Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 15:49

Ўздунробитанинг мулки 600 миллиард сўмга баҳоланди


“Ўздунробита” кредиторларининг 2013 йил 31 май куни ўтказилган мажлиси баённомасига мувофиқ, ширкат мулкининг бошланғич баҳоси 600 миллиард сўм қилиб белгиланди ва кимошди савдосига қўйиладиган бўлди.

Biznes-daily.uz сайти хабарига кўра, кимошди савдоси савдо ташкилотчиси бўлган “Ko’chmas mulk savdo xizmati” МЧЖ томонидан 2013 йилнинг 1 июл куни Тошкент вақти билан соат 11.00 да ўтказилади.

Савдода иштирок этмоқчи бўлганлар 28 июнгача “Ўздунробита” мулки бошланғич нархининг 20 фоизини бай пули ўлароқ тўлаб қўйишлари керак.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 22 апрел куни Тошкент шаҳар Хўжалик суди Россиянинг МТС ширкатига қарашли ва МТС-Ўзбекистон бренди остида фаолият юритувчи “Ўздунробита”ни банкрот, деб эълон қилган эди.

2013 йил 18 январ куни мазкур суд молиявий мажбуриятларини бажара олмаган “Ўздунробита”ни банкрот деб эълон қилиш ҳақида кредиторлар аризасини расман қабул қилиб олганидан кейин ширкат устидан назорат ўрнатилган ва вақтинчалик бошқарувчи тайинланган.

Тошкент шаҳар хўжалик судининг 2012 йил ноябр ойида чиқарган қарорига биноан "Ўздунробита" ширкати ўз зиммасига юклатилган 600 миллион долларлик молиявий мажбуриятни бажара олмаган, деб топилган ва унинг мол-мулки ҳақдорларга ўтказиб бериладиган бўлган.

Ўзбекистоннинг энг йирик мобил ширкати ҳисобланган "Ўздунробита" фаолияти ўтган йилнинг июл ойида ҳукумат томонидан тўхтатиб қўйилган. Ширкатнинг тўрт ходими ҳибсга олиниб, жарима ва аҳлоқ-тузатиш ишларига ҳукм қилинган. Компаниянинг Ўзбекистондаги мулки мусодара қилинган.

Ўтган йилнинг август ойида Тошкент шаҳар Хўжалик суди Ўзбекистон Коммуникация ва ахборот технологиялари агентлигининг "Ўздунробита"га берилган лицензияни бекор қилиш ҳақидаги қарорини ўз кучида қолдирган.

Бу орада Россиянинг МТС ширкати Ўзбекистонни халқаро арбитражга берди. Ўтган ойдан бошлаб сармоядорлар ўртасидаги келишмовчиликларни тартибга солувчи Вашингтондаги халқаро марказ ICSID Россиянинг МТС уяли телефон ширкатининг Ўзбекистондаги шўъба корхонаси лицензияси бекор қилинишига оид шикоятларини ўрганишга киришди.

Россиянинг МТС ширкати даъво қилишича, 2012 йил ўрталарида Ўзбекистондаги фаолияти тўхтатилиши ноқонуний бўлган ва натижада 1 миллиард 80 минг АҚШ долларли соф даромаддан қуруқ қолган.

Тортишувда МТС манфаатларини Британиянинг Debevoise & Plimpton юридик ширкати ҳимоя қилади. Ўзбекистон ҳукумати томонида эса Американинг Boies, Schiller & Flexner юридик ширкати турибди.

2004 йилда "Ўздунробита" мобил алоқа ширкатининг акцияларини сотиб олган МТС Ўзбекистон бозорида 2012 йил июнига қадар фаолият олиб борган.

Ўзбекистон Бош прокуратураси Россия ширкатини молиявий қаллобликлар ва солиқдан қочишда айблаши ва ширкат лицензиясининг тўхтатилиши ортидан миллионлаб мижоз ҳеч қандай огоҳлантиришсиз бир кунда тармоқдан узиб қўйилган, МТСнинг Ўзбекистондаги мулки эса ҳибс этилган.

Ўшанда МТС Ўзбекистондаги шўъба корхонасига қарши қилинган “ноқонуний амаллар” оқибатида кўрган зарарларини ундириш учун халқаро даражадаги барча ҳуқуқий воситаларни ишга солишини билдирганди.

МТС Ўзбекистон ҳукуматидан қанча пул даъво қилаётгани маълум эмас.

Фаолияти тўхтатилгунига қадар "Ўздунробита" Ўзбекистондаги энг йирик мобил алоқа оператори эди.

Алоқа доираси мамлакатнинг 94 фоиз ҳудудини қамраб олувчи оператор 9 миллиондан ортиқ абонентга хизмат кўрсатган. Бу Ўзбекистон мобил алоқа бозорининг 40 фоизидан кўпроғини ташкил қилган.

“Ўздунробита” фаолияти тўхтатилиши ортидан унинг миллионлаб мижози мамлакатда фаолият юритувчи бошқа ширкатларга ўтиб кетишга мажбур бўлди.

Май ойи ўрталарида Россия Монополияга қарши федерал хизмати Ўзбекистонда ишлаётган Perfectum Mobile ва Uzmobile уяли алоқа компанияларини МТСга қарши тил бириктириб, иш кўрганликда айблаб чиқди. Хабарларга кўра, федерал хизмат бу борада ўз суриштирувини бошлаган.

Хизмат расмийлари бу икки уяли алоқа операторлари асосий рақиб кўрилган МТСнинг Ўзбекистондаги шўъба корхонаси - Ўздунробита ширкатини бозордан сиқиб чиқаришга уринган, деб иддао қилмоқда.

Бу каби иддаоларга қарамай, Ўзбекистонда фаолият олиб бораётган уяли алоқа операторлари фаолият доираларини кенгайтиришга уринмоқдалар. Ўзбекистон Давлат алоқа инспекциясининг маълум қилишича, мамлакатда фаолият юритаётган мобил алоқа операторлари 2013 йилнинг биринчи чорагида 531 станцияни ишга туширган. Бу станцияларнинг ишга туширилиши кўрсатилаётган мобил алоқа хизмати сифатини яхшилашга ёрдам бериши айтилмоқда.
XS
SM
MD
LG