Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:38

Москвада “Мемориал” ҳуқуқбони Баҳром Ҳамроев ушланди


“Мемориал” ташкилоти ҳуқуқбони Баҳром Ҳамроев 
“Мемориал” ташкилоти ҳуқуқбони Баҳром Ҳамроев 

Москвада “Мемориал” ташкилоти ҳуқуқбони Баҳром Ҳамроев 24 февраль куни терроризмни дастаклаш(РФ ЖКнинг 205.2-моддаси)га доир иш бўйича қўлга олинди. Бу ҳақда “Мемориал” инсон ҳуқуқлари маркази маълум қилди.

Баҳром Ҳамроевнинг хотини Зуҳра эрталаб соат 8:00 ларда уларнинг квартирасига ФСБ ходимлари келиб, калит билан эшикни очиб киришганини, сўнгра Баҳром Ҳамроевни ерга ётқизиб, “Фейсбук”да “терроризмни дастаклаш”га доир иш бўйича гумонланаётганини айтишганини сўзлаб берган.

ФСБ ходимлари квартирада тинтув ўтказиб, ноутбук ва телефонларни мусодара қилганлар. Зуҳрага тинтув вақтида кўчага чиқиб туришни буюришган, тинтув тугаганидан кейин эса уни чақириб келиб, баённомага қўл қўйишни сўрашган.

Унга тинтувга Мешчанский тумани суди санкция бергани айтилган, лекин ҳужжатлар нусхалари тақдим этилмаган.

Адвокат Тимофей Широковга кўра, ҳуқуқбон иши бўйича терговни ФСБнинг Москва шаҳри ва вилояти бошқармаси юритмоқда.

2021 йил майда Ҳамроев Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримовнинг Москвадаги ҳайкали олдида “Андижон қирғинига 16 йил” деб ёзилган плакат билан пикет қилганидан сўнг ҳибсга олинган эди.

Ундан олдин, февраль ойида Россия прокуратураси Ҳамроевни 25 йил аввал олган Россия паспортидан маҳрум қилиш ҳақида судга даъво киритган.

Даъвога Баҳром Ҳамроевнинг собиқ хотини ёзиб берган тушунтириш хати расмий сабаб бўлган: аёлга кўра, уларнинг никоҳи сохта бўлган ва гўё, Ҳамроев ватандошларини сиёсатчи Алексей Навальний ҳимоясига митингга чиқишга тарғиб қила бошлаганидан сўнг ФСБ ходимлари уни тушунтириш хати ёзишга ишонтирганлар.

“Мемориал” мазкур иш сохталаштирилганини таъкидламоқда.

Ҳамроев ва унинг фаолияти

Ҳуқуқ ҳимоячиси Баҳром Ҳамроев бундан олдин ҳам ФСБ назоратига тушгани, 2016 ва 2017 йилда ФСБ ва Росгвардия махсус кучлари унинг квартирасида тинтув ўтказгани Озодликда хабар қилинганди.

Баҳром Ҳамроев Москвада эркин сайлов ўтказилиши талаби билан 2019 йилнинг августида бўлиб ўтган митингда ҳибсга олинганди.

Ўша йил май ойида Москванинг Тверской туман суди Баҳром Ҳамроевни айни модда билан якка пикет учун 15 минг рубль миқдорида жаримага тортган эди. Ҳуқуқ ҳимоячиси 2019 йилнинг 17 апрелида Кремль майдонида Москвага ташриф буюрган Тожикистон президенти Эмомали Раҳмонга қарши “Раҳмон! Сиёсий маҳкумларни озод қил!” плакатини кўтариб чиққани учун ҳам жавобгарликка тортилган.

У шунингдек, Шинжон уйғурлари, Қрим татарлари, қирғизистонлик ўзбеклар, россиялик сиёсий маҳкумлар ҳимоясига қатор якка пикетларни уюштирганди.

2018 йилда унга нисбатан икки ўзбекистонлик муҳожирни ўз квартирасида қайдга қўйгани учун жиноят иши очилган эди.

Ҳуқуқ ҳимоячиси 2010 йилда ҳимоячи ФСБ ходими томонидан қаттиқ калтакланган; 2011 йилда номаълум шахслар Ҳамроевга уйи яқинида ҳужум уюштирганди.

XS
SM
MD
LG