Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:40

Тошкентлик она: Врачларнинг масъулиятсизлиги туфайли болам нобуд бўлди


Тошкентнинг 7- туғруқхонасида кўзи ёриган Гўзал Нинаралиеванинг Сафина исмли чақалоғи 2 апрель куни нобуд бўлди.
Тошкентнинг 7- туғруқхонасида кўзи ёриган Гўзал Нинаралиеванинг Сафина исмли чақалоғи 2 апрель куни нобуд бўлди.

Ўзбекистонлик она янги туғилган чақалоғининг ўлимида туғруқхона шифокорларини айбламоқда. 24 ёшли Гўзал Нинаралиева Озодлик билан суҳбатда Тошкентдаги 7-сонли туғруқхона врачларининг масъулиятсизлиги оқибатида фарзанди нобуд бўлгани ва бу юзадан президент Шавкат Мирзиёев қабулхонасига шикоят қилажагини айтди.

22 март куни Тошкентнинг Чилонзоридаги 7-сонли туғруқхонада кўзи ёриган Гўзал Нинаралиеванинг Сафина исмли чақалоғи 2 апрель куни нобуд бўлди.

Туғилишини интизорлик билан кутган онанинг илк фарзанди 10 кун ҳам яшамади.

Нинаралиева Озодлик билан суҳбатда туғруқхона шифокорларининг масъулиятсизлиги оқибатида фарзанди нобуд бўлганини айтди.

- Қизим 21 март куни 5.2 кило вазнда, ҳеч қанақа патологиясиз туғилди. Кесар амалиёти билан туғилгани учун болани учинчи куни қўлимга беришди. Шу куни боламнинг бўйнида тошмаларни кўрдим. Бу ҳақда шифокорларга айтсам, “қўрқинчли эмас, бунақаси чақалоқларда бўлиб туради” дейишди. Кейин билсам, бу стафилококк инфекциясини белгилари экан. Роддом шифокорлари шуни пайқашмаган, бола соппа-соғ деб уйга жавоб берворишди, уларнинг масъулиятсизлиги туфайли болам нобуд бўлди, - дейди Гўзал Нинаралиева.

Она-бола уйига келганидан сўнг чақалоқнинг аҳволи оғирлашган. 31 март куни болани Тошкентдаги 3- тиббиëт маркази жонлантириш бўлимига ётқизишган.

Касалхона шифокорлари боланинг ҳаётини сақлаб қолишолмаган. Чақалоқнинг ўлим гувоҳномасига сепсис касаллиги оқибатида нобуд бўлган, деб ёзиб берилган.

Тошкентдаги 3- тиббиëт маркази шифкорларидан бири Озодлик билан суҳбатда бола жуда оғир аҳволда касалхонага олиб келиб келинганини айтди.

- Баданининг ҳамма жойини тошма босиб кетган эди. Қўлимиздан келганича ҳаётини сақлаб қолишга ҳаракат қилдик, лекин жуда кеч эди. Бола бизга олиб келинганидан 42 соат ўтиб жон берди. Стафилококк инфекциясини юқтирган, у эса сепсисга айланиб, бола бунинг оқибатида нобуд бўлган. Лекин, болага инфекция қаердан ўтганини билмаймиз. Онаси хомиладор пайти ўткир респиратор касаллик билан оғриган экан, шунинг оқибатида ҳам бактерия болага ўтган бўлиши мумкин, - деди Тошкент шаҳрининг 3-сонли “Она ва бола” кўп тармоқли тиббиëт маркази шифокори.

Резина қўлқоп бармоғи учини тешиб, болани эмизишган

Гўзал Нинаралиева қизалоғи соппа-соғ туғилгани, у инфекцияни туғруқхонада юқтирган бўлишини айтди.

- Болани роддомда сунъий озиқлантиришди, эмизак ўрнига резина қўлқоп бармоғи учини тешиб, эмизишган, болага сунъий озиқа беришган. Болани, баданида тошмалари бўлса ҳам, уйга жавоб берворишди. Тўғри касалхонага жўнатиши керак эди. Уйга келганимизда боланинг аҳволи оғирлашди, - деди Гўзал Нинаралиева.

Чилонзордаги 7- туғруқхона шифокорлари Гўзал Нинаралиева иддаоларини рад этишди.

Озодлик суҳбатлашган туғрухона шифокорларидан бири бола соппа-соғ ҳолатда уйига юборилганини айтди.

- Бола роддомдан чиққанидан беш кун ўтиб нобуд бўляпти. Роддомдан чиқаётганида болада камчилик йўқ эди, шунинг учун уйига жавоб берилди. Агар камчилик бўлса касалхонага жўнатилар эди. Бир кундан сўнг шифокоримиз уйига бориб қараб ҳам келди. Ҳаммаси дафтарига ёзилган. Резина қўлқопдан соска ясашган деган иддао ҳам асоссиз. Бизда унақа қилинмайди, - деди Тошкентдаги 7- туғруқхона шифокори.

Шифокорларнинг масъулиятсизлиги оқибатида фарзанди нобуд бўлганини иддао қилаётган Гўзал Нинаралиева бу ҳақда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев қабулхонасига ҳам шикоят қилажагини айтди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳукуматнинг январь ойидаги мажлисида тиббиёт соҳасидаги жиддий муаммолар ва етишмовчиликлар ҳақида гапирган, она ва бола соғлигини асраш, аҳолини дори воситалари билан таъминлаш ва соғлом авлод ўстириш – энг муҳим масалалар эканини таъкидлаганди.

Ўзбекистон болани дунёга келтириш учун ҳавфли мамлакатлардан бири бўлиб қолмоқда.

Британиядаги “Save the Children” ташкилотининг болалар ўлими бўйича эълон этган ҳисоботида Ўзбекистон 179 мамлакат орасида 118-ўринга қўйилган.

Ташкилотга кўра, Ўзбекистонда ҳар минг боланинг 4 - 5 таси туғилганидан сўнг ёки беш ёшга етмай ҳаётдан кўз юмади.

Ўзбекистон Давлат статистика қўмитаси хабарига кўра, ўтган йили бир ёшга тўлмаган болалар орасида ўлим сони 6,8 мингтани ташкил қилган.

Ўлим ҳолатларига нафас олиш органлари касалликлари, инфекция ва туғма касалликлар ҳамда бахтсиз ҳодисалар сабаб бўлгани айтилади.

XS
SM
MD
LG