Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 01:24

АҚШ терговчилари Гулноранинг миллиард доллари ва Женевадаги вилласини ҳибсга олмоқчи


АҚШ ҳукумати Гулнора Каримова учта йирик телеком ширкатидан пора олгани иддаоларига оид коррупция тергови доирасида 1 миллиард АҚШ долларига тенг маблағини музлатишни сўраб, Европанинг беш мамлакатига мурожаат қилди. Қўшма Штатлар тергов идоралари Гулнорага қарашли экани тахмин этилаётган Женевадаги виллани ҳам муҳрлашга уринаётгани айтилмоқда. АҚШнинг нуфузли The Wall Street Journal газетасининг тергов идораларидаги ишончли манбалар ҳамда суд ҳужжатларига таяниб, хабар қилишича, АҚШ терговчилари Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизига пора бергани гумон этилаётган TeliaSonera, Vimpelcom ва МТС ширкатларига алоқадор банк ҳисоб рақамларини ҳам ҳибсга олишни илтимос қилган.

Ўтган ойда АҚШ Федерал суди мамлакат адлия вазирлигининг телеком ширкатлари Гулнора Каримовага пора сифатида берилгани гумон этилаётган 300 миллион долларга тенг маблағни музлатиш тўғрисидаги сўровини қондирган эди. Ўшанда терговчилар New York Mellon Corp. банкининг Ирландия, Люксембург ва Бельгия шуъбаларидаги ҳисоб рақамларда сақланаётган ва Гулнорага алоқадор экани айтилган 300 миллион долларни ҳибсга олиши ҳақида гап борган эди.

The Wall Street Journal газетасининг 13 август куни хабар қилишича, энди терговчилар Швейцария банкларидаги 640 миллион АҚШ долларини ҳибсга олишга ҳаракат қилмоқда. Бундан ташқари, The Wall Street Journal газетасига кўра, Америка адлия тизими Женева кўли соҳилидаги виллани ҳам муҳрлаб қўйиш кетидан тушган. Мақолада вилла эгасининг исми келтирилмаган, лекин Женева кўли соҳилида Гулнора Каримовага тегишли қиймати 20 миллион доллар атрофидаги ҳашаматли вилласи борлиги маълум.

Шунингдек, Америка терговчилари Швеция расмийларидан ҳам бу мамлакат банкларидаги 30 миллион АҚШ долларини ҳибсга олишни сўраб мурожаат қилганини ёзмоқда The Wall Street Journal.

Озодлик апрель ойида АҚШ Адлия вазирлиги жиноят қидирув бўлими Швеция прокуратурасига VimpelCom, MTS ва TeliaSonera компаниялари пора тўлаши учун воситачи бўлган Takilant Ltd. фирмасига доир маблағнинг швед банкидан чиқариб олинмаслигини кафолатлашни сўрагани тўғрисида хабар қилган эди.

АҚШ Адлия вазирлиги Швеция прокуратурасига Takilant Ltd. фирмасига доир маблағнинг швед банкидан чиқариб олинмаслигини кафолатлашни ҳам сўраган.
АҚШ Адлия вазирлиги Швеция прокуратурасига Takilant Ltd. фирмасига доир маблағнинг швед банкидан чиқариб олинмаслигини кафолатлашни ҳам сўраган.

АҚШ тергов идораларига оид ҳужжатларда музлатилиши сўралаётган маблағлар Ўзбекистон президенти “Каримовнинг қариндошига тегишли Takilant Ltd. фирмасига” қарашли экани айтилади. АҚШ Адлия вазирлиги Ўзбекистон президентининг қариндоши исмини келтирмасдан, уни “А амалдор”, дея атаган. Лекин Takilant фирмаси президентнинг тўнғич қизи Гулнора Каримовага қарашли экани Озодлик иштирок этган журналистик суриштирувлар доирасида аниқланган.

АҚШ терговчилари Гулнора Каримова аралашгани иддао қилинаётган йирик коррупцияни тергов қилаётган 10га яқин мамлакатнинг биридир.

Ўзбекистон президентини қизи устидан Швеция, Швейцария, Франция, Ҳолландия ва Норвегия каби Европа мамлакатларида ҳам жиноят иши очилган. Гулнора Каримова дахлдор “уюшган жиноий гуруҳ” Ўзбекистон Бош прокуратураси томонидан ҳам тергов қилинмоқда.

