Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 06:28

Жазосизлик ва “ташқи кучлар” аралашуви. Қозоғистон ва Қорақалпоғистон воқеаларининг умумий жиҳатлари ҳақида


Нукусдаги норозилик намойиши.
Нукусдаги норозилик намойиши.

Нега авторитар раҳбарлар намойишлар бостирилганидан сўнг мамлакатда вазиятни издан чиқаришга уриниш бўлганини иддао қилишади ва бунга ташқи кучларни айблашади? Марказий Осиё мамлакатларида оммавий норозиликни бостиришда ҳаддан ортиқ куч ишлатилиши сабаби нима? Қозоғистондаги январь воқеалари билан Қорақалпоғистонда юз берган намойишлар ўртасида қандай умумий жиҳатлар бор?
Озодлик радиоси қозоқ хизмати Human Rights Watch халқаро ҳуқуқбонлик ташкилотининг Европа ва Марказий Осиё бўйича директори Ҳю Уильямсон билан шулар ҳақида суҳбатлашди.

Чет элдаги қандайдир кучларга қаратилган айбловлар

Озодлик: Қорақалпоғистондаги ғалаёнлар ва Қозоғистонда юз берган январь воқеаларидаги инсон ҳақлари бузилиши ҳолатларида умумий ўхшашлик кўрдингизми?

Ҳю Уильямсон: Human Rights Watch турли мамлакатлардаги вазиятларни қиёсламайди. Биз январь ойида Қозоғистонда бўлган воқеаларни Қорақалпоғистон воқеалари билан солиштирмаймиз. Лекин, майли, модам савол берган экансиз, жавоб берай.

Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг инсон ҳақлари риоясига нисбатан ёндашувда айрим умумиятлар бор. Масалан, иккала мамлакат кучишлатар ходимларининг ўзини тутиши ўхшаш. Хавфсизлик кучлари вакилларининг феъл-атвори, улар инсон ҳуқуқларини бузгани учун жавобгар қилинмаслиги бизда жуда жиддий ташвиш уйғотмоқда. Иккала ҳолатда ҳам одамлар ўлдирилди, билишимизча, Қозоғистонда 230 ва Ўзбекистонда 18 киши ўлган. Аммо ўлдирганлар ҳеч қандай жавобгарликка тортилмайди.

Иккала ҳолатда ҳам ҳукумат бу воқеалар тергов қилинишини айтди. Бироқ Human Rights Watch томонидан ўтказилган аввалги тадқиқотларга таяниб, ушбу баёнотлар ортидан муҳтамалан фуқаровий шахсларнинг ўлимига алоқадор кучишлатар ходимлар ростмона тергов қилинади ва суд орқали жазоланади, деб ўйламайман. Бизни иккала ҳолат ҳам ташвишга солади. Иккала вазиятда ҳам воқеалар ўхшаш тарзда ривожланиши, яъни фуқаролар ўлими айбдорлари ўз қилмишлари учун жазосиз қолиши мумкин.

Қозоғистон воқеалари олти ой олдин юз берган бўлса, Ўзбекистон мисолида энди бир неча ҳафта ўтди. Табиийки, Ўзбекистон хусусида бирон хулоса чиқаришга ҳали эрта. Ўзбек ҳукумати тергов бошланишини айтди. Ва биз уларни тинч аҳолини ўлдирганларни жазога тортиш имконияти бўлмоғи учун шаффоф ва мустақил тергов ўтказишга чақирамиз.

Иккинчидан, иккала ҳолатда ҳам ҳибсхоналарда хавфсизлик кучлари ходимлари томонидан қийноқлар қўлланиши бунинг азалдан давом этиб келаётган воқелик ва хос хусусият эканини кўрсатди. Қозоғистонда мазкур воқелик далиллари ҳалигача чиқиб турибди, Ўзбекистонда ҳам қийноқлар бўлган. Умуман олганда, Ўзбекистон ҳибсхоналарида маҳбуслар қийноққа солиниши жиддий муаммодир.

Учинчидан, иккала ҳолатда ҳам расмийлар бирон-бир аниқ далил келтирмаган ҳолда намойишлар ортида аллақандай ажнабий кучлар тургани ҳақидаги мужмал иддаолар билан чиқишди. Айни позиция ҳукуматнинг инсон ҳуқуқлари, қотилликлар, қийноқлар ва ҳибсга олишларга панжа орасидан қарашига олиб келди. Иккала ҳолатда ҳам кучишлатар ходимларнинг хатти-ҳаракатларини давлатга қарши фитна билан хаспўшлаш тенденцияси қайд этилди.

Озодлик: Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев тартибсизликларни қўзғатишда “ташқи кучлар”ни айблади. Январь воқеаларидан сўнг Қозоғистон президенти Тоқаев ҳам бунинг учун жавобгарликни қандайдир мавҳум кучларга тўнкаган эди. Нега авторитар лидерлар доим “учинчи кучлар”ни айблашади?

Ҳю Уильямсон: Ҳали айтганимдек, биз бу икки вазиятни қиёсламаймиз. Бироқ сиз ҳақсиз, улар айнан шунақа иддао билан чиқишди. Биз аниғини билмаймиз, мазкур баёнотларда асос бор-йўқлиги бўйича позицияга эга эмасмиз. Лекин улар ташқи кучлар иштирок этганига далил кўрсатишлари лозим, чунки акс ҳолда бу жамоатчиликни реал муаммодан чалғитиш стратегияси, деб тушунилади.

Реал муаммо шундаки, январь воқеалари чоғида Қозоғистонда юзлаб, Ўзбекистонда эса июль бошида ўнлаб одам қурбон бўлди. Ва бу ўлимлар сабабини суриштириш зарур. Уларда аллақандай ташқи кучларнинг қўли бор, дейиш етарли эмас ва бу юз берган воқеаларни оқлаш, яъни тергов тадбирларидан бош тортиш, деб қабул қилинади. Ташқи кучлар аралашганми, йўқми, ким билсин. Исбот-далилларни кўрсак ёмон бўлмасди. Энг муҳими – ҳукуматнинг ўз эътиборини инсон ҳуқуқларининг поймол этилиши ҳолатларига қаратиши ва қотилларни жазога тортишидир, токи қурбонларнинг қариндошлари айнан нима бўлганини, яқинларининг ўлими тафсилотларини ва айбдорлар жазоланганини билсинлар. Биз шуни кутяпмиз.

Қорақалпоғистондаги намойишлар: Тинч аҳоли ва ҳукумат кучлари орасида қурбонлар бор - Мирзиёев
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:19:00 0:00

Ҳаддан ортиқ куч ишлатиш ва ҳуқуқбузарликлар

Озодлик: Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев намойишлар бостирилганидан сўнг Нукусга борди ва ушбу ғалаёнларга сабаб бўлган конституциявий ўзгартишларни бекор қилишга ваъда берди. Нега ҳукумат норозилик аввалида одамлар талабига қулоқ солмади ва нима учун зўравонликдан сўнггина уларнинг талабини қондирди?

Ҳю Уильямсон: Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари борасидаги вазият, маълумки, жиддий хавотир уйғотади. Бу сўз эркинлиги масалалари ва жамиятнинг ўз фикрини эркин билдириш, ўз овозини ҳукуматга етказиш имкониятларини қамраб олади.

Ўша баҳсли конституцион ўзгартишлар ишлаб чиқилишидан олдин Қорақалпоғистон аҳолиси билан лозим даражада тушунтириш ишлари олиб борилмади, маслаҳатлашув, муҳокамалар бўлмади. Эҳтимол, бу ишларни постфактум қилмоқчи бўлишгандир, лекин қанақа тартибда бўлар эди – буни билмаймиз. Бунақа муҳим ўзгартишларни қабул қилишдан олдин бафуржа кенгашиш, фикр алмашиш ниҳоятда зарур. Олдинроқ жиддий муҳокамалар ўтказилганида, шубҳасиз, яхшироқ бўлур эди.

Озодлик: Қорақалпоғистонда ҳам, Қозоғистонда ҳам намойишлардан сўнг фавқулодда ҳолат жорий этилди. Қолаверса, иккала мамлакатда ҳам интернет чекланди. Бу авторитар бошқарув учун оддий ҳолатми?

Ҳю Уильямсон: Афсуски, бунақа ишлар кенг тарқалган. Нафақат Марказий Осиёда, бошқа мамлакатларда ҳам бор бу амалиёт. Жуда чекланган муддатга интернетни ўчириб қўйиш айни ҳолатда ўринлидир, балки. Аммо узоқ вақтга, яъни кунлар давомида аҳолини интернетсиз қолдириш ҳақида гап бораркан, буни мақбул чора деб бўлмайди. Human Rights Watch Қорақалпоғистонда интернетни ўчириш буйруғини дарҳол бекор қилишга чақиради, зеро бу сўз эркинлигини, ахборот олиш эркинлигини чеклайди ва, ўз навбатида, қурбонлар ва ярадорларнинг қариндош-уруғларини ўз яқинлари ҳолидан хабар олиш имкониятидан маҳрум этади. Қолаверса, ҳукумат ҳам Қорақалпоғистондаги фуқаролардан самарали ахборот тўплай олмайди.

Фавқулодда ҳолат жорий қилиш қонуний бўлиши мумкин, бироқ мазкур чорани ўта чекли муддатда қўллаш ва одамларга нима бўлаётганини тушунтириш лозим.

Озодлик: Январда Қозоғистонда ва яқинда Қорақалпоғистонда ҳам одамлар ўлди, яраланди. Нега Марказий Осиёда ҳукуматлар норозиликни бостириш учун ҳаддан зиёд куч ишлатишга мойил?

Ҳю Уильямсон: Чунки улар илгари ҳам шу моделга таянганлар. Бироқ энди норозиликни назорат қилишнинг бошқа усулларини топишлари керак. Human Rights Watch маълумотига кўра, январь воқеалари чоғида полиция камида ўн нафар тинч фуқарони ўлдирган, улар қуролсиз одамлар бўлган ва ҳукуматга ҳеч бир тариқа хавф туғдирмаган. Полиция учун бу жуда ёмон иш.

Биз Қорақалпоғистонда 14 нафар тинч аҳоли ва 4 милиционер ўлими қандай ҳолатда юз берганини билмаймиз. Буни суриштириш, ўрганиш лозим. Аммо кўриниб турибдики, намойишчиларга нисбатан ортиқча қаттиққўллик билан иш кўрилган ва бу кўплаб ўлимларга, жароҳатларга олиб келган. Бунақа тарзда иш юритадиган полиция яхши полиция эмас.

Фуқаровий аҳоли хавфсизлигини таъминлашнинг ўнлаб одам ўлишига ва юзлаб киши яраланишига ҳожат қолдирмайдиган бошқа усуллари ҳам бор. Тартибни сақлашнинг кўплаб “юмшоқ” усуллари бор, биз Марказий Осиё мамлакатлари ҳукуматларини келгусида шунақа усулларга мурожаат қилишга чақирамиз.

Озодлик: Хабарларга қараганда, “оммавий тартибсизликлар”ни ташкил қилишда гумонланаётган шахслар Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларидаги ҳибсхоналарга жўнатилибди. Қозоғистонда ҳам, Ўзбекистонда ҳам ҳибсхоналар ёмон ном чиқарган: у ерда маҳбуслар ифода беришга мажбурланиши, қийноққа солиниши айтилади. Ўзбекистон яна қийноқлару қийноқ қўллаган шахсларнинг жазоланмаслиги билан боғлиқ можароларга тортилиши мумкинми?

Ҳю Уильямсон: Тахмин қилишни истамайман. Human Rights Watch Ўзбекистон ҳибсхоналарида қийноққа солиш, бешафқат муносабатда бўлиш ва ёлғон ифода бериш ҳолатлари бўлганини қайд этган. Таассуфки, Қорақалпоғистон воқеалари бўйича ҳибсга олинганлардан ифода олиш учун ҳам қийноқлар қўлланган бўлиши эҳтимолдан холи эмас. Биз Ўзбекистонни бунақа усулларни татбиқ этмасликка даъват қиламиз, бироқ улар барибир бундан воз кечишмайди, деган хавотир бор.

Шунингдек, ўзбек кучишлатар идоралари одамларни қўлга олиб ва ҳибсхонага қамаб шошқалоқлик қилгани ҳам бизни ташвишга солади. Айрим маҳбусларга (камида биттасига) аллақачон айблов эълон қилинган. Уларга қарши илгари сурилган айбловларнинг асослари ёки бу қадар жиддий жиноий айбловларнинг фактик далилларига доир маълумотларни биз билан баҳам кўришмади. Шу боис айбловлар жуда мавҳум, суд жараёнлари эса нохолис ва адолатсиз бўладими, деб қўрқаман.

Халқаро терговлар бўлиши мумкинми?

Озодлик: АҚШ ва БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Қорақалпоғистонда намойишчиларни тарқатишда қон тўкилгани юзасидан мустақил текширув ўтказишга чақирди, бироқ Ўзбекистон ҳукумати бунга ҳеч қандай муносабат билдиргани йўқ. Қозоғистондаги январь воқеаларида ҳам халқаро тергов ўтказишга чақириқлар бўлган эди. Аммо Тоқаев халқаро экспертларни жалб этишга зарурат йўқ, деб туриб олди. Қозоғистон ҳукумати халқаро тергов ўтказишга чақириқларни нега рад этди?

Ҳю Уильямсон: Улар нега бундай қилишганидан хабарим йўқ, лекин январь воқеаларини тергов қилаётган идоралар тўла мустақил эмаслигидан, 230 дан зиёд одамнинг ўлими синчиклаб тергов қилинмаслигидан хавотирдамиз. Улар чуқур мустақил текширув зарурлигини нега рад этишяпти, ҳайронман. Аслида бу Қозоғистон учун манфаатли, чунки мазкур ҳолатда ҳукуматнинг хатти-ҳаракатлари унинг январь воқеалари оқибатларига жиддий муносабатини мустаҳкамловчи қадам ўлароқ баҳоланган бўлур эди.

БМТ вакиллари тергов гуруҳига қўшилишга ёки ҳатто раҳбарлик қилишга таклиф этилса, бундан Қозоғистон албатта ютади.

Озодлик: Қозоғистон ва Ўзбекистон ҳукуматлари халқаро экспертларни жалб этишни истамаса ҳам, мазкур ташкилотлар хусусий тергов ўтказишлари мумкинми?

Ҳю Уильямсон: Human Rights Watch Қозоғистондаги воқеаларни текшириш билан аллақачон шуғулланмоқда. Аммо биз ноҳукумат ташкилотмиз. Биз Қозоғистон ҳукумати тергов олиб боришга топшириқ берган идора эмасмиз. БМТ бошчилигида мустақил тергов олиб борганида жуда яхши бўлур эди.

БМТ ёки ЕХҲТ мустақил тергов ўтказиш чорасини кўриши мумкин эди – ҳатто Қозоғистон бу ғояни дастакламаган тақдирда ҳам, зеро бу БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгаши ёки ЕХҲТнинг ваколатлари доирасидан четда эмас ва, менимча, шундай қилиш зарур. Ушбу босқичда Европа мамлакатлари ҳамда АҚШ Қозоғистоннинг мустақил терговда иштирок этишини рағбатлантирмоқда. Бироқ Қозоғистон ҳукумати халқаро аҳамиятдаги органни ташкил қилмаган тақдирда БМТ январь воқеаларини ўзи мустақил тергов қилишни бошлашига зарурат туғилиши мумкин.

Озодлик: Human Rights Watch Қорақалпоғистон воқеалари бўйича ўз терговини олиб бориши мумкинми?

Ҳю Уильямсон: Биз айни пайтда бу ишни бажариш имкониятларини ўрганяпмиз. Human Rights Watch, табиийки, юз берган воқеалар бўйича далиллар йиғишга ҳаракат қилади. Интернет ўчирилганини ва ахборот олиш имкониятимиз чекланганини ҳисобга олиб, Қорақалпоғистондаги воқеаларга доир далил ва гувоҳликларни тўплаяпмиз. Мавзу ўрганилмоқда. Ва, албатта, мумкин қадар кўпроқ маълумот тўплаш чораларини кўрамиз.

Озодлик: Постсовет мамлакатлар лидерлари Қозоғистон ва Қорақалпоғистон воқеаларидан қандай сабоқ чиқаришлари лозим, сабоқ чиқаришармикан ўзи?

Ҳю Уильямсон: Сабоқ шундан иборатки, бу каби воқеаларга ҳукуматнинг реакцияси инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мезонлар доирасида бўлиши жуда-жуда муҳим. Шу билан бирга ҳукуматлар “нега бундай бўлди”, “одамлар нега нобуд бўлди”, “нега бунча кўп одам қийноққа солинди ва ҳибс қилинди” каби муҳим саволларга ниҳоятда эътиборлиги бўлмоғи керак. Зеро бу ҳукуматнинг инқирозли вазиятлардаги асосий масъулиятига киради.

Ҳукуматлар воқеаларни келтириб чиқарган сиёсий вазиятга урғу бериш билан чекланиб қолмаслиги, юз берган воқеаларнинг оқибатларини инсон ҳуқуқлари нуқтаи назаридан баҳолашлари, ўлим ва қийноқ ҳолатларини инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ўз мажбуриятларига мувофиқ ўрганишлари ва айбдорларни жазолашлари лозим. Албатта, бу фуқаровий шахсларга ҳам тегишли.

Қозоғистонда биз тартибсизликларда иштирок этган кўплаб тинч аҳолини кўрдик. Улар мародёрлик ёки бошқаларга нисбатан зўравон қилишган бўлиши мумкин. Балки Қорақалпоғистон воқеаларида ҳам шунақа ҳолатлар бўлгандир.

Юз берган воқеаларни ҳар томонлама, пухта тергов қилиш ҳукумат учун устувор масаладир, ва мазкур тергов полиция, кучишлатар тузилмалар ва умуман, воқеаларга алоқадор барчани қамраб олиши керак.

Ушбу воқеалардан чиқадиган энг муҳим хулосалардан бири шуки, ҳукуматлар инсон ҳуқуқларига асосланган ёндашув моделини ишлаб чиқишлари лозим. Биз инсон ҳақлари ташкилоти сифатида ҳукуматлар қисқа ёки ўрта муддатли истиқболда шунақа ёндашувга амал қилишларига умид билдирамиз, холос. Акс ҳолда эса уларнинг инсон ҳуқуқлари доир хизматлари рўйхатида каттакон доғ пайдо бўлади.

Ҳукуматлар ўз аҳолисига муносабатда оқилона йўл тутмасалар ушбу инқирозларни енгиб ўта олишмайди, деб қўрқаман.

Одамлар эса юз берган воқеаларнинг реал айбдорлари жавобгарликка тортилмагунча норози бўлиб қолаверадилар. Ва бу халқаро ҳамкорлар, жумладан Европа мамлакатлари ва АҚШ билан алоқаларга таъсир этади. Қозоғистон ва Ўзбекистон ҳукуматлари айбдорларни жазолаш учун реал чоралар кўрмас экан, бу мамлакатлар қозоқ ва ўзбек ҳукуматлари фаолиятидан қониқиш ҳосил қилмайди.

XS
SM
MD
LG