Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 15:54

Андижон ҳокими сараланган тарбиячи ва болаларни президент учун сохта шоуга ҳозирламоқда


Сурат муаллифига кўра¸ Андижоннинг Дукчи эшон маҳалласида 18 май эрталабдан нураëтган деворни бўяб-бежаëтганлар Янги шаҳар Электр тармоқлари идораси ходималридир.
Сурат муаллифига кўра¸ Андижоннинг Дукчи эшон маҳалласида 18 май эрталабдан нураëтган деворни бўяб-бежаëтганлар Янги шаҳар Электр тармоқлари идораси ходималридир.

Озодликка Андижондаги бир-биридан мустақил манбалардан келаëтган хабарларга кўра¸ 18 майдан бошлаб Андижон президент Шавкат Мирзиëев келишига тўлиқ ҳозирлик ҳолатига ўтган.

18 май куни Андижонга Бош вазирдан тортиб аксар вазирлик раҳбарлари етиб борган ва 19 май куни келиши кутилаëтган президент маршрути бўйлаб қилинган “ободонлаштириш ишлари”ни сўнгги бор кўздан кечирмоқда.

Февраль ойидан бери “президент ана келади¸ мана келади” деб шаҳар марказини “ободонлаштириш”дан бўшамаган Андижон шаҳридаги бюджет ташкилотлари ходимлари¸ кейинги кунларда туну-кун бўëқчилик ва фаррошлик қилган.

Йўл ëқасини чопиқ қилаëтганлар бюджет ташкилоти ходимлари¸ дейилади Озодликка юборилган бу сурат остидаги изоҳда.
Йўл ëқасини чопиқ қилаëтганлар бюджет ташкилоти ходимлари¸ дейилади Озодликка юборилган бу сурат остидаги изоҳда.

Президент маршрути

Озодликка шахси очиқланмаслигини сўраб маълумот берган Андижон ҳокимияти¸ қолаверса¸ ҳуқуқ тизимларидаги мулозимларга кўра¸ 19 май куни Шавкат Мирзиëевнинг Асакадаги GM Uzbekistan заводи¸ шаҳардаги Муҳаммад Юсуф номидаги ихтисослашган мактаб¸ 5-микрорайондаги иккита боғчани бориб кўриши¸ шунингдек¸ Андижон¸ Улуғнор ва Бўз туманларига бориши кутилмоқда. Айрим норасмий каналларда¸ президентнинг Булоқбоши туманидаги Учтепа қишлоғида топилган нефть ва газ конини кўриши ва "Обод қишлоқ" дастури доирасида қилинаëтган ишлар билан танишиши айтилмоқда.

Президентнинг Андижон вилияти фаоллари билан учрашувининг Хонобод шаҳрида ўтказилиши кутилмоқда.

Ҳозирча Озодлик ихтиëрида президентнинг Андижондаги аниқ ҳаракатланиш маршрутига оид ҳужжатлар йўқ.

Шавкат Мирзиëвнинг 18 май куни Вашингтондан Тошкентга қайтиб келгани ҳақида хабар берган президент матбуот хизмати¸ ҳозирча унинг 19 май куни Андижонга бориши ҳақида маълумот бермади.

Озодликка президент сафари арафасида гапирган Андижондаги турли давлат идоралари масъуллари¸ қолаверса¸ оддий тадбиркорлар¸ вилоят ва шаҳар ҳокимлари бир неча ойдан бери президент сафарига аталган "шоу" устида ишлаганини билдирди.

Биласиз¸ президент “Обод қишлоқ”¸ “Обод маҳалла” деган нарсаларга кўп эътибор бераяпти. Президентга 5-микрорайонни “Обод маҳалла” қилиб кўрсатишаркан. Бу ерда неча йиллар аввал қурилган 12 тача 4 қаватлик дом бор. Аҳволи чатоқ эди¸ шуни фермер ва тадбиркорларни қийратиб¸ ремонт қилдиришди. Бутун ижтимоий соҳани ишлатишди шу ерда. Ҳозир ҳаммани ташлаган шу томонга. Сал нарироққа ўтсангиз¸ йўллар Афғонистон бўлиб ëпибди. Қани эди президент бу алдамчи ҳокимларни доғда қолдириб¸ маршрутини ўзгартириб¸ бошқа кўчаларга кирса ва ҳақиқий аҳволни кўрса¸” дейди Озодлик гаплашган Андижондаги давлат тизими ходимларидан бири.

