Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 04:05

Ўзбекистон: Гулнора Каримова миллиард долларни қандай ўмарди?


Ўзбекистон: Гулнора Каримова миллиард долларни қандай ўмарди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:06:41 0:00

Халқаро мобил алоқа ширкатлари Ўзбекистонда изчил ўсиб бораётган бозорга сармоя қилиш имконидан фойдаланиб қолишга ошиққан пайтда бу мамлакат президенти қизининг қанчалик пулга ўч бўлгани уларнинг тушларига кирмаган.

Миранда Патруцич (OCCRP)

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Скандинавия давлатлари ва Россияга доир TeliaSonera ва VimpelCom ширкатларининг Ўзбекистонда фаолият қила олишлари учун пора олганликда айбланмоқда. Уюшган жиноятчилик ва коррупцияни ёритиш лойиҳаси (OCCRP) қўлга киритган ҳужжатлар тўнғич қизнинг аввал хабар қилинганиданда очкўзроқ ва иддао қилинган коррупция кўлами анча кенгроқ бўлганини кўрсатади.

OCCRP қўлга киритган молиявий ҳужжатлар Гулнора Каримова халқаро телеком ширкатларидан 1 миллиард АҚШ долларидан ортиқроққа тенг маблағ ва ширкатлардаги улушларни ундириб олган бўлиши мумкинлигига оид тафсилотларни фош этади. Айни пайтда, қашшоқликка юз тутган Ўзбекистонда телеком ширкатлари мижозлари мобил хизмат учун тўлайдиган ҳақ дунёдаги энг қимматлардан бири ҳисобланади.

OCCRP Каримова телеком соҳасига алоқадор камида олтита ширкат, жумладан толали оптик кабелларини ётқизиш ҳамда WIMAX ва WIFI хизматларини йўлга қўйиш билан шуғулланган компаниялардан пул ундиришда айни бир хил схемалардан фойдаланганини аниқлади. У ўз талабларига кўнган ширкатларга лицензия олишда ёрдам берган, шартларни қабул қилмаганларни эса, жуаладан АҚШга доир учта ширкатни мамлакатдан чиқартириб юборган.

У ўзи тузган схемалар ёрдамида ўмаргани тахмин қилинаётган миллионлар Ўзбекистонда пенсия ва соғлиқни сақлашга сарфаланиши мумкин эди. Бунинг ўринга бу маблағлар президент қизига доир оффшор ҳисоб рақамларга тушган ва дунёнинг турли нуқталарида, жумладан Францияда ҳашаматли қаср ва Ҳонг Конгда қимматбаҳо пентхауз уй сотиб олишга сарфланган. Унга доир бизнес ҳужжатларнинг барчаси ошкор бўлмагани боис, Каримова қўл ургани иддао қилинаётган тамагирлик ва порахўрлик жараёнларида айланган пуллар ҳатто 1 миллиард АҚШ долларидан анча кўпроқ бўлиши эҳтимолга яқиндир.

Гулнора Каримова қўл ургани иддао қилинаётган порахўрлик жараёнида айланган пуллар 1 миллиард АҚШ доллариданда кўпроқ бўлиши эҳтимолга яқиндир.
Гулнора Каримова қўл ургани иддао қилинаётган порахўрлик жараёнида айланган пуллар 1 миллиард АҚШ доллариданда кўпроқ бўлиши эҳтимолга яқиндир.

Халқаро ширкатлар ўзларининг айбсизлиги ва президент қизининг тузоғига билмай илиниб қолганларини иддао қилаётган бўлса-да, Каримова сурбетларча очиқчасига фойдалангани айтилаётган схемалар бу ширкатларнинг унга пора бераётганларини билмаганликларини эҳтимолдан соқит қилади.

Ярамас уруғ

Каримова йиллар давомида матбуот сарлавҳаларидан тушмай келган. Бир пайтлар отасининг вориси сифатида кўрилган Каримова бугун унинг қаҳрига учраб, уй қамоғига олинган. Ўзбекистон прокурорлари у тузган уюшган жиноий гуруҳ ҳужжатларни қалбакилаштириш, шантаж ва тамагирлик орқали давлатдан 53 миллион АҚШ долларига тенг маблағни ўмарганликда айбламоқда. Бу жиноятлар, ўзбек терговчиларга кўра, унинг Ўзбекистон ҳаво йўллари, Coca Cola ва бошқа ширкатларни ўз назоратига олгани билан боғлиқ бўлган. Унга қарши жиноят иши очилганидан бери бизнеслари ёпилиб, унинг бир неча ҳамкори ҳибсга олинди ва қисқа муддатларга қамоққа ҳукм этилди.

Ўзбекистон Бош прокуратураси "уюшган жиноий гуруҳ аъзоси" Г. Каримовага жиноят иши очган.
Ўзбекистон Бош прокуратураси "уюшган жиноий гуруҳ аъзоси" Г. Каримовага жиноят иши очган.

АҚШда таҳсил олган Каримова ўзини баъзан поп юлдуз, баъзан эса мода дизайнери, жаҳон таниган олифта, дипломат ва ошиғи олчи тадбиркор сифатида тақдим этган. Лекин афтидан унинг ҳақиқий маҳорати сиёсий коррупциянинг шавқатсиз услубида намоён бўлган. Каримованинг собиқ ёрдамчиларига кўра, у тамагирлик ва президент қизи мақомидаги нуфузидан фойдаланиб, истаган нарсасига эришгани ҳамда бунинг эвазига катта миқдордаги пора ва ширкатларда ўз улушига эга бўлишга муваффақ бўлган. Айни пайтда, ҳужжатлардан аён бўлишича, у ҳар қандай шантажчи каби бир марта пора олиш билан тинчимаган, ширкатлар ҳар сафар лицензияни янгилашига эҳтиёж пайдо бўлиши биланоқ у янгидан ҳақини талаб қилган. Wikileaks ошкор қилган АҚШ элчихонасига доир каблограммалардан бирида у Ўзбекистонда энг ёмон кўрилган шахс сифатида тасвирланган.

Каримованинг собиқ ёрдамичисига кўра, у ўзи бизнесни бошқаришга уринмаган, балки ўз улушини олиб, ортиқча эътибор қаратмаслик учун имкон қадар тезроқ қочишни хуш кўрган. Аслида Каримова, унинг жамоатчилик орасидаги имижидан фарқли ўлароқ, ҳеч қачон пичоққа илинадиган бизнес бошламаган.

У телеком соҳасида амалга оширган фаолияти билан боғлиқ айбловлар расман эълон қилинганича йўқ, лекин бу жараён ичида айланган пуллар Каримовага ҳозирча қўйилаётган айбларни анча ортда қолдиради.

Каримованинг телеком соҳасидаги олди-бердилари илк бор 2012 йилда Швед жамоатчилик телевидениеси тайёрлаган репортажлар туфайли ошкор бўлди. Ундан кейин Швециянинг ТТ хабар агентлиги ва Норвегияда чиқадиган Klassekampen газетаси ҳам қатор материалларни эълон қилди. Репортажларнинг барчаси OCCRP билан ҳамкорликда тайёрланди. Бу материаллар Швеция ва Финляндияга доир TeliaSonera ҳамда Россия ва Новегияга қарашли VimpelCom компаниялари Ўзбекистонда мобил алоқа лицензияларини қўлга киритиш мақсадида Каримовага миллионлаб доллар тўлаганини ошкор қилди. TeliaSonera ва VimpelCom ширкатлари ҳозирда Швеция, Ҳолландия ва АҚШ расмийлари томонидан тергов қилинмоқда.

Бир пайтлар отаси Ислом Каримовнинг вориси сифатида кўрилган Гулнора ҳозирда унинг қаҳрига учраб, уй қамоғига олинган.
Бир пайтлар отаси Ислом Каримовнинг вориси сифатида кўрилган Гулнора ҳозирда унинг қаҳрига учраб, уй қамоғига олинган.

OCCRP қўлга киритган ҳужжатларга кўра, Каримова телком соҳасидаги ширкатлардан 1 миллиард АҚШ долларидан ортиқроққа тенг пул ва ширкатлардаги улушларни ундириб олган. TeliaSonera 381 миллион АҚШ доллари тўлаган ва яна қўшимча 75 миллион доллар ваъда қилган; VimpelCom ва унинг Россиядаги эга ширкати Alfa Telecom 176 миллион АҚШ доллари берган; Россиянинг МТС компанияси 350 миллион АҚШ доллари тўлаган. У шунингдек, яна иккита бошқа ширкатдан Ўзбекистонда толали оптик линияларни ётқизиш ҳамда WiMAX ва WIFI хизматлари учун 90 миллион долларга яқин пул олган.

Швеция Бош прокуратураси терговчиси Гуннар Стетлернинг OCCRP-га айтишича, TeliaSonera ширкатига нисбатан айблов шу йилнинг охирига қадар эълон қилинади.

Ишлаш услуби

Каримовага доир ҳужжатлар ва у билан ишлаган одамларга кўра, президент қизи бойлик орттиришнинг асосан учта усулидан фойдаланган. Баъзан у ҳадя сифатида нишонга олинган ширкатнинг улушини талаб қилган ёки маҳаллий ҳамкор сифатида қалбаки фирма очиб, гўёки сармоядор сифатида ҳаракат қилган. Баъзан эса, тегишли лицензияни қўлга киритишда ўзининг шахсий кўмаги ва лоббичилик фаолияти учун мукофот пули тўланишини талаб қилган. Иддао қилинаётган яна бир усул оддий, ширкатлар хўжайинларини қамоққа олиш ёки мамлакатдан чиқариб юбориш билан қўрқитиш орқали ўз талабларига бўйсиндириш бўлган. У сердаромад телеком соҳасига алоқадор ширкатлардан мутлақо текинга улуш (унинг одатий ставкаси 26 фоиз бўлган) ундириб олишда шавқатсизлик билан ҳаракат қилган. Шартномаларга бу ширкатларни келгусида унинг улушини бир неча баробар қимматроққа сотиб олишга мажбур этувчи шартлар киритилган.

Бошланиши

2001 йил охирларида у АҚШда эридан ажрашиб, ватанига қайтгач, қароргоҳи Атлантада жойлашган International Communications Group (ICG) ширкати президенти Шоҳид Феруз билан танишиб қолади. Ундан ўн йилча аввал ICG Ўзбекистон ҳукумати билан ташкил қилинган Уздунробита қўшма корхонаси Марказий Осиёдаги биринчи мобил операторига айланган эди.

Каримованинг Ферузга таклифи очиқ, ойдин ва оддий бўлди: ўзининг маслаҳат хизматлари эвазига мобил операторининг 20 фоизи талаб этилди.

Гулнора Каримова сердаромад телеком соҳасига алоқадор ширкатлардан мутлақо текинга улуш (унинг одатий ставкаси 26 фоиз) ундириб олишда шавқатсизлик билан ҳаракат қилган.
Гулнора Каримова сердаромад телеком соҳасига алоқадор ширкатлардан мутлақо текинга улуш (унинг одатий ставкаси 26 фоиз) ундириб олишда шавқатсизлик билан ҳаракат қилган.

