Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:49

Олий суд Каримов қамоғида энг узоқ ўтирган сиëсий маҳбус Самандар Қўқоновни оқламади(ВИДЕО)


Самандар Қўқонов қарийб 24 йиллик қамоқдан кейин 2016 йилнинг 24 ноябрь куни озодликка чиқарилган эди.
Самандар Қўқонов қарийб 24 йиллик қамоқдан кейин 2016 йилнинг 24 ноябрь куни озодликка чиқарилган эди.

10 июль куни Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати 24 йил қамоқда сақланган собиқ сиёсий маҳкум, Ўзбекистон Олий Кенгаши собиқ депутати Самандар Қўқоновнинг реабилитация қилишни сўраб ёзган аризасини қаноатлантирмади.

Олий суднинг беш кишилик кассация судлов ҳайъати Самандар Қўқоновнинг жиноят ишини қайта кўриб чиқиб¸ дастлабки инстанция суди ҳукмини ўзгаришсиз қолдириш ҳақида ажрим чиқарди.

Бу ҳақда Озодликка 75 яшар Қўқоновнинг ўзи маълум қилди.

С.Қўқонов: Мен жиноятчи бўлмаганман ва жиноятчи эмасман
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:21 0:00

10 июль куни Озодлик билан суҳбатда Самандар Қўқонов¸ озодликка чиққанидан уч йилча ўтиб¸ Олий суд ҳайъати чиқарган ажрим¸ Ўзбекистонда суд тизими мустақиллиги ҳақидаги умидларни пучга чиқарганини айтаркан, бундай деди:

- Каримов давридаги тузум ўзгаришсиз қолипти. Мени оқлаш ўрнига булар (эски ҳукмни кучда қолдириб)¸ норози бўлсанг назорат тартибида ëз¸ деяпти. Ҳозиргача назорат тартибида¸ кассация тартибида олти марта ëзганман¸ бу еттинчиси эди ўзи. Мен ҳеч қачон жиноятчи бўлмаганман¸ менга очилган жиноят иши Каримов давридаги тўқималардан тузилган. Шу гапларни Олий суд ҳайъатига айтдим. Ҳаммаси эшитди¸ лекин ҳукмни кучда қолдириб¸ ëқмаса назорат тартибида ëз¸ деди. Буларнинг нима ўйин ўйнаëтганини тушунмаяпман.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:48 0:00
Бевосита линк

10 июль кунги ажримда¸ “Қўқоновга очилган жиноят ишидаги эпизодларнинг барчаси ўз исботини топгани, далилий ашёлар ва гувоҳлар билан етарлича асослангани учун қондирилмади”¸ дейилган.

Маҳкамада қатнашган Эзгулик инсон ҳуқуқлари жамияти раиси Абдураҳмон Ташановга кўра¸ суд мажлисидан сўнг унга раислик қилган ҳакам, “жиноят ишидаги 20 томлик материалларнинг барчаси тўла қонуний меъёрлар асосида ўрганиб чиқилгани ва уларнинг бирортасини рад қилиб бўлмаслиги”ни айтган.

Самандар Қўқоновнинг ҳимоячиси Нуриддин Сандибоев Олий суд ҳайъати олдида қилган чиқишида:

Олий суд Самандар Қўқоновни унинг ўзи учун эмас, балки мамлакатда бораётган ислоҳотларга нисбатан одамларда умид уйғотиш, Мирзиёев сиёсатига ишонтириш учун ҳам оқлаши керак”, деган.

- Қўқоновни ушлашда¸ қамоққа олишда ва тергов жараëнида бузилган ҳуқуқларининг ўзи¸ унинг оиласига ўтказилган тазйиқлар ўша пайтда ҳукмдор бўлган Ислом Каримовнинг топшириғи билан бажарилганини ҳамма билади. Лекин¸ назаримда¸ суд тизимида ўша Ислом Каримов даврида ишлаган одамлар ҳозиргача фаолият кўрсатаяпти¸ ҳалигача ўша расм-русумлар¸ ўша юқорига қараб ҳаракат қилишлар¸ суд тизими мустақил эканини ҳис қилмаслик давом этаяпти. Унинг мисоли бугунги ҳукмдир¸ дейди Қўқонов маҳкамасида жамоат ҳимоясичи сифатида қатнашган шоир Ҳамроқул Асқар.

Озодлик билан суҳбатда Самандар Қўқонов¸ ҳақиқат қарор топиши учун курашни давом эттириши¸ қонунчиликда кўзда тутилган тартибда¸ яна реабилитация уринишини давом эттиришини айтади.

- Мен оқланишга умид қилгандим. Аксинча, менга 1994 йилнинг 23 августидаги ҳукмни қайта ўқиб эшиттиришди. Ўзимни мутлақо айбсиз ҳисоблайман ва курашни давом эттираман. Ҳаëтда мен на давлатга¸ на бирор шахсга зиëн еткизмаганман¸ деди Самандар Қўқонов.

Самандар Қўқонов ким?

Ўзбекистон Олий кенгаши депутати¸ Чиноз нефтни қайта ишлаш корхонаси собиқ бошлиғи Самандар Қўқонов 1993 йилнинг 2 июль куни давлатга қарашли катта миқдордаги мол-мулкни талон-торож қилганлик айби билан ҳибсга олинган.

МХХ ертўласида бир ярим йил сақланганидан сўнг¸ 20 йиллик қамоққа ҳукм этилган ва бу бир ярим йил қамоқ муддатидан чегирилмаган.

Асли Жиззах вилоятининг Фориш туманидан бўлган Самандар Қўқонов 1989 йили Шавкат Мирзиëев билан бир чақириқда Ўзбекистон Олий Кенгаши депутатлигига сайланган.

​Уни яқиндан таниган маслакдошлари 80-йиллар охирида сиëсий майдонда фаол кўзга ташланган тадбиркор ва депутатнинг шахсан Ислом Каримов топшириғи билан қамоққа олингани ва шахсан Каримов топшириғи билан қамоқда шунча вақт сақланганини таъкидлайдилар.

Қўқоновнинг Каримов ғазабига учраганини изоҳлаган ўзбекистонлик таҳлилчилар¸ буни Қўқоновнинг 80-йиллар охирида демократик мухолифатга қўшилгани¸ хусусан¸ Эрк демократик партиясига молиявий ëрдам бергани билан боғлайдилар.

Каримов даврида энг узоқ – қарийб 24 йил қамоқда ўтирган Самандар Қўқонов 2016 йил 24 ноябрь куни – вақтинча президент Шавкат Мирзиëев президентликка сайланишидан 10 кун аввал¸ кутилмаганда озодликка чиқарилган эди.

Суд томонидан берилган сўнгги қамоқ жазоси октябрь ойида тугаганига қарамай¸ тутқунликда сақлаб турилган Қўқоновнинг озод этилиши¸ президентликка номзод Шавкат Мирзиëевга ҳам мамлакат ичкариси¸ ҳам ташқарисида олқишлар билдирилишига сабаб бўлган эди.

ЕИ ва АҚШ расмийлари¸ халқаро ҳуқуқ ташкилотлари Каримовнинг сиëсий мухолифатга қарши шавқатсиз сиëсати қурбони деб кўрилган Қўқоновнинг озод этилишини¸ Ўзбекистонда янги сиëсий давр бошланганидан мужда сифатида қабул қилган эди.

Мирзиëeв оқлаганлар ва оқламаганлар

Шавкат Мирзиëев ҳокимиятга келганидан сўнг Каримов давридаги сиëсий мухолифат ва ҳуқуқ фаолларига муносабат ўзгаргани айтилди.

2016 йил охири ва 2017 йилда Каримов даврида узоқ йиллик қамоққа ҳукм этилиб¸ халқаро ҳамжамият сифатида сиëсий маҳкум деб эътироф этилганларнинг кўпчилиги озодликка чиқарилди.

МХХ тазйиқларидан сўнг муҳожиратга чиқиб кетган айрим сиëсий фаоллар ва журналистларга Ўзбекистонга қайтиш ҳақида хуфëна шаклда таклиф айтилган бўлса¸ айримларининг ўзи ватанга қайтиш истагини билдирди.

Хусусан¸ Ўзбекистон халқ ҳаракати раҳбари¸ Каримовнинг асосий мухолифи бўлган Эрк демократик партияси асосчиси Муҳаммад Солиҳни ватанга қайтариш ҳақида Мирзиëевга ëзилган мурожаатга юзлаб зиëли қўл қўйди.

Муҳаммад Солиҳ¸ ватанга қайтишидан олдин Олий суд ўзини реабилитация қилишини сўради ва 2017 йил август ойи сўнггида Ўзбекистон президенти виртуал қабулхонасига ўзининг сиëсий ва ҳуқуқий жиҳатдан реабилитация қилинишини таъминлашни сўраб расман мурожаат қилди.

Каримов даврининг аксар сиëсий маҳкумлари¸ хусусан¸ Муҳаммад Бекжон¸ Аъзам Фармонов¸ Аъзам Турғунов¸ Дилмурод Саййид каби журналист ва ҳуқуқ фаоллари¸ шунингдек Ўзбекистондаги биринчи хусусий банк эгаси Рустам Усмоновлар Олий судга тегишли тартибда реабилитация қилиш ҳақида ариза топширган. Ҳозиргача улардан бирортасининг бу сўрови қондирилмади.

Айни пайтда¸ 2019 йил 14 июнь куни маҳаллий матбуотда жорий йилнинг биринчи беш ойи ичида 259 нафар шахснинг оқлангани¸ улардан 73 нафарининг бевосита прокуратура органлари ташаббуси билан реабилитация қилиниб, уларнинг бузилган ҳуқуқлари тиклангани хабар қилинди.

Мирзиëев ҳокимиятга келгандан бери суд томонидан оқланган собиқ маҳкумлар ҳақида аниқ расмий маълумот йўқ.

Озодликка норасмий манбалардан маълум бўлишича¸ 2016 йил кузидан бери Ўзбекистон Олий суди Каримов даврида узоқ йилларга қамалган бир қатор собиқ раҳбарларни реабилитация қилиш ҳақида қарор чиқарган.

Улар орасида собиқ давлат маслаҳатчиси Исмоил Жўрабеков¸ Тошкент шаҳрининг собиқ ҳокими Козим Тўлаганов¸ собиқ президент маслаҳатчиси Мавлон Умрзоқов¸ Ўзбекистон Компартиясининг собиқ 1-котиби Иномжон Усмонхўжаевлар бор.

Мирзиëев топшириғи билан оқлангани айтилаëтган бу собиқ амалдорлардан айримлари¸ реабилитация қилиниши билан яна муҳим давлат лавозимларига тайинланди.

Бу собиқ амалдорлар коррупция ва давлат мулкини талон-тарож қилиш¸ хизмат ваколатини суистеъмол қилиш каби оғир жиноятларда айбланган.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG