Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 14:57

Сурхондарёда ғалла режасини бажармаган фермернинг чорваси тортиб олинмоқда


Сурхонлик фермерлар¸ ғалла учун ўз сигирлари тортиб олинганидан шикоят қилмоқда.
Сурхонлик фермерлар¸ ғалла учун ўз сигирлари тортиб олинганидан шикоят қилмоқда.

Сурхондарёдан Озодликка боғланган фермерларга кўра, ғалла режасини бажармаган фермерлардан топширилмаган буғдойнинг ҳар килоси учун 1200 сўмдан пул талаб қилинмоқда. Фермерлар иддаосича, МИБ бошчилигидаги мутасадди ташкилотлар ходимлари ғалла учун пул беришга қурби етмаган фермерларнинг чорва молларини тортиб олаяпти.

Озодликка мурожаат қилган сурхондарёлик фермерларга кўра, жорий йилда кузатилган сув тақчиллиги сабаб ғалла ҳосили кам бўлган ва аксар фермерлар режани бажара олмаган.

Фермерлар иддаосича, режани бажармаганлардан топширилмаган ғалла ўрнига пул талаб қилинмоқда.

“Бу йил Сурхондарёда қурғоқчилик ва сув танқислиги сабабли фермерларнинг 80-90 фоизи ғалла режасини бажара олмади. Вилоят ва туман раҳбарлари фермерлардан ғалла топиб, давлатга топширишни талаб қилмоқда. Жойлардаги ғалла қабул қилувчи пунктлар 1 кило буғдой учун 1200 сўмдан нақд пул олмоқда. Шу йилнинг баҳор ойларида фермерлар сув бўлмаётганлиги сабаб ғалла айни ўсиш даврида 1,5-2 ойлаб сувсиз қолиб кетганлиги борасида тегишли ташкилотларга мурожаат қилган эди. Лекин раҳбарлар қурғоқчиликни инобатга олмасдан, зўравонлик билан фермерлардан режага етмай қолган ғаллани топишни талаб қилмоқда”, дейди сурхондарёлик фермер исмини очиқламаслик шарти билан.

Вилоятнинг Қизириқ туманидаги фермерлардан бирининг айтишича, Мажбурий ижро бюроси (МИБ) бошчилигидаги мутасадди идоралар вакиллари режани бажармаган фермерларнинг чорва молларини сотиб, пулини ғалла учун топширишни талаб қилмоқда.

“МИБ, солиқ ва бошқа идора ходимлари ҳеч қандай ижро ҳужжатисиз ва суд буйруғисиз келиб, фермерларнинг молларини мажбуран зўравонлик билан олиб кетишга уринмоқда. Қизириқдаги бир фермернинг битта ҳўкизи, сигири ва бузоғини шундай қилишди. МИБ бошчилигидаги вакиллар фермернинг уйига келиб, молларини сотишга мажбурлашди. Улар ўзлари билан харидор ҳам топиб келишган. Фермер ҳўкиз ва сигир ҳамда бузоғини 12 миллион сўмга сотган ва пулини ғалла учун тўлаган. Яна бир фермернинг сигирини 3,5 миллион сўмга соттириб, пулини ғалла учун олиб кетишди. Ҳозир бошқа фермерлар ҳам хавотир олиб ўтирибди”, дейди қизириқлик йигит.

Қизириқ туманидаги фермерлардан бирининг акаси Озодлик билан боғланиб, укасининг сигирини МИБ ходимлари олиб кетишга ҳаракат қилишгани¸ бироқ сигир олиб қолингани ҳақида гапирди.

“Укам буғдой планини бажара олмади. Кеча МИБдан келиб сигирини олиб кетмоқчи бўлишди. Бир амаллаб сигирни олиб қолишди. Лекин барибир сотиб¸ пулини ғалла учун берасан¸ дейишган. Ҳозир укам сигирини сотиш ҳаракатида юрибди. Музробот туманидаги қариндошларимиз ҳам фермерлик қилади. Улар ҳам сигирини олиб кетиш ва соттириш билан боғлиқ иккита воқеани айтишди. Биттаси Париқишлоқда бўлган”, деди қизириқлик фермернинг акаси исмини ошкор қилмаслик шарти билан.

Озодлик боғланган Қизириқ туман МИБ ходимлари ғалла билан боғлиқ барча саволларга бюро бошлиғи Суҳроб Қурбоновдан жавоб олиш мумкинлигини айтишди. 18 июнь кун давомида Қурбонов билан боғланиш имкони бўлмади.

Сурхондарё вилоят МИБ мулозимлари эса ғалла режасини бажармаган фермерларни мажбурлаш ҳолатлари борлигини инкор қилишди.

Жорий йилда нафақат Сурхондарë¸ балки мамлакатнинг бошқа ҳудудларида ҳам ёғингарчилик кам бўлгани ва сув танқислиги сабаб ғалла ҳосилининг камлиги айтилмоқда.

Жумладан, Самарқанд вилоятида ғалла ҳосилининг ўтган йилга нисбатан 35-40 фоизга кам бўлиши кутилмоқда. Вилоят ҳокими Туробжон Жўраев ҳокимлик ва мутасадди ташкилотлар вакилларини ғалла пишишидан 10 кун аввал дала шийпонларига ҳайдаган эди.

Озодлик Ўзбекистон ғалла жабҳасидан келаëтган турли маълумот ва шикоятларга “Ўздонмаҳсулот” ширкатидан изоҳ олишга уринди.

Ширкатнинг Озодлик гаплашган расмийлари саволларга Қишлоқ хўжалик вазирлигидан жавоб олишни тавсия қилди. Ушбу вазирликда эса мутассадди раҳбарлар барчасининг ғалла бўйича хизмат сафарига кетгани ва шу боис улар билан боғланиш имконсизлигини билдиришди.

XS
SM
MD
LG