Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 08:00

"Имомнинг шахсий фикри". Диний идора Адлия вазирининг баёнотини қўллаб чиқди


Тошкент бош имоми Раҳматуллоҳ Сайфутдинов
Тошкент бош имоми Раҳматуллоҳ Сайфутдинов

Ўзбекистон Мусулмонлари идораси Тошкент бош имом- хатибининг давлатнинг диний сиёсати борасидаги талқинини рад этиб чиқди.

Аввалроқ Дин ишлари қўмитаси имом Раҳматуллоҳ Сайфутдиновнинг тармоқларда мунозараларга сабаб бўлган маърузасига расмий раддия берган эди.

15 февраль кунги маърузасида Тошкент бош имоми “амри маъруф”ни тақиқлаш Ўзбекистон ҳукумати сиёсатига зид", дея таъкидлаган.

Унинг сўзлари Адлия вазири Русланбек Давлетовнинг имомларнинг “ўз қарашларидан келиб чиқиб жамиятдаги ўлчовларни белгилашига" қарши огоҳлантиришидан сўнг янграганди.

Ихтилофли мавзулар меҳробга ташилмасин!

17 февраль куни Ўзбекистон Мусулмонлари идораси Тошкент бош имом-хатиби маърузасининг мазмуни қораланган баёнотни эълон қилди.

Идора баёнотида бош имом Раҳматуллоҳ Сайфутдиновнинг исми тилга олинмади. Аммо сўнгги пайтларда тармоқларда "салбий мунозараларга" сабаб имом-хатибларнинг маърузалари идоранинг Одоб-аҳлоқ комиссияси йиғилишида муҳокама қилингани таъкидланди.

Айтилишича, имом-хатибларга ихтилофга сабаб бўладиган мавзуларни масжид меҳробида туриб муҳокама қилмаслик тушунтирилган.

“Таъкидлаш жоизки, алоҳида диний ходимларнинг шахсий фикри Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг расмий муносабатини ифода этмайди”. “Зеро, меҳроб муқаддас жой бўлиб, бу ерда воизнинг шахсий талқини асосида билдирилган фикрлар диндорлар томонидан фатво сифатида қабул қилинади”.

“Ўзбекистон мусулмонлари идораси диний соҳа ходимларини жамоавий ва ижтимоий тармоқлардаги чиқишларда амалдаги қонунчиликка риоя этишга, амри маъруф ва наҳйи мункарни Ҳазрати Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатлари асосида олиб боришга чақиради. Фуқаролардан эса бундай мавзуларни ғаразли мақсадларда ижтимоий тармоқларда оммалаштирмасликни сўрайди”, дейилади диний идора баёнотида.

“Домлаларнинг жамиятга ўлчов қўйишига йўл қўймаймиз”

Жорий йил 7 февраль куни Адлия вазири Русланбек Давлетов, жамоатчиликка ҳисоб бераркан, имомларнинг мунозарали чиқишларига тўхталган эди.

Адлия вазири Ўзбекистон қонунчилигига биноан имомларнинг “ўз қарашларидан келиб чиқиб жамиятда ўлчов белгилашига йўл қўйилмаслиги”ни таъкидлади.

“Америкалик ёзувчи Дэвид Фримен “одамларга дўзахга кириш-кирмаслик танловини ўзларига қўйиб беринглар» деган. Ўзи кирадику, кирса! Буни катта олимлар бекорга айтмаган. Бу жамият ривожланиши учун катта аҳамиятга эга бўлган нарсалар. Ўзининг диний ўлчовлари, уйидаги қарашлари билан жамиятга ўлчов қўйишга йўл қўймаймиз, чунки қонун бор”, деди вазир.

Воқеадан бир ҳафта ўтиб, 15 февраль куни, Тошкент бош имоми Раҳматуллоҳ Сайфутдиновнинг вазир баёнотига кескин норозилик билдирган маърузаси тармоқларда тарқалди.

Имом вазирнинг бу чиқишини “унинг шахсий фикри” деб атаб, имомларга “амри маъруф”ни тақиқлаш Ўзбекистон ҳукумати сиёсатига зид, деб таъкидлади.

Шахсий фикрни оммавий муносабат, деб талқин қилманг!

16 февраль куни Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари қўмитаси тармоқларда мунозарали чиқиш қилаётган имомлар масаласида баёнот эълон қилди.

Қўмита баёнотида ҳам Тошкент бош имом-хатибининг исми тилга олинмади, аммо айрим “диний соҳа вакиллари”нинг мунозарали шахсий фикрини жамоатчиликка сингдириш ҳаракати, “дунёвий, ҳуқуқий демократик” Ўзбекистоннинг қонунчилигига зид экани таъкидланди.

“Фуқароларимиздан диний мавзу ўта хассос эканини эътиборга олиб, Интернет ва ижтимоий тармоқларда диний масала ҳамда давлатнинг дин соҳасидаги позициясига муносабат билдирганда холис бўлиш, айни вақтда, давлатнинг дунёвий демократик тамойилларини қатъий ёдда тутган ҳолда шахсий қарашларини оммавий муносабат сифатида талқин қилмасликларини сўраб қоламиз!” дея имомларга юзланди Дин ишлари қўмитаси.

Тармоқлардаги акс-садо

Имомларнинг бундай чиқишлари эса тармоқларда турлича акс-садо бермоқда.

Диндор қатлам Раҳматуллоҳ Сайфутдиновнинг Адлия вазирига жавобини, имомларни назоратга олишга уринган ҳукуматнинг эҳтимолий чекловларига қарши жасоратли чиқиш, дея олқишламоқда.