Андижонлик бу мулозим¸ Андижоннинг ободонлаштириш дастурига киритилган Сой ва Бухоро кўчаларидаги аҳволнинг ўта хароб ҳолда қолаëтганини қўшимча қилди.

“Алдагани президент яхши?

Президентнинг Андижон ташрифи давомида унинг айни шу 5-микрорайондаги мактабгача таълим муассасаларига ҳам кириб ўтиши кутилмоқда.

41-мактабнинг ярмини хусусий қилишган. Унинг рўпарасида давлатга қарашли 53-боғча бор. Президент шу иккаласига кирармиш. Андижон шаҳар ҳокими Раҳматуллаев бутун шаҳардан рус ва инглиз тилини биладиган ëш¸ чиройли тарбиячи қизларни танлаб¸ уларни роса репетиция қилдираяпти. 53-боғча болалари боғчага чиқмаяпти шу кунларда. Шаҳар ҳокими бошқа боғчалардан чиройли¸ сўзга чечан болаларни танлатиб¸ уларни 53-боғчага йиғаяпти. Ҳоким конкурсидан ўтган ëш тарбиячиларга ҳам¸ болачаларга ҳам¸ президент сўраб қолса¸ айтиладиган гапларни ëдлатишаяпти. 53-боғчанинг катта ëшдаги мудираси Роҳатой опа ўрнига 14-боғчанинг ëш ва сўзамол мудораси Севара Ҳошимованинг президент учун роль ўйнаб бериши кутилаяпти. Шаҳар ҳокими президентни ëш болани алдагандек алдамоқчи¸” деди бу тайëргарлик жараëнидан бевосита хабардор андижонлик мулозим.

Вилоят таълим соҳаси мулозимига кўра¸ сафар давомида президентнинг ўтган йил Андижон давлат университети қошидаги 4-академик лицей ҳудудида очилган Муҳаммад Юсуф номидаги она тили ва адабиёт фанини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактабга ҳам кириши ҳам кутилмоқда.

Бу мактабнинг орқа томонида битта компьютер қўйилган ахборот хонаси бор эди. Ҳозир шуни кирган жойдаги хонага кўчириб¸ у ерга қаердандир олиб келинган компьютерларни улашиб ëтипти. Деворларни тешиб¸ симларни улаб¸ бир нарсалар қилиб¸ ишламайдиган информатика хонасини чиройли қилиб кўрсатишмоқчи”¸ деди бу жараëнга оид тафсилотлардан хабардор таълим соҳаси мулозими.

GM президентга кўрсатилгандан кейин ўчади...

Озодлик суҳбатлашган маҳаллий ҳокимлик расмийси¸ 19 май куни президентнинг мамлакатдаги асосий ишлаб чиқариш корхонаси сифатида тақдим этиб келинган собиқ DAEWOO ¸ ҳозирги АҚШ-Ўзбекистон GM Uzbekistan қўшма корхонасига боришини билдирди.

Бу заводни президент келишига зўрға ушлаб туришипти. Кетишига ўчади. Запчастни маҳаллийлаштириб юборди ва энди вилоят ҳокими запчасть топиб боролмаяпти. Президент билмайди буни¸ чунки қоғозда ҳаммаси 5 га бўлган! Лекин билса¸ кўпчилик ëнади. Ишлаб чиқариш камида 15-20 кунга тўхтайди яқинда¸” деди Озодликка Ўзбекистон GM Uzbekistan қўшма корхонасидаги аҳволдан бевосита хабардор мулозим.

Озодлик қўшма корхона раҳбариятидан бу маълумот юзасидан изоҳ олишга ҳозирча муваффақ бўла олмади – Асака заводи телефонларига 18 май куни қилинган қўнғироқларга жавоб бўлмади.

Андижон “кучайтирилган режимга ўтган”

Андижон ҳуқуқ тизимидаги мулозимнинг Озодликка билдиришича¸ президент сафари арафасида нафақат шаҳар¸ балки бутун вилоят бўйича хавфсизлик чоралари кескин кучайтирилган.

