Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:35

Бир йилда беш ўлим - Янгийўл туғруқхонасида вафот этган онанинг ўлими текширилмоқда


32 яшар Шоҳсанам Ҳусанбоева реанимация бўлимига ўтказилганидан кўп ўтмай жон берган
32 яшар Шоҳсанам Ҳусанбоева реанимация бўлимига ўтказилганидан кўп ўтмай жон берган

Тошкент вилояти Янгийўл туман Тиббиëт бирлашмасига қарашли касалхоналарда 2020 йил давомида беш нафар аëл туғруқ билан боғлиқ ҳолатда вафот этди.

Улардан энг сўнггиси 2 ноябрь куни Янгийўл шаҳар туғруқхонаси жарроҳлик столида жон берган 32 яшар Шоҳсанам Ҳусанбоевадир.

Ҳусанбоева яқинларининг Озодликка айтишича¸ кучли оғриқ билан борган ҳомиладор аëлга ўз вақтида тиббий ëрдам кўрсатилмагани оқибатида ўлим содир бўлган ва бу воқеага масъул врач “ҳеч нарса бўлмагандек¸ ҳамон туғруқхонада ишлаб юрибди”.

Янгийўл туман Тиббиëт бирлашмаси раҳбарининг оналар ва болалар саломатлиги учун маъсул ходими Ҳусанбоевага ўз вақтида ëрдам кўрсатилганида¸ унинг тирик қолган бўлиши ҳақидаги яқинлари иддаосини тасдиқлади.

Айтилишича¸ Янгийўл прокуратураси¸ орадан икки ойча вақт ўтганига қарамай¸ Ҳусанбоева ўлими юзасидан жиноят иши очмаган¸ ўлим учун масъул навбатчи врач ойлигининг 30 фоизи чегирилиши билангина жазоланган¸ холос.

Айни пайтда¸ марҳуманинг яқинлари Президент Халқ қабулхонасига қилган мурожаатдан сўнг¸ ўтган ҳафта Ҳусанбоева ўлими юзасидан суриштирув бошланган.

Ҳомила она қорнида ўлганини билишган...

Қуйичирчиқлик 32 яшар Шоҳсанам Ҳусанбоева ҳомиласи 9 ойга етмай туриб бошланган кучли оғриқ ортидан¸ 1 ноябрь куни аввалига Оққўрғон туман туғруқхонаси¸ у ер қабул қилинмаганидан сўнг эса¸ Янгийўл марказий шифохонасининг туғруқ бўлимига олиб келинган.

Қуйи Чирчиқдаги туғруқхона карантинга ëпилган. 1 ноябрь, якшанба куни эди. Соат кундузги 1 ларда кучли оғриқ билан Янгийўлга етказдик. Зебо Қодирова деган ëш навбатчи врач кўрди¸ УЗИ қилди. Боласи нафас олмаяпти¸ ўлган¸ деди. Каттароқ дўхтирларингизни чақиринг¸ адресини берсангиз¸ машина бор¸ ўзимиз олиб келамиз¸ деб Худонинг зорини қилдик. Йўқ¸ эртага эрталаб катта дўхтирлар кўради¸ унгача оғриқ қолдирувчи берамиз¸ деб венасига анальгин-димедрол қилиб¸ ухлатиб қўйди. Шоҳсанамнинг тахикардияси борлиги¸ давлениеси баландлигини айтдик. Боласи қорнида ўлган аëлни ухлатиб қўйиш мумкинмаслигини биз врач бўлмасак ҳам тушундик¸ роса ялиндик¸ фойдаси бўлмади”¸ - дейди марҳуманинг яқинларидан бири.

Суҳбатдошларга кўра¸ 1 ноябрь куни Ҳусанбоеванинг эри ва қайнонаси¸ онаси ва бошқа яқинлари тонггача Янгийўл шаҳар туғруқхонаси ташқарисида юриб чиққан. Орада бир неча дақиқа унинг олдиган кирган синглиси ва онаси¸ унинг уйқуда ҳам инграëтганига гувоҳ бўлган.

Навбатчи врач эса¸ ҳеч нима бўлмаëтгандек¸ иссиқ хонага кириб ухлади. Эрталаб 8 ларга яқин бошқа врачлар келди. Шоҳсанамни реанимацияга ўтказишди. 5-6 таси тўпланиб¸ дарров операция столига олишди. Операция бошлангандан кейин эрини чақириб¸ давлениеси тушиб кетди¸ ëнига киринг¸ деб чақиришди. Эри элликка эллик дейишаяпти¸ деб йиғлаб чиққанидан 10 минутча ўтмай¸ ўлди деб айтишди”¸ - дейди Ҳусанбоеванинг қариндоши.

“Вақтида тиббий ëрдам кўрсатилганда¸ она ўлмас эди...”

Янгийўл Тиббиëт бирлашмасининг оналар ва болалар саломатлиги учун масъули Озодлик билан суҳбатда Ҳусанбоева ўлими ҳақида унинг яқинлари берган тафсилотларни тасдиқлади.

1 ноябрь кунги навбатчи врач Ҳусанбоевани УЗИ қилган¸ бола ўлганини билган. Лекин йўлдоши кўчгани¸ ички қон кетиш бошланганини билмаган. Баъзида аëллар ҳомиласи ичида ўлиб қолганини бир неча кунгача билмай юради¸ ҳеч нарса бўлмайди. Лекин Ҳусанбоевада йўлдош барвақт кўчган¸ тажрибасиз врач буни билмасдан¸ оғриқсизлантирадиган¸ тинчлантирадиган укол қилган. Ҳусанбоеванинг давлениеси тушиб кетган. Масъул шифокорга Ҳусанбоева ҳақида 2 ноябрь эрталабки соат 7.30 да хабар берилган. Улар етиб келиб¸ операцияга олганда¸ жуда кеч бўлган. Аëл столда жон берди. Масъул врачлар икки-уч соат олдин хабар топиб¸ операция қилганида¸ Ҳусанбоева ўлмаган бўларди”¸ - дейди Янгийўл Тиббиëт бирлашмасининг Озодлик гаплашган расмийси.

Суҳбатдошга кўра¸ Янгийўл туғруқхонасида атиги 5 ой олдин иш бошлаган навбатчи врач “айбини бўйнига олган”.

Унга ҳозирча қонунчиликда кўзда тутилгандек ойлигининг 30 фоизини ушлаб қолиш чораси қўлланилди. Прокуратура ҳали тергов бошламади. Лекин Ҳусанбоева яқинларининг порталга мурожаатидан сўнг суриштирув катталашди. Ачинарли томони¸ ҳозир бу ўлимга бевосита алоқаси йўқ одамлар ҳам жавобгарликка тортилиши мумкин”¸ деди Янгийўлдаги оналар ва болалар саломатиги учун давлат масъули.

“Ҳатто кечирим ҳам сўрашмади...”

Шоҳсанам Ҳусанбоева яқинлари¸ янгийўллик врачларни ëшгина аëл ўлими учун ҳатто оиласидан кечирим ҳам сўрамаган “бағритош”лар деб атади.

Шоҳсанам Ҳусанбоева яқинлари унинг 10 яшар қизи ва 7 яшар ўғли тиббиëт ходимлари айби билан етим қолганини айтмоқда.
Шоҳсанам Ҳусанбоева яқинлари унинг 10 яшар қизи ва 7 яшар ўғли тиббиëт ходимлари айби билан етим қолганини айтмоқда.

Ортидан бири 10¸ иккинчиси 7 яшар болалари чирқиллаб қолди. Ҳар кун аям қани, деб йиғлайди. Бутун бошли бир рўзғорни пайҳон қилишди¸ олдимизга келиб¸ лоақал кечирим ҳам сўрашгани йўқ. Ўша шифокор ҳеч нима бўлмагандек ишлаб юрипти. Уни сўроққа тортиш ҳеч кимнинг қўлидан келмаяпти. Нима эмиш¸ отаси Минздравда ишлармиш. Булар ўқишга таниш-билишчилик¸ пул билан кириб¸ пул ë таниши орқасидан саводсиз бўлиб чиқаверсин¸ бу ëқда оддий халқ жони билан буларнинг касрига қолсин! Бунақалар яна қанча одамнинг бошига етиб¸ яна қанча бегуноҳ болаларни етим қолдиради?” - дейди Ҳусанбоева қайинсинглиси.

Марҳуманинг яқинлари¸ нафақат Шоҳсанам ўлими учун масъулларнинг жазоланиши¸ балки туғруқхоналардаги нопрофессионал муҳит¸ лоқайдлик ва коррупциядан жамоатчиликни огоҳлантириш мақсадида Озодликка мурожаат қилганини алоҳида таъкидлади.

Қўрқинч статистика

2020 йилнинг 2 ноябрь куни Янгийўл туғруқхонасида вафот этган Шоҳсанам Ҳусанбоева жорий йил мазкур туман касалхоналарида туғруқ билан боғлиқ ҳолатда ўлган бешинчи аëлдир.

Ҳусанбоева қариндошлари тилга олган бу рақамни Янгийўл Тиббиëт бирлашмаси расмийси тасдиқлади.

Туғруқ бу жуда мураккаб жараëн ва туғруқхонада ишловчи врач ва ҳамширалар жуда малакали бўлиши керак. Афсуски¸ доим ҳам шундай эмас. Янги туққан икки аëл COVID касалхонасида ўлди. Шаҳар туғруқхонасида учта ўлим бўлди. Биттаси 16 яшар лўли қиз¸ туберкулëзи бўлган. Иккинчисида жигар травмаси бўлган. Учинчиси Ҳусанбоева. Аввалги ўлимлар бўйича суриштирув ўтказилиб¸ тегишли одамларнинг ҳамммасига чора кўрилган. Ҳусанбоева бўйича прокуратура тергов қилиб¸ ишни судга оширса¸ адолатли ечим топилса керак”¸ - деди Озодлик гаплашган янгийўллик расмий.

Янгийўл туман туғруқхонаси ўтган йил шов-шувли воқеа муносабати билан жамоатчилик эътиборига тушган эди.

Туғруқ бўлими акушер-гинекологи Р.Х. 2019 йилнинг 1 апрель куни туғилган қиз чақалоқни ўлган, деб расмийлаштириб¸ уни 100 долларга сотиш билан боғлиқ жиноятда қўлга олинган эди.

Расмийлар мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилаëтганини билдирган. Ҳозиргача бу ишнинг қандай тугаганига оид расмий маълумот жамоатчиликка эълон қилинган эмас.

Президент сифатида соғлиқни сақлаш тизимидаги муаммолар ҳақида ўтказган биринчи видеоселекторида Шавкат Мирзиëев туғруқхоналардаги аҳволни кескин танқид қилган эди.

“Манга информация келяпти – энг катта порахўрлик роддомда. Буни йиғиштириш керак. Бу порахўрликни тугатиш шарт. Туғруқхоналарда бу муҳитни йўқ қилмасак, улар порахўрликни ҳаёт нормаси, деб қабул қила бошлашди. Албатта, туғдирганга пул бериш керак... Қаерда бу ёзилган? Ҳеч қаерда ёзилмаган. Ҳамма норозичилик роддомдан”¸ - деган эди 2017 йилнинг 7 февралида жумладан Мирзиëев.

Ўтган тўрт йил давомида соғлиқни сақлаш тизими¸ хусусан¸ туғруқхоналардаги коррупцияни йўқ қилишга қаратилган тизимли ислоҳотлар ўтказилгани маълум эмас.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига кўра, Ўзбекистонда оналар ўлими 1990-йиллардаги даражадан кескин пасайганига қарамасдан, ҳануз дунёдаги энг юқорилардан бўлиб қолмоқда. 2017 йилда ҳар 100 минг онадан 29 нафари ҳомиладорлиги ёки кўзи ёриганидан кейин 42 кун ичида вафот этган.

БМТнинг Болалар жамғармаси - ЮНИСЕФ маълумотларига кўра, 2019 йилда Ўзбекистонда туғилган ҳар 1000 нафар боладан 17 нафари беш ёшга етмай вафот этган. Муқояса учун - худди шу даврда Қозоғистонда бу рақам 10 нафарни ташкил этган.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG