Кейин тез ёрдам чақиришди, биз чиқиб кетдик”, дейди воқеа гувоҳларидан бири.

Нозима Эргашеванинг айтишича, у тез тиббий ёрдам ходимлари келгач, ҳушига келган ва шифохонага боришдан воз кечган.

Нозима Эргашевага кўра, ўзига ўт қўйиши оқибатида қўли жароҳатланган.
Нозима Эргашевага кўра, ўзига ўт қўйиши оқибатида қўли жароҳатланган.

“Қўлим биринчи даражада куйган. Уйда иккита болам ёлғиз қолгани учун касалхонага бормайман дедим. Улар ҳам хурсанд бўлиб, уйга олиб келиб қўйишди”, дейди Нозима Эргашева.

15 декабрь куни Қибрай туман ҳокимлигининг Ташкилий-назорат гуруҳи етакчи мутахассиси Холмурод Раббанаев Озодлик билан суҳбатда, аёл ўзига эмас, балки мажлислар залига ўт қўймоқчи бўлганини таъкидлаганди:

- У ўзига ўзи ўт қўймаган. Қўлидаги анақага ўт қўйиб, трибунага қараб отган. Трибуна (мажлислар зали минбари назарда тутилмоқда. таҳр)да ҳеч ким бўлмаган. Бензин эмас, солярка бўлган. Шунда қўлига ҳам туташиб куйган, деганди Холмурод Раббанаев.

Қибрай туман ички ишлар бўлими ходими ҳам 15 декабрь куни Озодлик билан суҳбатда Эргашева биринчи даражали куйиш жароҳати олгани, ҳокимиятнинг мажлислар залига ҳам шикаст етгани ҳақида гапирган эди.

Ҳокимлик мулозими Раббанаевнинг иддао қилишича, аёлнинг норозилиги газдан қарздорлиги билан боғлиқ:

- У газга ўз вақтида пул тўламаган. Етти миллион сўм қарзи бўлган. МИБ узиб кетган уни. Ички ишлар бўлими ўзининг сектори бўлгани учун ёқиб берган яна, майли ёрдам қилайлик, деб. У ҳокимиятдан мени қарздорлигимни ёпиб беринглар, деб талаб қилган. Уни касаллигиям бор экан, бошқаси ҳам бор экан. Биз бу воқеа юзасидан ишчи гуруҳ ҳам ташкил қилдик, бориб ўрганиб келдик, -деганди 15 декабрь куни Холмурод Раббанаев.

Нозима Эргашеванинг Озодликка айтишича, ҳақиқатан ҳам табиий газдан қарзи 7 миллион 200 минг сўмни ташкил қилади. Айни пайтда Эргашевага кўра, ўша куни у ҳокимликдан моддий ёрдам ҳам сўраб борган.

"Эримнинг ойлиги 600 минг сўм. Икки нафар ёш болам бор. Оиламиз кам таъминланган оилалар рўйхатида. Ўзим саратон касаллигининг учинчи босқичи билан оғрияпман. Даволанишга пулим ҳам, имконим ҳам йўқ. Даволанишга кетсам, болаларимни ташлаб кетишга одам йўқ. Ҳокимликдан ёрдам сўрасам, "Болаларингизни детдомга беринг" деган гапни айтишди", дейди Нозима Эргашева.

Эргашева ҳокимлик томонидан унинг оиласига моддий ёрдам бериб турилиши, бироқ берилаётган ёрдамдан қониқмаслигини айтади.

“Олдинги янги йилда ҳокимият томонидан менга микроволновка берилди. Наврўз байрамига президент совғаси сифатида бир коробка продукта берилди. Мустақиллик байрамига ҳам бир коробка продукта берилди. Лекин президент томонидан кам таъминланганларга аслида кўпроқ совға- салом берилишини эшитганимдан кейин президент порталига шикоят қилдим. Шундан кейин менга халат-лозим беришди”, дейди Нозима Эргашева.

Ўзбекистонда маиший муаммолар сабаб, фуқароларнинг ўзига ўт қўйиш ҳолатлари учраб туриши ҳақида Озодлик бир неча бор хабар берган.

Сурхондарё вилоятининг Шўрчи туманида яшайдиган 27 яшар аёл 15 апрель куни ўзи ва ухлаб ётган икки нафар ўғлига бензин сепиб, ўт қўйган эди.

2017 йилнинг сентябрида Қорақалпоғистоннинг Тўрткўл тумани Уллибоғ қишлоғида яшовчи 29 яшар Аҳмад Ниёзимбетов уйини бузишга келган ҳокимлик вакилларига норозилик билдириб, ўзига ўт қўйган эди.

XS
SM
MD
LG