Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:46

Бухорода ҳоким аҳолининг бошоқлаётган буғдойини буздириб ташлади


Бухоро вилоят, Жондор туманида аҳолининг ҳайдаб ташланган буғдойзори
Бухоро вилоят, Жондор туманида аҳолининг ҳайдаб ташланган буғдойзори

Бухоро вилоят, Жондор туман ҳокими Камол Камолов аҳоли томорқасидаги пишиб қолай деган буғдой, арпа ва бедани хом ўрдиртириб, ўрнига чигит эктирди.

Озодлик суҳбатлашган жондорликларнинг айтишича, қамиш ва ўт босиб кетган бу ерлар, пахта яхши ҳосил бермай қўйганидан сўнг, аҳолига бундан икки йил олдин 10 сотихдан бўлиб берилган эди. Ҳаммаси бўлиб 200 дан ортиқ хўжаликнинг томорқаси бузилгани айтилди.

Аҳоли ўз ҳисобидан бу ерларни ўзлаштириб, ҳосилдор қилганидан сўнг йилнинг бошида тайинланган туман ҳокими аҳолига ҳосилини йиғиштириб олишига имкон бермади.

Жондор туманининг Хумин қишлоғида яшайдиган деҳқон Суҳроб Ҳакимовнинг айтишича, 8 апрель куни туман ҳокими қишлоқда мажлис ўтказиб, ортиқча ерларни қайтариб олиши ҳақида гапирган:

“Ҳоким Жондор тумани неча йилдан буён пахта плани тўлмаётгани ва шунинг учун аҳолига томорқа сифатида берилган 10 сўтихлик ерларни олиб қўйишга қарор қилганини айтди. Одамлар, майли, ҳеч бўлмаса ҳосилимизни йиғиб олайлик, буғдойлар бошоқ тортиб қолди, халқ шунга кўзини тикиб турибди, деса ҳам ҳоким рози бўлмади”, дейди Суҳроб Ҳакимов.

Жондорда аҳолининг пишмаган буғдой даласи ҳайдаб ташланди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:42 0:00

Унинг айтишича, икки кундан кейин прокурор билан ички ишлар ходимлари келиб, аҳолидан томорқадаги экинларни ўриб олишни, акс ҳолда шундай ағдариб ташлашини айтган:

“Одамлар норозилик билдирса, бу президентнинг қарори, ким президентга қарши чиқади, деб дўқ урди. Аҳолининг энди бош тортаётган буғдою арпаси увол бўлди. Одамлар ҳеч бўлмаса хашак бўлар деб, кўзларида ёш билан ўриб олди. Кейин плуг солиб ҳаммасини ҳайдаб ташлашди”, дейди Суҳроб Ҳакимов.

Хумин қишлоғида яшайдиган, олти фарзанднинг онаси 66 яшар Рўзигул Шаропованинг айтишича, у ҳосил пишгунча яна бир ой вақт беришни илтимос қилиб, ҳокимнинг қабулига борган, лекин ҳоким уни қабул қилмаган:

“Ҳокимга борсам, хотин-қизлар раисига тўғрилаб қўйдилар. У ҳам ҳамма ўрган бўлса, сиз ҳам ўрингда, деди. Мен олган томорқанинг ўрнида илгари пахта экилган. Лекин ерни қамиш, бегона ўт босиб кетган, сув яхши чиқмайди, баланд-паст бўлиб ётган эди. Эрим йўқ, болалар, келинлар билан чиппа ёпишдим ерга. Трактор киргиздик, қамишдан тозаладик, текисладик. Хуллас, яхши ер қилдик. Бу йил ҳам буғдойим шундай яхши бўлган эдики, йиғлаб-йиғлаб ўрдим. Увол бўлди, буғдой пишмай увол бўлди”, дейди Рўзигул Шаропова.

Озодлик суҳбатлашган жондорлик бошқа бир деҳқоннинг айтишича, туман ҳокимлиги “президент қарори” деган баҳона билан халқни хонавайрон қилди:

“Президентимиз халққа қайишинглар, халққа енгил қилинглар, деб айтяптилар. Булар эса, президент қарори деб, президентга қарши иш қиляптилар. Агар шундай қиладиган бўлсанг, ўша томорқани берма эди, одамларни умидвор қилма эди, экинларни увол қилма эди. Одамлар молини сотиб, аёллар тақинчоқларини сотиб шу ерга сарфлади. Лекин охири нима бўлди? Ер сифатини халқ яхшилаб бергандан сўнг, яна пахта экаман деб, тортиб олди”, дейди деҳқон.

Деҳқонларнинг айтишларича, туман ҳокими буйруғи билан Хумин ва Хумин - 1 қишлоқларида яшайдиган 200 дан ортиқ хўжаликнинг 20 гектардаги томорқаси бузилган.

Жондор тумани ҳокимининг қишлоқ хўжалиги ишлари бўйича ўринбосари Раҳмон Саидов Озодлик билан суҳбатда бу ишлардан умуман хабари йўқлигини айтди:

“Мен ишга чиққанимга 3 кун бўлди, бу ишлардан умуман хабарим йўқ. Фермерлар кенгаши раиси билан боғланинг, бу унинг вазифасидаги иш”, деди Раҳмон Саидов.

Озодликнинг “ерни қайтариб олиш фермерлар кенгашининг эмас, балки туман ҳокимининг ваколатига кирадику”, деган саволига Раҳмон Саидов, “мен билмайман”, деб жавоб берди.

2017 йилнинг 10 ноябрида Ўзбекистон Президенти имзолаган “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини янада ривожлантириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига ёзилган шарҳда аҳолининг томорқа ерларини олиб қўйиш эмас, балки уларни ривожлантириш ҳақида гап боради:

“Ҳар йили 1 февралгача фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари раислари ички ишлар органларининг профилактика инспекторлари билан биргаликда уйма-уй юриб, ҳудуддаги деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг экин майдонларини хатловдан ўтказади, уларда йил давомида экиладиган экин турлари ва етиштириладиган маҳсулот ҳажмларини оила эҳтиёжи ва сотиш учун мўлжалланган қисмларга ажратган ҳолда аниқлайди, маҳсулот етказиб бериш бўйича шартномалар тузилиши, экинларнинг тўлиқ ва сифатли экилиши, агротехник тадбирларнинг ўз вақтида амалга оширилиши юзасидан жамоатчилик назоратини ташкил этади”, дейилган қарорга шарҳда.

XS
SM
MD
LG