2001 йил Каримова учун Ўзбекистон телеком бозорига киришнинг қулай фурсати эди. 29 миллион аҳолиси билан атиги 12 минг мобил алоқа абоненти бўлган Ўзбекистон бутун Европа ва Евроосиё минтақаларидаги бозори катта ўсиш потенциалга эга бўлган саноқли мамлакатлардан бири эди. Бу даврда йиллар давомида изчил ўсиб келган Россия ва Европадаги телеком ширкатларида секинлашиш кузатила бошлаган эди. Ҳамма Ўзбекистон телеком бозорида ўз улушига эга бўлиш иштиёқида эди. 2012 йилга келиб, ўзбек бозоридаги абонентлар сони 25 миллионга етди.

Каримованинг собиқ ёрдамчиси Фарҳод Иноғомбоев АҚШ судига киритган бидиришномасида, “у ўз ёрдамисиз Уздунробита йўқ қилинишини тақозо этувчи вазиятни яратди”, дейилади. У америкалик сармоядорларни ўз талабларига бўйсинишга мажбурлаш учун уларнинг лицензиялари ҳукумат томонидан бекор қилинишини кафолатлаган.

1994-2001 йиллар оралиғида Иноғомбоев Дубайда Каримованинг собиқ эри, асли ақфғонистонлик ўзбеклардан бўлган АҚШ фуқароси Мансур Мақсудийнинг қўлида ишлаган. Каримова Мақсудий билан АҚШда яшаган, лекин турмуши бузилгач, у 2001 йилда ватанига қайтади. Ўзбекистонга қайтгач, Каримова, иддао қилинишича, Инғомбоевни Дубайдан қатйиш ва ўзи томонга оғдириш мақсадида унинг акасини қамоққа олдиради. 2003 йилда АҚШга қочгунига қадар Иноғомбоев Каримова бизнеси ва шахсий ҳаётига яқин бўлган. Улар биргаликда банк ҳисоб рақамлари, сохта фирмаларни очиш ва нишонга олинган ширкатлардан улуш ундириш билан шуғулланган.

Таҳдидни жиддий қабул қилган ICG Уздунробитанинг 20 фоизлик Revi Holdings номли фирма ҳисобига ўтказиб берди. Иноғомбоев бу фирмани Бирлашган Араб Амирликларидаги оффшор ҳолдинг сифатида 2001 йил ноябрида ташкил қилган. Каримованинг қолган барча фирмаларини назорат қилувчи бу ҳолдинг Шаржа Эркин савдо зонасида ташкил қилиниб, Дубайда рўйхатга олинади. Бу фирма Каримованинг иштахаси очилган сари, икковлон ташкил қилган кўплаб фирмаларнинг биридир холос.

​“Бундай очиқ таҳдидлар ёрдамида, Каримова бир тийин тўламасдан, кўп миллион долларга тенг ширкатда катта улушни қўлга киритди”, дея кўрсатма берди унинг собиқ ёрдамчиси.

Орадан икки ой ўтиб, Каримова Ўзбекистон Давлат мулк қўмитасини ҳам 31 фоизлик улушни ўз ҳисобига ўтказишга кўндиради ва ширкатнинг катта қисмига эга чиқади. Каримова давлатга ҳам бир тийин тўламайди.

Каримованинг иштахаси йил сайин ошиб боради. Аввал бир-икки миллион доллар тама қилган Каримова, вақт ўтиб, ўнлаб миллион, кейин эса юзлаб миллион талаб қилишга ўтади.
Каримованинг иштахаси йил сайин ошиб боради. Аввал бир-икки миллион доллар тама қилган Каримова, вақт ўтиб, ўнлаб миллион, кейин эса юзлаб миллион талаб қилишга ўтади.

Назорат тўлалигича ўз қўлига ўтгач, “Каримовага доир ширкатлар ҳисоб рақамларига Ўзбекистондан АҚШ долларидаги катта маблағлар келиб туша бошлади”, кўпинча бу маблағлар гўё у ўзи кўрсатган маркетинг ва консультация хизматлари учун тўлов шаклида тушган, дейди собиқ ёрдамчи. Бу сохта шартномалар воситасида, аслида кўрсатилмаган хизматлар учун, у миллионларни ўмарди ва ўзининг шахсий ҳисоб рақамига жойлади, дея кўрсатма берди Иноғомбоев Вашингтонда федерал судда бўлиб ўтган эшитувда. Масалан, Иноғомбоев Financial Times газетасига тақдим қилган ҳужжатларга кўра, 2002 йил июлида Уздунробита ҳужжатлаштирилмаган “консультация хизматлари” учун Revi Holdings ҳисоб рақамига 330 минг АҚШ доллари миқдорида пул ўтказади.

Revi Holdings Хитойга қарашли Huawei Technologies телекоммуникацион ширкатидан ҳам пул олган. Хитой компанияси Уздунробита ва бошқа телеком ширкатларига Тошкент ташқарисида мобил алоқа тармоғини йўлга қўйишда ёрдамлашган.

Унинг пул ундириш жиноятларидан масофаланиш ва ўзини ҳимоя қилиш мақсадида 2003 йилда Ўзбекистонни тарк этган Иноғомбоев ўзи билан Каримова фаолиятини ошкор қилувчи кўплаб ички ҳужжатларни олиб чиқади ва Британиядаги коррупция муаммосини ёритадиган Global Witness ташкилотига тақдим қилади.

Каримова кейинчалик Уздунробитанинг янада каттароқ қисмини ўз назоратига олади. Лекин охир-оқибат ширкатнинг қанча улуши унинг қўлига ўтгани ҳақида аниқ маълумотлар йўқ.

Маҳаллий ҳамкор

Уздунробитанинг 26 фоизлик улуши Каримованинг ўша пайтдаги жазмани, поп қўшиқчи Рустам Мадумаров номига Гибралтарда очилган Swissdorn ширкатга расмийлаштирилган.
Уздунробитанинг 26 фоизлик улуши Каримованинг ўша пайтдаги жазмани, поп қўшиқчи Рустам Мадумаров номига Гибралтарда очилган Swissdorn ширкатга расмийлаштирилган.

Иноғомбоевнинг айтишича, 2004 йил июлида у Уздунробита улушларининг назорат пакетини Ўзбекистондан ташқаридаги ширкатга 100 миллион АҚШ долларидан ортиқроққа пуллайди.

Харидор Европа ва Евроосиёдаги энг йирик мобил ширкатлардан бири бўлган Россияга қарашли МТС ширкати Уздунробитанинг 74 фоизлик улуши учун 121 миллион АҚШ доллари тўлаганини эълон қилади.

Ўша пайтда Moscow Times газетасига интервью берган таҳлилчи Евгений Голоссной “МТС йўқ деганда, Уздунробита нархининг икки баробарини тўламоқда”, дея билдирган эди.

Каримова Уздунробитанинг 26 фоизлик улушини ҳам сақлаб қолади. Кейинчалик маълум бўлишича, бу улуш унинг ўша пайтдаги жазмани, поп қўшиқчи Рустам Мадумаров номига Гибралтарда очилган Swissdorn ширкатга расмийлаштирилган. МТС ҳам, унинг бу битим бўйича молиявий консультанти бўлган Renaissance Capital ҳам Moscow Times газетасининг Уздунробита эгаларига доир саволларига жавоб бермайди. Фақатгина, “бу лойиҳадан чиқишга рози бўлган” иккита хусусий ширкат билан келишиб олинди, қабилидаги жавоб берилади.

Россиянинг МТС ширкати Каримовага камида 350,3 миллион АҚШ доллари тўлаган.
Россиянинг МТС ширкати Каримовага камида 350,3 миллион АҚШ доллари тўлаган.

МТС Swissdorn фирмаси билан уч йиллик “put and call” шартномаси борасида келишиб олади. Икки опционли бу шартнома харидор ширкатнинг 26 фоиз улушини минимал нарх – 37,7 миллион АҚШ долларига сотиб олиш имконини беради. Биринчи "put" опционига кўра, харидорга истаган пайтда улушларни камида аввалдан ўрнатилган нархда сотиш имконини беради. Шу тариқа бу улуш нархи арзоанлашишдан ҳимояланади. Бу шартнома МТС зарарига ишлагани боис унинг учун маънисиз бўлган, фақат унинг ортида Каримовадек қудратли шахс турмаган бўлса, албатта. Бу тактика Каримова бошқа олди-бердиларда фойдаланадиган ўзига хос усулга айланади. Миноритар акцияларни қўлга киритиб, кейинчалик “put and call” шартномаси ёрдамида бўрттирилган нархларда пуллаш орқали Каримова мобил алоқа ширкати ҳисобидан катта бойлик орттиради. Орадан уч йил ўтиб, 2007 йилнинг июнида, Каримова ўз улушини олти ярим баробардан қимматроққа, 250 миллион АҚШ долларига пуллайди.

Навбатдаги нишон: VimpelCom

Норвегия ва Россияга қарашли Vimpelcom ширкати ва унинг ҳақдорлари 2005 йилда Ўзбекистон бозорига кириб келганларида ҳам воқеалар айни вазиятда ривожланади. VimpelCom Норвегиянинг Telenor ва Россиянинг Альфа Груп ширкатлари ўртасида тузилган қўшма корхона бўлган.

Альфа Ўзбекистон бозорига 2004 йилнинг декабрида, 2700 абонентга эга Bakrie Uzbekistan Telecom номли (Buztel номи билан танилган) кичкина фирмани 4 миллион АҚШ долларига сотиб олиш орқали кириб келади. Бу рақамлар фирманинг собиқ ҳиссадори Индонезиянинг Bakrie фирмасига доир 2005 йилги молиявий ҳисоботларда келтирилган.

Матбуот хабарларига кўра, 2005 йил февралида Альфа Uzmacom фирмасининг 74 фоиз улушини 13 миллион АҚШ долларига сотиб олиш орқали GSM лицензиясини қўлга киритади. Фирманинг қолган қисми давлатга қарашли телеком ширкати назоратида қолади. 9 минг абонентга эга бўлса-да, Uzmacom-нинг ўша пайтда бутун мамлакатни қоплаб олувчи GSM алоқасига лицензияси, ундан ҳам муҳимроғи, бошқа операторлардан фарқли ўлароқ, 900 MHz тўлқини учун лицензияси бўлган.

Takilant Гулноранинг хос ёрдамчиси Гаянэ Авакян номига Гибралтарда очилган, лекин терговчилар бу фирманинг ҳақиқий эгаси президент қизи эканига шубҳа қилмайди.
Takilant Гулноранинг хос ёрдамчиси Гаянэ Авакян номига Гибралтарда очилган, лекин терговчилар бу фирманинг ҳақиқий эгаси президент қизи эканига шубҳа қилмайди.

