Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 15:58

"Ўздунробита" банкрот деб эълон қилинди


22 апрел куни Тошкент шаҳар хўжалик суди “Ўздунробита” мобил алоқа ширкатини банкрот деб эълон қилди. Шу йилнинг бошида “Ўздунробита”ни банкрот деб топиш ва уни тугатиш жараёнини очиш тўғрисида ширкат, март ойида эса кредиторлар судга мурожаат қилган эди. “Ўздунробита”ни тугатиш жараёни натижасида кредиторлар ширкат мол-мулки кредиторларга ўтиши мумкин.


“Ўздунробита” кредиторларининг ширкатни банкрот деб эълон қилиш ва уни тугатиш жараёнини бошлаш тўғрисидаги аризаси қондирилганини Тошкент шаҳар хўжалик судидаги манба Озодликка тасдиқлади.

Айни пайтда, РИА Новости агентлиги ҳам ўз манбасининг “Бугун қайта ўтказилган маҳкамада суд алоқа операторини банкрот деб эълон қилиш ва ширкатни тугатиш бўйича бир йиллик жараённи бошлаш тўғрисидаги кредиторлар аризасини қондирди”, деган сўзларидан иқтибос келтирмоқда.

Шу йилнинг 18 январ куни молиявий даъволарни қондира олмаслиги сабабидан ширкатни банкрот деб эълон қилиш тўғрисидаги “Ўздунробита” аризасини қабул қилган ва ширкат устидан назорат ўрнатилиб, янги муваққат раҳбар тайинланган эди.

6 март куни “Ўздунробита” кредиторлари Тошкент шаҳар хўжалик судига ширкатни банкрот деб эълон қилиш ва уни тугатиш жараёнини бошлаш тўғрисида ариза билан мурожаат қилган.

МТС ширкатидаги манбаларнинг Озодликка айтишича, "Ўздунробита" ширкати кредиторлари сони кўпдир, уларнинг асосийси Ўзбекистон ҳукумати ҳисобланади. Ҳукумат номидан кредитор сифатида Давлат солиқ қўмитаси ҳукумат номидан иш юритади.

Кредиторлар аризаси илк бор 11 март куни кўриб чиқилган, лекин ариза қондирилмасдан назорат муддати 22 апрелгача, кейинги суд мажлисига қадар узайтирилган эди.

Тошкент шаҳар хўжалик ишлари судининг душанба кунги қарорига мувофиқ “Ўздунробита” масъулияти чекланган жамият 12 ой муддат ичида тугатилиши керак бўлади.

Тошкент шаҳар Хўжалик судининг 2012 йил ноябр ойида чиқарган қарорига кўра, "Ўздунробита" ширкати ўз зиммасига юклатилган 600 миллион долларлик молиявий даъволарни саккиз ой муддат ичида тўлаб битириши керак эди.

Энди эса, “Ўздунробита” ҳақдорларига ширкатнинг мол-мулки қолади.

Россиянинг МТС ширкати Тошкент хўжалик судининг 22 апрел кунги қарори юзасидан муносабат билдирмади.

Мутахассислар "Ўздунробита"дан қоладиган техника воситаларини махсус компьютер программаларисиз ишлатиб бўлмаслигини айтмоқда.

Ўзбекистоннинг энг йирик мобил ширкати ҳисобланган "Ўздунробита" фаолияти ўтган йилнинг июл ойида ҳукумат томонидан тўхтатиб қўйилган. Ширкатнинг тўрт ходими ҳибсга олиниб, жарима ва аҳлоқ-тузатиш ишларига ҳукм қилинган. Компаниянинг Ўзбекистондаги мулки ҳибсга олинган.

Ўтган йилнинг август ойида Тошкент шаҳар Хўжалик суди Ўзбекистон Коммуникация ва ахборот технологиялари агентлигининг "Ўздунробита"га берилган лицензияни бекор қилиш ҳақидаги қарорини ўз кучида қолдирган.

Фаолияти тўхтатилгунига қадар "Ўздунробита" Ўзбекистондаги энг йирик мобил алоқа оператори эди. Алоқаси мамлакатнинг 94 фоизини қамраб олувчи оператор 9 миллиондан ортиқ абонентга хизмат кўрсатган. Бу Ўзбекистон мобил алоқа бозорининг 40 фоизидан ортиғидир.

“Ўздунробита” фаолияти тўхтатилиши ортидан унинг миллионлаб мижози мамлакатда фаолият юритувчи бошқа ширкатларга ўтиб кетди.
XS
SM
MD
LG