Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 14:39

Сўконғичлиги учун жаримага тортилган Андижон ҳокими яна раҳбарларни ҳақорат қилди


Андижон шаҳар ҳокими Дилмурод Раҳматуллаев
Андижон шаҳар ҳокими Дилмурод Раҳматуллаев

Сўконғичлиги учун суд томонидан беш миллион сўм жаримага тортилган Андижон шахар ҳокими Дилмурод Раҳматуллаев, навбатдаги мажлисида яна маҳаллий ташкилот раҳбарларини бўралатиб ҳақорат қилгани ёзилган аудиофайл Озодликка келиб тушди.

Бу ёзувни Озодликка тақдим этган этган маҳаллий ташкилот раҳбарларидан бирининг Озодликка айтишича, ҳоким металлолом топшириғини бажармаган ва болалар спорти жамғармасига пул ўтказмаган раҳбарларни яна “ифлос, шакал, тварь, ҳайвон” каби сўзлар билан таҳқирлаган.

Сўконғичлиги учун жаримага тортилган Андижон ҳокими яна раҳбарларни ҳақорат қилди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:38 0:00
Бевосита линк

Андижон шаҳар ҳокими Дилмурод Раҳматуллаев Ал-Бухорий ва Аҳмад Яссавий маҳаллалари фаоллари ва маҳаллий ташкилотлар раҳбарлари иштирокидаги йиғилишни 29 январь куни соат 19да Андижон Давлат университетининг академик лицейи залида ўтказган.

Йиғилишда қатнашган маҳаллий ташкилот раҳбарларидан бирининг айтишича, ҳоким маҳалла фаоллари билан учрашувни ўтказиб бўлганидан сўнг, маҳаллий ташкилот раҳбарларини олиб қолган ва металлолом кам топширган, болалар спортига пул ўтказмаган ҳар бир ташкилот раҳбарини аввалгидай ҳақорат қилган.

Аудиоёзувдаги овоз узоқдан ёзиб олингани сабабли, ҳоким ҳақорат қилган баъзи ташкилот раҳбарларининг исмини аниқлашнинг имкони бўлмади.

"Эй, ифлос, ишдан кетсанг нима бўласан кейин"

“Ижтимоий соҳа кимга қарайди? Қани яна битта авлиё? Бир пулга қиммат, аҳмоқ одам экан, маҳалласининг раиси? Ҳурматингни ер билан яксон қилиб, гадайга айлантириб юбораман. Сен мен билан ўйнашяпсанми, эй? Майли маҳаллангни раиси аҳмоқ экан, кимни тўпладинг бу ерга, нима масалани ҳал қилдинг? Эй ифлос ишдан кетсанг нима бўласан кейин, обрўйинг нима бўлади?”, дейди ҳоким ўринбосарларидан бирига.

Президент тиббиёт ходимларига металлолом йиғишни тақиқлаган

Шундан сўнг, Дилмурод Раҳматуллаев Андижон шаҳар Давлат санитария ва эпидемиология маркази раҳбарини турғизиб, металлолом топширмагани учун таҳқирлай бошлайди:

“Сен келганингдан бери шаҳарга битта қозиқ қоққанинг йўқ, битта нарса қилганинг йўқ. Мени айбим, хатойим, ёнимда олиб юрганлигим. Сенга ўхшаган раҳбарлар вилоят ҳокимининг олдида мени подстава қилишяпсан. Бу ифлос қилмайди, принципга ҳам қилмайди. Бу мишленно мени обрўйимни туширишга ҳаракат қиляпти. Ўғил бола бўлганда бунақа қилмасди. 150та ходими кўчада тиланиб келган бўлса ҳам қилган бўларди, биттадан темирни кўтариб келган бўлса ҳам қилган бўларди”, дейди ҳоким.

Лекин ДСЭМ раҳбари ҳокимга 19 декабрдаги Ўзбекистон президенти фармони билан жой-жойлардаги маҳаллий давлат органларига таълим ва тиббиёт соҳаси муассасаларига темир-терсак ва қора металл чиқиндиларини йиғиш ва топшириш бўйича топшириқлар бериш тақиқлангани тўғрисида атйта олмайди ва жимгина ҳақоратларни эшитиб туради.

Ҳоким ҳақоратлар силсиласини тугатганидан рўнг раҳбарни залдан ҳайдаб чиқаради.

"К...масманда, сен к...сан"

Дилмурод Раҳматуллаев ким эканлиги ёзувдан аниқланмаган яна бир ташкилот раҳбарини ҳам қаттиқ ҳақорат қилади:

“Ифлос бола экансан? Ифлос, к...нгга тиқиб юбор шу пулларни кейин. Ифлос, 3 фоиз бўлиб. Эй ифлос, эй шакал, эй тварь! Ишласанг ишла ўғил болага ўхшаб, Эй ифлос, ишласанг ишла нормалний, эй шакал. Ўзингча нимасан, бозорларни авторитетини қўйиб қўйган. Эй ифлос, умуман, ўзгариш қилганинг йўқ, сен. Анаву ифлосдан, сен ифлоснинг ҳеч қандай фарқи йўқ. Ўзингча бозорларга криша бўп қолгансан. Эрталабдан бери нима қилдинг, эй ифлос. Қани пул, қани болалар спортини пули? Мана ...секторни аҳволини кўряпсанэ, биттасини ёмонламайман. К...тмасманда шунинг учун, айбинг к...тсан! Анаву ифлос, тварни ҳам ишламаётган бўлса ҳам ишлаяпти, ишлаяпти деб, вилоят ҳокимлигида ишлаётувди. Ишлаяпти мана шу шакал, Шавкат. Битта нарсани мондилай олмайди, ифлос. Металлоломни ҳам қилолмайди, болалар спортини ҳам. Тили эмас, к..тигача қисилиб кетган, ифлос, дейди шаҳар ҳокими.

Ҳоким мажлисда шаҳар пенсия жамғармаси раҳбарини ҳам Болалар спортига пул ўтказишга мажбурлайди:

“Пенсия! 18 миллион сўм пул тушириш керак. Мени ҳам командамни янгилайдиган пайтим келди-да, тортолмайдиганни олишим керак. Вилоят ҳокимини олдида мен ҳам бир тийин бўлишни хоҳламайман”, дейди ҳоким.

Дилмурод Раҳматуллаевнинг айтишича, шаҳар бўйича Болалар спорти жамғармасига 700 миллион сўм ўтказиш режаси қўйилган.

Топшириқни бажармаган раҳбарларни ишдан ҳайдаш бўйича таҳдид қилар экан, ҳоким, яна бир ташкилот раҳбарига шундай дейди:

“Эй ифлос сени мен қўйганман. Сен иккита фронтга ўйнаяпсанми? Анаву соғлиқни сақлашни мен қўймаганман, шунга у менга тупуриб юрибди”.

Кейин ҳоким яна бир ўринбосарига юзланиб шундай дейди:

“Йўқотинг анву ГорОНОни, йўқотинг. Биласизми мени ҳозир вилоят ҳокими культурний хижолат қилиб қўйди, атрофимда қанақа ўйинчилар борлигини эслатиб қўйди. Мен просто, ўринбосарларимга ишониб ҳар хил ифлосларни олиб келиб олдимда, атрофимга”, дейди Андижон шаҳар ҳокими Дилмурод Раҳматуллаев.

Озодлик Андижон шаҳар ҳокими Дилмурод Раҳматуллаевнинг мобил телефонига қўнғироқ қилиб, боғланишга ҳаракат қилди. Бироқ ҳокимнинг мобил телефони ҳам, қабулхонаси ҳам жавоб бермади.

Жарима ҳам кор қилмади

Дилмурод Раҳматуллаев ўтган йили ўқитувчи ва маҳалла раисларини ҳақорат қилгани учун маъмурий жавобгарликка тортилиб, унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 41-моддаси (ҳақорат қилиш, яъни шахснинг шаъни ва қадр-қимматини қасддан камситиш) билан маъмурий ҳуқуқбузарликка оид иш қўзғатилган эди

Суднинг қарори билан Д.Раҳматуллаев Ўзбекистон Республикаси МЖтК 41-моддасида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбдор деб топилиб, энг кам иш ҳақининг 30 баравари миқдорида жарима жазоси қўлланилган.

Ўзбекистонда белгиланган энг кам иш ҳақининг 30 баравари 5 миллион 167 200 сўмга тенгдир.

Ҳоким яна қандай жазога тортилиши мумкин?

Ўзбекистон Республикасининг маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-моддасига кўра, Ҳақорат қилиш, яъни шахснинг шаъни ва қадр-қимматини қасддан камситиш — энг кам иш ҳақининг йигирма бараваридан қирқ бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Ҳуқуқшуносларнинг айтишича, агар шахс бир йил орасида яна шундай қонунбузарлик қилса, суд унга нисбатан энг максимал даражадаги жаримани қўллаши мумкин.

“Менинг ортимда вилоят ҳокими турибди, хоҳлаган жойингга бор!”

Озодлик ўтган ва бу йил давомида бир неча нафар анижонлик ҳокимларнинг қўл остидаги раҳбарларни, аёлларни, ўқитувчи, шифокорларни ҳақорат қилгани ҳақида хабар берган эди.

Аммо, бу хабарлар ортидан ҳам шаҳар ва туман ҳокимлари шахсларни таҳқирлаш ва ҳақорат қилишда давом этмоқда.

Исми сир қолишини сўраган Андижон тумани ҳокимлиги мулозимларидан бирининг айтишича, ҳокимларнинг ҳақоратларига вилоят ҳокимининг ўзи йў очиб бермоқда:

“Мана, яқинда Андижон тумани ҳокимининг ҳақоратлари ҳақида ёзган эдиларинг. Тўғри, шундан сўнг у мажлис қилмай, ўринбосарларига топшириб қўди. Лекин сўнгги мажлислардан бирида мақтанди. Айтишича, вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов унга "Озодлик радиосидан қўрқма, мен орқангда турибман. Озодликка мени ишларимга аралашма, демадингми", деб айтган экан. Вилоят ҳокими “ол киш” деб турганидан кейин бу ҳокимлар халқни ҳурмат қилардими”, дейди мулозим.

Андижон сўконғич ҳокимларининг "севимли" ҳақорат сўзлари

Андижон шаҳар ҳокими Дилмурод Раҳматуллаев.

У ўтган йилнинг октябрь ойида Тошкент вилоятига поездда пахта теримига кам одам жўнатган коллежлар ва лицейларнинг эркаку аёл директорларини ҳоким “ҳайвон”, “шакал”, “эшак”, “падарингга лаънат” каби таҳқирловчи сўзлар билан ҳақорат қилган эди.

Дилмурод Раҳматуллаев 18 ноябрь куни ўтказилган мажлисда икки нафар кекса маҳалла фаолини “шакал, кампир, ҳаром” каби сўзлар билан ҳақорат қилган эди.

Бўз тумани ҳокими Абдурашид Мамиров

Андижон вилояти Бўз тумани ҳокими Абдурашид Мамиров ўтган йилнинг 11 декабрида ҳокимликдаги йиғилишда боғча, мактаб ва коллеж раҳбарларини “наҳс, тварь, итдан тарқаган, ҳаром” каби сўзлар билан ҳақорат қилган эди.

Андижон тумани ҳокими Улуғбек Исомиддинов

Андижон вилоят, Андижон туман ҳокими Улуғбек Исомиддинов фермерлар билан 25 январда ўтказилган йиғилишда чигит экишда қўлланиладиган “плёнкага” пул ўтказмагани учун фермерларни “ҳайвон, ифлос, шакал” деб, ҳақорат қилган эди.

XS
SM
MD
LG