Лекин сотиб олиниши биланоқ Uzmacom ё лицензия тўловини тўлашдан бош тортади, ёки ҳукумат тўловни рад этади ва натижада 2005 йил августида давлат идоралари лицензияни вақтинча бекор қилади. Альфа Uzmacom менежментини танқид қилса-да, лицензия амал қилишининг тўхтатилишидан фойда кўради. Альфа ўзига қарашли Buztel ширкати номидан Uzmacom-нинг лицензиясини сўраб ариза топширади. Кўп ўтмай, 2005 йилнинг июлида Buztel-га лицензия берилади. Бу жараён натижасида давлат ҳам сердаромад лицензиясидан маҳрум бўлади.

Альфа Buztel-ни ўзига қарашли VimpelCom қўшма корхонасига 60 миллион АҚШ долларига сотиб, улкан даромад кўради. Орадан икки кун ўтиб, Альфа Гибралтарда рўйхатга олинган Takilant Ltd. фирмаси банки ҳисобига 19 миллион АҚШ доллари миқдорида пул ўтказади. Пул жўнатмаси тўлалигича Альфага қарашли Британия Виргин Оролларида рўйхатга олинган Aqute Holdings & Investments шўъба корхонаси орқали амалга оширилади.

Takilant келгуси битимларда, айниқса TeliaSonera ишида ҳам ишга солинади. Скандинавиялик терговчилар Takilant унинг ёрдамчиси Гаянэ Авакян номига расмийлаштирилган бўлса-да, фирманинг ҳақиқий эгаси Каримова эканини айтмоқда. Takilant Каримованинг бошқа олди-бердилари, жумладан “duty free” дўконлари, кийим-кечак ва фармацевтика фирмалари билан боғлиқ бизнеслари учун ҳолдинг вазифасини бажарган.

Альфа нима учун Каримовага бу пулни тўлангани ҳеч қаерда изоҳланмаган, лекин Альфага тегишли Buztel Ўзбекистоннинг назорат органлари 2005 йил давомида қабул қилган қарорлардан катта фойда кўради.

2006 йил февралида VimpelCom Ўзбекистон бозоридаги энг йирик мобил операторлардан бири бўлган Unitel ширкатини 200 миллион АҚШ долларига сотиб олади. Орадан икки ойча ўтиб, Buztel билан Unitel бирлаштирилади. Ўшанда VimpelCom матбуот вакили Takilant икки ширкатни бирлаштириш жараёнида консультация хизматини кўрсатди, дея билдирган, лекин консультация айнан нимадан иборат бўлгани ва қандай шартлар бажарилгани ҳеч бир тарзда аниқлаштирилмаган эди.

2007 йилнинг апрелида Каримова VimpelCom билан Unitel-нинг 7 фоизлик улушини, шўъба корхона орқали, 20 миллион АҚШ долларига сотиб олиш тўғрисида битимга киришади. Яна опционли шартномага кўра, томонлардан биттаси икки йилдан кейин 7 фоизлик бу улушни 57-60 миллион АҚШ долларига Vimpelcom-га мажбуран қайтариб сотиш имконини қолдиради. 2009 йилда Каримова бу имкондан фойдаланиб, ғойибдан 37 миллион АҚШ долларига тенг даромад кўради. Бу битимнинг ҳам VimpelCom учун зарарли экани яққол кўзга ташланади ва ширкат фақатгина Каримова учун катта даромад келтирадиган битимни нима сабабдан имзолагани ноаниқ қолмоқда.

VimpelCom Гулнора Каримовага камида 155,5 миллион АҚШ доллари тўлаган.
VimpelCom Гулнора Каримовага камида 155,5 миллион АҚШ доллари тўлаган.

Бир неча ой аввал аноним информатор Норвегия расмийларига VimpelCom Каримовага яна камида 100 миллион АҚШ доллари тўлагани ҳақидги маълумотни тақдим қилди. OCCRP бу қўшимча тўловларнинг камида биттасини тасдиқлашга муваффақ бўлди – VimpelCom 2007 йилда Қимматбаҳо қоғозлар ва биржа операциялари бўйича комиссиясига топширган ҳисоботларида Ўзбекистонда лицензия сотиб олиш учун 43 миллион АҚШ доллари тўлаганини кўрсатган. Бу мантиққа тўғри келмайди, чунки Ўзбекистонда лицензия учун тўланадиган ҳақ анча кичикроқдир кичикдир.

TeliaSonera ва Каримованинг инвестицион группаси

Швеция ва Финляндияга қарашли TeliaSonera ширкати ҳам изчил ўсаётган ўзбек бозори меваларини қидириб келади. Бу компания ҳам МТС ва Vimpelcom ширкатлари босиб ўтган айни қадамларни қайтаради.

Лекин, Швеция расмийлари ва TeliaSonera ширкатининг ўзи порахўрликка оид айбловларни Россия ва Норвегия расмийларидан фарқли ўлароқ, синчковроқ тергов қилгани туфайли бу борада кўпроқ маълумот мавжуд. Жумладан, 2013 йилда Швециядаги Mannheimer Swartling юридик фирмаси ўтказган мустақил тергов ҳисоботида TeliaSonera-нинг 2007 йилда Ўзбекистон телеком бозорига кириб келишига доир тафсилотлар берилган. Унда Каримова амалга оширгани иддао қилинаётган қилмишлар тасвирлаб берилган.

TeliaSonera Гулнора Каримовага пора берганига доир иддаолар ҳозирда Швеция прокуратураси томонидан тергов қилинмоқда.
TeliaSonera Гулнора Каримовага пора берганига доир иддаолар ҳозирда Швеция прокуратураси томонидан тергов қилинмоқда.