Хабарларга кўра, Гулнора Каримова ўтган йилнинг февраль ойидан бери уй қамоғида қолмоқда. Ўзбекистон Бош прокуратураси эълон қилган баёнотларда президент қизининг уй қамоғида эканига доир ишораларни кўриш мумкин.

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримовани Швейцария судида тамсил этаётган адвокат ўз мижози билан алоқа ўрната олгани йўқ
Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримовани Швейцария судида тамсил этаётган адвокат ўз мижози билан алоқа ўрната олгани йўқ

The Wall Street Journal газетаси, Швейцария суди тарафидан Гулнора Каримова манфаатларини ҳимоя қилишга тайинланган адвокат Грегор Манжанинг (Grégoire Mangeat) ўз мижози билан шу пайтгача алоқа ўрната олмагани ва Ўзбекистон расмийларига юборган кўплаб мурожаатлари жавобсиз қолаётгани тўғрисидаги сўзларини келтирмоқда.

Гулнора Каримова дуёнинг энг йирик телеком ширкатлари сирасидаги TeliaSonera, Vimpelcom ва МТСдан Ўзбекистонда бизнес олиб бориш имконияти эвазига йиллар давомида пора сифатида камида 1 миллиард АҚШ доллари олгани Озодлик иштирок этган журналистик сурштирувлар натижасида фош этилди.

The Wall Street Journal газетасига кўра, АҚШ терговчилари, жумладан, журналистлар тарафидан амалга оширилган тергов натижаларига таянмоқда.

Уюшган жиноятчилик ва коррупцияни ёритиш лойиҳаси (OCCRP) бошчилигида ўтказилган журналистик суриштирув натижасида Гулнора Каримова назоратида ташкил қилинган коррупцион схемаларга кирувчи воситачи фирмалар телеком ширкатларини йиллар давомида соғиб келганини тасдиқловчи ҳужжатлар қўлга киритилди.

Ўзбекистон: Гулнора Каримова миллиард долларни қандай ўмарди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:06:41 0:00

OCCRP муҳаррири Миранда Патручич билан суҳбат (2015 йил, 22 март)

Журналистик суриштирувга етакчилик қилган OCCRP муҳаррири Миранда Патручич Ўзбекистонда йирик коррупция терговига айнан АҚШ расмийларининг қўшилишини Европада 2012 йилдан бери тергов қилинаётган ишда муз жойдан кўчаётганига ишора, дея баҳолашини айтади.

Гулнора Каримова аралашгани иддао қилинган порахўрликка оид дастлабки жиноят ишлари 2012 йил Швейцария ва Швецияда очилган эди. Ўшандан бери Ўзбекистонда бизнес қилиш имкони учун президент қизига юзлаб миллион доллар пора берилгани ва бу пуллар ғарб давлатлари банклари орқали ювилгани юзасидан олиб борилаётган терговга Ҳолландия, Норвегия, Франция ва АҚШ расмийлари ҳам қўшилди.

Миранда Патручичнинг фикрича, АҚШ расмийларининг бу терговга аралашуви унинг мантиқий натижа билан якунланиши эҳтимолини, айниқса, оширади.

- АҚШ расмийлари ноқонуний ўзлаштирилган пулларни кетидан тушиб, бундай жиноятларга алоқадор шахсларни жавобгарликка тортиш бўйича катта тажрибага эга эканини намойиш қилган. Ўтмишда коррупцияга қўл урган шахс ва ширкатлар АҚШ назарига тушгач катта миқдорда жаримага тортилганига гувоҳ бўлганмиз. Шунинг учун АҚШ терговчилари бу пуллар кетига тушгани ҳам Гулнора Каримова иши яқин орада якун топишига жиддий ишорадир,- дейди OCCRP муҳаррири Миранда Патручич.

The Wall Street Journal ҳам Америка ҳуқуқ-тартибот идоралари нафақат хорижда фаолият олиб борадиган АҚШ ширкатлари, балки коррупцияда гумон этилаётган хорижий ширкат ва шахсларнинг нишонга олиш ҳаракатларини ошираётганини эслатмоқда. Хусусан, “АҚШ Адлия вазирлиги хорижда содир этилган коррупция натижасида ўзлаштирилган ва Қўшма Штатларда яширилган активларни агрессив тарзда нишонга олмоқда”, дейилади мақолада.

Бунга мисол сифатида АҚШ прокурорларининг май ойида тўққиз нафар ФИФА мулозимига қарши кенг кўламли коррупцияга оид айбловларни илгари сурганини эслатади The Wall Street Journal.

XS
SM
MD
LG