Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 05:37

"Свет ва газнинг йўқлиги Аллоҳдан" деган Тошкент бош имоми тармоқлар ғазабига учради


Раҳматуллоҳ Сайфиддинов бундан аввал ҳам зиддиятли чиқишлари билан танилган.
Раҳматуллоҳ Сайфиддинов бундан аввал ҳам зиддиятли чиқишлари билан танилган.

Қишнинг илк ўн кунлигида Ўзбекистон энергетик бўҳрон домида қолди. Мамлакат бўйлаб электр энергияси таъминотида соатлаб узилишлар, газ тўлдириш шохобчаларида турнақатор навбатлар кузатилмоқда.

Ижтимоий кайфият таранг бўлиб турган бир вақтда Тошкент шаҳри бош имом-хатиби Раҳматуллоҳ Сайфиддинов аҳолини шукр ва сабрга чорлаб маъруза қилди. У “ота-боболар ҳам чироқ ва газсиз яшагани”ни таъкидлар экан, мусулмонларни ижтимоий тармоқларда бу муаммони кўтариб, “мамлакатни бутун дунёга шарманда қилмаслик”ка даъват этди. Уламо "ваҳима, тўполон, қўзғолон билан иш битмаслиги"ни уқтирди.

Пойтахт бош имомининг ушбу чиқиши жамоатчилик фаолларини дарғазаб қилди.

“Яна шукрга, сабрга чорлов, яна ўзларининг қолипига солиш учун гумроҳлаштириш кампанияси авжига чиқди. Буни зудлик билан тўхтатиш керак. Тўхтатиш учун тинмай эътироз билдириш, ёзиш керак”, дейди журналист Умид Сориев Фэйсбукдаги постида.


Журналистнинг огоҳлантиришича, имом-хатиб “содда халқни оммавий тарзда қуллик, тобеликка чорламоқда”.

Таниқли ёзувчи Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон имомнинг мунозарали маърузасига жавобан ислом оламида мўътабар саналган саҳобаларнинг адолатини ёдга олди.

"Абу Бакр Сиддиқ (р.а.) халифа этиб сайланиб илк қилган хутбаларида бошлиқ сифатида бош вазифаларини АДОЛАТ ЎРНАТИШ деб белгилаганлар. Адолат пойдеворида эса, мазлумнинг ҳақини золимдан олиб бериш ётишини уқтирганлар!..

...Қазои қадар шу экан-да, деб қўяқолишмади, шу ўзимизнинг бошлиқ, шу ишлар ўзимизнинг ишлар, деб индамай сабр қилиб ўтираверишмади, қуруқ дуо этиб ётаверишмади – бу ёғи нима бўлади энди?!” дея хитоб қилди таниқли адиб.

Жамоат фаоли Мусанниф Адҳамга кўра, “иссиққина масжид минбарида ўтириб олиб, совуқда қалтираётган, газ қуйиш шохобчаларида тонг оттираётган, қоронғиликда тимирскиланиб юрган халқни ношукрликда айблаш, уларни ниҳояси йўқ ҳолатга “сабр” қилишга ундаш айни динфурушлик – динни сотиб кун кўриш, нон ейиш, қорин қаппайтириб, бола-чақа боқишдир”.

“Халқ ўз еридан чиқаётган газни, қонуний ҳаққи бўлган электр токини беришни талаб қилаётган бўлса-ю, ҳукумат ноқобиллиги, ишларни эплолмаслиги сабабли бу талабни бажара олмай, камига мум тишлаб ўтирган бўлса, уни оқлаш учун динни дастак қилманг... Дин пешвоси золимнинг эмас, мазлумнинг ёнида бўлиши, адолатга риоя қилиши керак”, деб ёзди М.Адҳам.

Телеграмдаги “Platforma.uz” канали эса, бугун "сиёсатчилар дуогўй муллага, уламолар эса геосиёсатчига айланаётгани" ҳақида ёзди.

“Минтақамизда ва, умуман, дунёда фавқулодда чигаллашиб кетган геосиёсий ва геоиқтисодий муаммолар масжидларимизга ҳам кўчиб ўтгандай... Домланинг ваъзини тинглаб туриб, у моҳиятига кўра геосиёсий характерга эга эканлигини илғаш қийин эмас. Ҳа, замон шундай бўлдики, сиёсатчиларимизнинг кўпи дуогўй муллага, уламоларимиз эса геосиёсатчига айланиб қолишди”, дейди муаллиф.


Блогер Ақида Хоним "Биз бесабр ва ношукрларни кечиринглар, домла!” дея истеҳзо қилди.

“... Ҳозир духовкани ёқиб, оғзини очиб оёғимни милтиллаб турган оловида иситиб ўтириб шу постни ёзяпман. Биз бесабр ва ношукрларни кечиринглар, домла!” деб ёзди у.


“Боболаримиз электрсиз, газсиз яшади, ўлмади”, деган маърузани ўқиди. Кейин жипга миниб кетди. Туя ёки отга эмас!” дея заҳарханда қилди бошқа бир блогер Санжар Хўжа.

Водийлик тармоқ фойдаланувчиси пойтахт бош имомига йўллаган кескин раддиясида аҳолини эмас, балки ёзда қишнинг ғамини емаган масъулларни танқид қилиш кераклигини таъкидлади.

“Мен Ўзбекистондан фуқароликни илтимос қилиб олмаганман. Ота-боболарим, етти авлодим шу ерда туғилган. Аллоҳ бизни шу юртда дунёга келтирибдими, шу юрт ер остига кўмилган табиий бойликлардан фойдаланишни талаб қилишга ҳақим бор, чунки у бойликлар меники ҳамдир!” деди у.

Телеграмдаги “Девонайи Ҳақгўй” канали муаллифи чинакам диний уламо одамларни сохта шукроналикка чорлаш ўрнига минбарларда халқ дардини баралла айтиши кераклигини урғулади.

Ўтган йили Тошкент шаҳар бош имом-хатиби этиб тайинланган Раҳматуллоҳ Сайфиддинов қатор ижтимоий мавзулардаги зиддиятли маърузалари билан аввал ҳам муҳокамаларга сабаб бўлган.

Имом жумладан, эркакларнинг доялик қилишини шармандалик, турк сериалларини эса миллат зеҳниятига зарарли, деб қоралаган.

Ўтган йил февралида Ўзбекистон мусулмонлари диний идораси Сайфиддиновнинг “амри маъруф”ни тақиқлаш Ўзбекистон ҳукумати сиёсатига зид" деган сўзларига раддия бериб чиққанди.

Диний идора "имом-хатибларга ихтилофга сабаб бўладиган мавзуларни масжид меҳробида туриб муҳокама қилмаслик тушунтирилгани"ни билдирган.

Аммо Тошкент шаҳар бош имом-хатиби чуқур энергетик инқироз фонида аҳолини сабр ва шукур қилишга чақираётган биринчи ва ягона уламо эмас. Ўзбекистонда расмий имомларнинг долзарб ижтимоий-сиёсий мавзулардаги ваъзлари диний идора ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги дин ишлари бўйича қўмита томонидан мувофиқлаштирилади, деб ишонилади.

Форум

XS
SM
MD
LG