TeliaSonera менежерлари кейинчалик “Каримовага қарашли сармоя ширкати” раҳбари сифатида тасвирлашган Беҳзод Аҳмедов МТС шубҳали вазиятда Уздунробитани сотиб олган пайтда бу ширкат бош ижрочи директори бўлган. Аҳмедов кейинги беш йилдан ортиқ вақт давомида Каримовага алоқадор олди-бердиларда асосий шахсга айланади. У ҳатто ўзи раҳбарлик қилган МТСга рақиб бўлган телеком ширкатлари билан Каримова номидан музокара олиб боради. У 2012 йилда шошилинч тарзда Ўзбекистонни тарк этгунига қадар Уздунробита бош ижрочи директори лавозимида қолади.

2007 йилда TeliaSonera Ўзбекистондаги учинчи йирик телеком ширкати АҚШнинг MCT Corp. компаниясига қарашли Coscom операторини сотиб олиш ниятини билдиради. Бу пайтда ҳукумат бир неча ойдан бери MCT ширкатини таъқиб қилаётган, лицензияларини вақтинча тўхтатиб, солиқ инспекциясини фирма идорасига юбораётган эди. Америка фирмаси 23 миллион АҚШ долларига тенг солиқдан бўйин товлаганликда айбланиши ортидан, МСТ бу мамлакатда истиқбол қолмаётганини англайди ва бир нечта фирма билан Coscom-ни сотиш борасида музокаралар олиб боради. TeliaSonera пайдо бўлишидан аввал барча ширкатлар билан музокаралар турли тўсиқлар боис натижа бермайди.

Wikileaks ошкор қилган дипломатик каблограммаларга кўра, исми келтирилмаган Coscom директори АҚШ элчихонасини ҳукумат тарафидан ширкатга нисбатан тўхтамётган таъқиб ортидан ўз фойдасини кўзлаётган президент қизи тургани тўғрисдаги гумонларидан хабардор қилган. TeliaSonera ҳукумат билан музокараларни бошлаши биланоқ МСТ-га нисбатан босим ва судга тортиш таҳдидлари ҳам ўз-ўзидан бартараф этилади.

Музокаралар давом этган бир пайтда, саҳна ортида бошқа бир яширин сўзлашувлар кетаётган эди. Каримова TeliaSonera ширкатининг Ўзбекистондаги сармояларидан ҳам ўз улушига эга бўла олишини кафолатлаш вазифаси Аҳмедовга юкланган эди.

TeliaSonera MCT-ни сотиб олиб, Coscom операторини қўлга киритишидан бир неча кун аввалроқ Аҳмедов ва TeliaSonera ҳамкорлик келишувини имзолашади. Coscom Ўзбекистон бозорида рақобат қила олиш учун 3G лицензиясига эга бўлиши лозим эди. Келишувга биноан маҳаллий ҳамкор 30 миллион АҚШ доллари ва янги қўшма корхонада 26 фоизлик улуш эвазига Coscom-га алоқа тўлқинларини тақдим қилиши кўзда тутилган эди.

Гулнора Каримова номидан яширин музокаралар олиб борган Беҳзод Аҳмедов 2012 йилдан бери Интерпол қидирувида қолмоқда.
Гулнора Каримова номидан яширин музокаралар олиб борган Беҳзод Аҳмедов 2012 йилдан бери Интерпол қидирувида қолмоқда.

Келишув имзоланади, лекин қонун жиҳатидан бу битим бир неча муаммога дуч келди. Ўзбекистон қонунчилигига кўра, алоқа тўлқинларини бир ширкатдан иккинчисига ўтказиб бўлмайди. Бундан ташқари, ўтказиладиган лицензияларга эгалик ҳуқуқи у ёқда турсин, маҳаллий ҳамкорнинг ўзи йўқ эди.

Келишуга кўра, Ўзбекистондаги ҳамкор Британия Виргин Оролларида фирма ташкил қилиши, бу фирма эса Ўзбекистонда шўъбасини очиши кўзда тутилади. Бунинг ўрнига эса, Аҳмедов 2007 йилнинг охирларида Гулнорага қарашли ва унинг ёрдамчиси Гаянэ Авакян юритадиган Takilant фирмасини TeliaSonera-га маҳаллий ҳамкор сифатида тақдим этади.

Авакаян барча шартномаларни сиртдан имзолайди ва TeliaSonera билан ҳеч қачон тўғридан-тўғри музокара қилмайди.

Takilant кейин тўлалигича ўзига қарашли Teleson Mobile шўъбасини ташкил қилади. Takilant ва унинг шўъбаси Teleson Mobile Ўзбекистон қонунлари талаб этувчи телеком соҳасида ҳеч қандай тажрибага эга бўлмаганига қарамасдан, йилнинг охирига қадар барча керакли лицензияларни қўлга киритади. TeliaSonera билан Takilant ўртасида акциядорлик ва 3G лицензиясига доир келишувларни имзолайди ва Takilant қўшма корхонада ҳақдорга айланади. Келишувда битта шарт - Teleson Mobile ўз лицензиясидан воз кечиши лозимлиги белгиланади.

Teleson лицензиясидан воз кечиши биланоқ, Coscom бу лицензияни тегишли расмий идорадан олади ва шундан кейин TeliaSonera хизмат ҳақини тўлади. Takilnat фирмасига 26 фоиз улушни шундоқ ўтказиб қўйиш ўрнига, TeliaSonera 80 миллион АҚШ долларини унинг ҳисоб рақамига жўнатади. Takilant ўша куниёқ 50 миллион долларни TeliaSonera банк ҳисобига қайтаради. Бу олди берди натижасида Takilant 30 миллион долларни ўзига олиб қолади ва гўё Каримова 50 миллион долларни 26 фоиз улуш учун тўлаган, деган кўриниш пайдо бўлади. Аслида эса, Каримова 26 фоизлик улушни ҳам, пулни ҳам шунчаки лицензиянинг Coscom операторига берилишини таъминлагани учун олади.

TeliaSonera Гулнора Каримовага камида 381 миллион АҚШ доллари тўлаган.
TeliaSonera Гулнора Каримовага камида 381 миллион АҚШ доллари тўлаган.

Кейинчалик Каримова улушларнинг 20 фоизини 220 миллион АҚШ долларига сотади. Унинг қўлида яна 6 фоиз улуш қолади. Бу ҳиссаларни у, Takilant шартномасига кўра, яна камида 75 миллион долларга сотиш ҳуқуқини сақлаб қолади.

Лицензия, ёрдам, хизматлар ва толали оптик линиялар учун тўловлар

Каримова текин ёки арзон-гаровга қўлга киритган турли ширкатлардаги улушларини сотиб, катта бойлик орттиришдан ташқари, телеком соҳасига доир турли лицензияларни олиб бериш ва янгилаш учун ҳам катта миқдордаги пулларни олиб келган. 2006-2001 йиллар оралиғида телеком ширкатлари Takilant ва Каримовага тегишли бошқа фирмаларга 200 миллион АҚШ долларидан зиёд пул ўтказиб берган. OCCRP ўз ихтиёридаги ҳужжатлардан бу ширкатларнинг иккитасига доир тафсилотларни билади холос ва бу каби тўловлар кўп бўлганини хулоса қилиш мумкин.

Масалан, TeliaSonera Ўзбекистон телеком бозорига 3G лицензияси билан кириб келиш учун Takilant-га дастлаб 30 миллион АҚШ доллари тўлайди. 2008 йилда қўшимча рақамлар учун яна 9,2 миллион доллар тўлайди, 2010 йилда 4G лицензиясини қўлга киритган пайтдабошқа бир ширкатнинг 15 миллион долларлик қарзини тўлаб беради. 2010 йилнинг охирларида TeliaSonera қўшимча тўлқинлар ва толали оптик тармоқларидан фойдаланиш имкони учун яна 55 миллион доллар тўлайди. Олди-бердиларнинг сўнгги иккитасида Уздунробита лицензия ва тўлқинлардан TeliaSonera фойдасига воз кечади.

VimpelCom ҳам айни йўллар билан 75 миллион АҚШ долларидан ортиқ пул тўлаган.

Бошқа қурбонлар

Лекин булар ҳақ тўлаб келган ягона ширкатлар эмас.

Ҳужжатларга кўра, АҚШ ва Люксембургда жойлашган Eastwell SA ва Eastwell Invest Holding ширкатлари Takilant ва Каримовага тегишли яна бир тузилма Finex фирмасига 2006 ва 2007 йилларда пул ўтказиб турган. Бу икки ширкатни ўз ичига олувчи шубҳали Eastwell Group вакиллари OCCRP мухбирлари билан гаплашишдан бош тортишди. Eastwell ширкатининг дастлабки ҳақдорларига доир 1994 йилги ҳужжатлар текширилиб, Ирландия ва Мальтадаги бизнес реестрлардан олинган расмий имейлларга кўра, улардан камида иккитаси сохта бўлгани аниқланди. Ҳақдорлар ва директорларнинг баъзилари турли йилларда қурол контрабандасидан тортиб, солиқлардан бўйин товлаш каби жиноятларга қўл ургани ҳам аниқланди.

Гулнора Каримова бир марталик пора билан кифояланмаган, у оддий шантажчи каби ширкатларни қайта-қайта соғишда давом этган.
Гулнора Каримова бир марталик пора билан кифояланмаган, у оддий шантажчи каби ширкатларни қайта-қайта соғишда давом этган.

Eastwell техникавий ёрдам ва консультация хизматлари учун Каримовага тегишли фирмаларга камида 3,8 миллион АҚШ доллари тўлаган. Бу ширкат East Telecom билан биргаликда Уздунробитанинг илк асосчиси бўлган. East Telecom мамлакатдаги энг йирик рақамли коммуникация оператори ва Super iMAX симсиз алоқа провайдеридир. Eastwell 2007 йилда East Telecom ва Super iMAX тузилмаларидаги улушларини Япониянинг Sumitomo Corporation ҳамда Жанубий Кореянинг KT Corporation ширкатларига сотади.

Eastwell Group расмий сайтида ўзини МДҲ ва Марказий Осиё давлатларида сармоя капитали ва янги технологияларни етказиб берувчи бизнес сифатида тақдим этади. Ширкат Ўзбекистон, Россия, Украина, Хорватия, Туркия, Тожикистон ва Грузияда телекоммуникация, газ, энерегия ва саноат лойиҳаларида бизнес қилиши айтилади расмий сайтида.

Афтидан, бу Каримова телеком ширкатларидан пул олганига доир ягона ҳолатлар эмас. Оффшор фирмаларга ўтказилган бошқа тўловалар тегишли тарзда изоҳланмаган ва Каримова ширкатлари билан ҳамкорлик қилган бизнеслар кўпинча ўз зарарига қарор қилиш орқали Каримовага катта даромад келтирган.

