Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 02:44

Вазир блогер Отабек Бакиров устидан ИИВга арз қилди


Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов Озодлик суриштируви хулосалари юзасидан ёпиқ брифингда. Тошкент, 12 февраль, 2023.
Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов Озодлик суриштируви хулосалари юзасидан ёпиқ брифингда. Тошкент, 12 февраль, 2023.

Ўзбекистон Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов танқидий-таҳлилий чиқишлари билан танилган иқтисодчи блогер Отабек Бакиров устидан прокуратура ҳамда ИИВга шикоят аризаси киритди.

Отабек Бакировнинг ўзи маълум қилишича, ҳукумат мулозимининг шикоятига унинг Сағбон нимстанцияга оид танқидий мулоҳазалари сабаб бўлган.

Блогер 2023 йил 5 июнда чоп этган постида Олмазор ва Тошкент туманларига электр энергияси тақсимлайдиган Сағбон нимстанциясининг сурункали равишда сафдан чиқиши ҳамда такрор-такрор таъмирланишини савол остига олади.

“Битта подстанцияни неча марта ва қандай частота билан ремонт қилиш мумкин?” деган масалани кўтарган Отабек Бакиров Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудовни “Кремль ва Газпромдаги оғаларга оид вазифалардан бўшаб” мазкур нимстанцияга келишга ундайди.
Маълум бўлишича, вазир Мирзамаҳмудов орадан бир йилу 4 ой ўтгач, “пост мундарижасида ҳақорат ва обрўсизлантириш ҳолатлари мавжуд” деган хулосага келган ва ҳуқуқ идораларига шикоят йўллаган.

Вазирнинг мурожаати пойтахт ИИББ Киберхавфсизлик бўлинмаси томонидан ўрганилаётгани айтилмоқда.

Бакиров вазирнинг бу ҳаракатини “энергоцензурага уриниш” деб атаган.

“Бу уринишлар қанча маъмурий ресурс йўналтирилмасин, самарасиз. Ҳозирча мавжуд имкониятлар шароитида энергетикадаги оғир аҳвол ҳақида ўрганиш, сабаблари тўғрисида ёзиш ва масъулларга ёқимсиз савол бериш мумкин экан, бу давом этаверади”, деган блогер.

Энергетика вазирлиги ёки Мирзамаҳмудовнинг ўзи ҳолат юзасидан изоҳ берганича йўқ.

Вазирнинг иқтисодий таҳлилчи устидан шикоят киритгани мамлакатда энергобўҳрон кучайган паллага тўғри келмоқда. Жамоат фаоллари ҳам бу ҳаракатни “танқидчиларнинг овозини ўчиришга уриниш” дея қораламоқда.
Отабек Бакиров ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали мамлакатдаги иқтисодий муаммоларни фаол ёритади.

У, хусусан, Ўзбекистоннинг иқтисодий мустақиллигини ёқлаб, Россияга энергетик қарамликнинг салбий оқибатларидан огоҳлантириб келади.

Блогер сўнгги мақолаларидан бирида “қийшиқ қарорлар ва бузуқ ўлчовлар устига қурилган энергетика” масъуллари ҳали кўп сюрпризлар ҳозирлагани ҳақида ёзганди.

XS
SM
MD
LG