Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 14:30

Фарғоналик фермерларнинг режадан орттирган буғдойи тортиб олиняпти


Фарғона вилояти Ўзбекистон туманидан Озодликка мурожаат қилган икки нафар фермер, ҳар гектар ердан топшириладиган буғдой центнери ҳокимнинг буйруғи билан 4-5 центнерга сунъий равишда оширилганидан шикоят қилди.

Фермерлар сўзларига кўра, улар давлатга буғдой топшириш борасидаги контрактация шартномасини бажарган бўлса ҳам, режадан ортган буғдой зўрлик билан ўриб олинмоқда.

Ҳокимлик мулозими баъзи фермерлар билан шундай ҳолат бўлганини инкор қилмади.

Ўзбекистон туманининг Қолгандарё массивида буғдой етиштирган фермерлардан бирининг Озодликка айтишича, сўнгги ўн беш йил ичида биринчи марта ҳар гектар ерга белгиланган центнер асоссиз равишда оширилган:

“Президентимиз бу йилни “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” деб номлаган эди. Лекин бизда тескариси бўляпти. Мана мен, 15 йилдан буён фермерлик қилаётган бўлсам, шу пайтгача бирор марта центнер кўтарилмаган-да. Масалан ҳар йили мен ҳар гектар ердан 26 центнер буғдой топширардим. Бундан ортганини ишчиларимга бўлиб берардим, ўзимга қоларди. Бу йил эса ҳокимнинг буйруғи билан ҳар гектар ердан 30 центнердан топширасан, деб бор буғдойимни ўриб кетишди. Ўзимга бир кило ҳам қолмади, қарийб 20 нафар ишчимга нима бераман энди, бошимни чангаллаб қолавердим”, дейди фермер.

Унинг айтишича, контрактация шартномасини қишлоқ хўжалиги бошқармаси ва дон қабул қилиш комбинати ўзлари хоҳлаган тарзда тузади:

“Ўзлари олдин ёзиб, муҳрларини босиб, кейин сизга муҳр босиш учун беради. Сиз муҳрлаб беришга мажбурсиз”, дейди фермер.

Озодлик бошқа бир фермер билан боғланганда, у далада, буғдойини ўрдираётган экан:

“Мана ҳозир тўртинчи КамАЗни тўлдириб жўнатдим. Қишлоқ хўжалиги бошқармаси вакиллари келиб бошимизда турибди. 30 центнердан қилиб берасан, деяпти. Лекин менинг қўлимда гектаридан 24,5 қилиб тузилган шартнома бор. Лекин, махсус ўримчилар отрядига бас келолмайман, шекилли. Чунки, мелисаси ҳам бор, вакиллар ҳам шу ерда. Ишчиларим ризқини олиб қолишга ҳаракат қиламан”, деди фермер.

Унинг айтишича, чўл ҳудудда буғдой етиштириш анча оғир, лекин раҳбарлар буни инобатга олмаяпти:

“Бизнинг жойларда ҳар гектар ердан 20 центнердан ортиқ буғдой етиштиришнинг ўзи жуда қийин. Лекин, нега ҳеч ким буни ҳисобга олмайди, мутахассислар келиб, бу ер қанча ҳосил бериши мумкин деб, ўрганмайди. Ҳаммаси зўравонлик асосида бўляпти. Топширасан, тамом, бошқа муросага кўнмайди”, дейди фермер.

Ўзбекистон тумани ҳокимининг қишлоқ хўжалик ишлари бўйича ўринбосари Назиржон Мамадалиев, Озодлик билан суҳбатда, баъзи фермерлар билан шундай ҳолат бўлганини инкор қилмади:

“Кеча бир фермер шундай шикоят билан келди. Тушунмовчилик бўлган экан, режадан ортиқ буғдойи ўзида қолди. Лекин, ҳамма фермерлар билан шундай воқеа бўлаётгани нотўғри, агар қайси фермер билан шундай ҳолат содир бўлган бўлса, марҳамат, мен билан учрашсин. Муаммони ҳал қиламиз”, деди туман ҳокимининг қишлоқ хўжалик ишлари бўйича ўринбосари Назиржон Мамадалиев.

Ўзбекистонда фермерларнинг режадан орттирган буғдойини тортиб олиш ҳолатлари кўп кузатилади.

Андижон вилоятининг Андижон туманидан бўлган фермерларнинг Озодликка хабар беришича, шартномани юз фоиз қилиб бажарган фермерларнинг ўзларига қолган буғдойи ҳам зўравонлик билан ўриб олинмоқда.

Жорий йилнинг 18 июнида Сурхондарёдан Озодликка боғланган фермерларга кўра, ғалла режасини бажармаган фермерлардан топширилмаган буғдойнинг ҳар килоси учун 1200 сўмдан пул талаб қилинмоқда. Фермерлар иддаосича, МИБ бошчилигидаги мутасадди ташкилотлар ходимлари ғалла учун пул беришга қурби етмаган фермерларнинг чорва молларини тортиб олаяпти.

Жорий йилда нафақат Сурхондарë¸ балки мамлакатнинг бошқа ҳудудларида ҳам ёғингарчилик кам бўлгани ва сув танқислиги сабаб ғалла ҳосилининг камлиги айтилмоқда.

Жумладан, Самарқанд вилоятида ғалла ҳосилининг ўтган йилга нисбатан 35-40 фоизга кам бўлиши кутилмоқда. Вилоят ҳокими Туробжон Жўраев ҳокимлик ва мутасадди ташкилотлар вакилларини ғалла пишишидан 10 кун аввал дала шийпонларига ҳайдаган эди.

XS
SM
MD
LG