Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 04:05

Швейцария Гулнора Каримовани гумонланувчи деб эълон қилди


Гулнора Каримова.
Гулнора Каримова.

Швейцария Бош прокуратураси ноқонуний пулларни ўзлаштиришда гумонланаётган тўрт ўзбек фуқароси билан бирга Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова устидан ҳам текширув бошлаганини маълум қилди.


Гулнора Каримова - расман гумонланувчи

Швейцария прокуратураси чоршанба куни эълон қилган баёнотда айтилишича, "Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримовага нисбатан пул ювиш гумонларига асосланган ҳолда тергов бошланган".

Баёнотда айтилишича, Гулнора Каримова 2013 йил сентябрида гумонланувчига айланган. Лекин бу ҳақда энди маълум қилинмоқда.

"Ўзбекистоннинг БМТдаги доимий вакили сифатида, Гулнора Каримова ўтган йилнинг ёзига қадар дипломатик иммунитетга эга бўлган. 2013 йилнинг 16 сентябрь куни жиноят терговига Ўзбекистон президенти қизини ҳам пул ювиш гумонларига асосланган ҳолда жалб қилишга қарор қилинди", дейилади баёнотда.

Швейцария ҳуқуқ-тартибот идораларидаги Озодлик манбасига кўра, Гулнора Каримова 2012 йилда қўзғатилган жиноят ишига бешинчи гумонланувчи сифатида қўшилган.

Манбанинг айтишича, Швейцария расмийлари аввалги тўрт гумонланувчи шахсларини очиқламаган бўлса-да, Гулнора Каримованинг таниқли шахс эканини инобатга олган ҳолда, Ўзбекистон президентининг қизини расман гумонланувчи, деб эълон қилишга қарор қилган.

Озодликнинг бошқа манбаларига кўра, мазкур жиноят ишидаги дастлабки тўрт гумонланувчи Ўзбекистон фуқаролари Гаянэ Авакян, Алишер Эргашев, Шоҳруҳ Собиров ва Беҳзод Аҳмедовлардир.

Швейцария прокуратурасига кўра, мазкур жиноят иши доирасида Швейцария бир нечта давлат ҳуқуқ-тартибот идоралари билан ҳамкорлик қилмоқда. Мазкур ҳамкорлик Фарнцияда 2013 йилнинг ёз ойларида бир нечта уйда тинтув амалга оширилган.

Бундан ташқари, Швейцария прокуратураси мамлакат Федерал Адлия полицияси ва Женева полицияси билан ҳамкорликда 2013 йилнинг августида Гулнора Каримованинг Женевадаги уйида тинтув ўтказганини ҳам тасдиқлади.

Озодлик Франция ва Швейцарияда Гулнора Каримовага тегишли квартира ва қасрларда тинтувлар ўтказилгани ҳақида ўз вақтида хабар қилган эди.

Шунингдек, Швейцария прокуратураси олиб бораётган тергов Швеция прокуратураси TeliaSonera ширкати Ўзбекистон телекоммуникация бозорига кириш учун пора берганига доир жиноят иши билан бевосита боғлиқлиги ҳам чоршанба кунги баёнотда расман тасдиқланди.

Швейцария расмийларининг мазкур жиноят ишини бошлашларига 2012 йилнинг июль ойи охирларида икки Ўзбекистон фуқаросининг Женевадаги Lombard Odier банкидаги ҳисоб рақамларига дахл қилишга ҳаракат қилган пайтда ҳибсга олиниши туртки бўлди.

Гулнора Каримовага қарашли экани айтиладиган Coca Cola Uzbekistan ширкати ходимлари Алишер Эргашев ва Шохруҳ Собиров дахл қилмоқчи бўлган ҳисоб рақамлари ҳам президент қизига алоқадор бўлгани гумон қилинмоқда.

Lombard Odier банкидаги бу ҳисоб рақамларидан баъзилари Гулнора Каримованинг хос ёрдамичиси Гаянэ Авакянга, баъзилари эса МТС Ўзбекистон ширкатининг собиқ ижрочи директори Беҳзод Аҳмедовга расмийлаштирилган бўлган.

2012 йилнинг июлида Гаянэ Авакян Женева полициясидан қочишга муваффақ бўлган ва Парижда Гулнора Каримова ёнида пайдо бўлган.
2012 йилнинг июлида Гаянэ Авакян Женева полициясидан қочишга муваффақ бўлган ва Парижда Гулнора Каримова ёнида пайдо бўлган.
2012 йилнинг июлида Гаянэ Авакяннинг ҳам Lombard Odier банкига келгани, лекин Швейцария полициясидан қутулиб қолишга муваффақ бўлганига оид маълумотлар бор. Айни ўша кунлари Гулнора Каримова Парижда модалар шоусида бўлган ва Женевадан қочган Авакян унинг олдида пайдо бўлган.

Швейцарияда жиноят иши қўзғатилишидан икки ой ўтиб, 2012 йилнинг октябрида Швеция прокуратураси ҳам мамлакат ҳукуматига қарашли TeliaSonera телеком ширкати Ўзбекистон бозорига кириш эвазига бу мамлакат президенти қизига пора берганига доир иддаолар хусусида тергов бошлади.

Бунга Швеция жамоатчилик телевидениесининг "TeliaSonera-ўзбек иши" номли журналистик суриштируви туртки бўлди.

Шундан сўнг швед журналистлари Озодлик билан ҳамкорликда ўтказган суриштирувлари натижасида TeliaSonera Ўзбекистонда UCell мобил оператори эгаси сифатида фаолият олиб бориш учун Гулнора Каримовага 350 миллион АҚШ долларида пора берганига ишора қилувчи фактлар ошкор бўлди.

Швейцария билан Швециядан ташқари, бу ишга алоқадор жиноят терговларининг Франция ва Латвияда ҳам олиб борилаётгани маълум.


Музлатилган активларга Швеция ва Франция кўз тикмоқда

Швейцария прокуратураси пул ювишда гумонланаётган Гулнора Каримова қидирувга берилганми, йўқми аниқлаштирилгани йўқ.

Айни пайтда, Швейцария ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбанинг айтишича, мамлакат прокуратураси Ўзбекистон расмийлари билан бу жиноят иши доирасида мулоқотга киришгани йўқ.

Ўзбекистон прокуратураси ҳам ўтган ойда Гулнора Каримовага яқин 10 кишини ҳибсга олиб, улар устидан мамлакат жиноят кодексининг 184-модаси 3-қисми (Солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш) ва 178-моддаси 2-қисми (Чет эл валютасини яшириш) ва бошқа айбловлар бўйича тергов бошлади.

Ўзбекистон прокуратуарси ҳибсга олган шахслар орасида Каримованинг фуқаровий эри Рустам Мадумаров, хос ёрдамчилари Гаянэ Авакян ва Екатерина Клюевалар бор.

Баъзи тасдиқланмаган хабарларга кўра, Гулнора Каримованинг ўзи уй қамоғига олинган.

Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари Гулнора Каримовага дахлдор жиноят ишини қўзғатиши ортидан таҳлилчилар Швейцария, Швеция, Францияда музлатилган пул ва кўчмас мулк истиқболда расмий Тошкент ихтиёрига топширилиши мумкинлигига доир тахминларни илгари сура бошлади.

Швейцариядаги Озодлик манбаларининг айтишича, Гулнора Каримованинг музлатилган активларига Швеция ҳам эга чиқмоқда. Бу вазиятда музлатилган пуллар ноқонуний топилгани ва уларни қонунийлаштиришга ҳаракат бўлгани исботланган тақдирда, кимнинг ихтиёрига топширилишига доир қарор қайси томоннинг фодасига бўлишини ҳозирча айтиш қийин, деди Озодлик манбаси.

Унинг яна айтишича, ҳозирда мазкур жиноят тергови яна камид олти ой давом этиши тахмин қилинмоқда.

Швеция прокуратураси мамлакатдаги банкда Гулнора Каримовага алоқадор 30 миллион АҚШ долларини музлатиб қўйган. Бундан ташқари яна 300 миллион АҚШ долларига тенг маблағларни музлатиш тўғрисида суд санкцияси бор.

Швеция прокуратураси Гулнора Каримовага тегишли экани иддао қилинган бу дастхат эгасини гумонланувчи, деб эълон қилган.
Швеция прокуратураси Гулнора Каримовага тегишли экани иддао қилинган бу дастхат эгасини гумонланувчи, деб эълон қилган.
Бу сакнкцияга кўра, Швеция ҳукумати Гулнора Каримова ва ёки TeliaSonera ширкатидан пора олганликка алоқадор бошқа гумонланувчиларга тегишли учинчи давлатлардаги молиявий активларни, имкони бўлган тақдирда, Швеция ҳукумати ҳисобига ўтказиш кўзда тутилган.

Шунингдек, Озодлик Швед жамоатчилик телевидениси журналистлари билан ҳамкорликда ўтказган суришитирув доирасида ошкор қилган, Гулнора Каримовага тегишли экани мутахассислар томонидан тасдиқланган дастхат эгаси Швециядаги жиноят иши доирасида ҳам гумонланувчи, деб кўрилмоқда.

Шунингдек, Озодлик манбасига кўра, Франция ҳукумати ҳам Париж ва бошқа шаҳарларда Гулнора Каримовага тегишли деб кўрилаётган ўтган йили муҳрлаб қўйилган кўчмас мулкни ҳукумат фойдасига мусодара қилиш жараёнини бошлаган.

Гулнора Каримовга қаршли уйлардан бири Парижнинг ҳашамтали маҳаллаларидан биридаги бу бинонинг юқори қаватларида жойлашган.
Гулнора Каримовга қаршли уйлардан бири Парижнинг ҳашамтали маҳаллаларидан биридаги бу бинонинг юқори қаватларида жойлашган.
Гулнора Каримовага тегишли деб кўрилаётган уйлардан бири Парижнинг энг ҳашаматли туманларидан бири бўлган 16-округда жйолашган. Булон ўрмонига қараган умумий майдони 800 квадрат метрлик икки қаватлик квартиранинг ҳатто Париж учун ўта қиммат саналган 30 миллион еврога олингани тўғрисида маълумотлар мавжуд.

Франция терговчилари ўтган йилнинг августида Париждаги бу ҳашаматли квартирадан ташқари, Гулнора Каримованинг Сен Тропе курорт шаҳридаги вилласи ҳамда Версаль шаҳарчасидаги қасрида тинтув ўтказган ва уларни муҳрлаб қўйган эди.

Озодлик тасарруфида Гулнора Каримованинг Ҳонг-Конг¸ Лондон ва Москвада ҳам умумий нархи бир неча юз миллион АҚШ долларини ташкил қиладиган кўчмас мулки борлигига ишора қилувчи ҳужжатлар бор.
XS
SM
MD
LG