Масалан, ҳужжатлар ва судда берилган кўрсатмаларга кўра, Россиянинг МТС телеком ширкати Уздунробитани сотиб олган пайтда Каримова 350 миллион АҚШ долларидан ортиқроқ даромад қилган. МТС 2009 йилнинг май ойида расмий идораларга юборган билдиришномасида Британия Виргин Оролларида жойлашган ва хўжаини номаълум бўлган Tammaron фирмаси банк ҳисобига 21,2 миллион АҚШ доллари юборганини ошкор қилади.

МТС Россия матбуотига Tammaron фирмасига сармоя қилиш сабабини мазкур ширкат янги стандартдаги 4G мобил алоқа лицензиясига эга бўлгани билан изоҳлайди. Лекин расмий назорат идораларига берилган билдиришномаларга кўра, орадан кўп ўтмай, МТС бу сармояни “салбий қарз” сифатида ҳисобдан ўчириб ташлаган ва буни “бундай транзакцияни амалга ошириш билан боғлиқ ноаниқликлар мавжуд”, дея изоҳлайди.

Бу қарзни ҳисобдан ўчириб ташлашидан бироз ўтиб, МТС Ўзбекистон назорат идораларидан лицензия олишга муваффақ бўлади, лекин бунинг учун яна Каримовага алоқадор фирмага 40 миллион АҚШ доллари тўлаб қўяди. 2009 йилнинг сентябь ойида МТС Колорит Дизайн номли фирмани сотиб олади. “Кўча рекламаси хизматлари”ни тақдим этиши иддао қилинган бу фирма Каримованинг жазманига қарашли бўлган. МТС ўзининг расмий билдиришномаларида мазкур реклама фирмаси 13 миллион АҚШ долларига баҳоланган, лекин МТС бундан уч баравар кўпроқ ҳақ тўлаган.

Бундан ташқари Merkony номли фирма билан боғлиқ сирли жараён ҳам бор.

2006-2008 йиллар оралиғида Британия Виргин Оролларида рўйхатга олинган Merkony Investment Group компанияси Takilant ва Кримовага доир яна бир ширкат Ҳонг Конгда рўйхатга олинган Finex номли фирмага 85,7 миллион АҚШ доллари миқдорида пул ўтказиб берган. Мазкур тўловлар, қоғозда кўрсатилишича, WiMAX ва толали оптик хизматлар учун ҳақ сифатида ўтказилган. Лекин на Takilant-нинг на Finex-нинг Ўзбекистонда бундай хизматларни тақдим қилиш учун рухсати бўлган.

2004 йилда ташкил этилиб, беш йилдан кейин тугатилган Merkony кимга тегишли бўлгани ҳам ноаниқдир. Merkony фирмаси директори сифатида Олег Свиридов кўрсатилган. У МТСда юрист лавозимини эгаллаган ва ширкат бош директори Беҳзод Аҳмедовнинг ўнг қўли бўлган. Аҳмедов TeliaSonera олди-бердисида Каримованинг вакили бўлган. Айни пайтда, сиздирилган ҳужжатларга кўра, Свиридов Каримовага тегишли Takilant фирмасидан ҳақ олиб турган. Свиридов ва Аҳмедовларни топиш ҳаракатлари бесамар қолди.

Музқоянинг учи

Каримова бу ширкатлар билан бошида тузилган битимдангина даромад қилмаган. Афтидан у тамагирлик воситасида ўз қурбонларин доимий соғиб келган.

Бугун уй қамоғида экани иддао қилинаётган Гулнора Каримова авиасаноат, транспорт, цемент, экспорт-импорт, мода, фармацевтика ва соҳаларга аралшган.
Бугун уй қамоғида экани иддао қилинаётган Гулнора Каримова авиасаноат, транспорт, цемент, экспорт-импорт, мода, фармацевтика ва соҳаларга аралшган.

2013 йил май ойида швециялик журналистлар ошкор қилган ҳужжатларга кўра, TeliaSonera-дан ҳукумат идораларидан ҳимоя ҳамда янги мижозларнинг етказиб берилиши учун катта миқдорда пул талаб қилинган. Каримова солиқ инспекцияси, божхона, монполияга қарши кураш қўмитаси, коммуникация назорати ва ички ишлар вазирлиги каби давлат идораларидан ҳимоя учун TeliaSonera-дан очиқдан-очиқ 15 миллион АҚШ доллари талаб қилган. Ҳужжатларда айтилишича, ҳар бир идора учун алоҳида тўлаш имкони ҳам бўлган, лекин бу қимматроққа тушган. Каримова авиасаноат, транспорт, цемент, экспорт-импорт, мода, фармацевтика ва соҳаларга аралшган. Агар Каримова бу соаҳаларда ҳам худди мобил алоқа бизнесидагидек очкўзлик билан ҳаракат қилган бўлса, у ўмарган пуллар OCCRP аниқлашга муваффақ бўлган 1 миллиард АҚШ долларидан анча кўпроқ бўлгани эҳтимолга жуда яқин. Ўзбек халқига у қанча зарар етказгани ҳеч қачон аниқланмаслиги мумкин.

Муҳаррирдан: Мазкур репортажга ҳисса қўшган мухбир ва тадқиқотчилар қуйидагилардир: Лейла Камажич (OCCRP), Драгана Пецо (OCCRP), Олеся Шмагун (OCCRP), Инге Шпринге (Re:Baltica), Фрадерик Лорин (Швеция радиоси), Йоахим Дивфермарк (Швед жамоатчилик телевидениси), Алишер Сиддиқ (Озодлик/RFERL) ва Фаррух Юсуфий (Озодлик/RFERL). OCCRP Швед жамоатчилик телевидениесининг “Миссия текширув” дастури жамосига ёрдамлари учун миннатдорчилик билдиради.

XS
SM
MD
LG