Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 10:57

Бош вазир Урганчда йўл тўсган аҳоли билан учрашиб, товон пули эрталабгача тўланишини ваъда қилди


Ўзбекистон Бош вазири билан урганчликлар учрашуви 27 июл, 2019 йил.
Ўзбекистон Бош вазири билан урганчликлар учрашуви 27 июл, 2019 йил.

Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов 27 июль куни соат 17 да Урганч туманида бузилган уйлари учун товон пули ололмаганидан норозилик билдириб, 27 июлга ўтар кечаси Урганч-Ҳазорасп автомобиль йўлини икки соатга тўсиб қўйган аҳоли билан учрашди.

27 июлга ўтар тунда бўлган воқеа тўғрисида Озодлик "Урганчда уйи бузилиб, товон пули ололмаган минглаб одам норозилик билдириб автомобиль йўлини тўсди" мақоласида хабар берган эди.

26 июль кунги норозилик намойишида иштирок этган урганчиликлардан бирининг айтишича, Бош вазир 27 июль куни бир қанча раҳбарлар билан келган:

"Абдулла Арипов бошчилигидаги раҳбарлар бир неча машинада келишди. Халқ билан очиқ мулоқот бўлди. Одамлар товон пулини тўла ололмаётгани, ёз ўтиб кетаётгани, қурилишлари битмай ёмғирли кунларга қолишини, эски уйларининг қурилиш материлларини ўзлари билан олиб кетишгани учун товон пулининг 10 фоизи ушлаб қолинаётгани ҳақида шикоят қилишди. Бош вазир ҳаммани диққат билан тинглаб, бугун эрталабгача ҳамманинг ҳисоб рақамига товон пули 100 фоиз тушишини, бир фоиз ҳам ушлаб қолинмаслиги ҳақида ваъда берди. Учрашув ярим соатча давом этди. Кейин Бош вазир кетди".

Урганчликнинг айтишича, Бош вазирнинг атрофида қўриқчилари кўп бўлгани боис, уни видеога олиш имкони бўлмаган:

"Бош вазир ваъдасига ишондик, шунча катта одам Тошкентдан учиб келиб, биздан ҳол сўраганига хурсанд бўлдик. Ҳокимлар халқни сўнгги сабри қолгунча қийнашни яхши кўради, шекилли. Қоп-қоп ваъдаларни бериб, тинч яшаётган уйимиздан кўчирди. Кейин нима бўлсанг бўл, деб ўз ҳолимизга ташлаб қўйди. Қани кўрамиз бу ёғи нима бўлади экан?"

Хоразм вилоят, Урганч туман, Ашхобод кўчасида истиқомат қилган минглаб одам 26 июль куни кечаси Урганч-Ҳазорасп автомобиль йўлини тўсиб қўйди.

Озодликка маълум бўлишича, одамлар ҳокимлик уйи бузилганларга товон пулини бермаётганига, қурилиш материаллари нархи ҳаддан ортиқ ошиб кетганига норозилик билдирган.

XS
SM
MD
LG