Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 08:02

2020 йилги Cobalt ва Nexia R3 машиналари нуқсон чиқиши ортидан оммавий равишда чақиртириб олинмоқда


UZAUTO MOTORS АЖ 2020 йил ишлаб чиқарган Cobalt ва Nexia R3 автомобилларида техник нуқсон топилгани ортидан¸ жорий йил шу русумдаги машина сотиб олган мижозларини зудлик билан сервисга чақирмоқда.

Иккала русумдаги автомобилларни сотган салон ходимлари 2020 йилги Cobalt ва Nexia R3 машиналари сотиб олганларнинг ҳар бирига қўнғироқ қилиб¸шунингдек¸ махсус хат юбориб¸ уларни бу нуқсондан огоҳлантирмоқда.

Озодликка нусхаси юборилган бу хатда¸ 2020 йилги айрим Cobalt ва Nexia R3 автомобилларида автоматик узатиш қутиларидаги болтларнинг етарлича қисилмагани ортидан муаммо чиққани аниқлангани айтилган.

Озодлик боғланган UZAUTO MOTORS дилерлик салонлари ходимлари ¸ чақирувнинг оммавий характерда экани ва бу иккала русумдаги автомобиль эгалари зудлик билан сервисга келишлари лозимлигини билдирди.

Озодлик ҳозирча UZAUTO MOTORS АЖ ва у қарашли бўлган Ўзавтосаноат раҳбариятидан оммавий чақиртирувга оид маълумот ола олмади. Иккала тизим раҳбарлари ва матбуот хизмати мутасаддилари 16 июль кунги ўнлаб қўнғироққа жавоб бермади.

Техник сервисга оммавий чақирув

Озодликка UZAUTO MOTORS (олдинги номи GM Uzbekistan – таҳр.) АЖ 2020 йилда ишлаб чиқарган Cobalt ва Nexia R3 машиналарининг оммавий тарзда сервисга чақиртирилаëтгани ҳақида жорий йил январида Nexia R3 сотиб олган тошкентлик ҳайдовчи хабар қилди.

Бу ва 2020 йилда ишлаб чиқилган Cobalt ва Nexia сотиб олган бошқа ҳайдовчиларга юборилган расмий хатда машинани ўзларига энг яқин дилерлик салони сервисига олиб келиб¸узатиш қутисидаги болтларнинг маҳкамлигини текширтириш сўралган.

Хатда¸ бу сервиснинг бепул экани қорайтирилган ҳарфларда ëзиб қўйилган.

Бундай чақирув ортидан Тошкентдаги дилерлик салонига машинасини олиб борган ҳайдовчининг айтишича¸ техник сервис шунчаки болтларнинг маҳкамланиши эмас¸ балки автоматик узатиш қутисининг бутунлай янгиланиши билан тугаган.

Шу йилнинг январь ойида олиб чиққанман Nexia 2-позиция. Икки ҳафта олдин почта орқали шунақа хат олдим. Бир неча марта UZAUTO MOTORSдан телефонлар бўлди. Машинангизни тех.осмотрга олиб боринг¸ ҳозир ҳайдаманг¸ дейишди. Бордим. Машинани кўтаришди ва моторни тагидан коробкани олишди ва бошқа коробка қўйишди кўз олдимда. Ишни қилган уста йигитдан сўраганимда «вақтида кепсиз ака¸ бўлмаса йўлда у-бу нарса бўларди”¸ деди. Айримлар¸ ушбу носозлик кетидан аварияга учраган. Uzavto motors бу ишдан хабардор бўла туриб¸ жим турган. Бекитишнинг иложи бўлмай қолганидан кейин¸ машина эгаларига ремонт таклиф қилмоқда».

UZAUTO MOTORS автомобилларини сотган дилерлик салони хатида нуқсоннинг Cobalt ва Nexia R3 автомобилларида аниқлангани айтилсада¸ бу суҳбатдош Spark ва Gentra русумидаги машиналарнинг ҳам айни нуқсон бўйича сервисга чақиртирилганига гувоҳ бўлганини билдирди.

«Тушунганим¸ муаммо фақат узатиш қутисида эмас. Ёнимда яна битта Cobalt автомашинаси бор эди¸ унинг эгаси жанжаллашди роса¸ машиналаринг керак эмас¸ пулимни қайтиб бер¸ деб. Суриштирсам¸ йўлда кетаётганида тормоз суюқлиги турадиган шланг ёрилиб кетган¸ зўрға ручнойда тормоз олиб тўхтаган экан”¸ деди Тошкентдаги дилерлик салони техник хизмат бўлимида кўрганларни Озодликка айтиб берган ҳайдовчи.

Салонлар чақирувнинг оммавий эканини тасдиқлади

Озодлик 16 июль куни боғланган UZAUTO MOTORS автомобилларини сотувчи икки дилерлик салони ходимлари¸ 2020 йилги Cobalt ва Nexia R3 машиналари эгаларига биттама-битта қўнғироқ қилиниб¸ уларнинг бепул техник сервисга чақиртирилаëтганини тасдиқлади.

“Ҳозир салон очиқ¸ лекин сервис карантин учун ишламаяпти. Душанба куни сервис ҳам очилади. Ҳозиргача техосмотрга келмаганлар¸ тез фурсатда келса ўзларига яхши бўлади. Икки-уч минутда технигимиз кўриб¸ болтни яхшилаб қотириб берса¸ бўлди. Бехавотир юраверадилар”¸ деди салон хизматчиларидан бири.

Сервис ўтказилганга қадар бу машиналарда юриш қанчалик хавфли экани ҳақидаги саволган дилерлик салони хизматчиси¸”қанча тез келишса¸ шунча яхши”¸ деб жавобни қисқа қилди.

Ишлаб чиқарувчидан очиқ маълумот йўқ

2020 йилда ишлаб чиқарилган Cobalt ва Nexia R3 автомобиллари автоматик узатиш қутисида аниқланган носозлик ортидан чақиртириб олинаëтгани ҳақида на уларни ишлаб чиқарган UZAUTO MOTORS АЖ¸ на бу завод қарашли бўлган UzAuto компанияси расмий сайтида бирор маълумот йўқ.

16 июль куни бу компаниялар раҳбарияти¸хусусан¸ улар матбуот хизматларидан оммавий чақиртирувга оид маълумот олишнинг имкони бўлмади. Компания масъулларига ажратилган хизмат телефонларига ҳеч ким жавоб бермади.

Озодлик ихтиëрида 2020 йил бошидан то ҳозирга қадар неча дона Cobalt ва Nexia R3 автомобили ишлаб чиқилгани¸ улардан қанчасига автоматик узатиш қутисидаги носозлик аниқланиши ортидан техник хизмат кўрсатилганига оид аниқ маълумот йўқ.

Озодлик билан шахси очиқланмаслигини сўраб гаплашган UZAUTO MOTORSнинг икки хизматчиси¸ Ўзбекистонда автомобиль ишлаб чиқариш бошланганидан бери бу каби оммавий чақиртирув кузатилмаганини билдирди.

“Заводдан кунига ҳар хил русумдаги 1000 дона автомобиль чиқаяпти. Ишлаб чиқаришнинг ярмига яқини автоматлашган¸ қолгани ҳалиям қўлда қилинади. Ҳар бир машина салонга чиқишдан олдин бир эмас¸ бир нечта техник текширувдан ўтади. Бундай оммавий нуқсонга қандай йўл қўйилганини тушунолмадим. Фикримча¸ ишлатилган болтлар сифатсиз бўлса керак. Ҳозир маҳаллийлаштириш кетаяпти¸ шунга кўп қисмлар ўзимизда ишлаб чиқарилаяпти. Муаммо шу қисмларнинг сифатида бўлса керак”¸ деди UZAUTO MOTORS АЖнинг Асакадаги бош заводи хизматчиларидан бири.

Завод фаолиятига бевосита алоқадор бошқа бир мулозим эса¸ 2020 йилги автомобилларнинг бундай нуқсонли чиқиши ортида “саботаж” бўлиш эҳтимоли борлигини иддао қилди.

“2020 йилги машиналар бепул текшириб берилаяпти. Автомобиль мураккаб механизм¸ баъзида нуқсон ўтиб кетиши мумкин. Масалан¸ заводнинг Cobalt бўйича бир йиллик плани 94 500 дона. Буларнинг ҳаммасида носозлик бор¸ дегани эмас бу. Айримларида чиққан бўлса¸ ҳаммасини текшириб чиқишаяпти. Ўзавтосаноат раиси коррупция каналларини ëпишга қаттиқ киришган. Ҳеч кимни аямаяпти. Табиийки¸ бу каттаю кичик ўғриларга ëқмаяпти. Бу раисга қарши саботаж ҳам бўлиши мумкин. Лекин бу носозлик шундай қолмайди¸ текширилиб¸ керак бўлса¸ анча-мунча каллалар кетади”¸ деди UZAUTO MOTORSнинг Асака заводидаги яна бир ходими.

UZAUTO MOTORS расмий сайтида ëзилишича¸ компаниянинг Асакадаги заводида йилига 300 минг¸ Хоразмнинг Питнак шаҳридаги филиалида 60 минг ва Тошкентдаги филиалида 10 минг дона автомобиль ишлаб чиқарилмоқда¸ компанияда 10 минг киши ишлайди.

1993 йили UzDaewooAuto Жанубий Корея ва Ўзбекистон қўшма корхонаси сифатида иш бошлаган бу компаниянинг автомобиль ишлаб чиқариш бошланган 1996 йилдан бери ўз маҳсулотида техник нуқсон чиқиши муносабати билан оммавий чақиртирув ўтказгани маълум эмас.

Жаҳондаги йирик автомобиль ишлаб чиқарувчилари орасида ўз машиналарида техник нуқсон¸ айниқса¸ хавфсизлик билан боғлиқ носозлик аниқланиши билан¸ миллионлаб автомобилларини оммавий равишда чақиртириб олиш ҳолатлари тез-тез учраб туради.

Автомобилсозлик тарихидаги энг катта чақиртирув 2018 йили Toyota компанияси томонидан амалга оширилган. Гибрид тизимидаги кичик нуқсон ортидан япон ширкати қарийб 2¸5 миллион дона машинани чақиртириб олган эди.

XS
SM
MD
LG