Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 06:34

"ИИБ ҳожатхонаси ҳам хавфли". 21 яшар маҳбуснинг ўлими қийноқларга доир янги муҳокамаларни келтириб чиқарди


Ҳуқуқ фаоллари мамлакатда қийноқлар билан боғлиқ хавотирларнинг сақланиб қолаётганини ички ишлар тизими тубдан ислоҳ қилинмагани билан боғлашади. 
Ҳуқуқ фаоллари мамлакатда қийноқлар билан боғлиқ хавотирларнинг сақланиб қолаётганини ички ишлар тизими тубдан ислоҳ қилинмагани билан боғлашади. 

Тошкентда гиёҳванд модда истеъмол қилишда гумонланиб ҳибсга олинган 21 яшар йигит ИИБда бир ҳафта давом этган сўроқдан сўнг 29 май куни Тез тиббий ёрдам бўлимида вафот этган.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги гумондорнинг ўз жонига қасд қилганини айтмоқда.

Аммо шифокорлар ва яқинларининг кўрсатмалари расмий фараздан фарқ қилади.

Яна бир ўзбекистонликнинг Ички ишлар идорасидаги тергов жараёнида вафот этиши мамлакатдаги қийноқларга доир янги саволларни келтириб чиқарди.

Тошкент шаҳар Чилонзор туман ИИО ФМБга 22 май куни олиб келинган 21 ёшли сурхондарёлик йигитнинг ўлими юзасидан прокуратура текширув ўтказмоқда, деб билдирди 29 май куни Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов.

Ички ишлар вазирлигининг 29 майда маълум қилишича, Ҳ.Т., исмли фуқаро шубҳали кўрингани учун 22 май куни эрталаб Чилонзор тумани ИИО ФМБга олиб келинган ва унинг ёнидан 53,52 грамм наша топилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Ҳ.Т.,га нисбатан жиноят иши қўзғатилган.


"Шу куни тахминан соат 18.50 ларда Х.Т. Чилонзор тумани ИИО ФМБдаги 4-қаватда жойлашган хизмат хонасига олиб кетилаётган вақтида, ҳожатхонага киришлигини сўраган. Х.Т. 4-қаватда жойлашган ҳожатхонага киргандан сўнг, терговдан қочиб яшириниш мақсадида ҳожатхона деразасидан пастга сакраши натижасида бош ва тана қисмидан турли жароҳатлар олган (Мазкур ҳолат бинога ўрнатилган видеоёзув мосламаларида қайд этилган)", дейилади Ички ишлар вазирлиги расмий баёнотида.

Касалхонага ётқизилган йигитга “бош мия ёпиқ жароҳати, бош мия лат ейиши, бош суягини синиши, тана аъзоларининг гематомаси ташхиси қўйилган. 29 май куни Ҳ.Т., касалхонада вафот этган”.

Йигитни таниган яқинларидан бири унинг исми Ҳафизуллоҳ Турғунбоев экани, у 2002 йилда Сурхандарё вилоятида туғилганини маълум қилди.

Марҳумнинг яқини Кун.уз нашри билан суҳбатда Ҳафизуллоҳ Турғунбоев ўзини “4-қаватдаги ҳожатхона деразасидан ташлаганига ишонмаслиги”ни айтган.

Пойтахтнинг Учтепа туман Тез тиббий ёрдам бўлими шифокорларидан бирининг Озодликка иаълум қилишича, Ҳафизуллоҳ касалхонага мутлақо бошқа ташхислар билан олиб келинган.

- Ўша куни постда мен навбатчи эдим. Шунақа, деб топширишди (“4 қаватдан қулаб тушди”, таҳр). Аниқ ташҳиси унинг “история”сида бор, шундан кўрса бўлади. Унинг оёқ-қўли синмаганди бизга келганда. Менга топширилганда “оёқ-қўли бутун”, деб топширилган. Бошида гематома, ичи эзилган, оғзидан қон қусиб қолганди. Билмадим, у тўртинчидан тушганми-йўқми. Мен ўзим ҳам уни ошқозонини 3-4 марта ювдим, - дейди исмини очиқламасликни сўраган шифокор.

Манабанинг билдиришича, Ҳафизуллоҳ Турғунбоев бошидан жиддий жароҳат олгани боис операция қилинган, бироқ бироздан кейин кома ҳолатига тушган ва кейин ўзига келмасдан жон таслим қилган.

Ҳолат юзасидан Чилонзор тумани прокуратураси терговга қадар текширув ўтказаётгани хабар қилинди.

Блогер Олимжон Ҳайдаров ўзининг Фейсбук саҳифасида шифокорлардан бири ҳолатни видеога туширгани ҳақида ёзди, аммо ҳозирча бу видео ҳеч қаерда эълон қилингани йўқ.

Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов мазкур ҳолат ҳар томонлама тергов қилиниши зарурлигини айтиб, охирги пайтларда ИИБдаги қийноқлар билан боғлиқ иддаолар кўпайганини қайд этди.

- Ҳуқуқни мухофаза қилиш идораларидан уни “қочмоқчи бўлиб сакради”, “жароҳат олди, шунинг учун кейинчалик ўлди” деган гаплар айтилди. Ижтимоий тармоқларда эса гўёки у ўлдирилган, кейин ташланган, деган гаплар бўляпти. Шу сабабли ваколатли органлар жавобини кутишга туғри келади. Чунки видеотасвирлар эълон қилингани йўқ, бу ҳодисани кўзи билан кўрганлар ҳам йўқ ҳозирча. Шу боис бу ҳақда бирор гап гапириш эртароқ бўлади. Лекин мен катта эҳтимол билан ҳуқуқни му=офаза қилувчи идора ходимларининг судланувчи ва гумондорларга нисбатан қаттиқ жароҳатлар етказишига ишонаман. Бу ерда ҳам шунақа бўлган бўлиши мумкин, деди ҳуқуқ фаоли.