Ички ишлар ходимларига граждан кийимида куни билан белгиланган кўчаларда туриш топширилган¸ туришипти офтобда куйиб. Ходимларимиз тахминий маршрут йўлидаги уйларга бирма-бир кириб¸ аҳолини кўчага чиқмасликдан огоҳлантирмоқда. Одам тугул¸ умуман ит¸ мушук¸ товуқ-ўрдак¸ хулласи¸ тирик жон президент келиб-кетгунча кўчага чиқмаслиги керак. Ҳамма ëқда “Тозалаш-антитеррор” тадбири бўлаяпти. Йўл-патрул хизматчиларига шубҳали кўринганларни РЕМга¸ Дайдиларни сақлаш марказига олиб бориш айтилган. Лўлилар ва бошқа шубҳали кўринганлар ҳозир изоляторга ташланган. Президент келганда кўчада юрганларнинг ҳаммаси ички ишлар ва махсус хизмат ходимлари бўлади. Буëғи ҳам лўттивоз ҳокимлар томонидан саҳналаштирилаяпти¸” деди Андижон вилоят ҳуқуқ тизими расмийларидан бири.

Андижон шаҳрининг Бобуршоҳ марказий кўчаси бўйида жойлашган кўп қаватли уйда яшовчилардан бири ҳам¸ ўз уйига бир эмас¸ бир неча марта милиция ходимлари келиб¸ президент келиб-кетгунча кўча ва балконга чиқмаслик ва деразани очмаслик ҳақида огоҳлантирганини билдирди.

Президент келиб-кетгунча¸ домимиз олдида мелисалар қоровуллик қилаяпти гражданскийда. Президент халқ билан учрашаман¸ гаплашаман¸ деса¸ маҳаллий ҳокимлар халқни уйига қамаб ўтирипти¸” дейди Бобуршоҳ кўчасидаги уйлардан бирида яшовчи аëл.

Озодлик шахси очиқланмаслигини сўраган маҳаллий мулозимлардан олинган бу маълумотларга на Андижон вилояти ва на шаҳар ҳокимлигидан муносабат олди - аксар маҳаллий идораларга кун давомида қилинган қўнғироқлар жавобсиз қолди.

Кадр ўзгаришлари?

Озодлик гаплашган андижонлик расмийлар¸ президентнинг Андижон ташрифи давомида бир қатор кадр ўзгаришлари кутилаëтганини билдирди.

Айтишларича¸ вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмоновни Тошкентга ўзига маслаҳатчи қилиб олиб кетиши мумкин. Бу масала ҳал бўлган шекилли¸ Абдураҳмонов Андижондаги рус тили ўқитувчиларидан рус тилидан дарс олаяпти. Русчасини яхшилашни сўрашипти¸” дейди Андижон таълим соҳаси мулозими.

Озодлик гаплашган бир қатор андижонлик мулозимлар ¸ президент сафари давомида андижонликлар томонидан кутилаëтган катта воқеа – шаҳар ҳокими Дилмурод Раҳматуллаевнинг ишдан олиниши эканини айтди.

Бутун Ўзбекистонга сўконғич ҳоким деб танилган Раҳматуллаевни президентнинг шахсан ўзи олиб ташлайди¸ деган гап ҳамманинг оғзида. Оладими-йўқми - аниғини келиб-кетгандан кейин биламиз¸” -деди шаҳардаги давлат ташкилотларидан бири мутасаддиси.

Сўконғичлиги учун роппа-роса бир ой муқаддам шахсан Ўзбекистон бош вазири томонидан сўнгги огоҳлантириш олган¸ суд ҳукми билан жаримага тортилган Андижон шаҳар ҳокими Дилмурод Раҳматуллаевнинг 15 май кунги йиғилишда маҳаллий ташкилот раҳбарлари ва маҳалла фуқаролар йиғинлари раисларини яна ҳақорат қилгани ëзилган аудиога асосланган хабар 18 май куни Озодлик томонидан эълон қилинди.

Андижон шаҳар ҳокими маҳаллий раҳбарларни яна сўкди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:58 0:00
Бевосита линк

Президент ҳокимларни ўзининг жойлардаги расмий вакили деб эълон қилиб¸ улар фаолиятини ҳуқуқни муҳофаза қилувчи тизимлар назоратидан озод қилгани ортидан¸ вилоят ва шаҳар ҳокимларининг ноқонуний ҳатти-ҳаракатларига тегишли чора кўриш¸ Озодлик гаплашган ҳуқуқ тизимлари расмийларига кўра¸ президентга қарши ҳаракат сифатида баҳоланадиган бўлиб қолган.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG