Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 08:42

Қўқондаги реабилитация марказида 15 яшар ўсмир зўравонлик қурбони бўлди


Шу йилнинг 16 октябрь куни Фарғона вилояти Қўқон шаҳридаги Болаларни реабилитация қилиш ва мослаштириш марказидан Учкўприк тумани Султон МФЙ Султон қишлоғида яшаган 15 яшар Равшанбек Абдусатторовнинг ўлиги чиқди.

Озодлик манбаларига кўра, Равшанбек Янгиқўрғон қишлоғида жойлашган “Ансор” савдо мажмуасидан бир дона Flash ичимлиги ва 4 дона қурут (умумий баҳоси 16 700 сўм (1,5 АҚШ доллари) ўғирлаганлик айби билан маҳаллий участка инспектори томонидан тутиб келинган ва сўроқ қилинган.

16 октябрь куни гумондор соат 21.00 да махсус тиббий назоратдан ўтказилиб, Марказга топширилган. Мазкур Марказ ихтисослаштирилган реабилитация муассасаси бўлиб, вояга етмаган ҳуқуқбузарларни тарбиялаш билан шуғулланади.

Сурат баъзи кишиларнинг таъбини хира қилиши мумкин.
Яқинлари Озоликка тақдим этган фотосуратларда марҳумнинг жасадида қийноқ изларини кўриш мумкин.
Яқинлари Озоликка тақдим этган фотосуратларда марҳумнинг жасадида қийноқ изларини кўриш мумкин.
Сурат таъбни хира қилиши мумкин – Кўрсатиш учун тугмани босинг
Яқинлари Озоликка тақдим этган фотосуратларда марҳумнинг жасадида қийноқ изларини кўриш мумкин.

Равшанбек Абдусатторов ким?

Озодликка маълум бўлишича, 2007 йилнинг 19 ноябрида Фарғона вилояти Учкўприк туманида туғилган Равшанбек ота-онаси ажрашганлиги сабабли тоғаларининг қўлида катта бўлган.

Равшанбекнинг Озодлик мухбири суҳбатлашган синфдошларидан бири уни "одамови" ва "жисмонан бироз нимжон" бола сифатида эслашини айтди.

Ўсмир ёшига яқинлашаркан, Равшанбек турли кўча юмушларини бажарган, катталар эътиборидан четда қолган.

Яқинларининг айтишича, унинг жасадини икки кун давомида моргдан беришмаган. Жасад Қува шаҳридаги моргга юборилгач, ўликхонада ишловчи марҳумнинг маҳалладоши жасадни таниб қолади ва бу ҳақда яқинларига хабар беради.

Ўлим ҳақидаги тиббий гувоҳнома нусхаси.
Ўлим ҳақидаги тиббий гувоҳнома нусхаси.

Ўсмирнинг ўлимида кимлар гумонланмоқда?

Фарғона вилояти прокуратураси тарқатган хабарга кўра, 17.10.2022 йилда вояга етмаган Р.А. нинг соғлиғи ёмонлашиб, ҳушидан кетганлиги сабабли шаҳар Тез-тиббий ёрдам ходимлари чақирилиб, унга тиббий ёрдам кўрсатилишига қарамасдан, шифохонага олиб кетилаётган вақтида вафот этган.

Озодликда нусхаси мавжуд Суд-тиббий экспертизасининг дастлабки хулосасига кўра, марҳумнинг ўлимига “бош мия калла ёпиқ шикасти, мия қаттиқ парда остига қон қуйилиши, бош мия моддасининг лат ейиши” сабаб бўлган.

Дастлабки маълумотларга кўра, 16 октябр куни соат 21.00 да Равшанбек Абдусатторов реабилитация марказига ҳуқуқбузарлик билан 20 суткалик қамоқ жазоларини ўтаётган шахслар ёнига жойлаштирилган. Улар Равшанбекка тунда тан жароҳати етказган бўлиши мумкин, деган фараз мавжуд.

Аммо марҳумнинг яқинлари Равшанбекнинг олган тан жароҳатлари марказ ходимлари томонидан етказилган бўлиши мумкин, деб гумон қилишмоқда. Бу каби гумонга марҳумнинг жасади орадан икки кун ўтиб яқинларига берилгани сабаб бўлган. Аммо бу борада терговга бирон далил тақдим қилингани Озодликка маълум эмас.

Марҳумнинг яқинлари томонидан Озодликка тақдим этилган фотосуратлар унинг қийноқа солингани аломатларини кўрсатади.

Мазкур ҳолат юзасидан Қўқон шаҳар прокуратураси томонидан 18.10.2022 йилда Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 104-моддаси 3-қисми “д” банди (жабрланувчининг ўлимига сабаб бўлган оғир тан жароҳати етказиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

“Тергов ҳаракатлари давомида, жиноятга бевосита алоқадор икки нафар шахсга нисбатан айблов эълон қилиниб, “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилган. Шунингдек, ҳолат юзасидан ИИБ ЖХХ ҲПБ ВЕИҲЁКМ ходимларига нисбатан хизмат текшируви тайинланган.

Ҳозирда жиноят иши бўйича Қўқон шаҳар прокуратураси томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда”, дейилади Фарғона вилояти прокуратурасининг расмий баёнотида.

Қийноқ иддаолари кўпайди

Озодликка маълум бўлишича, ҳозирда Қўқондаги реаблитация маркази ходимлари Ички ишлар вазирлиги махсус инспекцияси томонидан текширилмоқда.

Текширувларга Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири ўринбосари Яҳёжон Абдулҳақов бошчилик қилаётгани айтилади.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида сўнгги пайтларда гумондор ва маҳкумларга нисбатан қийноқ қўлланилгани ҳақидаги иддаолар яна кўпайганига эътибор қаратди. Бир вақтнинг ўзида, жамиятнинг билдиришича, прокуратура органлари қийноқ иддаолари юзасидан суд идораларига протест киритиш ҳолатлари кўпайгани кузатилмоқда.

Жумладан, ташкилотнинг хабар қилишича, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 166-моддаси (Талончилик) билан айбланган фуқаро Отабек Абдумавлонов дастлабки тергов жараёнида "шафқатсиз" қийноққа солинган.

Тошкент шаҳар прокурори У. Қосимовнинг протестига кўра, аппеляция суди ишни қайта кўриб чиққан ва судланувчига нисбатан берилган узоқ муддатли қамоқ қисқартирилган. Отабек Абдумавлонов қамоқдан озод қилинган.

Шунингдек, "Эзгулик" хабарида айтилишича, Жиззах вилояти Даштобод шаҳарчасида истиқомат қилган Абдуқодир Бердимуродовга нисбатан қийноқ қўллаган, унга ҳаёти учун хавфли тан жароҳатлари етказган Зомин тумани ИИБ ходимларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 104-моддаси билан жиноят иши қўзғатилибди.

Шунингдек, Сирдарё вилояти Янгиер шаҳар ИИБ ходимларининг фуқаро Ўрол Тошпўлатовга нисбатан содир этган хатти-ҳаракатлари юзасидан терговга қадар суриштирув ишлари бошлангани хабар қилинади.

Форум

XS
SM
MD
LG