Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 10:47

Уйи бузилганларга янги уй берилди. Янги уйнинг пулини уйи бузилганларнинг ўзи тўлайди


Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

Навоий вилоят, Қизилтепа туман, Навоий маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги Ўзбекистон шоҳкўчасида уйлари ва дўконлари бузилган 15 кишига товон пуллари берилмади. Кўчмас мулки бузилганлар кам таъминланган оилалар учун қурилган уйларга кўчирилди ва бу уйларнинг пулларини тўлаш мажбурияти улар зиммасига юклатилди.

15 оила номидан Озодликка бу ҳақда маълум қилган 5 кишининг иддао қилишича, туман ҳокимияти уларнинг уйларини ва дўконларини ноқонуний бузган. Уларнинг бу борада адлия бўлимига, прокуратурага ва судга қилган шикоятлари эса шу кунгача эътиборсиз қолаяпти.

Қизилтепа туман ҳокимияти Ўзбекистон шохкўчасида 15та бино бузилганини тасдиқлади. Бузилган уй ва дўконлар ўрнида қурилиш ишлари ҳануз бошланмагани маълум бўлди. ​

"Ҳам уйимизни бузишди, ҳам бўйнимизга қарз илиб қўйишди"

Озодликка Ўзбекистон шоҳкўчасидаги 15 бино ноқонуний бузилгани ҳақида мазкур ҳудудда яшаган Турсуной Дилова, Исмат Саъдуллаев, Лазиз Тешаев, Равшан Бердиев ва Анвар Раҳмоновлар маълум қилди.

Турсуной Дилова ва Исмат Саъдуллаевнинг айтишича, уларнинг уйлари 2019 йилнинг июлида бузилган. Бузилган уйлари ўрнига декабрь ойида уй берилган. Унгача эса, улар қариндош-уруғларининг уйларида "сарсон бўлишган".

Исмат Саъдуллаевга кўра, уйлари бузилганлар кам таъминланган оилалар учун қурилган уйларга кўчирилди ва бу уйларнинг пулларини тўлаш мажбурияти улар зиммасига юклатилди. Ҳокимият бузилган уйлар ва дўконларнинг ҳар бири эвазига товон пули сифатида 16,5 миллион сўмдан тўлаган ва бу пулни янги уйнинг биринчи тўлови сифатида банкка ўтказиб берган.

- Ҳокимият 16,5 миллион сўм дастлабки тўловни банкка тўлаб, мана шу уйни берди. Бузилган уйимизнинг ўрнига ҳеч нима бермади. Хотиним иккаламиз пенсионермиз. Яқинда янги уй учун тўловларни тўлаш тўғрисида қоғоз келади. Мен бу тўловни қандай тўлайман? Ҳеч бўлмаганда бузилган уйим учун мана шу уйни бекорга берганида ҳам рози бўлардим, - деган Исмат Саъдуллаев ҳар ойда камида 1 миллион сўмдан тўлаши кераклигини айтди.

"150 миллионлик дўконим учун 16,5 миллион пул беришди"

Ўзбекистон шохкўчасида бузилган бинолар орасида тадбиркорлар Лазиз Тешаев ва Равшан Бердиевга қарашли объектлар ҳам бор.

Равшан Бердиевга кўра, банк томонидан 2016 йилда 120 миллион сўмга баҳоланган 5-сонли кўзойнаклар дўкони учун ҳокимият унга 16,5 миллион сўм пул тўлаган:

“Бу дўконни энг камида 150 миллион сўмга сотсам бўлар эди. Булар менга 16,5 миллион сўм беришди. Дўконимни ҳеч қандай огоҳлантиришсиз, ноқонуний равишда бузиб ташлашди”.

Лазиз Тешаев эса, ўзига тегишли омборхона ва офис бузилаётганида воқеа жойига етиб бориб, бинонинг бир қисмини сақлаб қолишга муваффақ бўлганини айтди:

“Деворнинг бир қисмини бузиб ташлашганида етиб бориб, қонун-қоидани талаб қилиб туриб олганимдан кейин бузишни тўхтатишди. Бино 200 миллион сўмга баҳоланган эди”, деган Лазиз Тешаев бузилиш ишлари ҳеч қандай огоҳлантиришсиз бошланганини ва ўзига камида 50 миллион сўм зиён етказилганини таъкидлади.

Ҳокимият: Бузилган уйлар эгаларининг барчасини рози қилганмиз

Қизилтепа туман ҳокимияти Ўзбекистон шоҳкўчасида 15 та бино бузилганини тасдиқлади. Ҳокимиятнинг ўзини Алишер деб таништирган матбуот котиби Навоий маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги Ўзбекистон шоҳкўчасидаги 15 та бино “Обод қишлоқ” дастури доирасида бузилганини билдирди:

- Бу ерда “Обод қишлоқ” дастури доирасида кўп қаватли уйлар қурилиши режалаштирилган. Бу ҳудуд авваллари павильон бўлган, яъни яшаш учун мўлжалланмаган бинолардан иборат ҳудуд бўлган. Бу ерларни кейин хусусийлаштиришиб, уй, дўкон ва омборхона қилиб олишган.

Қизилтепа туман ҳокимияти матбуот котибининг айтишича, уйи бузилганларга тўлалигича барча товон пуллари тўланиб, қурилиш учун ер ҳам берилган:

- Уларнинг ҳаммасига янги уй, 16,5 миллион сўмдан тўлов берилган. Масалан, Турсуной Диловага янги уй қуриш учун 10 сотих ер, 40 миллион сўм пул ва 10 мингта ғишт берилган.

Уйи бузилганлар ҳокимлик баёнотини инкор этди

Аммо Турсуной Дилова ҳокимият расмийси берган бу маълумотларни инкор қилди:

- Уй беришди, лекин кадастр ҳужжатларини беришмади. Ер беришди, лекин ернинг ҳеч қандай ҳужжатлари йўқ. Уй беришгунича 6 ой оиламиз билан кўча-кўйда сарсон бўлдик. Ҳужжатсиз уй, ҳужжатсиз ерни мен нима қиламан? Хоҳлаган пайтларида ноқонуний, деб тортиб олишлари, яна ҳайдаб чиқаришлари мумкин-ку?!

Диловага кўра, у бир неча ой давомида ҳокимиятга, адлия бўлимига ва судга аризалар билан қатнайвергани ортидан унга уйдан ташқари ер, ғишт ва 40 миллион сўм пул беришган.

"Қолганларга эса уйдан ташқари ҳеч нарса берилмаган", деди Дилова.

Озодлик суҳбатлашган уйлари бузилганлар қизилтепаликлар ҳам ҳокимият расмийсининг гапларини инкор этишди. Уларга кўра, ер ва товон пули берилмаган. Гўёки товон пули сифатида берилган 16,5 миллион сўмни ҳокимият банкка ўтказган ва бу пул уйи бузилганлар кўчиб ўтган янги уйларнинг биринчи тўлови экани айтилган.

"Уй ҳақининг қолган қисмини эса ўзимиз тўлашимиз шарт экан", дейишди улар.

Қизилтепа туман ҳокимияти матбуот котибининг айтишича, 2019 йилнинг июлида бузилган уй ва дўконлар ўрнида қурилиш ишлари ҳануз бошланмаган.

Уйи бузилганларнинг норозиликлари

Навоийда бир ой аввал ҳам уйи бузилаётганлар норозилик билдирган эдилар. Бузилиши режалаштирилган уйларда яшовчилар 12 январда Навоий вилоят ҳокимлиги олдида намойиш ўтказган, шундан сўнг уларнинг уйлари вақтинча бузилмайдиган бўлганди.

Андижон вилояти, Балиқчи тумани, Ифтихор маҳалласида яшовчи ўнлаб одам ҳам ҳокимлик уйи бузилганларга товон пули бермаётганига норозилик билдириб, 2019 йилнинг 16 сентябрь куни туман ҳокимлиги биноси олдида очлик эълон қилганди.

Ўтган йилнинг июлида Хоразм вилояти Урганч шаҳрида компенсация берилмасдан уйи бузилган аҳоли катта магистраль йўлини тўсиб қўйганди. Бир кун ўтиб уйи бузилган урганчликларга товон пуллари нақд тўланди.

Шавкат Мирзиёев "ноқонуний бузилишлар учун" Қашқадарё, Фарғона ва Хоразм вилояти ҳокимларини кескин танқид қилди, ҳатто ҳайфсан ҳам берди.

Мирзиёев буйруғи билан ҳокимлар уйлари бузилгани учун аҳолидан кечирим сўради. Мирзиёев топшириғи билан 3 ҳоким бузилган уйлар ва тўланмаган товон учун халқ ва президентдан узр сўради

Бузилишлар ортидан келиб чиққан норозиликлардан сўнг президент Мирзиёев ўтган йилнинг 4 август куни фармойиш чиқариб, ҳокимлардан уй ва биноларни бузиш ҳуқуқини олиб қўйди.

Президент фармойишига кўра¸ фуқаролар кўчмас мулкини бузиш ишлари фақат Бош вазир қарори билан амалга оширилади.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG