Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:33

Олий суднинг STга жавоби: Ходимлар навбатчиликка турган вақти эвазига иш кунида дам олиши мумкин


Ўзбекистон Олий суди биноси
Ўзбекистон Олий суди биноси

Суд тизими ходимларининг байрам кунларида навбатчиликка қўйилиши аҳоли талабларини тўлароқ қондириш, келаётган шикоятларни тезроқ ўрганиш мақсадида ташкил этилган.

Бу ҳақда Олий Суд матбуот хизмати судлов тизими ходимларининг SizdanTelegram рукнида эълон қилинган шикояти юзасидан Озодликка жавоб бераётиб билдирди.

26 август куни Озодликнинг SizdanTelegram саҳифасида судлов тизими ходимларининг “Суд тизими вакиллари меҳнат қонунчилигига зид равишда навбатчиликка жалб этилмоқда” сарлавҳаси остидаги шикояти чоп этилган эди.

Унда Олий суд раиси Козимжон Комиловнинг 31 августдан 3 сентябрга қадар суд биноларида судья ва ходимларнинг навбатчилигини ташкил этиш ҳақидаги 5 август кунги буйруғи ва бундай навбатчиликлар ҳар байрам арафасида жорий этилаётгани айтилганди.

Шикоятчи судья ёрдамчиси: Байрамларни яқинларимиз билан ўтказгимиз келади! ​

Шикоят чоп этилганидан сўнг Озодлик уни ёзганлардан бири, Тошкент шаҳридаги судлардан бирида ишлайдиган судья ёрдамчиси тизимда навбатчиликлар қай тарзда ўтказилишини айтиб берди:

- Навбатчиликка туриш 2014 йил, 5 декабрда Конституция байрами муносабати билан бошланган эди. Ҳар байрамдан 2-3 кун олдин бошланиб, байрамнинг эртаси куни тугайди. Байрам кунлари навбатчиликда кечаю кундуз турамиз. Айрим ҳолларда бир сутка идорада факс ва телефон олдида ўтирамиз михланиб!

Жазоланишдан қўрқиб исми очиқланишини истамаган судья ёрдамчисининг айтишича, баъзи туманларда бир судья, бир судья ёрдамчиси, бир архивариус ишлайди. Тартибга кўра, навбатчиликда 4 соатдан туриш керак.

- Демак, бир ходим 1 кеча-кундузда 2 мартадан навбатчиликда турар эканда?! 3 ходим 4 соатдан 12 соат, 24 соат ичида 2 марта навбатчилик қиладими? Бу навбатчиликдан мантиқ қани? - деди шикоятчи.

Тошкентлик судья ёрдамчисининг айтишича, суд ходимлари 1,2 - 1,4 миллион сўм ойлик маош олади. Байрам кунлари навбатчилик учун эса, ҳақ тўланмайди.

- Натижада фарзандлар тарбиясига вақт қолмаяпти. Биз ҳам одамларга ўхшаб яшагимиз, байрамларни яқинларимиз билан ўтказгимиз келади! - деди судья ёрдамчиси.

Унинг фикрича, ходимларни навбатчиликка қўйишнинг альтернативаси бор:

- Бунинг ўрнига барча мамлакатлардаги каби телефон олдига доимий навбатчи қўйилсин, туманлардан келиб тушган мурожаатлар ва қамоққа олиш санкциялари навбатчи судьялар томонидан кўриб чиқилсин.

Олий Суд раисининг Мустақиллик байрами куни навбатчилик тўғрисида буйруғи
Олий Суд раисининг Мустақиллик байрами куни навбатчилик тўғрисида буйруғи

Олий суд матбуот хизмати раҳбари: Ходимларнинг байрам куни ишлаган соатлари ҳисобига “отгул” олишга ҳаққи бор!​

Озодлик суд ходимларининг шикояти юзасидан Олий судга мурожаат қилди ва расмий жавоб олди.

Саволларга телефон орқали жавоб берган Олий суд матбуот хизмати раҳбари Азиз Обидов бундай арзлар билан суд ходимлари бевосита идоранинг ўзига мурожаат қилишлари мумкинлигини билдириб, деди:

- Биринчидан, бу саволлар билан сизларга мурожаат қилганлардан мен Олий суд раиси ва унинг ўринбосарларига бемалол мурожаат қилишларини сўрардим. Сизларга навбатчилик масаласида мурожаат қилишганини кўрдик. “1 августдан 3 сентябрга қадар суд биноларида судья ва ходимларнинг навбатчилигини ташкил этиш ҳақида буйруқ чиқди”, дейиляпти. Мен тушунтириб берсам: ҳар бир ходим ёки судья дарҳақиқат навбатчиликка келади. Навбатчилик ҳар бир киши учун 4 соат бўлади! Бу дегани у бир ёки уч кунлаб навбатчиликда қолмайди. 4 соат ўтгандан кейин бошқа ходим келади.

Азиз Обидовга кўра, бундай навбатчилик кўплаб бошқа мамлакатларда ҳам жорий қилинган.

Обидовнинг айтишича, соат 9 дан 6 гача қилиб белгиланган иш кунидан ташқари ҳар шанбада судларда “очиқ эшиклар” тадбири ўтказилади ва бундай кунларда мурожаатчиларнинг шикоят ва аризалари қабул қилинади:

- Лекин фуқаролар байрам кунлари ҳам келиб қолиши мумкин! Албатта, бу байрам кунлари 50-60 одам келиб туради, дегани эмас. Лекин Тошкентга узоқдан келиб қоладиганлар бўлади! Шу сабабли байрам кунлари бизнинг судья ва ходим 3 соат атрофида навбатда туради. Лекин энг асосийси – шуни таъкидлашингизни сўрайман! – 4 соат навбатда турган судья ёки суд ходими ўзига қулай бўлган пайтда ҳақ тўланадиган иш кунининг хоҳлаган пайтида байрам куни ишлаган соатлари ҳисобига “отгул” олишга ҳаққи бор!- деди Азиз Обидов.

Матбуот котиби Олий Судда ишлаётган ҳар бир ходимнинг навбатчилиги “ҳар байрамдамас, йилда бир келади”, деди.

Олий суд вакили бу қоида буйруқда акс эттирилгани ва у Меҳнат кодекси ва президент фармонларига зид эмаслигини маълум қилди.

Азиз Обидов доимий навбатчилик жорий этиш тўғрисида ходимлар киритган таклифларга ҳам алоҳида тўхталиб, бу масалани Олий Суд раҳбарияти йиғилишлари муҳокамасига олиб чиқишини айтди.

- Бу гапларда жон бор! Айтилган фактларни албатта инобатга олиб, раҳбариятга етказаман, - дея ваъда берди Ўзбекистон Олий Суди матбуот хизмати раҳбари Азиз Обидов.

XS
SM
MD
LG