Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 15:48

Жиззахда ўқитувчилар пахта теримига чиқарилди. Фарғона, Наманган, Самарқандда ҳам


Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Жиззах вилоят, Дўстлик туманидаги мактаблар ўқитувчиларнинг бир гуруҳи 24-25 октябрь кунлари мажбуран пахта теримига чиқарилди.

Бу ҳақда Озодликка хабар берган мактаб директорларидан бирининг айтишича, ҳар бир мактабдан ўндан ортиқ ўқитувчи дарсларини бошқа ўқитувчиларга қолдириб, далага чиққан.

Бундан ташқари, ўқитувчилар уйма-уй юриб аҳолини пахта теришга даъват этишга мажбур қилиняпти.

Туман пахта штаби ўқитувчилар пахтага чиқарилганини инкор қилмоқда.

Дўстлик тумани марказидаги 13-, 14-, 18-, 2- умумтаълим мактабларининг ўқитувчилари 24-25 октябрь кунлари пахта теримига мажбуран чиқарилгани ҳақида исми сир қолишини сўраган мактаб директорларидан бири Озодликка хабар қилди:

“Жиззахда ёққан ёмғир тинганнинг эртаси куни, 24 октябрда туман ҳокими ва прокурори мактаб директорларига бир қисм эркак ўқитувчиларни пахта теримига чиқариш ҳақида оғзаки буйруқ берди. Мен ҳам ўқитувчиларга вазиятни тушунтириб, қарийб ўн кишини пахтага чиқаришга мажбур бўлдим. Масалан, 1- мактабнинг деярли барча эркак ўқитувчилари пахтага ҳайдалди. Сизларга чиқишимдан мақсад, бу гапларни ўқитувчилар бу йил пахтага чиқмайди деган Бош вазир жанобларига етказиб қўйиш”.

Тумандаги 13- умумтаълим мактабнинг исми сир қолишини сўраган ўқитувчиси икки кун давомида улар “ҳашар” шиори остида пахта теримига мажбуран чиқарилганини Озодликка айтди:

“Директоримиз бизга қайси фандан икки-учтадан ўқитувчи бўлса шулардан бир-иккитаси чиқсин деди. Биз Бош вазирнинг ўқитувчи далага чиқмайди деган буйруғи бор, бу ёғи қандоқ бўлди, десак, бу “ҳашар” деди. Икки кун Боғзор ҚФЙ ҳудудида пахта териб келдик. Пахтага туман халқ таълими бўлимидан Саидмурод деган маънавиятчи бош-қош бўляпти. ХТБдан Дилшод дегани қанча одам чиққанини санаб юрибди. Бугун ҳам бошқа ўқитувчилар чиқиши керак эди, лекин Халқаро меҳнат ташкилотидан комиссия келяпти экан, деб тўхтатиб туришибди”, деди ўқитувчи.

Исми сир қолишини сўраган 2-умумтаълим мактабининг ўқитувчиларидан бири, улар аҳолини пахтага даъват этишга сафарбар этилганини айтди:

“Эрталабдан, биз уйма-уй юриб аҳолини пахта теримига чиқинглар деб юрибмиз. Бир-икки соат шунақа “тарғибот” ишларини олиб борганимиздан сўнг, ишимизга қайтамиз”, деди ўқитувчи.

Дўстлик тумани халқ таълими бўлими мудири санаторийда дам олаётгани боис уни топишнинг имкони бўлмади.

Туман пахта штабининг бошлиғи Алишер Эшонқулов, ўқитувчиларни пахта теримига жалб қилиш борасида ҳокимлик томонидан ҳеч қандай топшириқ бўлмаган, деди:

- Бизда халқ таълими, шифокорлар умуман пахта теримига чиқарилмаган. Бизда фақат аҳоли шартнома асосида пахта теряпти. Президент қарорининг ижроси қаттиқ бизда. Агар унақа нарсани эшитсак, ўзимиз югуриб бориб, бартараф қиламиз.

Ўзбекистон Бош вазири 21 июнда ўтказган видеоселектор йиғилишида мактабларни ҳокимлар назоратидан чиқарган ва эндиликда фақат Халқ таълими вазирлигига бўйсунишини айтган эди.

Лекин, шунга қарамасдан, ўқитувчиларнинг маҳаллий ҳокимлар томонидан мажбурий меҳнатга жалб этилаётгани ҳақида Озодликка хабарлар келиши давом этмоқда.

Жумладан, 26 октябрь куни Озодлик олган хабарга кўра, Фарғона вилоят, Қўштепа туман халқ таълими бўлими ҳар бир мактабдан 15 нафардан ўқитувчини мажбуран пахтага олиб чиқяпти.

25 октябрь куни Озодлик Самарқанд вилояти Каттақўрғон тумани халқ таълими бўлими мудири ўқитувчиларни ҳар якшанба куни мажбурий пахта теримига чиқараётгани ҳақида хабар олди.

Озодликка 8 октябрда келган хабарда эса, “Наманган вилояти Тўрақўрғон туманида ўқитувчилар пахта теримига мажбурий жалб қилинмоқда. Бу масалада йиғилиш бўлиб ўтди, мажлисда берилган топшриқларни сир сақлаш талаб қилинди. Пахтага битта мактабдан олти нафар ва ундан кўп ходим бориши керак экан. Тўрақўрғонда Президентнинг ўқитувчиларни мажбурий меҳнатга жалб этмаслик ҳақидаги топшириғи саботаж қилинмоқда”, дейилган.

XS
SM
MD
LG