Жумладан, Телеграм тармоғида энг кўп тарқалган видеоклипга: “Адлия вазирига Раҳматуллоҳ Термизий домламиздан ажойиб жавоб”, деган изоҳ берилди.

Диний уламолар ва Адлия вазири ўртасидаги баҳсларни кузатаётган тошкентлик журналист бундай мунозаралар мамлакатнинг диндор ва диндор бўлмаган аҳолиси орасидаги зиддиятни кучайтирмоқда, деган фикрда.

Унинг таъкидлашича, дин сиёсатига масъул қилиб қўйилган имомлар ва ҳукумат вакиллари аввало бирдек қонунга амал қилиши лозим.

“Тарбия учун масъуллар диндан гапирганда дунёвийликни, қонундан гапирганда динни ёмонотлиқ қилиб қўйишдан тийилиши керак. Адлия вазири мутлоқ тўғри гапирди, дейиш ҳам жуда соддалик бўлди. Журналистларнинг саволларига айрим ҳолларда гапни айлантириб жавоб беради. Яъни, ўзи ҳам қонунга тўлиқ амал қиладиган мулозим эмас. Аслида, қайсидир маънода шундай баҳсларнинг бўлгани яхши. Чунки ким бўлса ҳам, вазирми, домлами ўз устида ишлашга, қонунларни, диний қўлланмаларни варақлаб кўришга ундайди бу ҳолатлар”, дейди исми очиқланмаслигини истаган ўзбекистонлик журналист.

Мунозарали имомлар

Тошкент шаҳрига 4 ой аввал бош имом қилиб тайинланган ва мамлакатдаги мусулмонлар орасида илмли ва қатъиятли имом, деб танилган Раҳматуллоҳ Сайфутдинов, қатор ижтимоий мавзулардаги зиддиятли маърузалари билан аввал ҳам муҳокамаларга сабаб бўлган.

Имом жумладан, эркакларнинг доялик қилишини шармандалик, турк сериалларини эса миллат зеҳниятига зарарли, деб қоралаган.

Аслида, маърузалари баҳс бўлган ва ҳатто, қонуний жазога тортилиши сўралган - биргина Тошкент бош имоми эмас. Тармоқларда йирик даҳанаки можаро чиқарган яна бир имом, Тошкент вилояти Зангиота туманидаги «Фатҳ» жоме масжидида имом ноиби бўлган Солихон домла - Солихон Ортиқхўжаев бўлди.

Бу домла, ичкиликка берилган мусулмонларни гапираркан, Хоразм вилояти аҳолисини умумлаштириб қоралагани кескин норозиликка сабаб бўлди. Бунинг учун қонуний жавобгарликка тортиш талаблари янгради. Норозиликлар ортидан Ўзбекистон Мусулмонлари диний идораси имомни вазифасидан четлатди.

Бундан ташқари, Фарғона вилояти Тошлоқ тумани Бош имом хатиби, Шукрулло Эгамбердиев (Шукрулло домла)нинг маърузаларидан бирида аёл кишига нисбатан “расво” жумласини қўллагани ҳам можаро бўлди.

Миллий давлатчилик стратегияси

Германияда яшаётган сиёсий таҳлилчи Хуршид Ҳабиб, Тошкент бош имоми Раҳматуллоҳ Сайфутдинов ҳамда Адлия вазири Русланбек Давлетовлар чиқишини таҳлил қиларкан, ҳозирги Ўзбекистон учун миллий давлатчилик стратегиясини белгилаб олиш муҳимлигини таъкидлайди.

Хуршид Ҳабибга кўра, Адлия вазирининг чиқишини, нафақат имомлар балки жамиятнинг барча аъзолари жуда жиддий қабул қилишлари лозим:

"Биринчидан, Адлия вазири ҳалққа ҳисоб берди ва бу пайтда айтилган фикрлар, Руслан Давлетовнинг шахсий фикри эмас, буни жиддий қабул қилиш керак. Иккинчидан, Раҳматуллоҳ домланинг, бу фикрларнинг президентга алоқаси йўқ, деган гапига қисман қўшилиш мумкин. Чунки, президентлик - сайланадиган давлат лавозими. Шунинг учун президент сайловчиларнинг фикри ва кайфиятини эътиборга олишга, маълум бир диний масалаларда консерватив жамият аъзолари ёнини олиб, уларга адвокатлик қиладиган чиқишлар қилишга мажбур. Келгусида давлат раҳбарияти ва турли институтлар расмийлари, Ўзбекистоннинг келажаги учун шу икки позициядаги шахсларни миллий давлатчилик йўлида бирлаштира олиш стратегиясидан бориши керак, деб ўйлайман".

Вазирлар Маҳкамаси қошидаги Дин ишлари қўмитасининг Раҳматуллоҳ Сайфутдинов чиқишига жавобан муносабатида, яқинда қайта қабул қилинган “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонуннинг 5 ва 7-моддалари тилга олинди.

Қонуннинг 5-моддасида “фуқароларнинг динга муносабатидан қатъи назар, диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмаслиги белгиланган.

7-моддада эса “давлат турли динларга эътиқод қиладиган ва уларга эътиқод қилмайдиган фуқаролар, турли динларга мансуб диний ташкилотлар ўртасида ўзаро муроса ва ҳурмат ўрнатилишига кўмаклашиши” белгилаб қўйилган.

XS
SM
MD
LG