Мазкур ҳодиса шу куниёқ Интернетнинг ўзбек сегментидаги энг муҳокама қилинаётган мавзулардан бирига айланди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг собиқ депутати Расул Кушербаев навбатдаги гумондорнинг ўлими борасида ИИВ келтирган важларни "кулгили" деб атади.

"ИИБни ҳожатхонаси ҳам хавфли. У ердан кейинги йўл ўлим бўлиши мумкин! ", деб ёзди Кушербаев.

Унинг сўзларига кўра, маҳбуснинг ҳеч бир қийноқ ва руҳий босимларсиз, ўзи истаб ўлганини оқловчи баёнот жуда кулгули.

"Чунки ҳожатхоналарда одам сиғадиган даражада дераза бўлиши камёб ходиса. Айниқса, ИИБда".

Нилуфар Нурматова: "Жиноятчилар ўтирган падвалда ҳожатхона йўқ эканда! 4- қаватга олиб чиsишган бoлса?! Мантиққа ҳам тўғри келмаяпти!!"

Nodir Hasanov: "Нима бўлгани ёлғиз Оллоҳга аён, кўрмаган билмаган эшитмаган нарсага айнан уриб ўлдирди дейиш керемас, бу тема билан керакли органларни ўзлари шуғулланиб натижасини айтишади. Гумон қлиб туҳмат қлиб қўйишдан тийилиш керак"

Кўплаб ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари бундан олдинроқ содир бўлган шунга ўхшаш ҳодисани ёдга олди.

Акрам Базарматов: "Кейинги пайтларда ички ишлар ходимлари томонидан кўп рўй бермоқда, камига ҳар гал фуқаро айбдор бўлиб чиқавериши фуқароларда шубҳа уйғотмокда. Доим ИИБ ходимлари сувдан қуруқ чиқиб кетишади. Бунга чек қўйиш керак."

Abdulaziz Shermuxammad: "Repressiya boshlandimi? Nimaga odam ölaveradi? Bu birinchisi emas. Qiynoqlar bo'lgan bo'lsa sakravorgan yoki öldirib qöyib keyin öziga tönkash uchun tashlab yuborilganmi.... Afsus. Soliqlarimiz shunaqa ishlarga ketyabdi"

Шарҳловчилар орасида Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов истеъфосини талаб қилувчилар ҳам пайдо бўлди.

Murodjon Jurayev: "Янами. Пўлат Бобожонов истеъфо бериб, соҳада ислоҳот қила оладиган одам келадими ўзи??? Қачонгача халқ билан бу ғўдайганларни ўртасида катта жарлик тураверади???"

Шу йилнинг 12 апрель куни Наманган вилояти Поп тумани ИИБ томонидан ҳибсга олинган Россия Федерацияси фуқароси, тадбиркор Дилшод Тўрахўжаевнинг шафқатсиз қийноққа солингани хабар қилинганди.

2021 йилнинг 26 июнь куни президент Мирзиёевнинг "Қийноқ қурбонларини қўллаш халқаро куни”да қийноқларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштириш тўғрисидаги қарори эълон қилинган, аммо фаолларга кўра, ўтган вақт мобайнида қийноқлардан ўлим ҳолатлари давом этган.

Жумладан, 2021 йилнинг 25 июль куни Қашқадарё вилояти Нишон тумани ИИБнинг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлимига олиб келинган фуқаро Нурсоат Муҳаммадиевнинг жасади яқинларига топширилди. ИИБ органи унинг вилоят наркологик диспансерида вафот этгани, марҳумнинг яқинлари эса унинг уриб ўлдирилганини иддао қилди, қийноқ излари борасидаги важлар текширилмади.

2022 йилнинг 11 февраль куни Қашқадарё вилоят, Миришкор туман, “Чандир” маҳалласида яшовчи Юсуф Султонов ИИБ ходимлари томонидан олиб кетилган ва орадан 6 соат ўтиб, яқинлари унинг ўлганидан хабар топишганди. ТерговчиСултоновнинг "алкоголдан вафот этгани”ни айтган.

2022 йилнинг 17 октябрь куни Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида жойлашган “Вояга етмаганларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш маркази”дан Учкўприк тумани Султон МФЙда яшовчи 9 синф ўқувчиси 15 яшар Равшанбек Абдусатторов калтакланиш натижасида вафот этган.

Ҳуқуқ фаоллари мамлакатда қийноқлар билан боғлиқ хавотирларнинг сақланиб қолаётганини ички ишлар тизими тубдан ислоҳ қилинмагани билан боғлашади.

Ўтган ой президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларация қабул қилинганининг 75 йиллигини кенг нишонлаш. тўғрисидаги фармоннни имзолаган.

Унга мувофиқ Ўзбекистон ҳукумати томонидан БМТнинг инсон ҳуқуқлари кенгашига мамлакатда инсон ҳуқуқлари таъминланиши, жумладан, қийноқларга қарши курашга оид миллий ҳисоботлар тайёрланади.

Форум

XS
SM
MD
LG