Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 17:47

Москвада ҳуқуқ ҳимоячиси Баҳром Ҳамроев калтакланди


ФСБ ходими калтаклаган ҳуқуқ ҳимоячиси Баҳром Ҳамроев Москвадаги шифохонага ётқизилди.
ФСБ ходими калтаклаган ҳуқуқ ҳимоячиси Баҳром Ҳамроев Москвадаги шифохонага ётқизилди.

Москвада 7 декабр куни Россия Ички ишлар вазирлиги ва Федерал хавфсизлик хизмати ҳамкорликда ўтказган «аксил-террор амалиёти» пайтида Москвадаги сиёсий қочқинлар жамияти президенти Баҳром Ҳамроев махфий хизмат ходими томонидан калтакланди. Россиянинг турли минтақаларида мусулмонларга қарши қаратилган “аксил-террор операциялари” тез-тез ўтказилмоқда.


Шу кунларда Россиянинг турли минтақаларида “аксил-террор амалиётлари” олиб борилаётгани ҳақида хабарлар тарқамоқда. Хусусан, 7 декабр куни Москванинг Профсоюзная кўчаси, 55 уйда Россия куч ишлатар тизимлари томонидан махсус амалиёт ўтказилаётгани ҳақида хабар олгач, зудлик билан ҳодиса жойига етиб бордик.

Федерал хавфсизлик хизмати ўтказгани айтилаган амалиётни кузатиб турган Москвадаги сиёсий қочқинлар жамияти президенти Баҳром Ҳамроев воқеа тафсилотларини тушунтирди. У кўп қаватли бинонинг 7 қаватида Ички ишлар ва Федерал хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ҳозирда эса Россия фуқароси бўлган, асли қирғизистонлик Азиз исмли йигит яшаб турган хонадонда тинтув ўтказилаётганини гапириб берди.

- Умуман Ўзбекистон фуқаролари ёки уларга алоқадор бўлган мусулмонлар бугунги кунда Росссияда Россия Ички ишлар ходимлари томонидан таъқибга олиняпти. Москва ҳудудида менда бор маълумотларни қараб чиқадиган бўлсак метро Отрадное районида, бугун мана биз турган жой- Профсоюзная 55 уй, 48 хонада махсус операция олиб бориляпти. Хуллас, манга эрталаб саҳар қўнғироқ қилганларида ман зудлик билан етиб келдим шу ерга...

Озодлик: Бу ерда ким яшайди?

- Шу 55 уй, 48 хонада асли қирғизистонлик Россия фуқароси шу ерда яшайди. Бир нечта қўшниларидан сўраб чиқдик “Ким эди у?”, деб. Жуда бир аҳлоқли, яхши инсон, деб таърифлаб беришди. Ҳозир ичкарида умуман бир йигирмага яқин ФСБ ходимлари ва МВДнининг “Группа “Т””, яъни терроризмга қарши бўлими ишламоқда. Лекин билишимча ва сотрудникларнинг айтишича унинг уйидан фақат “Ҳизб-ут - Таҳрирнинг” китобларини топишган. Менимча, бу ерга ҳозир қурол-аслаҳа ташланмаган, лекин келажакда ишни қайта кўриб чиқиб, аниқ бир фикрга келишимиз мумкин, деди ҳуқуқ фаоли Баҳром Ҳамроев.

Маълум бўлишича, Хавфсизлик хизмати тинтув қилаётган уйда Азиз 2 фарзанди ва рафиқаси билан яшаб келган. Ҳамроев нима асосда бу шахснинг уйида тинтув ўтказилаётгани ва уни нимада айблашаётганини билиш учун квартирага киришга уриниб кўрди. Лекин уни ичкарига киритишмади.

Ҳамроев билан уй подъздида суҳбатлашиб турган пайтимизда бир неча соатдан буён тинтув ўтказилаётган хонадондан барзанги кимсалар тушиб келиб ўзларини орган ходимлари, деб таништирди. Ўзини Юрий деб таништирган ФСБ офицери хужжатларимизни текшираётиб, бизга расмга олмасликни тавсия қилди.

“Акс ҳолда, дея огоҳлантирди хавсизлик ходими Юрий,- фотоаппаратларингизни синдириб ташлашга тўғри келади”.

“Нима учун расмга олиш мумкин эмас? ФСБ Азизни нимада айблаяпти?”, деган саволларимизга бу одам жавоб беришдан бош тортди.

ФСБ офицери билан суҳбатлашиб турган пайтимизда, “В 992 ТО 150” рақамли қизил автофургондан тушиб, подъездга кирган орган ходимларидан бири бирдан ҳуқуқ фаоли Баҳром Ҳамроевни ҳақоратлаб, ташқарига судраб кетди. Қолган хавфсизлик ходимлари воқеа гувоҳларини жанжаллашаётганларга яқинлаштирмасдан турди.

Мушт зарбидан ва тепкидан йиқилиб жароҳат олган Баҳром Ҳамроев тез тиббий ёрдам машинасида шаҳарнинг 68-шифохонасига олиб кетилди. Баҳром Ҳамроев билан телефон орқали яна боғландик.

Озодлик: Баҳром ака, аҳволингиз яхшими, дурустмисиз?

- Ёмон эмас. Уйда ётибман. Болницага ётмадим, бугун духтир келди, айтди “Ҳазиллашма, сен нима қиляпсан, бу жиддий”, деди. Эрталаб духтирга яна бораман яна. Следователь келади уйга бугун: терговга ўзим бора олмайман. Ҳаракат қиламиз, бу ишни шундоқ қолдириш керак эмас. Тўқиб чиқилган жиноий ишларни илдизини қуритиш керак.

Озодлик: Сизнингча, мана мен кеча ўзим шу воқеа гувоҳи бўлдим- орган ходимлари нима учун бунчалик қўрқиб кетди, деб уйлайсиз?

- Биринчидан, менинг телефонларим доимо эшитилади. Ман телефон орқали бутун жамоатчиликка бу ҳақда хабар етказдим. Масалан сиз -“Озодлик” мухбирлари келиши ва сизга қилган муносабатлари, қўрқитишларидан анализ қиладиган бўлсак шу хулосага келдимки, Азизбекни улар энди олиб чиқиши вақти келганда улар бизни уриб, калтаклаб шу ишнинг охирини кўрмаслигимиз учун ҳаракат қилишди. Мақсад гувоҳларни йўқотиш. Ва шу мақсадларига қисман эришдилар. Лекин бу билан бу ишни ташлаб қўймаймиз, чунки бу жуда жиддий иш! Бир нечта инсоннинг ҳаёти масаласи кетяпти. Буларнинг ҳаммаси, ҳибсга олинганлар ўзбеклар. Улар Ўрта Осиёдан келган ватандошларимиз. Шунинг учун бу муаммони зудлик билан ҳал этилишини Россия ҳукуматидан истаймиз ва талаб қиламиз! - деди ФСБ ходимидан калтак еб, жароҳатланган Баҳром Ҳамроев.

Ҳуқуқ фаолининг калтакланиши ортидан Россия оммавий ахборот воситаларида катта шов–шув кўтарилди. "Мемориал" инсон ҳуқуқлари маркази Россия Бош прокуратураси, Ички ишлар вазирлиги ва Федерал Хавфсизлик хизматига мазкур ҳодиса юзасидан текшириш ўтказиш талаби билан чиқди, дейди ташкилотнинг расмий вакили Виталий Пономарёв.

- Агентликлар, умуман оммавий ахборот воситаларида кўтарилган шов-шув бу воқеа юзасидан ички текширув бошланишига туртки бўлди. Бугун уларнинг терговчиси Баҳромдан кўрсатма олади. Кечга яқин Баҳромнинг аҳволи ёмонлашгани боис у ҳозир уйида даволаняпти. Врач унинг аҳволини жиддий, деб баҳолади. Биз Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлигига берган аризамиз асосида текширув бошланди. Кўрамиз, бу текширув нима натижа берар экан?,- деди Виталий Пономарёв.

Жорий йилнинг кузида Россия куч ишлатар тизимларининг террорчилик ва экстремизмга қарши кураши фаоллашди. Москвадаги Инсон ҳуқуқлари институтининг “Бошпана ҳуқуқи” дастури тарқатган хабарга кўра, шу кунларда Россиянинг турли минтақаларида ўтказилаётган ва “ноанъанавий исломга” қарши қаратилгани айтилаётган “аксил-террор операциялари” оқибатида бегуноҳ инсонлар жабр кўрмоқда.

“Мемориал” инсон ҳуқуқлари марказига кўра, 7 декабр куни эрталаб ФХХ ходимлари томонидан ҳибсга олинган Баҳром Ҳамроевнинг муовини, “Мемориал” ташкилоти ходими Ахмет Умаров 8 декабрга ўтар кечаси қўйиб юборилган.
XS
SM
MD
LG