Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 05:45

UzAuto буюртма қабул қилишни тўхтатди. Ҳукумат монополияни тугатишга шошилмаяпти


Ўзбекистон автомобил саноати монополиячиси UzAuto Motors 2022 йилнинг февралигача харидорлардан янги буюртмалар қабул қилмаслигини расман эълон қилди.

Ширкатнинг 20-декабрь куни Telegram-каналида эълон қилган баёнотида корхона ўз қарорини темир йўл ва портлардаги логистик муаммолар ҳамда яримўтказгич каби бутловчи қисмларни етказиб беришда кечикишлар ишлаб чиқаришнинг секинлашишига олиб келгани билан изоҳлади.

Айни пайтда инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умрзоқов ҳукумат ниҳоят, автомобил саноатида монополияни тугатувчи қарорлар қабул қилиши кутилаётганини билдирди.

UzAuto Motors янги шартномалар имзолашни тўхтатди

Шу йилнинг 20 декабрь куни UzAuto Motors машина сотиш бўйича мижозлар билан шартнома тузишни 2022 йилнинг 1 февралига қадар тўхтатди.

Ўзнинг Telegram-каналида берилган расмий баёнотда автоширкат ўз қарорини жаҳон автомобил саноатидаги инқироз билан тушунтирди:

“Барчамизга маълумки, яримўтказгичлардан тайёрланган бутловчи қисмларни портлар ва темир йўл орқали етказиб бериш билан боғлиқ глобал логистика муаммолари ( 6 ойгача контейнерлар кечикиши) бутун дунё автомобил саноатини давомли инқирозга олиб келди. Афсуски, бизнинг Компания ҳам бундан мустасно эмас... Бундай шароитда дунё автомобил ишлаб чиқарувчилари қаторини кузатадиган бўлсак, компаниянинг Nexia, Spark, Cobalt, Lacetti автомобиллари учун аризалар қабул қилишни вақтинчалик 20. 12. 2021 дан 01. 02. 2022 гача тўхтатиш ва барча кучни олдиндан буюртма берилган автомобилларни ишлаб чиқаришга қаратишдан бошқа танлови йўқ.”

UzAuto Motors автомобил сотишга оид янги шартномалар тузишни 1 февралгача тўхтатиши ортидан тармоқларда компания автомобиллар нархини ошириши мумкинлиги тўғрисидаги тахминлар пайдо бўлди. Монополиячининг ўзи бу борада ҳозирча бирон изоҳ бергани йўқ.

Монополия бўлиши керак эмас, аммо бор

Айни пайтда Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари, Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умрзоқов ҳукумат автомобил саноатида монополияга чек қўйиш юзасидан, ниҳоят аниқ қадамлар қўйиши мумкинлигига ишора қилди.

21 декабрь куни Тошкентдаги Ёшлар форуми чоғида журналистларга гапирган Умрзоқовга кўра, монополияни тугатиш Жаҳон савдо ташкилоти билан кечаётган музокараларнинг бир қисмидир.

- Ҳозир божларнинг масаласи қайта кўриб чиқиляпти. Нимага? Жаҳон савдо ташкилотига кириш, бошқа минтақавий иқтисодий-савдо ташкилотлари билан алоқа қилиш ва интеграция қилиш жараёнлари кетяпти. Шулар доирасида ҳаммаси кўриб чиқиляпти, - деди Умрзоқов.

Айни пайтда мулозим ҳозиргача монополия танқидчиларини тинчлантириш мақсадида айтиб келинаётган яна бир чорани тилга олди. Бу - Ўзбекистон бозорига янги автомобил ишлаб чиқарувчилар кириб келаётганидир.

"Ўзбекистонда бир нечта автомобил компанияси ўз ишини бошлади ёки бошлаяпти. Бунинг ҳам ўзининг ижобий таъсири бўлади. Умуман олганда ... Ўзбекистонда бу соҳада ҳам монополия бўлиши керак эмас, - деди Сардор Умрзоқов.

Айрим маҳаллий нашрлар ва тармоқларда Умрзоқовнинг баёноти Ўзбекистонда узоқ кутилган "растаможканинг бекор қилиниши" ҳақидаги мужда сифатида қабул қилинган эса-да, кўпчилик UzAuto монополиядан осонлик билан воз кечишига ишонмайди.

Андижонлик Нуриддин кўп йиллик автомобил мутахассиси. Унинг Озодликка айтишича, "одамлар монополия тугатилади деган раҳбарлар гапларига ишониб ўтирганига 5 йил бўлди".

- Бу ерда коррупция бор : улар айтаверади – айтган гапидан қайтаверади! Монополия тугатилишига ишончим йўқ... Бунақа машина заводининг боридан йўғи, очидан тўқи! Бу бечора ўзбекларга неча фоиз қўйиб сотишяпти бу коррупционерлар! Басдир энди?! Қирғизистонликлардек машиналарни минолмаймиз, ҳеч бўлмаганда, Россияни нормал машиналарини минайлик. 2020 йилда олган Nexia тўкилиб кетяпти – ҳамма ёғи Хитой запчасти бўлиб кетган, деди суҳбатдош.

Айни пайтда Ўзбекистонда бир нечта автомобил ишлаб чиқарувчилари ўз машиналарини йиғишга киришгани хабар қилинди.

Улар орасида Франциянинг Renault, Россиянинг “АвтоВАЗ” ва Жанубий Кореянинг KIA автоконцерлари бор. Жиззахдаги эркин саноат зонасида 10 турдаги енгил автомобилларни териш жараёни бошлангани айтилади.

General Motors нинг Асакадаги заводи
General Motors нинг Асакадаги заводи

"Машиналар бемалол сотилаётган жойларнинг ўзи қолмаган!"

Автомобил соҳаси экспертлари Ўзбекистонда автомобил олиб киришга божлар пасайтирилган тақдирда ҳам яқин келажакда ички бозорни арзон автомобилларга тўлдириб юборишига шубҳа билдирмоқда.

Озодлик суҳбатлашган Россиядаги "Мовий челаклар жамияти" автомобилчилар ҳаракати мувофиқлаштирувчиси, таниқли автоблогер Пётр Шкуматов бугунда UzAuto Motors юз тутаётган муаммолар бошқа автокомпанияларда ҳам мавжудлигини айтади.

- Мен автомобиллар учун чегаралар очилиши билан Ўзбекистон ички бозори машиналарга тўлиб кетади, деган фикрдан йироқман, чунки ҳозир Россияда ишлаб чиқарилаётган автомобилларга сиз ярим йилдан бир йилгача навбатда турасиз. Машиналар бемалол сотилаётган жойларнинг ўзи қолмаган! Дарҳол сотиладиган машиналар эса салонларда 20-70 фоизга қимматроқ сотиляпти. Бу вазият қанча давом этишини ҳеч ким билмайди. АҚШда ҳам шу вазият – одамлар ишлаб чиқарувчи нархидаги машиналарга ойлаб навбатда турибди. Минилган машиналар бозорида ҳам ажиотаж – борини сотиб бўлишди. Қолаверса, бирор мамлакатга тегишли бўлган автоконцернлар жаҳонда деярли қолмади. Ўша “АвтоВАЗ”нинг ҳам асосий улуши, масалан, Renault-Nissan ширкатига тегишли, дейди Пётр Шкуматов.

Суҳбатдош сўзларича, жаҳон автомобил бозорининг йиллик эҳтиёжи 90 миллион дона бўлиб, бу йили автомобил ишлаб чиқарувчилар жами ҳисобда атиги 75 миллионга яқин автомобил ишлаб чиқарган.

Автомобилчилар жамияти раҳбари ҳар ҳолда монополиянинг тугатилиши Ўзбекистонда эркин ва соғлом рақобатни юзага келтириши ва автомаҳсулотлар сифатининг ошишига олиб келиши мумкинлигини эътироф этди.

“Автостат” агентлиги ҳисоб китобига кўра, жорий 2021 йилда Ўзбекистон автомобил бозорида жадал ўсиш кузатилмоқда: биринчи ярим йиллик натижалирига кўра, мамлакатда 101,5 минг дона автомобил сотилган, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан деярли 27 фоизга кўпроқдир.

2017 йилгача бошқа мамлакатлардан келтирилаётган автомобилларга хатлаб бўлмас бож чекловлари жорий қилинган эди. Бироқ кейинги 3-4 йилда акцизлар 26 фоизга қисқарганига қарамасдан, маҳаллий автомобил ишлаб чиқариш бозори узоқ йиллар яккаҳокимликни сақлаб келган UzAuto Motors корхонаси қўлида қолмоқда.

XS
SM
MD
LG